Қайднома

Қидирув

Қатар ягона мезбонми?

Қатар ягона мезбонми?

  01.12.2018 03:45
  0
  508
Қатар ягона мезбонми?

Маълумки, ЖЧ-2018 мусобақаси ажойиб ўтди. Буни ҳамма тан олди - ФИФА раҳбарлари, турнир иштирокчилари ва бутун дунёдаги футбол ишқибозлари ҳам. Ҳа, дарҳақиқат, руслар мезбонлик қилган чемпионат барчага маъқул келди. Аммо бу - энди тарих, ҳар ҳолда.

Навбатдаги ЖЧга тўрт йилдан сўнг Қатар давлати мезбонлик қилишини ҳам яхши биламиз. Чунончи, Россия президенти Владимир Путин июль ойида «эстафета»ни расмий равишда Қатар амири Тамим Бен Ҳамад Ал-Танига қандай топширганини ва бу жараённи ФИФА раҳбари Жанни Инфантино шахсан кузатиб турганини барчамиз кўрдик. Бироқ шуниси қизиқки, жаҳон футболидаги бош мусобақанинг айнан қаерда ўтказилиши ҳали-ҳамон ноаниқлигича турибди. Йўқ, хаёлингиз чалғимасин: ЖЧ-2022нинг бош мезбони - Қатар, албатта. Лекин айни пайтдаги турли хабарларга кўра, мусобақа Қатар ва унинг атрофида жойлашган бир нечта давлатларда ўтказилиши ҳам мумкин. Ваҳоланки, Қатар жуда мураккаб кечган сайлов жараёнларидан сўнг мезбонлик ҳуқуқини аранг қўлга киритганди. Турган гапки, мана шу омил қатарликларни анча-мунча ранжитади. Дейлик, ЖЧ-2018 вақтида ФИФА баъзи ўйинларни Россия ҳудудидан таш-қарида ўтказишни таклиф қилса, бу албатта, россияликларга асло ёқмаган бўларди.

Бу мавзунинг мураккаблашиб кетишига бош сабаб шуки, ФИФАнинг ҳозирги раҳбарлари мусобақа иштирокчилари сонини 32тадан 48тагача оширишмоқчи ва бу ишни пайсалга солмай, 2022 йилдаёқ амалга ошириш мўлжалланган. Аслини олганда-ку, режа аллақачон ҳал этилган. Аммо аввал-бошда айтилганидек, янги формат ЖЧ-2026да - АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қиладиган турнирда синаб кўрилиши лозим эди. Боз устига, 2026 йилги мундиалда мезбон давлатлар сони учталиги аллақачон маълум бўлиб улгурган. Шу боис, терма жамоалар ва ўйинларни ҳудудларга кўра жойлаштириш ва ўтказиш унчалик катта муаммо туғдирмаслиги аниқ. Қатарда эса чемпионатга атаб 8та стадион тайёрланяпти ва иштирокчилар сони 48тага оширилса, ташкилотчилар бундай юкламага дош бера олмай қолишлари мумкин.

«Вазият қанчалик мураккаб эканини тушуниш учун Эйнштейн бўлиш шарт эмас, албатта: бир мамлакатдаги саккизта стадионга 48 жамоа ва ўйинларни сиғдириш қийин, — деди Инфантино. — Демак, қўшимча ўйинларни Қатардан ташқарида ўтказишимизга тўғри келади. Бу эса, ўз навбатида, ечилиши лозим бўлган кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Афсуски, Қатарнинг қўшни мамлакатлар билан алоқаси яхши эмаслиги вазиятни баттар чигаллаштиради. Аммо бошқа томондан, сиёсий келишмовчиликларга қарамай, футбол ҳақида сўз борганида, адоватлашаётган томонлар муросага келишгани тарихда кўп учрайди. Аминманки, биз дунё учун қандайдир яхшилик қила оламиз. Келинглар, бунинг учун ҳаммамиз қадамба-қадам олға интилайлик. Ҳа, чиндан ҳам, имкониятлар унчалик кўп эмасдир. Аммо мен оптимист одамман ва вазиятдан оқилона чиқиб кетишимиз мумкинлигини ҳис қиляпман».

УЕФА президенти Александер Чеферинга эса Инфантинонинг ғояси ёқмаяпти. «Бу шунчаки, «бошоғриқ»ни кўпайтириш, холос», — дея гапни қисқа қилди Европа футболи раҳбари.

Хуллас, айни пайт ЖЧ-2022 атрофида мана шунақа муаммолар бўй кўрсатмоқда. Қолаверса, Қатардаги мундиал одатдагидек, ёзда эмас, куз-қиш фаслларида ўтказилиши ҳам аниқ. Яъни, турнирнинг очилиш маросими 2022 йилнинг 21 ноябрига белгиланган бўлса, финал баҳси 18 декабрда бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бундан келиб чиқсак, УЕФА Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигаси ўйинларида мажбурий равишда «қишки танаффус» қилиш шарт бўлиб қолади. Табиийки, миллий чемпионатлар ҳам вақтинчалик тўхтатилади. Ким билади, дейсиз, 2022 йилгача яна нималар ўзгариб кетар экан?...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz