Қайднома

Қидирув

Ўзбек футболи теграсида ёки "Бунёдкор"чиларнинг нархи

Ўзбек футболи теграсида ёки "Бунёдкор"чиларнинг нархи

  15.12.2018 08:57
  0
  865
Ўзбек футболи теграсида ёки

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда ПФЛ ички чемпионатимиз савиясини юксалтириш йўлида турли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Қайсидир режалар ўзини оқлаётган бўлса, айрим жиҳатлар бўйича муаммолар ҳамон ечимини топа олмаяпти. ПФЛ бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев ўзининг «Телеграм»даги каналида ўзбек футболига тааллуқли турли мавзуларда ўз фикрларини билдираркан, лигага киритилаётган янгиликлар мавзусига ҳам алоҳида тўхталди.

СУПЕРЛИГА: ЛЕГИОНЕРЛАР ЛИМИТИ ЎЗГАРМАЙДИ

- Лицензиялаш бўйича регламент-ни ҳамма кўриб улгурган бўлса керак. Унда аниқ кўрсатиб қўйилганки, ўз футбол академияси ва яхши майдонга эга бўлмаган футбол клубларига легионер футболчилар хизматидан фойдаланиш тақиқланади. ПФЛ келаси мавсум учун ҳам легионер футболчилар лимитини 4+1 кўринишида сақлаб қолади. Бу қоида Суперлига ва Про-лига клублари учун бирдек амалда бўлади. Агар академия ва майдон масаласи тезроқ ҳал қилинмаса, ҳозирги ҳолатда «Насаф»дан бошқа бирорта клуб легионер футболчиларни рўйхатда ўтказа олмайди.

Бу ҳолат биринчи навбатда АГМК, «Локомотив» ва «Пахтакор» клубларини ҳаракатга келтириши керак. Чунки улар Чемпионлар Лигасида қатнашишади. Ҳаммасида майдон ҳолати яхши. Бироқ футбол академияси масаласида клублар конкрет баёнот бераётгани йўқ. Агар улар 2019 йилги мавсум стартига қадар улгурмасликларига кўзлари етса, ЎФАнинг уларга таклифи бор.

САВИЯЛИ ЛЕГИОНЕР МУХЛИС ЧОРЛАЙДИ

- Австралиялик ўқувчиларимиздан бири Бобур чемпионатга савияли легионерларни олиб келиш орқали мухлисларни стадионга қайтариш мумкинлигини таъкидлади. Бу фикр-ни тўла қўллаб-қувватлайман. Энг йирик мисол — Криштиану Роналдунинг «Ювентус»га ўтиши бир қатор мухлислар эътиборини Туринга ва шу орқали Италия футболига қаратди. Аммо бир жиҳатни унутмасликни сўрардим. Биз сифатли легионерлар олиб келиш учун тайёрмизми?

Биринчидан, клубларнинг иқтисодий аҳволи яхши эмас. Келадиган зўр легионер ҳам «Навбаҳор» ёки «Андижон» стадионида ўзини умуман кўрсата олмаслиги мумкин. Бизга равон майдонлар жуда керак. Ўйинларнинг зерикарли тус олаётганига сабаб - зерикарли футболчилар. Уларнинг ёши катта, кучи кўпроқ, ўсишдан тўхтаган, рақобат кам. Аксар мураббийлар натижадан қўрқиб, ёшларга кам имконият беришади, ўша «тажрибали»ни ўйнатишади. Агар академиялар ишлашни бошласа, юқоридаги муаммоларга бир қадар ечим бўлиши мумкин. Клублар раҳбарлари натижа қўйишдан аввал, шунга олиб борадиган механизм-ни тўғрилашса, мураббийларга ҳам осон бўлади.

«БУНЁДКОРЧИЛАР» НАРХИ

АГМК ва «Пахтакор» клублари «Бунёдкор» ҳимоячилари Акром Комилов ва Рустам Ашурматовга кўз тикаётгани борасида хабар ўқидим. Бунда бир нарсани яхшилаб тушуниб олиш керак бўлади. Мазкур икки футболчи «Бунёдкор» академияси тарбияланувчилари ва улар 23 ёшга тўлиб улгурмаган. Демак, агар уларнинг «Бунёдкор» билан шартномалари якунига етган бўлса, талабгор томон футболчилар учун фақатгина машғулотлар учун тўланадиган товон пулини беради, холос. Агар футболчиларнинг «Бунёдкор» билан шартномаси бўлса, юқоридаги суммадан ташқари яна алоҳида трансфер нархи ҳам келишилиши керак.

Бу бандни ФИФА жиддий назорат қилади. «Де юре» бизнинг регламентда ҳам бор, «де факто» унга амал қилинмайди (баъзи клублардан таш-қари). 2019 йилги мавсумдан бошлаб бу нарса амалда бўлади. Яъни, биз академияларни ривожлантиришни талаб қиляпмизми, демак уларнинг меҳнатини ҳам қадрлашимиз керак. У хоҳ академия бўлсин, хоҳ оддий футбол мактаби, етиштириб берган футболчиси учун ҳақ олиши шарт.

Айни вақтда ички трансфер ҳақида гаплашяпмиз. Бу халқаро трансфердан, айтайлик, Достон Ҳамдамовнинг «Анжи»га ўтишидан фарқ қилади. Демак, регламентга қараймиз. Унинг бандларида шундай ёзилган. Агар футболчи 23 ёшга тўлмаган ва бошқа клуб ихтиёрига кетаётган бўлса, унинг шу академиядаги ҳар бир йили учун 3 000 000 (уч миллион) сўмдан тўланиши керак. Агар гап бунда Суперлига футбол клубининг академияси ҳақида кетаётган бўлса, мана шу пул иккига кўпайтирилади, яъни 6 000 000 (олти миллион) сўмни ташкил қилади.

Агар гап бунда терма жамоалар аъзолари ҳақида кетаётган бўлса, юқоридаги суммага яна 50 фоиз устама қўшиб ҳисобланади. Акром Комилов ҳам, Рустам Ашурматов ҳам термаларнинг расмий ўйинларида иштирок этиб улгуришган. Демак, бир йил учун товон пули 9 000 000 (тўққиз миллион) сўмни ташкил қиляпти. Акром Комилов ҳам, Рустам Ашурматов ҳам «Бунёдкор» академиясида 2009 йилдан буён фаолият юритиб келишган. Демак, 9 000 000 сўмни 10га кўпайтирамиз — 90 000 000 (тўқсон миллион) сўм. 23 ёшга тўлмаган бу икки футболчининг шартномаси якунига етган бўлса ҳам, шу суммани ўтказмай туриб, бу футболчиларни бошқа клуб рўйхатга олиши мумкин эмас.

Акром Комиловнинг «Бунёдкор» билан шартномаси 2018 йил охирида тугайди. Демак, унда ярим йил олдиндан навбатдаги таклифларни кўриб чиқиш ҳуқуқи бўлган (кўриб чиққан шекилли, «Пахтакор» асосий даъвогар). Шундан келиб чиқиб, исталган клуб «Бунёдкор» ҳисоб-рақамига 90 000 000 сўмни тўлаб, уни олиб кетиши мумкин (бу рақам яна бир марта ҳисоблаб чиқилади, албатта). Комилов келаси йилнинг 14 март куни 23 ёшни қарши олади ва шу кундан бошлаб, машғулот учун товон пули ҳақида унутамиз.

Қишки трансфер ойнаси Ўзбекис-тонда шу йилнинг 17 декабрь санасидан бошлаб, келаси йилнинг 7 мартига қадар давом этади. Демак, Комилов учун сумма тўланиши керак. Рустам Ашурматовнинг эса «Бунёдкор» билан яна бир йиллик шартномаси бор. Айтайлик, унинг қариндоши Бахтиёр Ашурматов бошчилик қилаётган АГМК футболчини қўлга киритишни истаса, 90 000 000 сўмдан ташқари, «Бунёдкор» билан унинг трансфер суммасини ҳам алоҳида келишиши керак бўлади. Агар АГМК яна бир йил кутиб турса, Рустам Ашурматовни текинга олиб кетади.

Мухлислар бунда яна бир жиҳатни тушунишлари керак. Агар Акром Комилов ва Рустам Ашурматов бош-қа клубга ўтиб кетишса ва ўша клуб кейинчалик бу футболчиларни трансфер қилса (яъни, эркин агент сифатида у клубдан бу клубга кўчиб юришмаса), «Бунёдкор» кўрилган фойданинг бир қисмида ўтиради. Чунки айнан шу клуб юқоридаги икки футболчини тарбиялаб берган. Масалан, Неймар учун «Барселона» 222 миллион евронинг ҳаммасини олмаган, маълум қисмини уни тарбия қилган Бразилия клубига ҳам ўтказиб берган. Агар Акром Комилов ва Рустам Ашурматовни хориж клублари олиб кетишни истаса, бояги 3 ва 90 миллионлик нархлар умуман бошқача ҳисобланади.

МАЙСА - МУҲИМ МАСАЛА

«Миллий» стадион майсасини яхшилаш борасида гап кетаётганда, мутахассислар чимнинг май ойи охирларига қадар ўзини ушлаб олиши ҳақида айтишмоқда. Яъни, мавсум бошигача улгурилмайди. Бу ҳақда ПФЛ ҳам билади. Бироқ масала шундаки, исталган клуб ПФЛни алдаб-сулдаб, мавсум бошигача келиб олиши мумкин (одатда шундай бўлади). Бироқ иш бошланиши шунинг учун муҳимки, биз яхши майдонларга эга бўламиз. Масалан, «Андижон» стадиони дренажлари билан янгиланаётгани, тажрибада синалган майса масаласи ҳақида гап кетаётган бўлса, ПФЛ иккинчи бос-қич ўйинлари бошлангунга қадар кутишга ҳам тайёр. «Навбаҳор»да ҳам, «Қўқон-1912»да ҳам шу гап. Мартгача улгуришинг шарт, деган гапнинг ўзи йўқ, чунки бу иложсиз иш. Аммо яна ўша масала: реал иш бошланиши, майдонлар таг-туги билан яхшиланиши (эскини ямагунингча эсинг кетади), яхши чим танланиши ва бажариш муддати, сметаси кўрсатилиши керак. Қимматга тушади. Шунинг учун ҳам клублар «катта бола» бўлиб, банклар билан ишлашни, кредитлар олишни ўргансин, мухлислар ташрифи билан ҳам қизиқиб, ўша кредитларни ёпсин, дейилмоқда. Агар шу ишлар ростдан ҳам бўлса, ишонаманки, журналистлар ҳам, мухлислар ҳам яна ярим йилча расво майдонларга кўз юмиб тура олишади. Оддий мисол, Қўқондаги стадион майдони қазиб ташланганини кўрдик. Хўш, кейин-чи? Яна устига тупроқни қайтариб, оддий уруғ сепиб қўйишдан осони йўқ, тўғрими? Бироқ «Иш режаси, сметаси, қайси компания нима қилаётгани борасидаги маълумотлар қани?» деган савол келиб чиқмайдими?

СУПЕРЛИГАДА VAR ТИЗИМИ

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳакамларнинг ўйин натижаларига таъсирини камайтириш учун VAR тизимини Суперлига ўйинларига олиб киришни истаяпти. Сўнгги мажлисда шу масала кўтарилди. Ким учундир энса қотиришли бўлиши мумкин, бироқ истакнинг борлиги яхши нарса. Демак, ташкилот ҳам ҳакамлик масаласига бефарқ эмас, уларга ёрдам бериш ниятида. Аммо бунинг учун қатор тўсиқлар бор. Икки асосий тўсиқни айтиб ўтаман:

- Суперлига клублари уй учрашувларини ўтказадиган футбол майдонларидан аксари талабга жавоб бермайди;

- 2018 йилги мавсумда қаҳрамонлик кўрсатиб, телетрансляциялар масаласида катта иш қилган МТРКда КТС (кўчма телевизион станция)лар сони етарлича эмас.

VAR тизими учун бу икки жиҳат муҳим. Демак, қайсидир клуб ва унинг мухлислари ҳакамлардан «дод» деяётган бўлса, биринчи навбатда майдонни яхшилаши керак. Масалан, «Насаф»никидек майдон учун VAR ярашади. Иккинчи қадам эса МТРК билан боғлиқ бўлади. Аслида 2018 йилги мавсум учун компанияга ташаккур айтса арзийди.

P.S.: Ҳакамлик масаласида кўп ёзишади. Шунда ҳакамлар ПФЛга бўйсунмайди, улар ЎФАга қарашли, ПФЛ ўйинлар учун ҳакамларни пулга ёллайди, дегим келади. Бироқ бу - муаммодан қочиш, уни ечиш эмас. Муаммони Европа VAR билан ечишга ҳаракат қиляпти, натижа ёмон эмас. Сиз бунга нима дейсиз? Майдонларни яхшилаймизми ёки ПФЛга тош отишда давом этамизми?

ФУТЗАЛ: ИККИ ҚАДАМ ОЛДИНГА...

«Ардус» футзал клуби расман ўз фаолиятини якунлагани ҳақида хабарлар чиқди. Умуман олганда, клуб раҳбариятини тушунаман. Аммо 2019 йилдан футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати ўйинларини мутлақо бошқача руҳ ва савияда ўтказишни ният қилгандик. Бунда:

- Суперлига ва Про-лига «А» клубларига осонроқ бўлиши;

- Учрашувлар телетрансляция қилиниши;

- Исталган футзал клуби мусобақада иштирок этиши каби масалаларни киритиб ҳам улгургандик.

Яъни, «Ардус» сингари клублар футзал учун жуда керак эди. Агар ушбу жамоа қайтадиган бўлса, у чемпионатда бемалол иштирок этиши мумкин. Бунгача МҲСК, «Дўстлик» каби клублар йўқ бўлиб кетганига қанчалик ачинган бўлсам, бунисига ҳам шунчалик куюндим. Футзал 2019 йилда олдинга бир эмас, икки қадам ташлайди. Бу Ўзбекистонда энг оммабоп спорт турларидан бири. Шундан келиб чиқиб ҳам у тезроқ ривожланишга ҳақлироқ.

МАБЛАҒ АКАДЕМИЯГА САРФЛАНГАНДА...

Давлат корхоналари, айтайлик, бир қатор клубларни молиялаштиряпти. Улар ўз-ўзидан хусусий бўлишга интилмайди, чунки тайёр пул келиб турибди. Тасаввур қилинг, катта футболга йўналтирилган пулларнинг жилла қурса ярми ўша вақтларданоқ футбол академияларини қуриш ва уларни ривожлантиришга сарф этилганида, қандай манзара бўларди? Масалан, «Бунёдкор» академиясидек макон бир вилоятда камида 2тадан бўлса, биз сал қолса «Бенфика» ёки «Аякс» футбол мактаблари даражасига чиқишимиз мумкин эди. Майли, тарбияланувчиларимиз ўзимизда ўйнашмаса ҳам. Қайтага четда қанча муваффақиятли бўлишса, мамлакатга шунча катта валюта оқиб киради. Терма жамоа кучаяди ва ҳоказо. Яна бир муҳим тарафи шундаки, болаларга берилаётган пул миннатсизроқ бўлади. Фарзандингизга сарф этадиган пулингиз учун қанчалик ачинмасангиз, катта футболга оқиб кираётган пулга шунча ачиниш керак. Мантиқ мана шу ерда.

МОЖАРО МАРКАЗИДА ЯНА «БУНЁДКОР»

«Бунёдкор» собиқ бош мураббийи, айни вақтда «Сўғдиёна»ни бошқариб бораётган Сергей Лушан мавзуси ҳозир анча долзарб. Бу борада ҳар ким ўз фикрини билдиришга ҳақли, албатта. Бироқ ФИФАнинг ҳам ўз конс-титуцияси бор. Ўша низомда аниқ-тиниқ белгилаб қў-йилган бандларга ФИФАга аъзо ҳамма мамлакат бўйсунади. Лушан гарчи Ўзбекистон термаси шарафини ҳимоя қилган бўлса-да, ҳозир Россия фуқароси. Демак, у билан бўлаётган тортишув халқаро мақомга эга. Худди Симоненко «Бунёдкор»ни қандай жазолаётган бўлса, Лушан ҳам шу ишни қилиши мумкин. Бироқ бироз шошилмаслиги керак.

Лушан нима қилди:

- Судга ариза берди;

- Порталга ёзди.

Бизнинг қонунчиликда даъво муддати 3 йил, ФИФАда эса 2 йил. ФИФА ўз низомларини тан олади. Унда ҳал бўлмаган муаммо Спорт арбитраж судига кўчади. ФИФА портални тан олмайди. Портал бизнинг ички муаммоларимизни ҳал қилиш учун восита бўлиши мумкин. Бироқ барча органлар шаффоф ва одилона ишлаганида эса, аслида порталнинг кераги йўқ эди, тўғрими?

ПФЛ мана шу ишлардан сўнг «Сўғдиёна» клубини огоҳлантирди. Демак, Лушан ПФЛга тушунтириш бериши керак, сайтга эмас. Айни вақтда мутахассис ишни ортиқча овозалаяпти, ваҳоланки, бунинг ортидан ўзи зарар кўриши мумкин (иқтисодий жиҳатдан эмас, чунки ҳақини албатта олади).

«Бунёдкор» айни вақтда бир нечта фронтда кураш олиб боряпти. Биринчидан, украиналик футболчи Сергей Симоненко масаласи ҳали ҳам «осилиб» ётибди. ФИФА 6 очко олиб ташлаш талабини қўйгани ҳали ҳеч нарса эмас, муаммо ҳал этилмаса, «Бунёдкор» қуйи лигага ҳам тушириб юборилади. Бу ишнинг «каша»сига сабабчи одам — «Бунёдкор»нинг ўша вақтдаги бош директори. Бахтиёр Бобоевнинг «Бунёдкор»га қўйиб кетган «секин ҳаракатга келувчи миналари» портлашда давом этмоқда. Симоненкодан кейин навбат Лушанга келди. У 3 йил ичида супержамоани ўртамиёнага айлантиришига қарамай, унга 100 миллионга яқин ойлик белгилаган Бобоев ўзи ишлаётган пайтда бу пулларни тўламаган. Мендан кейингилар тўласин, деган. Ўша пайтда Бобоев ва Лушан нимага келишишганини фақат Яратган ва ўзлари билишади.

Лушан жамоани қабул қилиб олганида, «Бунёдкор» ҳеч қачон 2-ўриндан пастга тушмаган ва доимо Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичини босиб ўтган. Лушан эса клуб тарихидаги энг ёмон — 4-ўринни оляпти. Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида 1та ҳам ўйинда юта олмай, шармандали натижа қайд этяпти. Бироқ негадир келаси мавсумда унинг маоши янада кўтариляпти (бу унинг пули, аралашмаймиз). Бироқ мана шу «каша» ҳам клубнинг ўша вақтдаги бош директоридан келиб чиқяпти.

Достон Ҳамдамов «Бунёдкор» билан 1 йиллик шартномаси бўлишига қарамай ва худди Акром Комилов, Рустам Ашурматов каби академия тарбияланувчиси бўлса-да, «Анжи» сафига ўтиб кетяпти. Шартномани мен назарда тутаётган одам имзолаган. Агентлар ўртага аралашиб, фойда кўряпти (катта эҳтимол билан). «Бунёдкор» эса йўқ, оғзини очиб қоляпти.

Ечим: Агар «Бунёдкор» Достон Ҳамдамов масаласини ўз томонига ҳал қилса (катта эҳтимол билан ҳал қилади), у ҳолда клуб энг камида 300 минг евро пул олади. ПФЛ мана шу суммани қарзлар учун йўналтиришни «Бун-ёдкор»дан талаб қилади. Демак, Сергей Лушан ўз пулларини олади.

Мен шартномадаги тушунарсиз бандлар, ҳайрон қолдирадиган қарорларга тўхталиб ўтмайман. Бу каби ишлар судда кўриляпти. Бироқ кимдир мазкур масалани кўтармоқчи бўлса, ҳамма томонни эшитиб кўриши керак ва албатта, ФИФА низомларини ҳисобга олиши шарт.

Лушан фаолиятини Ўзбекистонда бемалол давом эттириши мумкин. Бироқ аввал ПФЛга келиб тушунтириш бериши лозим. Ва албатта, сабр қилса, «Бунёдкор» қарз-ларини тўлайди. Бошқа йўли йўқ. Қарзларини тўламаса, 2019 йилги мавсум учун футболчилари рўйхатдан ўтказилмайди. Сергей Ивановичнинг шошилиши фақат шунда кўринади. Ҳамма нарсани босиқлик ва ақл билан ҳал қилиш энг чиройли масала.

Лушан ва унинг руминиялик ёрдамчиси Августин Черита бир вақтда ПФЛга мурожаат қилган (2018 йил, 24 май). Демак, улар 2016 йилнинг 24 майидан буён бўлган ҳақларини олишлари шарт.

ПФЛ шундай қарор чиқарганидан сўнг, «Бунёдкор» Черита олдидаги қарздорликларини тўлашни бошлади. Аслида клуб мутахассис учун 79 миллион сўм тўлаб бериши керак эди. Иқтисодий томондан катта қийинчиликка дуч келган «Бунёдкор» шу пулнинг 60 миллионини тўлаб улгурди. Қолган 19 миллион сўм бир ҳафта ичида Чеританинг ҳисобида бўлади.

Бундан кўриниб турибдики, ПФЛ қарздор клубларни тинч қўймайди ва охиригача мажбур қилади. Аммо клубда пулнинг ўзи йўқ бўлса, бошқа санкцияларни қўллашга ўтади. Айтишингиз мумкин, қолган футболчиларнинг ҳақини бир четга суриб, аввал қарзларини ёпиши мумкин эди-ку, деб. Йўқ, ҳақини ўз вақтида талаб қилолмаган мураббийлар касрига қолган футболчиларнинг ҳуқуқлари поймол этилмаслиги керак. Яъни, бир муаммони енгиш эвазига бошқа муаммони келтириб чиқариш шарт эмас. Масалан, Сергей Лушан даъво аризасини 2018 йилнинг илк кунларидаёқ ёзганида, ПФЛ унга пулларини осонроқ олиб бериши мумкин эди. Ўша вақтда «Бун-ёдкор» ҳисобида пул бўлган ва жамоа йиғин ўтказиш учун Дубайга йўл олган. Бундай йиғинлар тахминан 80-100 минг доллардан кам бўлмаслигини ҳисобга олса, Лушан пулларини вақтида қайтариб олиши мумкин эди. Энди эса бироз кутишга мажбур. Аслида, у 2015 йилдан буён бўлган қарзларини даъво қиляпти. Шунча вақт нега даъво билан келмагани ғалати.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz