Қайднома

Қидирув

Шартномалардаги ажабтовур талаблар

Шартномалардаги ажабтовур талаблар

  27.11.2018 02:58
  0
  687
Шартномалардаги ажабтовур талаблар

Яқинда матбуотда Александр Рязанцевнинг «Химки» клуби билан имзолаган шартномасидаги эътиборли жиҳатлар эълон қилинди. Унга кўра, ярим ҳимоячига чилим чекиш тақиқланган. Soccer.ru шу каби антиқа тақиқ ва талабларни эътиборингизга ҳавола этишни лозим топди.

10-ўрин. ПЕДИКЮР

30га чиққунига қадар Грециянинг АЕКига етиб борган Дмитрий Чигринский фаолиятининг гуллаган даврида «Шахтёр»дан номдор «Барселона»га ўтган бўлсада, сарфланган 25 млн. еврони оқлай олмади. Лекин топ-клубнинг ички сир-асрорларидан тўлиқ хабардор бўлди. Унинг ҳикоясидан педикюр мавзуси эътиборни тортди. Украиналик ҳимоячининг айтишича, Каталония гранди ҳар бир футболчининг шарт­номасига мустақил равишда тирноқ олмаслик бандини албатта киритар экан. Маълум бўлишича, бу тақиқ тўп тепиш учун энг муҳим аъзо - оёққа шикаст етишига йўл қўймайди. Футболчи ҳафтасига камида бир марта педикюр қабулида бўлиб, тирноқлари ҳолатини назоратдан ўтказиши шарт экан.

 

9-ўрин. ИРҚЧИЛИККА ЎРИН ЙЎҚ!

Бу ҳикоя ҳам «Барселона»га тегишли. 2010 йилда жамоа таркибига қўшилган Давид Вилья шартномасида ирқчиликка оид ҳаракатлар учун йирик жарима белгиланган дастлабки футболчи бўлди. Бундай кескин чорага қўл уришга футболчи сабаб бўлганми ёки клуб ўз нуфузини муҳофаза қилиш учун шундай банднинг киритилишини лозим топганми, бизга номаълум. Лекин факт фактлигича қолаверади.

 

8-ўрин. ЧИЛИМ ЧЕКИШ МУМКИН ЭМАС

«Рубин» ҳамда «Зенит» жамоаларининг собиқ ярим ҳимоячиси Александр Рязанцев «Химки»да молиявий жазога дуч келиши мумкин. Чунки унинг шартномасида стадион ёки машғулот базаси ҳудудларида чилим чекканларга мукофот пулининг 30 фоизигача (тахминан 60 000 рубль) жарима белгиланиши кўрсатилган. Шунингдек, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари истеъмоли ҳам тақиқланган. Қизиғи шундаки, одатда профессионал спортчини соғлом турмуш тарзига тарғиб этиш учун рағбат чоралари белгиланади. Бироқ бу Россия, оғайни!

7-ўрин. ҲАРБИЙ  МАСАЛАДАН ХОЛИ

2002 йилда германиялик мутахассис Бернд Штанге Ироқ терма жамоасидан манфаатли таклиф олган, бироқ уни қабул қилишда узоқ ўйланиб қолганди. Боиси, Яқин Шарқдаги нотинч вазият мураббийни жиддий хавотирга солганди. Ниҳоят, Штанге шартномага 2та муҳим бандни қўшимча қилиш шарти билан ҳамкорликка рози бўлди. Биринчидан, у матбуот анжуманларида сиёсий мавзудаги ҳар қандай саволга жавоб қайтармаслигини маълум қилди. Иккинчидан, Ироқ қандайдир ҳарбий можарога аралашиб қолган тақдирда, мураббий билан терма жамоа ўртасидаги келишув ўз кучини йўқотиши, мутахассис барча мажбуриятлардан озод бўлиши белгилаб қў­йилди.

 

6-ўрин. ТРАМПЛИН  ПАРВОЗЛАРИ

Ҳозир экстремал спорт турлари билан шуғулланмаслик ҳақидаги банд ҳар бир футболчининг шарт­номасига киритилган. Лекин бундан чорак аср муқаддам бундай чеклов урф бўлмаганди. Шу сабабли Стиг Инге Бьёрнебю шартномасидаги қўшимча банд ажабтовур кўриниш олганди. 1992 йилда норвегиялик ҳимоячи «Ливерпул»га ўтгач, нафақат унинг ўзи, балки отаси ҳам трамплиндан сакраш бўйича мамлакат олимпия терма жамоасининг аъзолари экани
маълум бўлди. Футболчининг шикастланиши мумкинлигидан хавотирга тушган мутасаддилар унинг чанғи трамплинларидан 200 ярд узоқликда юришини белгилаб қўйдилар.

 

5-ўрин. ТИШЛАШ МАН  ЭТИЛАДИ

2014 йилда «Барселона»га ўтишидан аввал Луис Суарес 4 ойни дисквалификация жазосини ўташга сарфлаганди. Боиси, у ЖЧ-2014да Жоржо Кьеллинини тишлаб олганди. Афсуски, бу уругвайлик ҳужумчининг дастлабки «хурмача» қилиғи эмас: Англияда у Бранислав Ивановични, Голландияда Отман Баккални шикастлаганди. Қолаверса, Луис ўз юртида бир нечта машҳур бўлмаган касбдошлари баданларига «муҳр» босиб улгурганди. Хуллас, «Барселона» бу каби нохуш ҳолатлардан ўзини муҳофаза қилиш мақсадида Суареснинг шартномасига тегишли бандни киритди. Тақиқ ўз самарасини бераётганлигига амалда гувоҳ бўлиб турибмиз.

 

4-ўрин. АЭРОФОБИЯ

Самолётда парвоз қилишдан қўрқ­қан Деннис Бергкамп «учмас голланд» лақабини олганлигини яхши биласиз. Дарҳақиқат, ҳаво кемаси трапига яқинлашган пайтда футболчи безовталаниб ўзини йўқотиб қўяр, ваҳимага тушиб қоларди. Албатта, Деннис бу нохуш хасталикни енгиш учун анча ҳаракат қилди. Лекин ҳар бир стресс ҳолатидан кейин иштиёқсиз тўп сурадиган бўлиб қолди. Шу сабабли бу даҳмазага чек қўйиш керак, деган қарорга келди ва «Интер»дан «Арсенал»га ўтиш чоғида самолётда сафарга чиқмаслик шартини шартномага киритишни талаб қилди.

3-ўрин. ҲАР ЙИЛДА БИТТАДАН УЙ

1996 йилда Жузеппе Рейна «Арминия» шарафини ҳимоя қилишга рози бўлди. Лекин 3 йиллик шартномага имзо чекиш пайтида иш ҳақидан ташқари ҳар йили биттадан янги уй берилишини талаб қилди. Қизиғи, ҳужжатда уйнинг ўлчами, қаерда жойлашиши ва бошқа жиҳатлар хусусида ҳеч нарса ёзилмаганди. Охир-оқибат, ҳужумчи Билефельд яқинида қад ростлаган 3та коттеж ўрнига LEGO конструкциясидаги ихчам уйчаларнинг бахтли соҳибига айланди. Яъни, «Арминия» шартномада қайд этилган мажбуриятини тўла-тўкис адо этди. Афтидан, мазкур ечимдан Жузеппе қониқиш ҳосил қилди. Акс ҳолда, у келишувни яна 3 йилга узайтирмаган бўларди.

2-ўрин. КОСМОСНИ ОРЗУ ҲАМ ҚИЛМА!

Швециялик ҳимоячи Стефан Шварц 1999 йилда «Валенсия»дан «Сандерленд»га ўтганди. Музокара жараёнида футболчи бир қатор муғомбирона саволларга жавоб қайтаришига тўғри келди. Жумладан, ҳаётдаги энг эзгу орзуси ҳақида сўрашганида, оқкўнгил скандинав сайёҳ сифатида космосга сафар қилиш нияти борлигини яшириб ўтирмади ва дастлабки рейсни ўтказиб юбормаслик учун бор имкониятини ишга солишини маълум қилди. Кейин эса... «Сандерленд» билан имзоланган битимда ғайритабиий бандга кўзи тушди: «Шартнома муддати якунига етгунича космосга учиш тақиқланади».

1-ўрин. «БИЗНЕСМЕН-ШОУ»

Ливанлик машҳур бизнесмен Самир «Сэм» Ҳаммам намойиш этган шоуни ҳозирда тасаввур қилиш қийин. У «Уимблдон»да «Телбалар бандаси»ни ташкил этиб, мураббийлар шартномаларига учрашув бошланишига 45 дақиқа қолганида бошланғич таркибга ўзгариш киритиш ҳуқуқини ёздириб қўйганди. «Кардифф»да «Сэм» жамоа дебютантлари учун антиқа маросимлар уюштирарди. Бу борада айниқса, Спенсер Прайорга «омад» кулиб боқди - унинг шартномасига иккита ғайритабиий банд ёзилганди. Биринчидан, у қўйни қучоқлаб эркалаши лозим эди. Кейин эса уэльсликларнинг миллий таоми - қўй «тухуми»ни тановвул қилиши керак эди. Тўғри, Ҳаммам ҳимоячини биринчи шартни бажаришга мажбур этмади, у шунчаки Спенсернинг антиқа талабга нисбатан реакциясини билмоқчи бўлганди, холос. Иккинчи шарт бўйича эса Прайор хом тухумни истеъмол қилишдан қатъиян бош тортди ва масаллиқни қайнатилган ҳолда, петрушка ва лимон шарбати билан биргаликда тановвул қилди. Шундан кейин бизнесмен ҳимоячининг жамоага қабул қилиш маросими якунланганини билдирди ва Спенсернинг кўнглини кўтариш мақсадида тухум пухта ниқобланган, лекин оддий товуқники эканини айтди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz