Қайднома

Қидирув

Лутфилла Тўраев: «Ўйинларни сотиш? Биз оиламизни ҳалол топган пулимизга боқамиз»

Лутфилла Тўраев: «Ўйинларни сотиш? Биз оиламизни ҳалол топган пулимизга боқамиз»

  16.12.2018 11:59
  0
  688
Лутфилла Тўраев: «Ўйинларни сотиш? Биз оиламизни ҳалол топган пулимизга боқамиз»

Ўзбекистон кубогининг амалдаги соҳиби АГМКнинг бир йилда иккита шов-шув қайд этишига бир баҳя қолди. Олмалиқликлар ўзларининг 11 йиллик тарихларида илк бор совринни қўлга киритиш баробарида, шу йилнинг ўзида Суперлига билан хайрлашишлари мумкин эди. Хайрият, Бахтиёр Ашурматов шогирдлари ягона ўйиндан иборат «плей-офф» учрашувида Про-лига вакили - «Истиқлол» жамоасини мағлуб этишди. Ўйиннинг 75-дақиқасида Владислав Касминин томонидан бош билан урилган гол туфайли АГМК Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолди. Бу йилги натижалар шуни кўрсатдики, АГМК ўз майдонида антирекорд қайд этиб, мухлисларини кўп бор ранжитди. Жамоа ҳатто ўз тарихида энг паст кўрсаткичга эришган 2016 йилги мавсумда ҳам ўз майдонида яхшироқ натижа қайд этган экан. Бу йил АГМК Олмалиқда ўтган 16та ўйинда 19 очко жамғаришга эришди. Бу борада турнир жадвалидаги ўрни ҳам энг паст кўринишга келди. Жамоа 10-ўрин билан кифояланди. Шунга қарамай, мавсум соврин билан якунланди. АГМК ўз тарихида илк бор ОЧЛ «плей-офф» босқичида иштирок этади. Ашурматов жамоаси гуруҳ босқичига чиқиш учун икки рақиб тўсиғидан ўтиши керак бўлади. Олмалиқликлар 12 февраль куни иккинчи босқичдан ўрин олган учрашувда Тожикистон чемпиони - «Истиқлол»ни қабул қилишади. Агар Ўзбекистон кубоги соҳиблари Олмалиқдаги ўйинда ғалаба қозонишса, у ҳолда 19 февраль куни Саудия Арабистонининг «Ал-Наср» клуби меҳмони бўлишади. Айнан мана шу ўйин ғолиби ОЧЛ «А» гуруҳини тўлдиради. Биз АГМК сардори Лутфулла Тўраевдан мавсум якунлари ва янги йил режалари хусусида интервью олдик.

 

- Лутфулла, авваламбор, мавсумни муваффақиятли якунлаб олганинглар билан табриклайман. Очиғи, йилнинг бошида ёки ўрталарида АГМК Ўзбекистон кубогини қўлга киритади, дейишганида деярли ҳеч ким ишонмасди. Шу фикрга қўшиласизми?

- Табрик учун раҳмат. Ниҳоят, узоқ ва машаққатли давом этган футбол мавсуми якунланди. Биз футболчилар ва мураббийлар қисқа бўлса-да, таътилга чиқдик. Жамоамиз ишқибозлари клуб тарихида қўлга киритилган илк совриндан жуда хурсанд бўлишди. Аслида ҳам футбол мухлислар учун ўйналади. Уларга ана шундай қувонли онларни ҳадя эта олганимиздан бошимиз кўкка етди. Энди саволингизга келсак, мавсум аввалида клуб раҳбарияти олдимизга биринчи галда кучли олтиликдан жой олиш вазифасини қўйганди. Балки айримлар учун эришдек туюлиши мумкин, лекин айтишим керакки, Ўзбекистон кубогини қўлга киритиш вазифаси ҳам бор эди. Бунинг учун жамоада катта ҳажмдаги ишлар олиб борилганди. Айниқса, мавсумнинг иккинчи қисмида ўзгаришлар катта бўлганди. Шахсан мен ўйинларнинг боришидан кубокни қўлга киритишимизга ишонгандим. Ишонч эса исталган соҳада ярим ғалаба дегани.

- Финал учрашувида 10 кишидан 9 нафари «Пахтакор»нинг ғалабасини тахмин қилганди. Лекин ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди. Айтинг-чи, бу вазифани қандай уддаладинг-лар?

- Фикрингизга юз фоиз қўшиламан. Жамоамизнинг ичида ҳам ғалабага ишонмаганлар бор эди. Мавсум аввалида қўйилган илк вазифа - кучли олтиликка кира олмаганимиздан ке-йин бор эътиборимизни кубок баҳсларига қаратдик. Билмадим, назаримда, «Пахтакор» футболчилари бизни аввалдан мағлуб этиб бўлгандек таассуротда майдонга тушишди. Бу эса уларнинг зарари, аксинча, бизнинг фойдамизга ишлади. Рақиб жамоанинг ҳеч бир тактикаси майдонда иш бермади. Ўша сиз айтган финалда «Пахтакор» юз фоиз ютади, деганларга ўз ўйинимиз билан муносиб жавоб бера олдик. Кейин жамоамизнинг аксарият футболчилари фаолиятларида ҳали бирорта ҳам соврин ютишмаганди. Мана шу жиҳат ҳам финалда ғалаба қозонишимизга ёрдам берди, деб ўйлайман.

- Финал олдидан бироз бўлса-да, қўрқув, ҳадик бормиди ёки шу ернинг ўзига етиб келиш катта ютуқ сифатида қабул қилинганмиди?

- Қўрқув демаган бўлардим. Лекин яхшигина ҳаяжон бор эди. Ҳа, тан олиш керак, финалга етиб келганимизнинг ўзи сенсация сифатида қабул қилиб бўлинганди.

- Ҳалигача кўпчилик «Пахтакор»ни мағлуб этганингларга ишон-маяпти. Ўша ҳаяжонни қандай енгдинглар?

- Ҳаяжонни енгиш қийин бўлдими, дейман, кубок финалидан сўнг ўзимизга келиш жуда мураккаб кечди. Суперлигадаги ишларимиз умуман юришмади. Кетма-кет мағлубиятга учрадик.

- Финал олдидан мураббий қандай тактика асосида ўйнаш ҳақида кўрсатма берганди?

- Рақиб кучли бўлганлиги сабабли қарши ҳужум тактикасида ўйнашимиз кераклиги уқтирилганди. Бизга қайсидир маънода «Истиқлол» стадионининг майдони ҳам ёрдам бериб юборди. Чунки «Пахтакор» тўпни яхши назорат қиладиган жамоа ҳисобланади. Майдон ҳолатининг талаб даражасида эмаслиги ҳимояланаётганларга ҳар доим қўл келган. Ҳужум қилаётган жамоада эса аксинча ҳолат кузатилади. Балки ўйин давомида эсиб турган кучли шамол ҳам фойдамизга ишлагандир?!

- Очиғи, АГМКнинг кубокдан кейинги мағлубиятлари турлича талқин қилинди. Айримлар ҳатто Ўзбекистон кубоги соҳиблари ўйинни «бериб» юборди, деган фикрларни ҳам илгари суришди. Жамоанинг етакчи футболчиси сифатида бунга қандай муносабат билдирасиз?

- Биз бундай жирканч ўйинлардан йироқ юрамиз. Наҳотки, шундай хаёлда бўлган, туҳмат қилаётганлар Яратгандан қўрқишмаса? Бизнинг оиламиз бор ва табиийки, фарзандларимизни ҳалол ишлаб топган пулимизга боқамиз.

- Айниқса, АГМКнинг ўз майдонида «Қўқон-1912»га ютқазгани шубҳа-гумонларни оширганди. Бу  ўйин ҳақида нима дея оласиз?

- Агар биз ўша учрашувда ғалаба қозонганимизда, ўтиш ўйинида иштирок этмаган бўлардик. Ушбу ўйин бизга керак эди. Суперлигадаги ўрнимизни хатарга қўйишдан нима наф? Кўрган бўлсангиз, учрашувдаги ҳисобни биз очгандик. Ке-йин бироз ҳимояланиб, асосий эътиборни қарши ҳужумга қаратдик. Меҳмонлар стандарт вазиятдан сўнг ҳисобни тенглаштиришди. Гол ўтказиб юборганимиздан кейин яна ҳужумга ташландик. Бундан эса рақиб жамоа футболчилари унумли фойдаланиб қолишди. Иккинчи голни қарши ҳужум натижасида ўтказиб юбордик.

- Жамоанинг кубок финалидан кейин ўзига келиб олиши учун бир нечта ўйин керак бўлди. Бу руҳият билан боғлиқ ҳолатми?

- Ҳа, менимча шундай.

- Суперлиганинг янги форматда ўтказилгани шахсан сизга маъқул келдими?

- Биз бу борада бир нарса десак, тўғри бўлмайди. Ислоҳотлар натижасида футболимиз олдинга кетаётган бўлса, демак ўзгаришлар зарур. Футболимиз раҳбарлари нима қилишаётганини билишса керак.

- Лекин барибир, аввалгиси билан фарқи бор-ку! Масалан, сиз Малайзияда ўйнагансиз. У ерда тизим бошқа. Деярли барча ривожланган давлатларда икки даврали чемпионат ўтказилади. Сизга қайси бири кўпроқ маъқул бўлди?

- Менга аввалгиси маъқулроқ эди. Масалан, Малайзия чемпионатида 12та жамоа икки даврали тизимда совринли ўринлар учун кураш олиб боради. Бундан ташқари, яна иккита кубок мусобақаси ҳам бор. Жамоалар учун ўйинлар сони етарли.

- Иккинчи босқичда, яъни жамоалар икки гуруҳга бўлинганидан кейин ўткинчи ўйинлар кўпайиб кетди, дейишди. Шу фикрга қўшиласизми?

- Ҳар кимнинг фикри турлича. Бир томони борки, биз ғалаба қозонсак, ютган ўйинимиз учун мукофот пули бор. Ана шу рағбатни қўлга киритиш учун ҳам футболчилар майдонда ғалаба қозонишга интилишади. Бошқа жамоаларда қандай, буни билмадим.

- Агар аввалги тизим бўлганида, яъни икки даврали чемпионат ўтказилганда, АГМК мавсумни нечанчи ўринда якунлаши мумкин эди?

- Бу - футбол. Олдиндан бир нарса дейиш қийин. Мана, АГМК Ўзбекистон кубогини қўлга киритади, деб деярли ҳеч ким ўйламаганди-ку! Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Бир йилнинг ўзида иккита тарих яратишимизга оз қолганди-ку! Яъни, бир йилнинг ўзида икки бор тарихга кирардик. Хайрият, ҳаммаси ижобий якун топди. Агар кубок баҳсларидаги шиддатни намо-йиш эта олганимизда, ҳозирги ўрнимиздан аниқ юқорироқда бўлардик.

- Мавсум якунларига бағишланган йиғилиш бўлдими? Қачонгача таътил беришди?

- Ҳали клуб раҳбарияти иштирокида йиғилиш ўтказилмади. Таътилга келсак, 20 декабрь куни Олмалиқда йиғиламиз. Бошқа жамоаларга қараганда, мавсумни эртароқ бошлаймиз. АГМК ОЧЛ «плей-офф» босқичида иштирок этади. Тайёргарлик ҳам шунга монанд бўлиши керак.

- «Истиқлол» билан «плей-офф» ўйини ҳақида нима дея оласиз? Қи-йинчилик бўлмадими?

- Осон ғалабага эришдик, демаган бўлардим. «Истиқлол» биргина ўйиндаги ғалаба эвазига Суперлигага чиқиши мумкин эди. Фарғоналиклар асосий эътиборни ҳимояга қаратишди. Бундай ҳолатда ҳужум қилаётган жамоага осон бўлмайди. Юзага келтирилган кўплаб хавфли вазиятларнинг фақат биттасидан унумли фойдаландик. Бурчак тўпидан кейин рақиб дарвозасини ишғол қилдик.

- АГМК билан шартномангиз қачон якунланади? Қандай режалар тузяпсиз? Жамоада қоласизми?

- Клуб билан амалдаги шартномам 31 декабрь куни якунига етади. Келаси йили қайси жамоада ўйнашим ҳали аниқ эмас. Ҳозир бор эътиборимни қисқа муддатли танаффусдан унумли фойдаланиб қолишга қаратяпман.

- АГМК ўз тарихида илк бор ОЧЛда ўйнайди. Шу маънода, ўзингизда жамоада қолиш истаги борми?

- Албатта, бор.

- Музокара олиб боряпсизми? Бахтиёр Ашурматов билан бу мавзуда ҳали гаплашмадингизми?

- Юқорида айтганимдек, ҳозир таътилдамиз. 20 декабрь куни жамоа таътилдан қайтади. Шунда бу мавзуда гаплашиб оламиз.

- Бошқа клублардан таклифлар бўляптими? Яна Малайзияга қайтиш варианти борми?

- Ҳозирча жим-житлик. Янгилик бўлиб қолиши билан бу ҳақда айтаман.

- Биздаги маълумотларга қараганда, жамоа таркиби сезиларли да-ражада кучайтирилар экан. Бу борада маълумотга эга эмасмисиз?

- Ўз олдига юқори мақсадларни қўядиган ҳар қандай жамоа таркибни кучайтириш ҳақида ўйлайди. Очиғи, клуб раҳбариятининг режаларидан бехабарман.

- АГМКнинг ОЧЛдаги илк рақиби ҳақида нима дея оласиз? Клуб гуруҳ босқичига чиқа оладими?

- Астойдил ҳаракат қилинса, албатта, гуруҳ босқичига чиқилади. Бунинг учун мураббийлар, футболчилар, умуман, барча ягона мақсад йўлида бирлашиши керак.

- Тожикистон чемпионини менси-маслик ҳолати кузатилмаяптими?

- Асло бундай ҳолат рўй бермаслиги керак. Мана, «Пахтакор» жамоа-си бизни менсимаганди, якунда нима бўлди? Ўзимиз учун тегишли хулосаларни чиқариб олганмиз. АГМК Ўзбекистон кубогини қўлга киритди. Кучли жамоаларни мағлуб эта олишимиз мумкинлигини исботладик. Таркибимизда тажрибали футболчилар билан бирга истеъдодли, ғалабаларга чанқоқ ёшлар бор. Ўйлаймизки, АГМК ОЧЛда ҳам ўзига яраша чиройли ўйинлар кўрсатиб, тарихни янгилашда давом этади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz