Қайднома

Қидирув

Қатар: Қизилга ортиқча муносабат

Қатар: Қизилга ортиқча муносабат

  28.11.2018 08:04
  0
  619
Қатар: Қизилга ортиқча муносабат

Маълумотларга кўра, голландиялик машҳур Уэсли Снейдер Қатар чемпионати доирасидаги ўйинда қизил карточка олди ва бунга кескин муносабат билдирди. Тўғри, у кейинчалик анча «юмшаб», ўзини оқлашга уринди. Умуман, Уэсли фантастик фаолият соҳибидир. Дейлик, аввалига «Аякс»да чин етакчи мақомида тўп сурди, кейин «Реал» сафига қўшилиб, Испания чемпионати ғолибига айланди, Жозе Моуриньо тузган «Интер» билан эса Европа ЧЛ кубогини боши узра баланд кўтарди, бунга скудеттони қўшиб қўйди. Шунингдек, Голландия миллий жамоаси таркибида жаҳон чемпионати олтин медалини ютишга яқин келди, 2010 йили «Олтин тўп»га жиддий равишда даъвогарлик қилди.

 

Уэсли жорий йилнинг март ойида халқаро даражадаги фаолиятига нуқта қўйди ва ёзда Франциянинг «Ницца» клуби билан хайрлашиб, Осиё футболига юзланди. Эҳтимолки, 34 ёшли буюк плеймейкер нафақага чиқишдан олдин Қатарда «Ал-Гарафа» шарафини ҳимоя қилиш баробарида келажак учун озгина жамғарма тўплашни ўйлагандир. Ҳозирги ҳолатда Қатар миллий лигасида хизмат кўрсатган юлдузлар етарли. Лекин улар орасида бош юлдуз мақомига икки киши муносиб: «Ал-Садд»даги Хави ва айнан Снейдер. Муҳими, голландиялик футболчи буни амалда ҳам имкон даражасида исботламоқда: «Ал-Гарафа» либосидаги дастлабки 12та расмий ўйинида 7та гол урди. Жамоаси эса турнир жадвалининг юқори қисмига интилмоқда. Тўғри, «Ал-Гарафа» пешқадам - «Ал-Дуҳайл»дан анча орқада (6-ўрин), қолаверса, очколар ўртасидаги фарқ ҳам катта (13та). Лекин жамоада ўйин сифати чакки эмас.

«Ал-Гарафа» ноябрь ойига белгиланган ФИФА кунларидан олдин «Қатар» СКни 2:0 ҳисобида енгди. Эътиборлиси, жамоанинг ҳар икки голи Снейдер номига ёзилди. Аммо битта жиҳат голландиялик ярим ҳимоячи ижросидаги ёрқин ўйинга соя солди - у ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада майдондан четлаштирилди. Энг ёқимсиз ва тушунарсиз ҳолат кейинроқ кузатилди. Жаҳл отига минган Уэсли майдондан чиқиб кетаётиб, ўз жамоаси захира ўриндиғига қараб бақирди: «Билиб қўйинглар, бу Қатардаги сўнгги ўйиним...». Энг қизиғи, Снейдер олдинроқ шу мамлакатда тўп суриш учун турли клублар таклифларига рад жавобини берганию, Европадаги муваффақиятли фаолиятдан сўнг тўғри Яқин Шарқ томон юзланганидан бахтиёр эканлигини таъкидлаганди. Тўғри, Уэсли бир неча соат ўтгач, ножўя хатти-ҳаракатини тушунди, чоғи, «Твиттер» тармоғидаги саҳифасида «мулойим» фикр қолдирди: «Ўйин вақти қизил карточкани ўта эҳтирос билан қабул қилганим рост. Менимча, ҳакам ноҳақликка йўл қўйди. Лекин майдондан чиқиб кетаётган пайт айтган гапларим жиддий эмас, шунчаки, эҳтирос самараси... Хуллас, ОАВда пайдо бўлиши эҳтимоли бор хабарларга олдиндан изоҳ бераман: Қатарда яшаш ва ўйнашдан завқ оляпман. Бошқа гап ортиқча». Ҳа, Уэслининг фаолияти уфқи кўриниб қолган бўлсада, унда ўйинга боғлиқ эҳтирос-иштиёқ ҳали йўқолган эмас. Айни шуниси таҳсинга сазовор.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz