Қайднома

Қидирув

Европанинг кучли 10та лигасида ўйнаётган энг садоқатли футболчилар

Европанинг кучли 10та лигасида ўйнаётган энг садоқатли футболчилар

  16.12.2018 04:26
  0
  1343
Европанинг кучли 10та лигасида ўйнаётган энг садоқатли футболчилар

Кимлар яхшигина таклифларга қарамай, ўз клубларига содиқ қолмоқдалар? Кимлар битта жамоадаги фаолият давомийлиги буйича алоҳида мақтана олишади? Soccer.ru сайти ижодкорлари айнан энг садоқатли ўйинчиларни эътироф этишди. Таҳлил учун Европанинг энг кучли 10та лигаси олинди: Испания, Англия, Италия, Германия, Франция, Россия, Португалия, Бельгия, Голландия ва Туркия элит дивизионлари. Алоҳида таъкидлаш керак, айрим футболчилар борки, улар болаликларидан клуб тизимида шуғулланишган, яъни унинг тарбияланувчиси саналишади. Шунинг учун фаолият давомийлигини тўғри ҳисоблаш мақсадида ҳар бир футболчининг бош жамоада айнан қачон дебют қилгани эътиборга олинган. Умумий ҳисобда айтсак, «кўҳна қитъа»даги илғор 10та чемпионатда битта клубда 10 йил ёки кўпроқ муддатдан буён ўйнаётган футболчилар сони - роппа-роса 60 нафар. Бу рўйхатда Жерар Пике ва Алан Загоев, Гильерме ва Серхио Бускетс каби таниқли ўйинчилар бор. Серхио Рамос эса 16-поғонада, ундан олдинда Жоржо Кьеллини («Ювентус»)...

 

10-ўрин. Марк НОБЛ («Вест Хэм») - 13 йил 11 ой 6 кун. Болалигида «Арсенал» тизимида шуғулланган Марк деярли 14 йилдан буён «болғачилар»га садоқат билан хизмат қилмоқда. Тўғри, у вақтида «Халл Сити» ва «Ипсвич Таун» клубларида ижара муддатини ҳам ўтади. Умуман, ёшлар жамоасидаги даврини ҳам қўшсак, Нобл 18 йилдан буён «Вест Хэм» ихтиёрида!

9-ўрин. Хулиан СПЕРОНИ («Кристал Пэлас») - 14 йил 4 ой 24 кун. Аргентиналик голкипер еврофутболга жуда ёшлигида юзланган ва «Кристал Пэлас» сафига қўшилишига қадар Шотландиянинг «Данди» клуби сафида 4 йил тажриба оширган. Сперони Лондон жамоасидаги 14 йиллик фаолиятида кўп нарсаларни кўрди: машҳур Габор Кирай ўринбосари ролини бажарди, «бургутлар» билан Премьер-Лигадан тушиб кетди, нақ 7 мавсум Чемпионшипда ўйнади ва яна юқорига кўтарилди.

8-ўрин. Серхио АЛЬВАРЕС («Сельта») - 14 йил 5 ой 9 кун. Серхио аслида «Сельта» тизимида 13 ёшли пайти, яъни 1999 йили пайдо бўлган. «Эль Гато» («Мушук») жонажон жамоасида узоқ вақт сабр билан ишлади, гарчи асосий таркиб вакили бўлсада, кўпинча «Сельта-В» дарвозасини қўриқлади. Мавсум-2014|2015 эса бурилиш нуқтасига айланди: Серхио Ла-лига доирасидаги 38та ўйинда ҳам майдонга тушди. Хуллас, сабрли ва садоқатли Альварес деярли 20 йилдан буён «Сельта» рамзига вафо қилмоқда.

7-ўрин. Лионель МЕССИ («Барселона») - 14 йил 11 ой 6 кун. Футбол билимдонлари орасида ушбу «нотаниш» йигитни биладиганлар борми? Лео Каталония пойтахтига 2000 йили кўчиб келганди, жамоада дебют қилганига эса 15 йил бўляпти. Бир томонда футбол масаласидаги даҳолиги, иккинчи тарафда юксак садоқати. Ҳа, чиндан ҳам, бебаҳо юлдуз.

6-ўрин. Лоик ПЕРРИН («Сент-Этьен») - 15 йил 5 ой 7 кун. Камтарин  клубнинг иродаси букилмас ҳимоячиси ва тирик афсонаси. Диққатга сазовор томони, Перрин ҳозир 33 ёшда, демак, унда ўз кўрсаткичини ҳали анча яхшилаш имконияти бор. Гап «Сент-Этьен» тизимига 12 ёшида келган болакай ва ортда қолган даврда «яшиллар»нинг 400тадан ортиқ расмий учрашувида иштирок этган футболчи ҳақида кетмоқда.

5-ўрин. Киллиан ОВЕРМЕР («Локерен») - 15 йил 5 ой 7 кун. Фаолияти давомийлиги бўйича Перрин билан тенг кўрсаткичга эга Овермер «Локерен»даги дебютини 2003 йили нишонлаган. Айтиш жоиз, у чорак асрдан буён Бельгия клубида ризқ теряпти. Оддий айтганда, Киллиан 1994 йилдан бери «Локерен билан бирга.

4-ўрин. Игорь АКИНФЕЕВ (ЦСКА) - 15 йил 11 ой 6 кун. Умр бўйи «армиячи». Игорь ЦСКА футбол секциясига 6 ёшли пайти ёзилган ва 2003 йили қишда асосий жамоа сафига қўшилган. Қисқаси, Акинфеев ЦСКАда 17 ёшида дебют қилди ва шу кунга қадар нақ 20та соврин ютди. Вақтида дарвозабон Европанинг кучли клублари назарига тушди, аммо «ҳарбийлар» сафидан кетмади.

3-ўрин. Вулқон ДЕМИРЕЛ («Фенербахче») - 16 йил 4 ой 3 кун. Яна бир хизмат кўрсатган дарвозабон. Лекин Демирелнинг тарихи бошқача. Истанбулда туғилган Вул-қон «Карталспор» мактабида таҳсил олган ва катталар футболидаги дебютини айни шу жамоада нишонлаган. 2002 йили эса «Фенербахче» таклифини қабул қилиб, фаолиятида муҳим қадам ташлади. Дарвоқе, Демирел яқинда 37 ёшга тўлди.

2-ўрин. Даниэле Де РОССИ («Рома») - 16 йил 5 ой 9 кун. Рейтингнинг 2-ўрни «Рома»даги яна бир садоқатли ўйинчига тегишли. Олдинроқ Франческо Тотти ўзига хос сиймо эди, энди узоқ йиллар «Келажак сардори» мақомида юрган де Росси асосий ролга чиқди. Ҳа, Рим жамоасида қандайдир сеҳр бор. Ҳар ҳолда, Даниэле ҳам худди Тотти каби не-не жамоалардан тушган манфаатли таклифлардан юз ўгирди.

1-ўрин. Сержо ПЕЛЛИССЬЕР («Кьево») - 18 йил 5 ой  9 кун(суратда) Яна бир италиялик. Сержонинг натижаси де Россиникидан нақ 2 йилга яхши. Тиниб-тинчимас 39 ёшли фахрий жорий мавсум «Милан» дарвозасига гол уришни ҳам уддалади. Пеллиссьер - «Торино» тарбияланувчиси, аммо «буқалар» уни ортиқча билишган... «Кьево» эса Сержо учун аллақачон қадрдон жамоага айланди: 17 мавсум, 500тадан кўп ўйин, 136та гол.

 

Жаҳон бўйича рейтинг. Сайёрамизнинг энг садоқатли футболчилари - бу япониялик Мицуо Огасавара ва Хитоши Согахата. Ҳар иккиси «Кашима Антлерс» клуби вакили ва тарбияланувчиси. Огасавара - ярим ҳимоячи, Согахата - дарвозабон. 39 ёшли фахрийларнинг «Кашима» сафидаги ўйинларини қўшсак, 1000тадан ошади. Умуман, икки футболчи ҳам 20 йилу 11 ойдан буён жамоа билан бирга - ажойиб натижа. Тўғри, Согахата 1-ўринда туриши керак, барибир. Чунончи, унинг кўп йиллик жамоадоши орада маълум вақт Италиянинг «Мессина» клубида ижара келишуви асосида тўп сурган. Японлардан ташқари, битта клубда 20 йилдан кўпроқ «стаж»га эга яна икки футболчи бор: эронлик Фарзад Ҳуссайнхони («Мес») ва саудиялик Муҳаммад ал Шлхуб («Ал-Ҳилол»). Улар 37 ёшда ва кўрсаткичларини ҳали янада яхшилашлари мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz