Қайднома

Қидирув

РЕКОРДГА ҲАЛИ БОР... ёки 29 та клуб билан шартнома имзолаган футболчи ҳақида

РЕКОРДГА ҲАЛИ БОР... ёки 29 та клуб билан шартнома имзолаган футболчи ҳақида

  29.12.2018 07:52
  0
  940
РЕКОРДГА ҲАЛИ БОР... ёки 29 та клуб билан шартнома имзолаган футболчи ҳақида

Ақл бовар қилмас фактларни ўз ичига олган қуйидаги мақола (манба: !!!!!!) айнан 42 ёшли Себастьян Абреу ва бошқа «саёҳатчи» футболчилар тарихи ҳақида. Уругвай терма жамоаси собиқ ҳужумчиси, ЖЧ-2010 иштирокчиси Себастьян Абреу яқинда Бразилиянинг «Риу Бранку» жамоаси сафига қўшилди. Бу унинг учун фаолиятидаги 29-клуб (!)дир. Хуллас, ОАВда 42 ёшли Абреу рекордчи сифатида эътироф этилмоқда. Яъни бошқа ҳеч қайси футболчи фаолияти давомида бунчалик кўп жамоа либосини киймаган экан. Лекин бунга зид маълумотлар ҳам бор. Хўш, яна кимлар клуб алмаштириш бобида «жаҳон чемпиони» мақомига даъвогарлар? Себастьян Абреу Жанубий Америка, хусусан, ўз ватанида нега El Loco (маъноси - жинни, телба) лақабини олган?

Битта клубга содиқ «кўчманчи»

Себастьян Абреунинг профессионал футболдаги биринчи клуби - бу «Дефенсор Спортинг» (Уругвай). 1994-1996 йиллар оралиғида шу жамоа шарафини ҳимоя қилган ҳужумчи кейин Аргентина чемпионатига йўл олиб, «Сан-Лоренцо» билан шартнома тузди. Диего Марадона юртида 1,5 йил ўйнаганидан сўнг эса, еврофутболни забт этишга чоғланди. Бироқ уругвайлик футболчининг биринчи уриниши самарасиз якунланди - «Депортиво» (Ла-Корунья) асосий таркибидан жой ололмади. Шу-шу Абреу учун жаҳонгашталик бошланди. Хусусан, навбатдаги 3 мавсумда яна уч бора жамоа алмаштирди, боз устига, турли чемпионатларда. Қисқаси, Себастьяннинг меҳнат дафтарчаси 2та янги клуб («Гремиу» ва «Текос») ҳамда 1та эски «таниш» («Сан-Лоренцо») ҳисобига бойиди. Шундан кейингина футболчи клублар ичида ўз муҳаббатини топди - «Насьональ». Ҳар ҳолда, Абреу бу жамоа сафига нақ 5 марта (!) қўшилди, аммо кўнгли янги саргузашт тусагани ҳамоно дарҳол «айланиб келиш»га чиқаверарди. Мана, у яна йўлга тушди. Диққатга сазовор факт шуки, Себастьян қаерда ўйнамасин, хоҳ «Америка», ёки «Ривер Плейт», хоҳ «Бейтар» ёки «Реал Сосьедад» - ҳамма жойда бир одатга амал қилди. Яъни у амалдаги жамоаси либоси остидан яна бир футбока кийиб тушади. Буниси буюрма асосида тикилган бўлиб, унда «Насьональ» клиби ва Уругвай термасининг расмий либосига хос элементлар уйғунлаштирилган. Вақт ўтиши билан эса, Абреу ички формасига ўз фарзандлари исмини ҳам ёза бошлади. Умуман олганда, «кўчманчи» ҳужумчи профессионал футболдаги ҳаёти давомида жами 34 марта (!) жамоа алмаштирди. Оддий айтсак, уругвайлик жаҳонгашта «Насьонал»га 4 марта қайтган бўлса, «Сан-Лоренцо», «Текос» ва «Ривер Плейт»да 2 мартадан фаолият юритди. Тўғри, Монтевидео жамоаси сафига 5 бора қўшилганига қарамай, умумий статистикаси ўртача: 85та ўйин, 48та гол. Энг яхши кўрсаткични эса Бразилиянинг машҳур «Ботафого»сида қайд этди: 105та ўйин, 62та гол ва 7та самарали узатма. Умумий манзарага қарасак, Абреу нақ 11та мамлакат - Мексика, Бразилия, Уругвай, Аргентина, Чили, Испания, Исроил, Греция, Эквадор, Парагвай ва Сальвадор чемпионатларида ўйнади.

Себастьян Абреунинг фаолият йўли («Риу Бранку» сафига қўшилишига қадар)

Мамлакат

Клублар

Уругвай

«Дефендор Спортинг» (1994-1996), «Насьональ» (2001, 2003-2004, 2005, 2013, 2015),

«Сентраль Эспаньол» (2017)

Аргентина

«Сан-Лоренцо» (1996-1997, 2000-2001), «Ривер Плейт» (2008), «Росарио Сентраль» (2013-2014)

Испания

«Депортиво» (1998), «Реал Сосьедад» (2009)

Бразилия

«Гремиу» (1998), «Ботафого» (2010-2012), «Фигейренсе» (2012), «Бангу» (2017)

Мексика

«Текос» (1999-2000, 2004), «Крус Асуль» (2002-2003), «Америка» (2003),

«Дорадос де Синалоа» (2005-2006), «Монтеррей» (2006), «Сан-Луис» (2007), «Тигрес» (2007)

Исроил

«Бейтар» (2008)

Греция

«Арис» (2009)

Эквадор

«Аукас» (2015)

Парагвай

«Соль де Америка» (2016)

Сальвадор

«Санта-Текла» (2016)

Чили

«Депортес Пуэрто-Монт» (2017), «Аудакс Итальяно» (2018), «Магальянес» (2018)

  Британиянинг ўзида 29та клуб!

Ҳа, жаҳон футболи тарихида клублар аро саёҳат қилиш бобида Абреудан қолишмайдиган ўйинчи ҳам бор. Гап 3 декабрь куни 67 ёшини қаршилаган англиялик дарвозабон Жон Барриж ҳақида кетмоқда.  Битта фарқи шуки, нафақадаги кипер 28 йил давомида турли даражада фаолият олиб борган, аммо бирор марта Буюк Британиядан ташқарига чиққан эмас. Шундай бўлсада, у Англиянинг ўзида 23та жамоани кўрган, шунингдек, Шотландиянинг 6та клуби шарафини ҳимоя қилган. Яна бир томони, Баррижнинг меҳнат дафтарчасида ярим профессионал жамоалар қатори номдорлари ҳам кўп. Дейлик, Жон вақтида «Манчестер Сити», «Астон Вилла», «Ньюкасл», «Кристалл Пэлас», «КПР» ва «Саутгемптон» жамоаларида ҳам ўйнаган. Ўхшаш тарифи ҳам йўқ эмас: Барриж худди Абреу каби баъзи клублар рўйхатига 2-3 марта тушган. Аниқроқ айтсак, «Ньюкасл»дан кетгач, «қарғалар» сафига яна икки бора қайтган, қолаверса, Англия Премьер-лигаси-2010Ғ2011да иштирок этган «Блэкпул», 2007 йили фаолиятини тўхтатган «Скарборо» ҳамда айни пайт мамлакат чемпионати олтинчи дивизионида ўйнаётган «Блайт Спартанс» жамоалари билан 2 мартадан шартнома тузган.

  Бразилиялик «абадий двигатель»

Уругвай футболи вакили Абреу ва инглиз Баррижнинг фаолият йўллари нақадар узун ва бой бўлмасин, улар кўп клуб кўриш масаласида бразилиялик 49 ёшли Тулиу Костага тенглашолмайдилар. Ушбу ҳужумчи бундан 4 йил олдин бутсаларини михга илганди, бироқ яқинда яна майдонга қайтди. Тулиу катта футболда узоқ 1988 йили дебют қилганди. Хуллас, у ортда қолган вақт давомида нақ 33та клуб (!) сафида ўйнаб кўрди. Улар орасида машҳурлари ҳам бор, албатта. Дейлик, тиниб-тинчимас Коста «Ботафого», «Коринтианс» ва «Крузейру» либосларида майдонга тушгани билан мақтаниши мумкин. Тулиу футболдаги асосий қаҳрамонлик ва антиқаҳрамонликни эса Бразилия миллий жамоаси сафида кўрсатган. Яъни рекордчи футболчи Америка кубоги-1995 турнирида мамлакат бош жамоаси сафида ҳаракатланиб, финал ўйинида Уругвай термаси дарвозасини нишонга олган, аммо асосий вақт 1:1 ҳисобида тугагач, пенальтилар сериясида омадсизликка учраган. Якунда бразилияликлар 3:5 ҳисобида енгилиб, бош совриндан қуруқ қолишганди. Муҳими, Тулиу ўша мусобақада !!!! Клаудио Таффарел, Роберто Карлос ва Дунга каби мегаюлдузлар билан елкама-елка туриб, муносиб тўп сурганди. Умуман олганда, Коста деярли бутун фаолиятини ўз юртида ўтказган, лекин унда хорижда ўйнаш тажрибаси ҳам йўқ эмас. Бинобарин, жамоа алмаштириш бобида жаҳон рекордчиси Швейцарияда «Сьон», Венгрияда «Уйпешт», Боливияда «Хорхе Вильстерманн», шунингдек, Саудия Арабистонида «Ал-Шабаб» клублари байроғи остида майдонга тушган.

  Филимонов, Погребняк ва Сиссе

«Спартак» (Москва) билан Россия чемпионатида 6 марта ғолиб чиққан Александр Филимонов ҳали-ҳамон сафда. Асосан 1999 йили Украина термасига қарши кечган ўйиндаги хатоси туфайли эсга олинадиган 45 ёшли дарвозабон айни пайт қуйи лига вакили «Росич» шарафини  ҳимоя қилмоқда. Бу унинг фаолиятидаги 16-клуб ҳисобланади. Филимонов шунга параллель равишда Россия ўсмирлар термаси (U-17)ни бошқараётган Александр Кержаковнинг мураббийлар штабида ҳам ишламоқда. Яна бир номдор футболчи - Павел Погребняк 2019 йили Россия Премьер-лигасига қайтса, ажабмас. «Зенит» сафида «Бавария»ни «тиз чўктириб», УЕФА кубогидаги ғалабада бош ролни бажарган ҳужумчи жорий мавсум «Урал» шарафини ҳимоя қилмоқда. 35 ёшли Павел Екатеринбург жамоаси таркибида ҳали майдонга тушгани йўқ, лекин бунга жиддий жароҳати сабабдир. Нима бўлишидан қатъий назар, «Урал» Погребняк учун ҳисоб бўйича 12-клубдир. Жорий фаолиятига нуқта қўйган Спартак Гогниев ҳам айнан 12та жамоада ўйнаган. У жумладан, Россия чемпионати олий дивизионида нақ 9та клуб либосини кийган - бу  турнир рекорди. Россияда ўйнаган номдор хорижликлардан эса Жибриль Сиссе (37 ёш, 13та клуб) ва Матей Кежман (39 ёш, 12та клуб)ни алоҳида кўрсатиш мумкин.

Абдулаҳад ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz