Қайднома

Қидирув

Андрей КАНЧЕЛЬСКИС: "Навбаҳор"да энди бошқача ишлаймиз...

Андрей КАНЧЕЛЬСКИС: "Навбаҳор"да энди бошқача ишлаймиз...

  05.12.2018 10:37
  0
  1058
Андрей КАНЧЕЛЬСКИС:

2 декабрь куни Намангандаги «Марказий» стадиони анжуманлар залида «Навбаҳор» бош мураббийи Андрей Канчельскис иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда «лочинлар» устози жамоанинг бу йилги иштироки, келаси мавсум режалари, таркибдаги ўзгаришлар хусусида атрофлича тўхталди. Қуйида Андрей Канчельскиснинг фикрлари билан танишишингиз мумкин.

- Аввало, «Навбаҳор»нинг 3-ўринни қўлга киритишида жамоамизга яхши шароитларни яратиб берган Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров, клуб раҳбарияти вакилларига миннатдорчилик билдираман. Бу натижада олдинги ва ҳозирги мураббийлар штаби вакиллари, барча футболчилар, ишчи-ходимлар, шунингдек, «Навбаҳор»ни қўллаб-қувватлаб турган мухлисларнинг муносиб ҳиссалари бор. Энди янги мавсумда олдимизга янада жиддий вазифа қўйилади. Аммо стадион инфратузилмаси, ишга муносабат, аэропорт ва меҳмонхоналар хизматлари янада ривожланишини хоҳлардим. Шунингдек, майдонлар ҳам сифатли бўлиши керак. Футболда интизом юқори ўринда туриши ва ҳамма унга риоя этиши шарт. Дейлик, Европа мамлакатларида интизомга қатъий амал қилишлари ҳисобига муваффақиятга эришишади. Бунга мисол тариқасида немислар ва итальянларни келтириш мумкин. Германия ва Италия терма жамоалари бежиз жаҳон ва Европа чемпионатларида муносиб иштирок этмаган. Демоқчиманки, клубда барча - раҳбарлардан тортиб, фаррошларгача интизомга риоя қилишса, натижа келиб чиқади. 

«Навбаҳор»ни фақат Ўзбекистон эмас, бутун дунёда билишлари учун ташкилий ишларни яхши йўлга қўйиш лозим. Жамоа чемпионлик унвонини қўлга киритиши, ОЧЛда ўйнаши шарт, албатта. «Реал» нима учун ЕЧЛ­да кўп бора ғалаба қозонган? Чунки клубда ташкилий ишлар тўғри ташкил этилган.

Таркибни шакллантиришни кеча, яъни мавсум якунига етиши билан бошлаб юбордик. Бу борада пухта ўйлаган ҳолда, юракдан иш олиб боряпмиз. 3-ўрин ҳам ёмон натижа эмас. Лекин ўйин сифати масаласида муаммо бор. Масалан, шогирдларим кам гол уришди. Тўғри, бунинг ўзига яраша сабаблари бор.

Мавсумни атиги 12 нафар футболчи билан якунладик. Шунга қарамай, сафарда «Локомотив» ва «Пахтакор» клубларига муносиб қаршилик кўрсатдик. Аммо айрим йигитлар майдонга иштиёқсиз тушишди - улар футбол ўйнашмади. Бундай ўйинчилар билан шартномани якунладик. Футболга муносабат ва ўйин сифати ўзгариши керак.

Футбол мухлислар учун. Масалан, кеча Россия Премьер-лигаси доирасида «Енисей» ва «Ахмат» ўртасидаги ўйинда стадион деярли бўш эди.  Бундай шароитда футбол ўйнашнинг қизиғи йўқ. Бизга иштиёқ билан тўп сурадиган йигитлар керак. Бу йилги таркибдан кимларни олиб қолишни ҳал қилиб улгурдик.  Албатта, маҳоратли легионерларни ҳам жалб этамиз. Бу борада музокара жараёни бошланган. Лекин Россиядан ҳам футболчи олиб келиш осон эмас. Менталитет бошқача. Бу йил жамоада Сербия ва черногориялик футболчилар тўп суришди. Улар 27 ноябрь куни жамоадан кетишди. Таркибда футболчи етишмай турган паллада 2-3 кишининг кетиши ҳам жуда билинади. 

Фақат пул учун келадиган хорижликлар жамоага керак эмас. Тўғриси, айрим ўйинчиларнинг «Навбаҳор» таркибига қандай қўшилиб қолишгани менга қоронғу. Бу бемаънилик. Сербия ва черногорияликлар ҳам жамоага ёрдам бериш эмас, пул учун келишган экан. Ҳа, барчамиз пул топишни истаймиз. Лекин бунинг учун меҳнат қилиш лозим.

Янги йилдан кейин бошланадиган машғулотларга ёшлар жамоасидан 2 нафар ва U-18 таркибидан яна бир футболчини жалб этамиз. Афсуски, қолган йигитларнинг савияси паст. Шунингдек, бошқа клубларда ўйнаётган наманганлик футболчилар билан ҳам музокара олиб боряпмиз.

Қулай шароитлар яратилса, футболчиларнинг ўзлари жамоага келишади. Умуман олганда, жамоа ўзаги сақлаб қолинади. Тўғри, Азизбек Турғунбоев ва Остон  Ўруновга бошқа клублардан таклифлар бор ва нормал ҳолат. Албатта, улар билан бу борада гаплашяпмиз ва «Нав­баҳор»да олиб қолишга ҳаракат қиламиз. Дарвозабон Акбар Тўраев ҳам бир неча клублардан таклиф олган. Унинг ўйини менга ёқади ва жамоада қолса, хурсанд бўлардим.

Алексей Ильич Беленков келаси мавсум ҳам мен билан бирга ишлайди. Мураббийлар штабида кичик ўзгариш бўлиши ҳам мумкин. Янги мавсумга тайёргарликни қаерда олиб бориш, спарринг-рақиблар борасида ҳам бош қотиряпмиз. Дастлабки йиғинни Наманганда ташкиллашни режалаштиряпмиз. Умид қиламанки, бунинг учун сифатли майдон тайёрлаб беришади. Бу ерда тре­нажёр зали, бассейн бор. Шунингдек, яшаш ва овқатланиш шароитлари ҳам яхши.  Фақат майдон яхшиланса, бас. Қайтараман, энди ўйинчилар билан жиддий иш олиб борамиз, талаблар ҳам кучайтирилади. Клуб раҳбарияти ва мухлислар биздан ижобий натижа кутишяптими, футболчилар олдига жиддий талаблар қўямиз.

Ўзбекистон миллий жамоасининг 2тагина ўртоқлик учрашувини кузатдим. Уларга қараб, хулоса чиқариш қийин. Умуман, Ўзбекистонда маҳоратли ва яхши  футболчилар кўп. Миллий жамонгизда янги мураббий иш бошлади, янгича қараш, янгича тактика. Олдин Ўзбекистон термасининг Осиё кубогида қандай натижага эришишини кўрайлик. Шунда муайян хулоса чиқариш мумкин.

Чемпионат форматининг мен учун аҳамияти йўқ. Чунончи, жамоа олдига жиддий вазифа қўйилса ва ҳар бир ўйинда ғалаба қозонса, мақсадга етади.

Жамоамиз мухлисларига тўхталсам, Шотландиянинг «Глазго Рейнжерс» клубида ўйнаганимда, жамоа 4-дивизионда иштирок этарди. Бу ҳаваскорлар лигасига тенг. Шунда ҳам стадионга 40 минг мухлис ташриф буюрарди. Премьер-лигада 1,5 минг, 4-лигада 40 минг. Тасаввур қиляпсизми? Наманганда ҳам футболни нақадар севишларини кўрдим. Шундай мухлисларга эга  жамоа аъзоси яйраб тўп суриши керак.

«Навбаҳор» энди халқаро ўртоқлик учрашувлари ҳам ўтказади. Дейлик, Англиянинг «Эвертон» клуби билан яхши муносабатдаман. Шунингдек, Россия клубларида танишларим кўп. Мабодо Қримда йиғин ўтказсак, Симферополнинг «Таврия»си билан назорат-синов баҳсида куч синашишимиз мумкин. Фақатгина бу ерда битта муаммо - Англия,  Россия ва бизнинг ўйинларимиз тақвими.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz