Қайднома

Қидирув

Кейинги бекат – Осиё

Кейинги бекат – Осиё

  20.12.2018 00:40
  0
  1052
Кейинги бекат – Осиё

Футбол оламида шундай давр бўладики, унда топ-футболчиларнинг ўйинлари ҳам аста-секин пасая бошлайди. Вақт ўтиши нуқтаи назаридан, қолаверса, бошқа сабаблар билан ҳам, албатта. Баъзилари жамоада қолиб, ўз ўйинларини давом эттиришса, қолганлари ўз омадларини бошқа ерда синаб кўриш, аниқроғи, орттирган тажрибаларини бегона қитъаларда баҳам кўриш учун ҳам жамоаларини ўзгартиришади. Чунки ҳозир ҳар бир жамоада ички рақобат ўсмоқда. Рақобатда енгилган футболчилар эса бугунги кунда асосан Осиёдан паноҳ топишмоқда. Қуйидаги маълумотлар асосида ана шундай футболчилар фаолиятига батафсил тўхталиб ўтамиз.

АЛЕШАНДРЕ ПАТО («ТЯНЖИН КУАНЖИАН», ХИТОЙ)

Бразилиялик футболчини кўпчилик «Милан»даги фаолияти орқали яхши эслайди. Пато «россонери» сафига қўшилган пайтда унга жамоанинг келажаги сифатида таъриф беришганди. Дастлабки икки мавсумни юқори савияда ўтказган форвард кейинчалик йўқолиб қолди. Миланни тарк этганидан сўнг, у «Коринтианс», «Сан-Паулу», «Челси» ва «Вильярреал»да фаолият юритди. Бу жамоаларда ҳам омади юришмаган Патони 2017 йилда Хитойга таклиф этишди ва у «Тянжин Куанжиан» клуби билан шартнома имзолади. Ҳозирда Алешандре Чин юрти жамоасида 59та баҳсда майдонга тушиб, 32та гол уришга муваффақ бўлди.

ОСКАР («ШАНХАЙ СИПГ», ХИТОЙ)

Яна бир бразилиялик. Оскар бундай қарор қабул қилишда сал шошди, назаримизда. Чунки ҳозир 27 ёшда ва бемалол 4-5 йил юқори савияда ўйнай олиши мумкин эди. Аммо кутилмаганда у 2016 йилда Хитойга йўл олди ва ҳамюртимиз Одил Аҳмедовнинг жамоадошига айланди. Ҳанузгача нима учун бундай қарорга келгани маълум эмас. Ҳозирча футболчининг Хитойдаги ишлари жойида: жамоаси билан мамлакат чемпионига айланди. Балки келажакда яна Европа яшил майдонларига қайтар?! Буни албатта, энг олий ҳакам - вақт кўрсатади.

АНДРЕС ИНЬЕСТА («ВИССЕЛ КОБЕ», ЯПОНИЯ)

Иньестанинг қандай футболчи эканлигини кўпчилик яхши билади. У «Барселона»да 16 йил тўп сурди. Бу вақт ичида қўлга киритиши мумкин бўлган барча совринларга эга чиқди. Жорий йил ўз ўрнини ёшларга бўшатиб, Япониянинг «Виссел Кобе» клуби сафига қўшилди. Ҳозирда у ҳам ўзининг юксак тажрибаси билан жамоасига ёрдам бермоқда. Яқинда эълон қилинган хабарга кўра, собиқ клубдоши Давид Вилья ҳам ушбу клубга ўтиши мумкин экан. Агар мазкур трансфер амалга ошса, биз яна Иньеста - Вилья тандемини кўришимиз мумкин.

ХАЛК («ШАНХАЙ СИПГ», ХИТОЙ)

Халк ҳам аксарият ватандошлари каби 2016 йилда Хитой томон йўл олганди. Ҳужумчи «Зенит»ни тарк этиб, «Шанхай СИПГ» жамоаси аъзосига айланди. Умуман, Халк бошқаларга нисбатан ўзгача йўналишга эга: у топ-жамоаларда ўйнашга унчалик қизиқмайди. Халк тўп сурган клубларнинг энг кучлиси «Порту» эканлиги бунга яққол мисол. У ҳам жамоаси учун ажойиб ўйин намо-йиш этиб, муҳим баҳсларда ўзини кўрсатмоқда. Кучли зарбага эга форвард яқинда Хитой чемпионига айланди. Қўшимчасига янги шахсий самолётига ҳам эга бўлди.

УЭСЛИ СНЕЙДЕР («АЛ-ГАРАФА», ҚАТАР)

ЖЧ-2010 финалчиси ҳам 34 ёшида Европадан Осиёга қараб йўл олди. Голландиялик футболчи 2018 йилнинг бошида Қатарнинг «Ал-Гарафа» жамоаси билан шартнома имзолади. Клуб раҳбарлари унинг тажрибасига ишонишди. Топ-жамоаларнинг собиқ аъзоси ҳозирча бу ишончни оқлаяпти: Снейдер ўз клубида сардор бўлиш билан бирга, муҳим голларни ҳам урмоқда. Энг асосийси, у ажойиб ўйинлари орқали жамоанинг ёш аъзоларига Европа футболи ҳавосини сингдирмоқда.

ФЕРНАНДО ТОРРЕС («САГАН ТОСУ», ЯПОНИЯ)

Сўнгги йилларда ўз ўйинини йўқотиб қўйган испания-лик ҳужумчи ҳам ўз омадини Осиёда синаб кўришга қарор қилиб, 2018 йилда «кунчиқар юрт» томон отланди. Торрес «Саган Тосу» жамоаси аъзосига айланди. Маҳоратли форвард янги клубига аста-секин мослашиб, ҳозирча 11та ўйинда 1та гол урди. Албатта, мазкур кўрсаткич унга ярашмайди. Ишончимиз комилки, Фернандо тез орада аввалгидек сермаҳсулликка эришади.

ГАБИ («АЛ-САДД», ҚАТАР)

«Атлетико» Мадрид жамоасини эркин агент сифатида тарк этган испаниялик ярим ҳимоячи узоқ вақт клубсиз қолгани йўқ. Унга тез орада қатарликлар таклиф билан чиқишди. Габи ушбу чорловни қабул қилиб, 2018 йилнинг ёзида «Ал-Садд» жамоаси аъзосига айланди. Унинг ватандоши Хави ҳам шу клубда тўп суради. Габининг бундай қарорга келишида шу жиҳат ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Ҳозирда «Ал-Садд» ярим ҳимояси анча мазмунли ўйин намойиш этмоқда. Хави - Габи тандеми ажо-йиб ҳужумлар ташкил этиш билан бирга, маҳаллий футболчиларга ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ҳам ўтамоқда.

ХАВИ («АЛ-САДД», ҚАТАР)

Испаниялик футболчига ортиқча таъриф бериш шарт эмас. Унинг «Барселона»да қандай натижаларга эришганини кўпчилик яхши эслайди. Хави 2015 йилдан бери Қатарда, ўз ўйинлари билан барчани мамнун этмоқда. Тўғри, аввалгидек барқарор ўйнай олмасада, майдондаги ақлли қарорлари билан жамоасида етакчилик қилиб, барчага ўрнак бўлмоқда. Боз устига, юқорида таъкидланганидек, ҳамюрти Габи ҳам шу клубда ўйнаяпти. Дарвоқе, Хави келажакда Қатар термасини бошқариши мумкин. Чунки ушбу Осиё мамлакати футболи мутасаддилари ўз уйларида ўтадиган жаҳон чемпионатида терма жамоа бош мураббийи сифатида Хави фаолият юритишини исташмоқда. Албатта, бу жараён амалга ошиб, термани бошқарса, Хавига омад тилаймиз!

А.ВАЛИЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz