Қайднома

Қидирув

Меҳнат ортидан келган бойлик…

Меҳнат ортидан келган бойлик…

  12.12.2018 11:00
  0
  716
Меҳнат ортидан келган бойлик…

Шундай касб эгалари борки, улар доимо эл ардоғида юришади. Атрофдагилар бундай кишиларни ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олишади. Шифокорларни ҳеч иккиланмай, ардоқли кишилар рўйхатининг юқори қаторларига қўйиш мумкин. Шифокорлик йўналишлари ҳам бисёр: педиатр, жарроҳ, терапевт, окулист... Шу йўналишларнинг барчасини ўзида мужассам этган битта соҳа бор - бу спорт тиббиёти.

26 йилдирки, «Металлург» клуби тиббий хизматида фаолият юритаётган Мирзабурҳон Дўстмуродов бу йўналишнинг пасту баланди, қийинчиликларидан яхши хабардор. Зеро, спорт медицинаси тинимсиз изланиш, катта  меҳнатни талаб этади. Ўзига хос ушбу йўналишга назария ва амалиётни қўшиб олиб борадиган фан сифатида қараш керак. Чунончи, спорт тиббиёти билан шуғулланувчилардан катта ҳажмда иш бажариш талаб этилади. Демакки, улар ғоят билимли, меҳнаткаш, жонкуяр, мард ҳамда жасур бўлишлари лозим. Жамоа шифокори шунинг баробарида саломатлик, жисмоний етуклик бобида спортчилардан асло қолишмаслиги зарур. Спорт шифокори инсон танасининг тикланиш жараёнини яхши биладиган, турли касалликларни даволайдиган, улар олдини оладиган, профилактик амалиётдан хабардор, ҳаракат бўғинлари жароҳатларини мукаммал ўзлаштирган, биринчи ёрдам кўрсатадиган мутахассисдир. Бир сўз билан айтганда, у ўзида бутун бошли поликлиника мутахассисларини мужассамлаштириши керак.

Мирзабурҳон Дўстмуродовнинг «Металлург» клубида иш бошлаганига чорак аср­дан ошибди. Шу йиллар давомида Бекобод жамоасида тўп сурган юзлаб футболчилар меҳрибон шифокор назоратида шуғулланди, улғайди, элга танилди. Кўплаб футболчилар у кишининг самимий, беғараз маслаҳатлари, ўгитлари билан нафақат мамлакатимиз миёсида танилишди, балки халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Айни пайт қутлуғ 70 ёшини қаршилаётган Мирзабурҳон Дўстмуродов ҳамон сафда. Клубда ўз ишига масъулият билан ёндашадиган, жуда талабчан мутахассис. Аввалига Қўқон шаҳридаги тиббиёт билим юрти, ке­йин Андижон Давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетини тамомлаган Мирзабурҳон ака клубга келгунига қадар турли муассасалар (Бекобод шаҳар марказий шифохонаси, металлурглар тиббий даволаш қисми, тиббиёт билим юрти, «Тез тиббий ёрдам» станцияси, Бекобод цемент комбинати поликлиникаси)да масъулиятли лавозимларда ишлаган. «Металлург» жамоасига келгач эса, стадион қошида даволаш хоналарини ташкил этди, уларни керакли тиббиёт ускуналари билан жиҳозлади. Азалдан спортга меҳри баландлигиданми, футболчилар билан тезда тил топишди.

Мирзабурҳон аканинг иш хонасига кирсангиз, ўзингизни футбол музейига тушиб қолгандек ҳис этасиз. Узоқ йиллардан буён футболнинг ашаддий мухлиси саналган Мирзабурҳон ака хона деворларини жаҳон футболи юлдузларию, терма жамоалар ва клублар суратлари билан тўлдириб ташлаган. Бемор, ёрдамга муҳтож киши хонага киргач, оғриқни бир зум унутиб, «футбол салтанати» аро сайр қилгандек бўлади. Унда айни ҳолатидан уялиш ҳисси, тезроқ юлдузлар даражасига етиш, кўтарилиш иштиёқи жўш уради, даволаниш жараёни тезлашади. «Спорт шифокори нафақат даволовчи, балки жамоа вакилларининг кун тартибини назорат қилувчи, уларнинг тўғри овқатланишлари, дам олишлари, вақтида машғулотларда тўлақонли иштирок этишларини кузатувчи, жисмоний юкламаларни меъёрга солувчи мутахассисдир. Янада аниқроқ айтсак, жамоа шифокори - мураббийларнинг ўнг қўли, кўзи, қулоғи, энг яқин ёрдамчиси. Ўзингиз ўйланг, у спорт руҳияти, диетология, кардиология, фармакология, жарроҳлик ҳамда жисмоний диагностика курсларидан ўтган бўлиши шарт. Энг асосийси, у спортчининг дўсти, яқин маслаҳатчиси бўлиши даркор, - дейди Мирзабурҳон ака. - Спорт шифокори ўсиб келаётган авлодга тўғри кўрсатма бериши, ҳар бир бола билан индивидуал тарзда ишлаши, унга ҳам ота, ҳам она сингари меҳр кўрсатиши зарур. Шунда спортчи сизга ишонади, суянади. Айни муносабат ўлароқ, унинг тикланиш жараёни ҳам тезлашади».

Мирзабурҳон аканинг яна бир хоббиси бор - журналистика. Тўғрироғи, у ўз соҳасига оид муаммоларни кўтариб чиқиш, ҳамкасблари билан матбуот орқали мулоқот қилиб, тажриба алмашишга ҳаракат қилади. Бир неча чиқишлари борки, оддий мухлис ҳам улардан спорт тиббиётининг очилмаган қирраларини билиб олиши мумкин. Умуман, Мирзабурҳон Дўстмуродов «Металлург» клубида иш бошлаганидан буён мамлакатимизнинг қатор нашрлари - «Ҳуррият», «Жамият», «Моҳият», «Ватанпарвар», «Ишонч», «XXI аср», «Миллий тикланиш», «Маърифат», «Маҳалла», «Тошкент ҳақиқати» билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Спортни ёритишга ихтисослашган «Ўзбекистон футболи», «Спорт», «Аср футболи», «ИнтерФутбол», «Футбол экспресс», «Эрудит» каби ОАВ ҳақида гапирмаса ҳам бўлаведи. Бу газеталарда Мирзабурҳон ­Дўстмуродовнинг спорт тиббиётидаги муаммоларга боғлиқ мақолалари, тажрибалари, қарашлари чоп этилган, этилмоқда.

Жонкуяр инсон, тажрибали шифокор Мирзабурҳон Дўстмуродов 10 декабрь куни ўзининг 70 ёшини қаршилади. Доимо изланишда, ўз соҳасини қадрлайдиган Мирзабурҳон ака меҳнат ортидан катта бойликка эришган кишидир. Бойлиги - бу унинг шогирдлари, дўстлари, қўлида шуғулланиб, кейинчалик эл-юрт томонидан тан олинган юзлаб спортчилар, футболчилар. Биз ҳам фурсатдан фойдаланиб, юбилярни қутлуғ ёши билан самимий табриклаймиз ва у кишига яна  узоқ йиллар спорт тиббиёти, шу йўналиш журналистикаси ривожига ҳисса қўшишларини, спортчилар сингари тетик, саломат бўлишларини тилаймиз.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz