Қайднома

Қидирув

Рақибларимиз: Уммоннинг мақсади жиддий

Рақибларимиз: Уммоннинг мақсади жиддий

  24.12.2018 05:46
  0
  588
 Рақибларимиз: Уммоннинг мақсади жиддий

БААда ўтказиладиган Осиё кубогида Ўзбекистоннинг биринчи рақиби Уммон термаси бўлади. Бошқалар қатори бу жамоа ҳам мусобақага жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Маълумот учун, уммонликлар ўтган йили Қувайтда ўтказилган «Кўрфаз кубоги»да ғолибликни қўлга киритишган. Жамоа финалда БААни пенальтилар сериясига кўра 5:4 ҳисобида мағлуб этганди.

Эндиликда голландиялик мураббий Пим Вербек бошқарувидаги жамоа янада кўпроғини хоҳлаяпти. Яъни, Уммон термаси Осиё кубоги-2019да ҳам ўзини кўрсатмоқчи.

«Ўтган мавсум «Кўрфаз кубоги»да эришилган ғалаба бизга янада ишонч берди. Кўриниб турибдики, ҳатто кучли жамоаларни ҳам мағлуб эта оламиз. Тўғрисини айтсам, Осиё кубогига катта умид билан қараяпман», - деди Пим Вербек ОФК расмий сайтига берган интервьюсида.

Голландиялик мутахассис ўз фикрида давом этар экан, яна шуни қўшимча қилди: «Биз Ғарбий Осиёдаги барча жамоалар билан тенгма-тенг кураша оламиз. Осиё кубогига тайёргарлик жараёнида Иордания, Сурия, Баҳрайн, Эквадор каби жамоаларга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказдик ва бу ўйинларнинг бирортасида мағлуб бўлмадик. Биз 2018 йил ҳисобидан 7-8та учрашув ўтказиб, умуман ютқазмадик. Мана шунинг ўзиёқ жамоа кучидан дарак беради. Мамлакатда футболга қизиқиш ниҳоятда юқори. Терма жамоага ҳамма ишонч билан қараяпти. Бу эса муҳим аҳамият касб этади. Биз бу ёғига руҳий томонлама ўсишимиз керак. «Кўрфаз кубоги»га катта мақсадларсиз боргандик, аммо ғолиб чиққанимиздан сўнг одамлар бизга бошқача қарай бошлашди. Бу эса янада масъулиятли бўлишимиз кераклигини англатади».

Пим Вербек ўз интервьюсида гуруҳдаги рақибларга ҳам тўхталиб ўтди: «Биз барибир кучли гуруҳда бўлишимизни билардик, чунки қуръа жараёнида 3-саватчадан жой олгандик. 1-саватчадан Япония, 2-саватчадан Ўзбекистон тушди. Менга Япониянинг ўйин услуби ёқади. Улар энг кучли жамоалардан бири, комбинацион футбол юқори даражада йўлга қўйилган. Ўйлайманки, жуда қизиқ баҳс бўлади. Ўзбекистон термаси ҳам яхши шаклланган, улар жисмонан кучли ва катта тажрибага эга, доим жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида охиригача курашадилар. Тўғри, мазкур жамоада тажриба бизга қараганда кўп, лекин ҳаммасини майдонда кўрамиз. Туркманистонни гапирадиган бўлсам, тўғриси, бу жамоа ҳақида кўп нарса билмайман. Аммо бу ўйин ҳам қизиқ ўтади, деб ўйлайман. Биз Осиё кубогига узоқ ва жиддий тайёргарлик кўрдик. Навбатдаги мусобақадан янада кўпроғини кутяпмиз. Асосий эътибор эса 9 январь куни бўладиган Ўзбекистон билан биринчи ўйинга қаратилади».

Таъкидлаш жоизки, Уммон термаси Тожикистон билан иккинчи ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ягона гол Ҳолид ал Ҳажрий томонидан 58-дақиқада урилди. Биринчи назорат баҳсида ҳам Уммон жамоаси 2:1 ҳисобида зафар қучганди. Пим Вербек бошчилигидаги терма навбатдаги ўйинини 27 декабрь куни Ҳиндистонга қарши ўтказади. 30 ёки 31 декабрь куни Уммон Австралия билан куч синашади. 2019 йилнинг 2 январь санасида эса Таиландга қарши баҳс олиб боради.

Эслатиб ўтамиз, Уммон термаси Ўзбекистоннинг Осиё кубогидаги илк рақиби ҳисобланади. Мазкур жамоалар ўртасидаги баҳс 9 январь куни «Шаржа» стадионида бўлиб ўтади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz