Қайднома

Қидирув

Мавсум тараддуди “Локо”дан «Машъал»гача...

Мавсум тараддуди “Локо”дан «Машъал»гача...

  09.01.2019 01:28
  0
  516
Мавсум тараддуди “Локо”дан  «Машъал»гача...

Амалдаги чемпион 2019 йилги мавсум учун кучайтирилган тартибда тайёргарлик кўрмоқда. Тўғри, «Локо»нинг 6 нафар футболчиси миллий жамоа ихтиёрида. Янги футболчилар 9 январь куни Дубайда бошланадиган йиғинлардан эътиборан сафга қўшилишади. БАА йиғини 23 январга қадар давом этади. Расмий хабар шуки, «Локомотив» Жамшид Искандеров билан келишувга эришди. «Пахтакор» билан хайрлашган ярим ҳимоячи «темирйўлчилар» сафида машғулотларга ҳам киришди. Шунингдек, Авазбек Ўлмасалиев ва Жавоҳир Эсонқулов ҳам «Локо» сафида шуғулланишмоқда. Ўлмасалиев ўтган мавсум «Нефтчи»да ўйнаган, Эсонқулов эса «Металлург» таркибида оғир жароҳатга йўлиқиб, узоқ муддат сафдан четда қолганди.

 

«Пахтакор»

Тошкент жамоаси янги йил ҳисобидан илк йиғинни «Жар» стадионида бошлади. Футболчилар 3 январь куни тўпланиб, тиббий кўрикдан ўтишди. Шундан сўнг жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис Ласло Ямбор қўл остида чигалёзди машғулотларини олиб боришди. Дастлабки машғулотларда легионерлардан Марко Симич, Драган Черан ҳам қатнашишди. Шартномаси тугаган Тиаго Безерра эса ҳозирча жамоа билан бирга эмас. Хабарларга қараганда, у Ўзбекистон чемпионатига қайтмайди. Ҳар ҳолда, qalampir.uz сайтида ёзилишича, Безерра Туркия чемпионати иштирокчиси - собиқ жамоаси «Адана Демирспор» билан дастлабки келишувга эришган. Умуман, «Пахтакор» раҳбарияти янги легионерлар жалб этиш тараддудида. Айни пайт номзодлар билан музокара олиб борилмоқда. Машғулотларда янгилардан ўтган мавсум «Бунёдкор»да ўйнаган Акром Комиловни кўриш мумкин. У «шерлар» аъзосига айланишга улгурди. Қўл панжасини синдириб олган Элдорбек Суюнов умумий гуруҳда ҳам, дарвозабонлар орасида ҳам бемалол тўп билан ишламоқда. Фақат кичик жароҳати бор Александр Лобанов биринчи кунги машғулотларда иштирок этмади.

Ижара сафаридан қайтган футболчилар ҳам бор. Хусусан, яқинда жарроҳлик столига ётган дарвозабон Ботирали Эргашевнинг умумий гуруҳ машғулотларига январь ойи охирида қўшилиши кутилмоқда. У ҳозирча индивидуал тарзда шуғулланмоқда. «Пахтакор» шунинг­дек, ўз таркибини Сардор Собирхўжаев ҳисобига кучайтирмоқчи. Ушбу футболчи «Бунёдкор» билан хайрлашишга яқин турибди.

 

«Навбаҳор»

Наманган жамоаси ўз қароргоҳида йиғин бошлади. Футболчилар 10 кун давомида «Динамо» (Наманган) ва «Ёшлик» (Тўрақўрғон) стадионларида шуғулланишади. 17 январь куни эса жамоа Қримга йўл олади. «Навбаҳорчилар» у ерда 1 февралга қадар машғулотлар олиб боришади. Бир неча кун аввал Остон Ўруновнинг  «Навбаҳор»дан кетгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Маълум бўлишича, ўтган мавсум кашфиётларидан бири ҳамон «Навбаҳор»да ва янги чемпионатда ҳам наманганликлар шарафини ҳимоя қилади. «Навбаҳор»даги чиройли ўйинлари орқали Ўзбекистон олимпия термасига кирган ярим ҳимоячининг ўзи келгусида хориж клубларидан таклиф олсагина кетиши мумкинлигини таъкидлади. Охирги хабарларга кўра, «Навбаҳор» аввалги мавсум бошида «Насаф»да ўйнаган Славко Лукич билан «1}1» кўринишида шартнома тузди. Бу ҳақда «Навбаҳор» мухлислар клубининг «Телеграм»даги каналида ёзилди. Жамоа шунингдек, сербиялик Иван Рогач билан келишувга эришса керак. Агар ушбу футболчи тиббий кўрикдан муаммосиз ўтса, «лочинлар» сафида қолади.

 

«Бунёдкор»

«Қалдирғочлар» устози Миржалол Қосимов АГМК таклифини қабул қилиб, клуб билан дўстона равишда хайрлашганди. Эндиликда Тошкент жамоасини ким бошқариши кўпчиликни қизиқтирмоқда. Хабарларга кўра, «Бун­ёдкор» янги мавсумга тайёргарлик ишларини Шуҳрат Мақсудов бошчилигида бошлади. Бунгача «қалдирғочлар»нинг ёшлар таркибига устозлик қилган Шуҳрат Мирусмановичга мураббийлар штабида Юрий Саркис­ян, Виктор Карпенко ҳамда Марат Галимов ёрдам беришса керак. Таркибда ҳам ўзгаришлар бўлиши турган гап. Зеро, кўплаб футболчиларнинг шартномаси якунига етган. Ҳозирда мураббийлар бошқа жамоаларда ижара муддатини ўтаган ўйинчиларни ортга қайтаришди.

 

«Металлург»

Бекобод клуби иккинчи йиғинга киришди. Футболчилар 25 январга қадар Қибрай ўқув-машғулотлар базасида тикланиш жараёнига жиддий эътибор қаратишади. «Металлург» шунинг баробарида назорат учрашувлари ташкиллашни ҳам режалаштирмоқда. Мавсум арафасидаги учинчи йиғин эса Туркиянинг Анталия шаҳрида олиб борилса керак. Бекободликлар хориж сафарига 27 январда йўл олишади ва 11 февраль куни қайтишади. 

«Металлург» марказий стадионида таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. Стадион трибуналари ўриндиқларини алмаштириш жараёни якунига етмоқда. Навбатдаги иш - трибунаости иншоотларини таъмирлаш. Майдон ҳолатини талаблар даражасига келтириш ишлари ҳам бошлаб юборилди. «Пахтакор» стадиони майдонини яхши ҳолатга келтирган Денис Ан бошчилигида текислаш, дренаж, суғориш тизимларини янгилаш, қўшимча майса уруғи қадаш ва парваришлаш режаси тасдиқланиб, ишга киришилди. Бекобод шаҳри Сирдарё кўчаси ҳудудидан «Металлург» академияси барпо этиш учун 5 гектар ер майдони ажратилгани ҳақида хабар берилганди. Махсус ишчи-гуруҳи академия ётоқхонаси масаласини ҳал этиш ҳаракатида. Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон металлургия комбинатига қарашли дам олиш маскани ҳудудидаги тайёр бинони ётоқхонага мослаштириш тадориги кўриляпти.

 

«Бухоро»

Бахтиёр Ашурматов бошқарувига ўтган «Бухоро» ўз қароргоҳида дастлабки йиғинга киришди. Таркибда эътиборга молик ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Чунончи, ўтган йили жамоа шарафини ҳимоя қилган бир қатор футболчилар шартномаси якунига етган ва улар клуб лагерини тарк этишга улгуришди. Хуллас, Бахтиёр Аъзамович олдида янгитдан жамоа шакллантириш вазифаси турибди. Маълумотларга кўра, «Бухоро»да ҳам бош мураббийга унинг доимий ҳамроҳи Зоҳид Нурматов яқиндан ёрдам беради.

«Насаф»

 Қарши жамоаси 3 январь куни машғулотларга киришди. «Насаф» қароргоҳида таъмирлаш ишлари давом этаётгани боис, футболчилар Спутник қўрғонидаги ёшлар базасида шуғулланишмоқда. Бу ерда ҳам зарур шароитлар яратилган. Кунига икки маҳал олиб борилаётган жараёнга бош мураббий Рўзиқул Бердиевнинг ўзи бошчилик қилмоқда. Ярим ҳимоячи Сайдулло Раҳматов ҳам машғулотларда қатнашмаяпти. Катта эҳтимолки, у фаолиятини бошқа жамоада давом эттиради.

Азиз Ғаниев эса яқин кунлар ичида сафга қўшилса керак. У ҳозирча япониялик шифокорлар кўрсатмаларига асосан, якка тартибда шуғулланмоқда. Ижара асосида бошқа жамоаларда тўп сурган футболчилар ортга қайтишди. Кўрикка чақирилган янгилар ҳам бор. Машғулотларда ўтган йили ёшлар жамоаси яхши таассурот қолдирган йигитлар фаол ишламоқдалар. Тайёргарликнинг дастлабки босқичи 16 январгача давом этади. Айнан ўша куни Қаршида «Қизилқум» билан назорат учрашуви ташкиллаш режалаштирилган.

 

«ҚўҚон-1912»

Қўқонликлар 4 январь куни Тошкентда йиғин бошлашди. Футболчилар кунига икки маҳал шуғулланишмоқда. Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, таркибда ҳозирча ўзгариш йўқ. Тошкент­даги йиғин 26 январга қадар давом этади. Мураббийлар штаби пойтахтда 4та ўртоқлик учрашуви ташкиллашни режалаштирмоқда. Қўқонликлар 28 январдан Фарғонада бошланадиган анъанавий «Вилоят ҳокими кубоги» мусобақасида иштирок этишади.

 

АГМК

ОЧЛда дебют қиладиган жамоа 3 январдан навбатдаги йиғинга киришди. Олмалиқликлар 22-30 декабрь кунлари Тошкентда шуғулланишганди. Иккинчи йиғин учун ҳам пойтахт танланди. Режага мувофиқ, АГМК футболчилари 15 январга қадар юртимизда шуғулланишади. Шундан сўнг жамоа хориж йиғинига чиқади. Янги бош мураббий Миржалол Қосимов ҳар бир футболчи билан бирма-бир суҳбатлашиб чиқди. Уларнинг айримлари билан шартнома муддатини яна бир йилга узайтириш бўйича оғзаки келишувга эришилди. Аниқроғи, Азамат Исроилов, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, Ойбек Қиличев, Шоҳназар Норбеков ҳамда Зафар Полвонов янги келишувга рози бўлишган. 2018 йили АГМК мураббийлар штабида фаолият олиб борган Зоҳид Нурматов, Антон Майеранов ва Халил Абдураҳмонов билан эса шартнома муддати узайтирилмади. Жамоадан кетган футболчилар ҳам бор: Хуршид Хўжаев, Алишер Саматов, Музаффар Музаффаров, Жамшид Ҳасанов, Камолиддин Мурзоев, Йован Жокич, Владимир Бубанья ва Владислав Касминин. Дарвоқе, мураббийлар штабида яна икки мутахассис иш бошлади. Демак, Виталий Лушачёв таҳлилчи (аналитик) ва Марат Ахмеров ёрдамчи мураббий сифатида фаолият олиб боради.

 

«СўҒдиёна»

Жиззах жамоаси футболчилари 5 январь куни МОҚ қошидаги тиббиёт марказида кўрикдан ўтишди ва клуб базасида янги мавсумга қаратилган тайёргарликни бошлашди. Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ижара муддатини ўтаган Сардор Азимов, Шоҳруз Норхонов ва Нурилло Тўхтасинов «Бунёдкор»га қайтишди. «Сўғдиёна» машғулотларни 12 январга қадар ўз қароргоҳида давом эттиради. Шундан сўнг йиғин Тошкентга кўчади. Пойтахтда бир қатор ўртоқлик учрашувлари ўтказиш ҳам режалаштирилган. Клуб стадиони майдонини яхшилаш ишлари қизғин. Ходимлар тажрибали мутахассислар билан ҳамкорликда майсани янгилаб, майдонни мавсум бошлангунига қадар талаб даражасига келтиришни мақсад қилишган.

 

«Андижон»

Суперлига дебютанти янги мавсумга тайёргарлик жараёнини изчил давом эттирмоқда. Жамоа ўз қароргоҳида йиғилиб, 7 январга қадар машғулот олиб борди. Бугундан йиғин Тошкентга кўчди. Андижонликлар 26 январга қадар пойтахтда шуғулланишади. 27 январь - 15 февраль оралиғида эса Туркияда йиғин ўтказиш режалаштирилган. Машғулотларни Виктор Жалилов назорат қилмоқда. Футболчилар тиббий кўрикдан ҳам ўтишди. Улар орасида янгилар ҳам бор. Хусусан, сўнгги 2 йил Малайзия чемпионатида ўйнаган Бобур Акбаров яна «Андижон» сафида. Тўғри, тажрибали ҳимоячининг мавсумни «Андижон»да бошлаш-бошламаслиги музокара жараёнига боғлиқ. Сўнгги йиллар «Нефтчи»да тўп сурган қанот ярим ҳимоячиси Абдураҳмон Абдулҳақов ҳамда «Машъал» билан хайрлашган Абдуллоҳ Олимов эса «Андижон» билан келишувга эришишди. Таркибни кучайтириш мақсадида бир қатор футболчилар билан музокара олиб борилмоқда. Янги футболчилар катта эҳтимолки, Тошкент йиғинига қўшилишади. Ўтган мавсум жамоа шарафини ҳимоя қилган Сирож Ҳамроев, Лазиз Убайдуллаев, Шоҳруҳ Бойқўзиев, Қадамбой Нурметов, Суннатилла Мамадалиев, Суннатулла Абдуллажонов, Нодирхон Камолов ҳамда Жаҳонгир Омонов эса кетишди. Шунингдек, «Бунёдкор»дан ижара келишуви асосида таклиф қилинган Жавоҳир Қиличев, Нодир Мавлонов, Дониёр Абдуманнопов ҳамда «Насаф» вакили Элбек Отақулов ўз клубларига қайтишди.

 

«Нефтчи»

Фарғоналиклар 4 январь куни Қиргулида йиғилишди ва янги йил ҳисобидан илк машғулотларни ўтказишди. Таркибда ўзгаришлар йўқ эмас. Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, Дос­тон Турсуновдан кейин Авазбек Ўлмасалиев шартномаси якунлангани сабаб, фаолиятини бошқа жамоада давом эттиришга қарор қилди. Турсунов Япония биринчи лигаси иштирокчиси «Ренофа Ямагучи» жамоаси билан шартнома тузган бўлса, Ўлмасалиев «Локомотив» машғулотларида қатнашмоқда. Шунингдек, Андрей Сидоровнинг ижара муддати якунланган ва у «Пахтакор»га қайтди.

 

«Сурхон»

Термиз жамоаси янги бош мураббий Илҳом Мўминжонов бошчилигида Тошкентда йиғин бошлади. «Пахтакор» стадионида олиб борилган илк машғулотларга мураббийлар Владимир Андреев ва Шерзод Шарипов бошчилик қилишди. Ўтган мавсум «Сурхон»да ишончли ўйин кўрсатган футболчилар маш­ғулотларда фаол ишлашмоқда. Албатта, янгилар ҳам бор.

 

«Машъал»

Александр Хомяков бошчилигидаги жамоа дастлабки йиғинни 10 январь куни Муборакда бошлайди. Шартномаси ниҳоясига етган бир қатор футболчилар бошқа жамоалар кўригига йўл олишди. Хусусан, Абдуллоҳ Олимов, Мирзакамол Камолов, Сардор Раҳмонов, Бобур Қосимов, Жамолиддин Убайдуллаев, Шерзод Абдураимов, Шоҳжаҳон Қиличев «Машъал» билан расман хайрлашишди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz