Қайднома

Қидирув

Қойилмақом ҳужум триоси

Қойилмақом ҳужум триоси

  22.12.2018 05:51
  0
  1342
Қойилмақом ҳужум триоси

Еврофутболдаги энг кучли 5та ҳужум триоси. Қачонлардир жамоалар ҳужумида футболчилар жуфтлиги, яъни тандеми (дуэти) бош ролни бажарарди, энди эса ўткир трио (учлик)дан хавфлироғи йўқ. Футбол жамоавий ўйин ҳисобланади ва натижани кўпинча таркибдаги ижрочиларнинг нечоғли ҳамкорлик қилишлари белгилаб беради. Хусусан, эндиликда жамоанинг ҳужумдаги қудрати олдинда тўп сурадиган футболчилар билан ўлчанмоқда. Қисқаси, замонавий ўйинда ҳужумкор трионинг роли тобора ошмоқда, ҳар ҳолда, дуэт ўтмишда қолди. Айни пайт энг кенг тарқалган тактик чизма - бу 4-3-3. Дейлик, Европанинг етакчи жамоалари бундан унумли фойдаланмоқда.

 

5-ўрин: Серхио Агуэро - Раҳим Стерлинг - Лерой Сане («Манчестер Сити»). «Шаҳарликлар» триоси айниқса, охирги вақтларда самарали ўйнамоқда. АПЛнинг дастлабки 15 тури якуни бўйича олсак, Агуэро, Стерлинг ва Сане жами 22та гол яратишди. Бу жамоанинг деярли 50 фоиз голи демакдир. Агар самарали узатмаларни ҳам қўшсак, ушбу трионинг «Сити» кўрсаткичидаги улуши 82,22 фоизга кўтарилади. Умуман, учликнинг ҳар бир вакили ажойиб ижрочи, лекин улар биргаликда кўпроқ эффект беришади: Стерлинг ва Сане қанотларда ҳимоячиларни ҳар кўйга солишади, Агуэро эса марказда...

4-ўрин: Пако Алькасер - Марко Ройс - Жейсон Санчо («Боруссия» Д.). Ҳозирча 4-яхши кўрсаткич испан, немис ва инглиздан иборат «Дортмунд қўшини»га тегишли. Шу жойда битта фактга эътибор қаратиш керак: Пако Алькасер «Боруссия» сафига жорий мавсум арафасидагина қўшилганди, Жейсон Санчо ҳам унча «эски» эмас. Статистикага ишонсак, ушбу футболчилар 14 декабрга қадар «Боруссия»нинг жами 37та голидан 23тасига муаллифлик қилишди - 62 фоиз. Улар шунингдек, жамоадошларига 10та вазият яратишди. Умуман олганда, «Боруссия» триоси бутун Европада алоҳида ажралиб турибди. Негаки, Алькасер бошланғич таркибга атиги 2 марта кирди, Санчо эса ҳали 18 ёшли ўсмир.

3-ўрин: Лионель Месси - Луис Суарес - Усмон Дембеле («Барселона»). Каталония клуби яқин-яқингача ҳам дунё футболидаги энг кучли ҳужум триосига эгалиги билан мақтанарди. Зеро, «МСН» (Месси - Суарес - Неймар) учлиги ҳар қандай ҳимояни қийин аҳволга соларди. Бироқ Неймар «ПСЖ»га ўтишни ихтиёр этгач, даҳшатли трио бузилди. Мана, энди Неймар ўрнини 105 миллион еврога сотиб олинган Усмон Дембеле тўлдира бошлади. Янги кўринишдаги учлик Примеронинг дастлабки 15та турида 23та гол урди. Хуллас, «Барса»нинг 62 фоиз голи «МСД» ҳисобига ёзилди.

2-ўрин: Лука Йович - Себастьян Аллер - Анте Ребич («Айнтрахт»). Очиғи, Франкфуртда ўйнаётган футболчиларнинг элит рейтингга киришлари кутилмаган ҳолатдир. Лекин факт шуки, Анте Ребич, Себастьян Аллер ва Лука Йович 2-ўринга муносиб натижа қайд этишмоқда. Улар Бундеслиганинг дастлабки 14та турида 24та гол ҳосил қилиб, Германия футболида ўзига хос шов-шув кўтаришди. Умуман, камтарин жамоанинг 80 фоиз голи айнан хорват, серб ва француз иттифоқига тегишли. Бошқа ҳеч бир трио бундай юқори статистика билан мақтанолмайди. Мисол учун, «Бенфика»дан ижара шарт­номаси асосида олинган Йович «Фортуна» (Дюссельдорф)ни 5та гол билан «сийлаб» бутун Европага овоза бўлди. Аллер эса етук «9-рақам», унинг ҳисобида 9та гол ва 7та самарали узатма йиғилди. ЖЧ финалчиси Ребичга келсак, у анчадан буён юқори тезлигини ишга солиб, рақиб ҳимоячиларини роса асабийлаштирмоқда.

1-ўрин: Неймар - Килиан Мбаппе - Эдинсон Кавани («ПСЖ»). Рейтингда 1-ўринга қайси трио жойлашишини кўпчилик олдиндан тўғри тахмин қилган бўлса керак. Ҳар ҳолда, айни пайт «ПСЖ»даги Неймар|Мбаппе|Кавани иттифоқидан хавфлироқ (яна қимматлироқ) учликни тасаввурга келтириш ҳам мушкул. Эҳтимолки, айримлар «Париж учбурчаги»ни натижасини Франция элит дивизионида рақобат нисбатан пастлиги билан изоҳлашар. Лекин статистикадан кўз юмишнинг иложи йўқ: Неймар, Мбаппе ва Кавани Лига 1нинг 17та турида 33та гол уришди. «ПСЖ» бу ўйинларда 49та гол ҳосил қилганини инобатга олсак, трионинг улуши 67 фоиздан кўп. Қолаверса, Париж гранди тўпурарлари жами голлар сони бўйича 2-ўриндаги триодан анча олдинда.

P.S.: мазкур рейтинг варақасига миллий чемпионатларнинг сўнгги тур ўйинлари кўрсаткичи қўшилмаган. Айтиш жоиз, уларда рўйхатга тушган аксарият трио­лар ҳисобига яна голлар ёзилди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz