Қайднома

Қидирув

Юлдузлар олами “лўттибози” ёки доктор Ханс Вильхельм ҳақида...

Юлдузлар олами “лўттибози” ёки доктор Ханс Вильхельм ҳақида...

  03.12.2018 04:21
  0
  739
Юлдузлар олами “лўттибози” ёки доктор Ханс Вильхельм ҳақида...

Қарийб 40 йилдан бери «Бавария»­да, 23 йилдан буён Германия терма жамоасида фаолият юритаётган Ханс-Вильхельм Мюллер-Вольфарт номи 2015 йилда у Хосеп Гвардиола билан келиша олмагани туфайли кўпчиликка маълум бўлди. Унинг енгил қўллари ўз вақтида Кьеллини, Роналдо, Оуэн, Жеррард, Модрич, конькичи Иван Скобрев, бокс­чи Владимир Кличко, теннисчи Борис Беккер ва спринтер Усэйн Болтларни сафга қайтарган. Шунингдек, санъат оламида ҳам шифокорнинг ҳурмати баланд. 2010 йилда машҳур қўшиқчи Боно халқаро гас­троль сафари чоғида саҳнадан йиқилиб тушган ва умуртқа поғонасидаги жароҳатдан фориғ бўлиш учун тўппа-тўғри Ханс-Вильхельм клиникасига парвоз қилганди. Опера юлдузи Лучано Паваротти белидаги муаммоларини айнан шу шифокор кўмаги билан ҳал қилганди. Мюллер-Вольфарт аслида ортопедия мутахассиси. У шикастланган тизза, бел ва бўғимларни даволайди. Касбдошлари орасида юксак нуфузга эга бўлган немис шифокорининг муваффақияти унинг ўзига хос услуби билан боғлиқ.

Тўғри, баъзан Ханс-Вильхельм асал асосидаги инъекция ва игна санчиш усулларидан фойдаланади. Лекин унинг ишончли қуроли - гиаларт ва актовегин. Гиалартни хўроз тожидан, актовегинни эса бузоқ қонидан тайёрланади. Актовегин инъекцияси баданнинг бевосита шикастланган қисмига юборилади. У оғриқни тўхтатиб, жароҳатнинг тез битишини таъминлайди. Гиаларт асосида тайёрланган сурги кўпроқ тизза жароҳатини даволашда қўлланади.

«Актовегин ер юзидаги энг яхши дори воситаларидан бири эканига ишончим комил. Ундан кенг фойдаланиш лозим. У нафақат мушаклар шикастланиши, балки бўғимлар қисилиши ва бош оғриғида ҳам жуда самарали. Актовегин моддалар алмашуви, қон айланиши ва тўқималар тикланишига ёрдам бериши эвазига яралар тез битади. Мен бу инъекцияни деярли барча мижозларимга қўллайман», - дейди шифокор. Унинг айтишича, инъекция миқдори мижознинг ҳолатига қараб белгиланади. Масалан, «Ливерпуль» ярим ҳимоячиси Жейми Реднапп тиззасидаги жароҳатдан фориғ бўлиши учун 45та укол олишга мажбур бўлган.

76 ёшли Мюллер-Вольфарт ўз услубини 80-йилларда, «Бавария»да ишлаб юрганида яратган: «Амалиётни бошлаган давримда инсон метаболизмига қизиқиб қолдим. Молекул­яр биологияни ўрганиб, шикастланган мушак тўқималарида қандай ўзгаришлар юз беришини тушундим. Ўшанда телба деб кулган ҳамкасбларим ҳозир менинг услубимдан фойдаланишмоқда».

Германиялик шифокорга бўлган ишончни оширувчи энг кучли «кўзир» - унинг ташқи кўриниши. Ханс-Вильхельмни илк бор кўрган киши ёши 70дан ўтган қария эканлигига умуман ишонмайди. «Мени даволаган пайтида у 60 ёшда эди. Аммо териси худди навқирон йигитларникидек, сочлари ҳам кекса одамникига ўхшамасди», - дея хотирлайди Жейми Реднапп.

Усэйн Болт ундан миннатдор

Дунёдаги энг учқур спортчи - ямайкалик спринтер Мюллер-Вольфартнинг доимий мижози. Улар 2012 йилдан бери ҳамкорлик қиладилар. Ўшанда Болт айни Олимпиада арафасида белидан жароҳат олиб, шифокорга илк марта мурожаат қилганди. Муолажа шу қадар самарали бўлдики, 2017 йилда яна тиббий ёрдамга эҳтиёж сезган атлет хорижий касбдошларимизга шундай баёнот берди: «Мен, албатта, ўз шифокорим билан учрашаман. Чунки унинг ҳар қандай муаммони ҳал қилишига шубҳам йўқ». Дарҳақиқат, 2016 йил Олимпиадаси стартига саноқли кунлар қолганида Усэйн тиззасидан жароҳат олганди. Уни сафга қайтариш учун Францияда дам олаётган Мюллер-Вольфарт Бононинг кечки базмидан воз кечиб, Бразилияга парвоз қилганди. Йўл-йўлакай шифокор ўз ёрдамчисига қўнғироқ қилиб, Мюнхендан Риога актовегин жўнатишни тайинлаганди. Натижа - соғлом тизза, 3 дона олтин медаль ва миннатдор жаҳон рекордчиси!

«Усэйн 2009 йилда 100 метрга югуриш бўйича жаҳон рекордини ўрнатганида, кийган машҳур шиповкасини менга совға қилди. Шунингдек, у Риода қўлга киритган олтин медалини ҳам бермоқчи эди. Лекин уни ўзида қолдириши адолатлироқ бўлишини айтдим», - деб ёзганди шифокор ўзининг автобиографик асарида.

Роббен - Мюллер-Вольфарт кашфиёти

«Бавария»да шифокорни Арьен Роббен бошқалардан кўра кўпроқ ҳурмат қилади. «Унинг оёқларига бир қаранг. Актовегин бўлмаганида, шу пайтгача футбол ўйнайверарди, деб ўйлайсизми? Ҳатто танаффус вақтида ҳам инъекция олиб туради», - дейди шифокор.

Ҳа, айнан Мюллер-Вольфарт туфайли Арьен ҳамон Бундеслига гранди сафида. 2009 йилда Ули Хёнесс голландиялик «биллур»ни таркибга қўшишни истамаганди. Фақат шифокор Роббеннинг жароҳатлари сонини камайтиришни ўз зиммасига олганидан кейин шартномага имзо чекканди. Ханс-Вильхельм Арьенни актовегин ва гиаларт билан даволади. Вақти келиб жамоа Роббенга шартнома муддатини узайтириш таклифини берганида, футболчи шифокорга бўлган ҳурмати юзасидан уни қабул қилди: «Ажойиб таклифлар бўлсада, Мюнхенда қоламан. Доктордан жуда миннатдорман. Чунки у туфайли тиззаларим оғриқдан халос бўлди».

МашҒулотларда ҳам рекордлар

Россиялик Иван Скобрев германиялик шифокорни ўзининг халоскори деб билади. Айнан Сочи Олимпиадаси арафасида белида муаммолар пайдо бўлган конькичига Мюллер-Вольфартни тавсия этишганди. Иван Германия сафарини мамнуният билан хотирлайди: «У бел ва тиззадаги муаммоларни бартараф этишда ажойиб асбоб-ускуна ва инъекцияларни қўллайди. Айрим шифокорлар унинг фикрига қўшилмасликларини аввалдан билардим. Бироқ ўта қисқа вақт ичида Ханс-Вильхельм мени спортга қайтарди. Белимга қайтадан жон киргандек бўлди. Германиядан келгач, машғулотларда рекорд­ларни янгилай бошладим».

Норозилар ҳам йўҚ эмас

Мюллер-Вольфартнинг суюкли препарати - актовегин АҚШ ва Канадада тақиқланган. 2009 йилдан бошлаб америкаликлар жониворлар аъзоларидан тайёрланадиган воситаларни ҳам истеъмолдан чиқариб юборишди. Боиси, улар таркибида ҳайвонлар асаб тизимига таъсир этадиган прион хасталиги омиллари бўлиши мумкин. Актовегин таркибида ҳам прион оқсили мавжуд.

Европада актовегин допинг ҳисобланмасада, бу иллатга қарши курашувчилар унга ишончсизлик назари билан қарайдилар. Мутахассислар фикрича, препарат спортчининг самарадорлигига салбий таъсир этиши мумкин.

Тиббиёт оламида Мюллер-Вольфартни лўттибоз, услубини эса кўзбўямачилик деб ҳисоблайдиган мутахассислар ҳам йўқ эмас. Уларнинг фикрича, мижозлар шифокорнинг машҳурлиги туфайли юзага келадиган плацебо эффекти эвазига соғайиб кетадилар. «Бу препаратда ҳеч қанақа ғайритабиий қудрат йўқ. Мюллер-Вольфарт мижозларининг кўпчилиги ундан шифо топа олмай, барибир, жарроҳга мурожаат қилишган. Мен буни плацебо эффекти демаган бўлардим, аммо 100 нафар спортчидан 20-30 нафари ҳар қандай вазиятда ҳам саломатлиги тўсатдан яхши бўлиб қолганини таъкидлаши аниқ», - дейди таниқли олим Патрик Арнольд.

Мюллер-Вольфарт шаънига қаратилган асосий эътирозлардан яна бири - шифокор услубининг самарали эканини тасдиқлайдиган тадқиқот ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги. Қарийб 40 йилдан бери у суюкли воситаларидан фойдаланиб келаётган бўлсада, бу борада ҳали бирорта илмий рисола чоп этилмаган.

«Шунга ўхшаш ҳолат бир пайтлари Виктор Контеда (АҚШдаги допингга қарши лаборатория собиқ директори, спортчиларни озиқ-овқат қўшимчаси ниқоби остида стероидлар билан таъминлагани учун жиноий жавобгарликка тортилган) ҳам кузатилган. Ҳозирда у қилмишига яраша жазо муддатини ўтамоқда. Бунақа «устаси фаранг»лар ғалаба учун саломатлигини қурбон қилишга тайёр спортчилар ўртасида донг таратганлар. Сиз чиндан ҳам кишилар саломатлиги ҳақида қайғураётган бўлсангиз, нима учун кашфиётингизни ошкор этмаяпсиз? Мабодо, саратон хасталигини даволайдиган восита яратган бўлсангиз, шундай пайтда ҳам мўмай даромад билан банд эканлигингизни баҳона қиласизми?» - дейди АҚШ допингга қарши агентлиги директори Трэвис Тигарт.

Мазкур айбловни Ханс-Вильхельм ўзига тааллуқли деб ҳисобламайди. Шифокорнинг таъкидлашича, унинг инсоний бурчи - беморларни даволаш, назарий сафсатабозлик эмас: «Мижозларимга кўмак бериш учун шу ердаман. Фан билан шуғулланиш менинг соҳам эмас. Кишилар менга муҳтож эканликларини сезиб турибман. Сиз эса қабулимга кириш учун қанча одам навбатда турганини кўриб турибсиз».

Гвардиола туфайли «Бавария»ни тарк этганди

Мураббий шогирдларининг тез-тез жароҳат олаётганликлари ва сафга жуда секин қайтишларидан, доктор эса Пепнинг машғулотларга тайёрланиш жараёнини ўзгартиргани ва шикастланишлар борасида у билан маслаҳатлашмай қўйганидан норози эдилар. Гвардиола жароҳатланган Тиаго Алькантарани ўзининг яқин дўсти - каталониялик шифокор Рамон Кугат ҳузурига жўнатгач, мураббий ва Мюллер-Вольфарт ўртасидаги ришта батамом узилди. «Байер»га қарши беллашувда футболчилардан бири жароҳат олгач, Пеп намойишкорона қарсак билан шифокорни қутлади. Видеолавҳа Интернет орқали тарқалиб кетди, Мюллер-Вольфарт эса 37 йиллик меҳнати сингган жамоани тарк этди.

Гарчи шифокор Гвардиолага нисбатан гина-кудуратларни аллақачон унутиб юборганлигини таъкидласада, ўзининг автобиографик асарида испаниялик мураббий хусусида салбий фикрларни баён этди: «Гвардиолани ўзига ишончи кам бўлган кишилар тоифасидан, деб ўйлайман. У доимо ҳадик билан яшайди ва қўрқоқлигини яширишга ҳаракат қилади. Пепни мағлубиятлардан кўра ўз нуфузи ва ҳукмронлигини йўқотиб қўйиш кўпроқ хавотирга солади». 2017 йилнинг ноябрида «Бавария» раҳбарияти Мюллер-Вольфартни истеъфога чиқариб қўпол хатога йўл қўйганини тушунди ва шифокорни жамоага қайтарди. Bild маълумотларига кўра, ўшанда Боатенг, Лам ва Мюллер каби футболчилар доктор билан ҳамкорликни тўхтатмаганлар ва Гвардиоладан махфий равишда унинг клиникасига бориб туришган. Бу ҳам шифокор билан спортчилар ўртасидаги дўстона муносабатнинг яққол далилидир.

Ҳар қандай кишини тўлқинлантирадиган олийжаноблик намойиши янги асрнинг дастлабки йилларида, Жейми Реднапп иккинчи марта Мюллер-Вольфартга мурожаат қилганида юз берди: «Биз «Ливерпул»нинг ЕЧЛ ўйинларидан бирида тасодифан учрашиб қолдик. Аввал у ўзи даволаган тиззам ҳақида сўради. Мен бироз оғриқ борлигини айтдим. Доктор клиникасига таклиф этди. Инъекция муолажасидан кейин оғриқдан асар ҳам қолмади. Аввалги даволаниш харажатларини «Ливерпуль» ўз зиммасига олган, бу гал эса жамоасиз қолгандим. Шу сабабли ундан хизмат ҳақига қанча тўлашимни сўрадим. Доктор шундай жавоб қайтарди: «Бу борада ташвишланма, Жейми, пул - қўлнинг кири!» Олийжаноб инсоннинг самимий сўзларидан кўнглим тоғдек кўтарилди».

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz