Қайднома

Қидирув

Бизга ҳимоявий футбол керакми?

Бизга ҳимоявий футбол керакми?

  15.12.2018 10:01
  0
  507
Бизга ҳимоявий футбол керакми?

Йўқ, кўпчилик қатори Ўзбекистон миллий жамоасининг сўнгги ўртоқлик ўйинларини таҳлил қилмоқчи эмасман. Шунчаки, бош мураббий - Эктор Купернинг мураббийлик фалсафасига бироз тўхталиб ўтмоқчиман. Бинобарин, аргентиналик мутахассиснинг бош жамоамиз бошқарувини қўлга олганига 100 кундан ошди. Бош мураббий ортда қолган вақтда асосан янги жамоасини яхшилаб «таниб» олишга эътибор қаратган бўлса, ажабмас.

Эктор Купер терма жамоамизнинг илк йиғинида журналистлар йўллаган саволларга жавоб берар экан, вазиятга қараб, ҳимоявий тактикага асосланган ўйин услубидан фойдаланишни режалаштираётганини яширмади. Бу бир томондан тўғри, чунончи, олдин муваффақиятга эришган ҳар бир мураббийнинг ўзига хос йўналиши бўлади. Лекин... Танганинг орқа томони ҳам бор-ку. Гап шундаки, миллий жамоамиз футболчилари бундай ўйин услубига ҳали тайёр эмасдек. Ҳар ҳолда, ҳимоявий футболда индивидуал жиҳатдан кучли ижрочилар катта роль ўйнашади. Афсуски, жамоамизнинг ҳозирги таркибида 1-2та вазиятдан унумли фойдаланадиган ёхуд йўқ жойдан гол урадиган футболчилар йўқ. Биламизки, фақат натижа учун ўйнайдиган жамоалар саноқли ҳужумлардан самара чиқариш эвазига мақсадга эришиши мумкин. Очиқ тан олайлик, миллий жамоамиз анчадан буён айни шу масалада оқсамоқда. Мисол учун, футболчиларимизга ЖЧ-2014 саралашининг ҳал қилувчи раундида айнан вазиятлардан фойдаланолмаслик панд берди. Саралашдан кейинги ўртоқлик учрашувларида ҳам кўрдикки, бу муаммо жуда жиддий. Энди ўйланг, шундай ҳолатда ҳимоявий услубни биринчи ўринга олиб чиқиш наф берармикан? 4-5та вазиятдан 1та гол ураётган термамиз имкониятлар сони 1-2та қисқарса, мақсадга қандай эришади? Қолаверса, ҳозирги таркибимизда исталган пайт ўйин тизгинини ўзгартира оладиган футболчи кўринмаяпти. Тўғри, Одил Аҳмедов марказдан, Виталий Денисов эса қанотдан тезкор қарши ҳужумга ўтиши мумкин, лекин гоҳ-гоҳида, холос. Энг асосий масала эса - саноқли ҳужумларни муносиб якунлаш. Агар шунга қодир ўйинчи топилмаса, барча меҳнатлар зое кетади.

Шу ўринда битта ёрқин мисол: ЖЧ-2018да Франция терма жамоаси ишонч­ли тарзда ғалаба қозонди. Жамоа бош мураббийи Дидье Дешам гарчи Антуан Гризманн, Килиан Мбаппе, Оливье Жиру каби ҳужумкор футболчиларга эга бўлсада, ҳимоявий услубни танлади. Лекин Аргентина ва Хорватия термаларига қарши кечган ўйинларда французларнинг бошқача услубга осонгина ўтишганини кўрдик. Жамоа қандайдир 10 дақиқа ичида натижани таъминлаганини эса Дешамга хос фалсафа маҳсули сифатида баҳолаш керак.

Эҳтимолки, Купер ҳам узоқни кўзлаб, шу ўйин услубини қўлламоқчидир. Бинобарин, ҳозирда футболимизга боғлиқ энг оғриқли ҳолат - самарадор ҳужумчи йўқлиги. Игорь Сергеев ишончни йўқотиб улгурди, Марат Бикмаев нари борса яна 2 йил шундай ўйнаши мумкин. Вақтида Вадим Абрамов тузган ҳужумкор жамоа айни пайт Осиёнинг энг кучли жамоаси бўлиб турган ва ҳамиша тартибли ҳимояси билан ажралиб турган Эрон термасини 90 дақиқа давомида «қа­мал»га олгани ҳали ёдимиздан кўтарилгани йўқ. Шахсий хулосам шу: футболимиз ҳимоя эмас, балки ҳужумга кўпроқ мойил. Бу тажриба тарихда бир неча марта исботланган ҳам. Лекин Эктор Купер чиндан ҳам, ҳимоявий футболга урғу қаратмоқчи бўлса, унда аввало, 1та эмас, яримта вазиятдан гол ура оладиган ўйинчи топиши лозим. Акс ҳолда, ижобий натижага эришиш жуда-жуда мушкул. Ахир Осиё кубоги стартига тобора оз вақт қолмоқда. Мухлислар эса ҳар қандай ҳолатда терма жамоамиз, айниқса, Эктор Купердан яхши натижа кутишади, албатта.

Аҳрор ВАЛИЕВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz