Қайднома

Қидирув

Мустафо Байрамов: «Биз албатта, мақсадимизга эришамиз»

Мустафо Байрамов: «Биз албатта, мақсадимизга эришамиз»

  23.11.2018 02:19
  0
  611
Мустафо Байрамов: «Биз албатта, мақсадимизга эришамиз»

Жаҳон футболида ўз фаолиятини фақатгина бир клубда ўтказган содиқ футболчилар анчагина топилади. Италиянинг «Милан» жамоаси ҳимоячиси Паоло Мальдини, Англиянинг «Ливерпуль» клуби ярим ҳимоячиси Стивен Жеррард каби футболчилар шулар жумласидан. Мамлакатимизда эса нафақат футболчилик даврида, балки ундан кейин ҳам ўз клубига фидойилик билан хизмат қилиб келаётган инсонлар бор. Бугун биз эътиборингизни ана шундай жонкуяр инсонлардан бири - Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси мураббийлар штабида фаолият юритаётган Мустафо Байрамовга қаратмоқчимиз. Зеро мазкур мутахассис мана салкам 40 йилдан буён фақатгина бир клуб, яъни «Навбаҳор»да фаолият юритмоқда. Таъкидлаш лозим, «Навбаҳор»да олдин футболчи, кейин эса мураббий сифатида ишлаётган Мустафо Жеферович анча камтар ва камсуқум инсон. Шунинг учун бўлса керак, қаҳрамонимиз ОАВда ҳадеб кўриниш беравермайди.

 

Футболга кириб келиши, биринчи мураббийлари, ҳавас қилган футболчиси                  

- Наманган шаҳридаги 31-ўрта мактабда таҳсил олганман, - дея сўз бошлайди суҳбатдошимиз. - Мактабимиз яқинида «Спартак» стадиони жойлашганди. Эсимда бор, тахминан 10 яшарлигимдан бошлаб мана шу ўйингоҳда футбол билан шуғулланишни бошлаганман. Ўшанда бизнинг машғулотларга Павел Константинович Ким, Анвар Иззетович Сулейманов каби яқин ўтмишнинг таниқли мутахассислари бошчилик қилишарди. Шу тариқа, аввалига шунчаки, ҳавас билан бошланган машқлар йилдан-йилга такомиллашиб, жиддийлашиб, 1980 йили Наманганнинг «Навбаҳор» клубига қабул қилиндим. Биласизми, болалигимда, айниқса, футболга қизиқиш бошланган илк даврларда Германия терма жамоаси ва «Бавария» клуби ҳимоячиси Франц Беккенбауэрнинг ўйинларига ҳавас қилардим. Шу боис, танлаш вақти келганида айнан ҳимоячи амплуасини танладим ва шу позицияда фаолиятимнинг охиригача тўп сурдим.

 

«Навбаҳор» клуби ва терма жамоадаги фаолияти,

жамоадошлари 

- Тарихни ёдга олсак, «Навбаҳор»­даги 17 йиллик фаолиятим давомида жами 600 га яқин учрашувларда майдонга тушганман. Гарчи ўзим ҳимоячи бўлсамда, рақиблар дарвозасига ҳар мавсумда энг камида 5 тадан тўп киритардим.  1995 йили эса омадим келиб, нақ 10 та гол урдим ва олий лигадаги ҳимоячилар орасидаги энг яхши натижага эришдим. Голларимни асосан стандарт вазиятлардан, яъни бурчак ҳамда жарима зарбаларидан кейин, кўпроқ бошим билан урардим. Бунинг сабабини биласиз: бўйим етарли даражада баланд, 1,85 метрлар атрофида. Шунинг учун ҳаволатиб узатилган тўпларга кўпроқ эга чиқардим. Умуман олганда, 2-қаватда яхши ўйин намойиш этардим.

1991-йилги хотиралар айниқса, мен учун қадрли - ўша йили жамоамиз собиқ иттифоқ 1-лигасида иштирок этган ва мен «Навбаҳор» таркибида барча учрашувларда майдонга тушиб, 4 та гол урганман. 1982 йили эса Танзаниядаги халқаро мусобақада иштирок этганмиз. «Навбаҳор» мазкур мамлакатдаги халқаро турнирда  5 та ўйин ўтказиб, уларнинг  4 тасида ғалаба қозонган ва  1 та учрашувда дуранг қайд этганди. 1989 йилда «Навбаҳор» билан Ливия ва Бангладеш мамлакатларидаги мусобақаларда иштирок этиб, 1-ўринни эгаллаганмиз. 1990 йилга келиб, Польшага сафар ташкиллаштирилди ва мазкур мамлакатнинг машҳур клубларидан бири - «Лех» (Поз­нань) билан ўртоқлик учрашуви ўтказганмиз.

Футболчилик фаолиятим давомида дарвозабонлардан Анатолий Тананакин, Дмитрий Башкевич, Сайдулло Жабборов, Олег Сировашко, Анвар Жабборов, ҳимоячилардан эса Игорь Белов, Игорь Близнюк, Александр Пасько ва Александр Иванов билан елкама-елка ўйнаганмиз ҳамда  уларнинг ўйинлари менда яхши таассурот қолдирган.    

Ўзим шахсан қаршилик кўрсатишга уринган ҳужумчилардан эса «Ротор»даги Александр Ледяхов, «Текс­тильшик»даги Сергей Наталушко, ҳамюртларимиздан эса Игорь Шквирин, Азамат Абдураимов, Олег Синелобов, Баҳодир Раҳмонов, Рустам Дўрмоновларни яхши эслайман. Чунки бу футболчиларни тўхтатиб қолиш анчагина қийинчилик туғдирган.

Ўзингизга маълум, футболчилик фаолиятим давомида фақатгина бир жамоа - «Навбаҳор» шарафини ҳимоя қилдим ва бундан доим фахрланаман. Бутсаларни михга илган пайти ҳисоблаб кўрсам, клуб сафида 17 йил тўп сурибман. Каминани янада хурсанд қиладиган жиҳати - 6 мавсум давомида, яъни 1989-1994 йилларда жамоа сардори бўлганман.

Бошқа клублардан таклифлар ҳам бўлган, албатта. Айтайлик, 1988-йили «Нефтчи», 1989-йили эса «Пахтакор» клублари мени ўз сафларига чорлаган. Лекин «Навбаҳор»га фидойилик сабаб, бу жамоани ташлаб кетишни хоҳламаганман. Асосийси, «Навбаҳор»да ҳам ўзим истаган натижаларга эриша олдим. Жумладан, жамоа билан Ўзбекистон чемпионлиги (1996), Ўзбекистон кубоги (1992, 1995), бронза медаллари (1993, 1994, 1995) ни қўлга киритганман.  

«Навбаҳор»даги фаолият давомида Сергей Волчок, Виктор Жалилов ва Усмон Асқаралиев каби мураббийлардан кўп нарса ўргандим.

Эътиборлиси, «Навбаҳор» сафида ўйнаб ҳам терма жамоа мураббийлари эътиборини ўзимга қарата олганман. Умуман олганда, собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 7 йил, яъни 1982-1989 йиллари тўп сурдим.  Терма таркибида собиқ иттифоқ халқлари Спартакиадаси, халқаро мусобақада қатнашиб, халқаро турнирда 3-ўринни олганман, Ўзбекистон терма жамоасининг сардори бўлганман.

 

Мураббийлик фаолияти, етиштирган шогирдлари

- Истайсизми-йўқми, ҳар қандай футболчи ҳам бир кун келиб албатта, катта футбол билан хайрлашади. Мен ҳам шулар жумласидан... Хуллас, 1997-йилга келиб, бутсаларни михга илиш вақти келганини тушуниб етдим ва ўзимни мураббийлик соҳасида синаб кўришга аҳд қилдим. Кечагидек эсимда, дастлабки вазифам - «Навбаҳор»нинг ўринбосарларига устозлик қилиш бўлган. Бу жамоани бошқариш асносида Ўзбекис­тон чемпионатида 3 марта 3-ўринни қўлга киритдик. Шунингдек, вазият жуда қалтис бўлса-да, уч марта «Навбаҳор»ни олий лигада олиб қолишга муваффақ бўлдим. Умуман олганда, мураббийлик фаолиятимда бир неча бор «қутқарувчи» вазифасини бажаришга ҳам тўғри келган (кулади).

Мураббийлик соҳасини танлаганимдан буён Виктор Жалилов, Геннадий Неделькин, Раҳим Қурбонмамедов, Усмон Асқаралиев ва Бахтиёр Ашурматов сингари мутахассислар бирга фаолият олиб бордим. Айрим мавсумларда «Навбаҳор» ёшлар жамоаси, баъзи йилларда эса асосий таркибнинг мураббийлар штабида ишладим.  Ҳозирги пайтда эса, яхши биласиз, россиялик мутахассис Андрей Канчельскиснинг мураббийлар штабидан ўрин олганман. 

Биласизми, инсон футболчилик даврида мураббийларга бошқача назар билан қарайди. Аммо ўзинг бевосита мураббийлик фаолиятингни бошласанг, аслида бу ишнинг қанчалик қийин ва машаққатли эканини тушуниб етасан. Бу ҳолат айниқса, иқтидорли ёшларни саралаш чоғида айниқса, сезилади. Бугунга келиб, фахр билан баралла айтаманки, Дилшод Жабборов, Жаҳонгир Меҳмонов, Мирзоҳид Ғофуров, Аъзам Алиев, Акмал Ортиқов, Азим Аҳмедов ҳамда Ислом Исоқжонов сингари футболчиларнинг кашф этилишига эриша олдим. Чунончи, бу ўйинчилар аввал «Нав­баҳор» ёшлар жамоаси таркибида тобланиб, кейин асосий таркиб аъзосига айланишган. Эндиликда эса барчалари ўз жамоаларининг етакчи футболчилари ҳисобланишади.

Фурсати келганида таъкидлаш жоизки, яқин ўтмишнинг машҳур футболчиларидан бири, айни пайтда «Металлург» клуби мураббийлар штабида ишлаётган Февзи Давлатовни ҳам Сергей Волчокка мен тавсия қилгандим. Хабарингиз бор, Давлетов Ўзбекистон миллий терма жамоаси, шунингдек,  мамлакатимиз ва Қозоғистоннинг бир қатор клубларида самарали фаолият юритган футболчилардан бири ҳисобланади. Шунингдек, Февзи 1994-йили терма жамоа сафида Хиросимадаги Осиё Ўйинларида ғолиб чиққан ва мен ўшанда Февзининг муваффақиятидан чексиз хурсанд бўлганман.

Қисқаси, «Навбаҳор»даги футболчилик фаолиятим қанчалик ажойиб, ёқимли кечган бўлса, ҳозирги вақтдаги ишларимдан ҳам шунчалик мамнунман. Ўз номи ва тарихига эга жамоа сафида тўп сурганлигим ҳамда айни пайтда ҳам шундай клубнинг мураббийлар штабида ишлаётганимдан хурсандман.

Бугунги «Навбаҳор»

- «Навбаҳор»нинг янги устози - Анд­рей Антанасович Канчельскис ҳақида тўхталсак, аввало шуни таъкидлаш лозимки, шахсан менда бу мутахассиснинг иш услуби ижобий таассуротлар уйғотди. Жумладан, у маш­ғулотларни европача услубда олиб боряпти ва футболчиларни ҳам ўзгача руҳлантирмоқда.

Шунингдек, жорий мавсумдаги жамоамизнинг муваффақиятида Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулла Ҳайитбаевич Бозоров, Наманган шаҳар ҳокими, «Навбаҳор» ПФК президенти Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти Шамшод Эргашевич Сариков ва «Навбаҳор» ПФК директори Расулжон Раҳимович Акрамовнинг муносиб ҳиссалари бор. Ушбу шахслар «Навбаҳор»ни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашмоқда ва жамоа аъзоларига барча шароитларни яратиб беришмоқда.

Айнан шунинг эвазига бу йил «Навбаҳор» 14 йиллик танаффусдан сўнг, бронза медалини қўлга киритди. Шу сабабли, «Навбаҳор» ПФК раҳбариятига жамоамиз мураббийлар штаби номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман. Тўғри, биз асосий вазифа - ОЧЛ йўлланмаларидан бирига эга чиқа олмадик. Аммо умид қиламанки, «Навбаҳор» бу йилги ўйинлари орқали етакчиларга қандай қаршилик қилишни ўзлаштириб олди ва келгуси йилларда биз албатта, ўз мақсадимизга етамиз!

 

Маълумот учун

 

Мустафо Байрамов

1964 йил, 7 январда Наманган шаҳрида туғилган

Футбол билан 10 ёшидан шуғулланишни бошлаган

Биринчи мураббийлари: Павел Ким, Анвар Сулейманов

Амплуаси: ҳимоячи

Оилали, 2 фарзанднинг отаси, 4 набиранинг бобоси

Мухлислик қиладиган клуби: «Барселона» (Испания)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz