Қайднома

Қидирув

Гвардиола Саррига қарши, Роналду – Икарди тўқнашуви

Гвардиола Саррига қарши, Роналду – Икарди тўқнашуви

  07.12.2018 22:40
  0
  431
Гвардиола Саррига қарши, Роналду – Икарди тўқнашуви

Бугундан Европа миллий чемпионатларида навбатдаги тур ўйинлари бошланади. Ушбу уик-эндда кўпчиликнинг эътибори АПЛдаги “Челси” – “Манчестер Сити” ўйинига қаратилиши шубҳасиз. Қолаверса бугун тунда бўладиган “Ювентус” – “Интер” қарама-қаршилиги ҳам мухлисларни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Қуйида келаётган дам олиш кунлари Европанинг Топ-5 чемпионатларида ўтказиладиган энг муҳим ўйинларга тўхталиб ўтамиз.    Англия: “Челси” “Сити”ни тўхтатишга қодирми?    Агар ўтган ҳафтада АПЛда тур ўйини мақомига лойиқ иккита учрашув ўтказилган бўлса, бу сафар бундай даражадаги ўйинлар сони атиги биттани ташкил этади ва унда мамлакатнинг сўнгги икки чемпиони ўзаро тўқнаш келади. “Челси” ўз майдонида Гвардиола бошчилигида қаторасига иккинчи мавсумдирки ажойиб ўйинлар кўрсатаётган “Манчестер Сити”ни қабул қилади. Маурицио Сарри шогирдлари сўнгги турларда ўйин суръатини бироз бўшаштиришди. Аввалига “Тоттенхэм”га ютқазиб қўйган аристократлар ўтган турда “Вулверхэмптон”дан ҳам мағлуб бўлди ва эндиликда “Челси” пешқадамдан нақд 10 очкога ортда қолиб кетмоқда. Бироқ, ҳужумкор ўйинни хуш кўрадиган бу икки жамоа ўзаро тўқнаш келганда, уларнинг жадвалда эгаллаб турган ўринлари ҳеч қандай аҳамият касб этмайди.    Бу икки жамоанинг сўнгги учта ўйини бироз зерикарли ўтган бўлса-да, бу сафар мухлислар ёрқин, қизиқарли ҳамда голларга бой учрашувга шоҳид бўлиши кутилмоқда. Асосийси, “Челси” Гвардиола жамоасининг мағлубиятсиз одимини тўхтатишга қодирми, деган савол барчани қизиқтирмоқда.    Испания: каталония дербисида кимга омад кулиб боқади?    Испания Премьеросида ҳам бу турда бир қанча қизиқарли ўйинлар бўлиб ўтади. “Атлетико” – “Алавес” тўқнашуви шулар жумласидан. Мазкур баҳсни турнинг марказий ўйини, дейиш мумкин, боиси унда айни пайтда турнир жадвалида юқори тўртликдан жой олиб бурган жамоалар рўбарў келишади. Иккала жамоа ҳам сермаҳсуллиги билан мақтана олмайди. Лекин, матрасчилар ҳам, “Алавес” ҳам ўз дарвозаси олдида анча ишончли ўйин кўрсатмоқда. Уларнинг бу сафарги тўқнашуви ҳам голларга бой ўтишини тахмин қилиш қийин, боиси “Атлетико” ва “Алавес” жамоаларининг сўнгги 11та ўйинида иккала жамоа биргаликда учта гол киритган ўйин кузатилмаган.    Шунингдек, бу турда Ла-Лига мухлислари Каталония дербисига гувоҳ бўлишади: “Эспаньол” ўз майдонида чемпионат пешқадами “Барселона”ни қабул қилади. Майдон эгалари мавсумни кўтаринки руҳда бошлашди ва ҳатто пешқадамлар сафига қўшилишди, аммо сўнгги пайтларда “Эспаньол”нинг ишлари юришмаяпти ва жамоа кетма-кет уч ўйинда мағлубиятга учради. Улар ҳамшаҳарларига қарши ўйинда бу нохуш анъанага барҳам бера олишадими? Буни шанба оқшомида билиб оламиз.    “Валенсия” “Севилья”га қарши. Бу ўйин ҳам Испания чемпионатига зеб беради. “Кўршапалаклар” аста-секин ўз ўйинини топиб боришмоқда ва жамоа инқироз кўчасидан чиқиб олди, дейиш мумкин. “Севилья” эса яна пешқадамликни ўз қўлига олиш ишқида ёнмоқда. Таъкидлаш жоиз, “Валенсия”га қарши сўнгги учта ўйинда “Севилья” рақиб дарвозасини ишғол этолмаган, эҳтимол бу сафар анъана бузилар.    Италия: Роналду кучлими ёки Икарди?    Италия “А” сериясидаги турнинг марказий ўйини Чемпионлар лигаси ўйинлари сабаб шанбадан жумага кўчирилди. “Ювентус” ва “Интер” жамоалари ўртасидаги қарама-қаршиликни Апеннин ярим оролидаги энг муросасизи, дейиш мумкин. “Кекса синьора” бу мавсум ҳам чемпионатда ишонч билан пешқадамлик қилмоқда ва бугунга қадар фақат битта ўйинда очко йўқотди. “Интер” эса бундай кўрсаткич билан мақтана олмайди. Аммо Лучано Спалетти шогирдлари муҳим ўйинларда қандай ҳаракат қилишни яхши билишади. Айтганча, бу икки жамоанинг ўтган мавсум Туринда кечган тўқнашувида ҳисоб очилмаган эди. Балки бу сафар Роналду “Интер”ни таслим этар. Ўз навбатида меҳмонларнинг етакчи ўйинчиси Мауро Икарди ҳам барчага ким аслида ким эканлигини кўрсатиб қўйиш ишқи билан ёнмоқда. Барчаси бу оқшом яшил майдонда ҳал бўлади.    Германия: эътибор марказида Рур дербиси    Бундеслигада ишлари юришмаётган “Бавария” бу турда камтарин “Нюрнберг”ни имтиҳондан ўтказса, чемпионат пешқадами “Боруссия” (Дортмунд) “Шальке”  билан куч синашади. Рур дербиси ҳар икки жамоа учун ҳам муҳим бўлиш баробарида ҳамиша кучли босим остида ўтиб келади. Қолаверса, улар қарама-қаршилиги голларга бой ўтади. Узоққа бормайлик, ўтган йили дортмундликлар биринчи бўлимдан сўнг тўрт тўп фарқи билан ғалаба қозонишаётган бўлса-да, танаффусдан кейин ўз дарвозасидан шунча тўп олиб чиққан ва нақд ғалабани қўлдан чиқарган. Бу сафарги тўқнашув ҳам голларга бой ўтишига ишонгимиз келмоқда. Нега бўлиши мумкин эмас, ахир Германия Бундеслигаси бу мавсум кутилмаган натижалари билан барчани ажаблантирмоқда.    Франция: етакчилардан фақат “Лилль” ўйнайди    Францияда ҳозир тартибсизликлар кузатилмоқда ва шу сабабли Лига 1 доирасидаги 17-турнинг бир йўла 6та ўйини бекор қилинди. Улар орасида тур ўйини мақомини олиши мумкин бўлган ПСЖ, “Монако”, “Марсель” ва “Лион” жамоалари ўртасидаги баҳслар ҳам бор эди. Мана шундай шароитда пешқадамлар сафидан жой олиб турган “Лиль” клуби иштирокидаги ўйин барчада катта қизиқиш уйғотиши мумкин. Улар ўз майдонида “Реймс” жамоасини қабул қилади. Бу ўйинда мезбонлар ғалаба қозонган тақдирда вақтинча бўлса-да пешқадам билан орадаги фарқни бироз қисқартириши мумкин холос, аммо ПСЖни 1-ўриндан тушириб юборолмайди, ҳатто улар яна икки-уч турни ўтказиб юборишсада. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, дам олиш кунларида мухлислар зерикиб қолишмайди.    Отабек Эшмаматов, ЎзА


Манба: uza.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz