Қайднома

Қидирув

«Янги альба» ёки Алекс Гримальдо тарихи

«Янги альба» ёки Алекс Гримальдо тарихи

  26.12.2018 01:39
  0
  542
«Янги альба» ёки Алекс Гримальдо тарихи

 1995 йилнинг 20 сентябрь куни Испаниянинг Валенсия шаҳрида дунёга келган Александро Гримальдо Гарсия (тўлиқ исм-шарифи) ёшлигидан камдан-кам инсонларда учрайдиган ўзгача иқтидори билан кўзга ташланди. Айни шу истеъдоди туфайли аввалига «Валенсия» клуби тизимида шуғулланди, 13 ёшга тўлганида эса, Каталониянинг машҳур мактаби - Ла Масияда пайдо бўлди.

2011 йил 4 сентябрь. Гримальдо шу куни «Картахана»га қарши кечган ўйинда «Барселона-В» жамоасида дебют қилди. У ўша вақт 15 ёшу 349 кунлик эди. Хуллас, Алекс Сегунда тарихида майдонга тушган энг ёш футболчи бўлди.  Иқтидорли йигитча кейинги йили «Барса» ўринбосарлар жамоасида бош роллардан бирига кўтарилди, аммо ҳаммаси яхши кечаётган бир паллада тиззаси жиддий жароҳатланди. Оғриқ кучли бўлса-да, Гримальдо чекинмади ва қисқа муддатда тикланиб, яна асосий таркибга қайтди. Тақдир эса Алекснинг ҳаракатларини муносиб баҳолаб, уни мукофот билан сийлади: Луис Энрике мавсум-2014|2015 арафасида йигитчани асосий жамоа йиғинларига чорлади. Шунинг таъсиридами, Гримальдо навбатдаги мавсумни «Барселона-В» сардори сифатида бошлади. Бироқ асосий жамоада дунёнинг энг кучли чап ҳимоячиларидан бири - Жорди Альба бор эди ва Алекс истиқболни ўйлаб, «Бенфика» таклифини қабул қилишдан ўзга чора тополмади. Ахир бежиз айтишмаган: «Бир тоғ икки йўлбарсга торлик қилади». Хуллас, «Бенфика» музокара жараёни якунида Гримальдо учун 2 млн. евро тўлашга рози бўлди. Энди эса ҳимоячининг трансфери 25 млн. еврога баҳоланмоқда - чинакам ўсиш.

    Бинобарин, Алекс «Бенфика» сафига қўшилиши ҳамоно бежиз «Янги Альба» мақомини олмаганини исботлай бошлади. Умуман, ёш футболчи бир уринишда «бургутлар» асосий таркибидан жой олди ва муҳофаза ишларини тартибга келтиришда муҳим роль бажарди. Мана, валенсиялик йигитча қисқа вақт ичида «Бенфика»нинг Португалияда 2 марта чемпион бўлиш баробарида турли кубоклар (Португалия кубоги, Лига кубоги ва мамлакат суперкубоги) ютишига катта ҳисса қўшди. Гап-сўзларга қараганда, ҳозирда бир қатор номдор клублар вакиллари Гримальдони жиддий кузатмоқдалар. Хусусан, «Ювентус», «Бавария» ва «МЮ» каби гранд клублар трансфер йўлида 30-35 «лимон» сарфлашга тайёр. Алекснинг ўзи эса «Барселона»га қайтишдан умидвор. Аммо битта масала бор - Жорди Альба ҳамон сафда...

Алекс ҳозирча Испания миллий жамоасига чақирилгани йўқ, лекин мамлакатнинг U-19 тоифасидаги термасида Евро-2012да зафар қучишга улгурди. Айни пайт эса U-21 жамоасида ўйнамоқда ва миллий термадан чақирув кутмоқда. Ахир «Қизил фурия»ни ҳозирда эски таниши - Луис Энрике бошқармоқда. Умуман, Алекс Гримальдо энг иқтидорли қанот ҳимоячиларидан биридир. Дейлик, у бутун 90 дақиқа давомида юқори суръатда ҳаракатланишга қодир. Айрим жиҳатларда ҳаттоки, ўша Жорди Альбадан ҳам устунроқдек...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz