Қайднома

Қидирув

2:6 ҳисобига яширин маъно ва бу бежизга эмас экан

2:6 ҳисобига яширин маъно ва бу бежизга эмас экан

  03.01.2019 11:57
  0
  1040
2:6 ҳисобига яширин маъно ва бу бежизга эмас экан

«Тоттенхэм» устози Маурисио Почеттино турмуш ўртоғини жуда қадрлайди. Аргентиналик мутахассис АПЛ 18-турида «Эвертон» устидан қозонилган ғалабани айнан суюкли умр йўлдошига бағишлади. Тўйнинг 26 йиллик тантанасига сафардаги 2:6 ҳисоби - бунга нима дейсиз? Ҳа, «шпорлар» Рождество арафасида «Эвертон» майдонида ажойиб ғалабага эришиб, Почеттинони беҳад қувонтиришди. Аргентиналик мураббий ўйиндан кейин ўзи учун энг мақбул ҳисоб қайд этилганини алоҳида таъкидлади: «2:6 ёхуд 6:2 - бу натижа айнан мен учун! Ушбу ғалабани турмуш ўртоғим Каринага бағишлайман. Ҳозир айтсам, ишонмаслигинглар мумкин, биз айнан 26 йил олдин оила қурганмиз. Хуллас, кун бўйи тўйимизнинг 26 йиллигига муносиб совға топиш ҳақида бош қотиргандим. Мана, йигитлар буни билгандек, ҳисобни 26 рақамига мослаштиришди - 2:6 ажойиб совға!»

Ғалаба ортидан танишув

Умуман олганда, Маурисио Почеттино ҳамхонасини жуда яхши кўришини ўз интервьюлари ва матбуот анжуманларида тез-тез такрорлайди. Эътиборли томони, улар дерби ўйинидаги ғалаба туфайли танишишган. Аниқроқ айтсак, машҳур Марсело Бьелса бошқарувидаги «Ньюэллс Олд Бойс» клуби 1991 йили «Росарио Сентрал»ни 4:0 ҳисобида тор-мор келтирган, Почеттино ҳам ўша ғалабага муносиб ҳисса қўшганди. Хуллас, «Тоттенхэм»нинг бўлажак бош мураббийи ёқимли ғалабани нишонлаш учун жамоадошлари қатори «Стрела» номли тунги клубга йўл олган. Муассасада айнан «Ньюэллс» футболчилари ҳамманинг диққат марказига тушишган. «Йўқ, хушбичим эканлигимиз учун эмас, дербида ғалаба қозонганимиз туфайли кеча қаҳрамонларига айланган эдик, - дея хотирлаган Поч ўша оқшомни шахсий биографиясида. - Кўнгилхушлик давом этаётган паллада кўзим бўйи жуда баланд малласоч қизга тушдию, оромим йўқолди. Шунда тўғри ёнига бордим ва бироз гаплашдик. Қарасам, ёнида ёқимтойгина дугонаси бор экан. Қисқаси, мен ҳам дўстимни чақирдим ва 4 киши бўлиб рақс тушишни таклиф қилдим. Тан оламан, ўшанда малласоч мени мафтун этганди, лекин оқшомнинг катта қисмида унинг дугонаси билан чақчақлашдим. Тақдир экан, кейин айнан унга кўнгил қўйдим ва биз турмуш қурдик». Хуллас, Маурисио ва Карина танишувдан кейин 2 йил ўтиб, тўй базмини уюштиришган. Мураббийнинг эътироф этишича, унинг умр йўлдошини ҳам «Росарио дербиси» топиб берган...

Карина хоҳиши - Қонун

Почеттино ҳаётда турмуш ўртоғидан ташқари, яна бир кишига мутлақо ишонади. Гап доимий ассистенти Хесус Перес ҳақида кетяпти. 2013 йили аргентиналик мутахассисни «Саутгемптон» бошқарувида ишлашга чорлашди. Бироқ у инглиз тилида битта ибора ҳам билмаслиги учунми, роса иккиланди. Хесус эса Маурисиони фақат ва фақат умр йўлдоши кўндира олиши мумкинлигини тушуниб, дарҳол унинг ёнига борди. Маурисио Барселонадаги ўз уйи ваннахонасидан чиқиши ҳамоно диванда унга мунтазир бўлиб турган Карина ва Пересни кўрди. Улар шу тариқа барчасини обдон муҳокама қилишди ва якуний тўхтамга ҳам келишди. «Сен Англияга йўл олишинг шарт» - қатъий оҳангда гапирди Карина. Мана, Поч унинг гапига қулоқ тутиб адашгани йўқ. «Саутгемптон»да маълум натижалар қайд этиб, кўзга ташланган мутахассис «Тоттенхэм»га ўтиб, янги даражага кўтарилди. Энди эса «Реал» ва «МЮ»дек грандлар нигоҳида турибди. Ҳа, Карина яхшигина маслаҳатчи ҳам...

«Стадионга кирма!»

«Тоттенхэм» 2017 йилнинг март ойида ҳам жуда яхши натижаларга эришиб, бинойидек олға босди. Ўшанда Карина қаторасига бир нечта ўйинни ўтказиб юборганди. Иримчи мураббий шунга «ёпишиб» олиб, ҳамхонасининг стадионга киришини тақиқлаб қўйди: «Илтимос, бормай тур, омадни қочириб юборишинг мумкин...». Карина эрининг айтганига амал қилди, аммо «Тоттенхэм» ўйинини телевизор орқали кузатишдан тийилмади, барибир. Ўшанда жамоа «Эвертон» (яна бир ўхшашлик)ни 3:2 ҳисобида енгган, Маурисио эса оломонга муштини намойиш этганди. «Ўша хатти-ҳаракатдан кейиноқ Каринадан SMS-хабар олдим: «Сени қандай жин урди? Нима қиляпсан? Ақлингни едингми? Бундай ишора ярашмайди». Қисқаси, балога учрадим, - дея тан олганди Почеттино. - Умуман, уйга қайтишим ҳамоно турмуш ўртоғим ўйиннинг қайсидир лаҳзаси ҳақидаги фикримни сўрайди ва якунда ўз қарашини билдиради. Оддий айтганда, у ҳамиша маслаҳат беради, лекин ўйиндан олдин эмас, кейин».

Карина мисоли «Тоттенхэм»...

Ўтган йилнинг ноябрь ойида «Тоттенхэм» мураббийига «Реал»нинг жиддий қизиқаётгани хусусида хабарлар тарқалди. Почеттино бундай гап-сўзларга максимал даражада нозик ва нафис изоҳ берди: «Тасаввур қилинг, кўчада турмуш ўртоғингиз билан бирга кетяпсиз. Анча хушқомат ва ёқимтойсиз ва сизга бошқа аёллар суқланиб қарашади. Бироқ ёнингизда кетаётган маҳбубангиз бунга бефарқ, яъни сизни рашк қилмайди. У шунчаки, турмуш ўртоғи чиройли эканлигидан ғурурланиб, йўлда давом этади. Шунинг баробарида сизга муҳаббати янада кучаяди...». Дарҳақиқат, шоирларга хос шарҳ. Хуллас, «Тоттенхэм» фанатлари шу баёнотдан сўнг Маурисио клубни худди Карина каби қаттиқ севишини тушуниб, анча тинчланишди.

Давоми бор. Мазкур мақолани тўлиқ ҳолда "ИнтерФУТБОЛ"нинг 3 январдаги пайшанба сонида ўқишингиз мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz