Қайднома

Қидирув

Янгича йўналиш ёки Осиё кубоги-2004дан нималар бўлганди?

Янгича йўналиш ёки Осиё кубоги-2004дан нималар бўлганди?

  10.01.2019 01:00
  0
  740
Янгича йўналиш ёки Осиё кубоги-2004дан нималар бўлганди?

Ўтган шанба куни орзиқиб кутилган ОК-2019 ҳам бошланди. Биз эса таниқли мутахассис Алишер Никимбаевнинг канали - «Футболиум»да берилаётган маълумотлар асосида Ўзбекистон миллий жамоасининг аввалги турнирларда қандай иштирок этгани ҳақидаги туркум мақолаларни давом эттирамиз. Аввалги сафар бош жамоамизнинг Осиё кубоги-2000да катта омадсизликка учрагани ЎФФ раҳбариятида жиддий ўзгаришларга олиб келгани баён этилганди. Айтиш ўринли, ўзгариш фақат кадрлар масаласи эмас, балки стратегик йўналишни ҳам қамраб олганди. Хусусан, миллий жамоанинг моддий таъминоти яхшиланади. Боз устига, янги раҳбарият 2001 йили жамоани хорижлик футболчиларни маҳаллийлаштириш йўли билан кучайтириш бўйича ҳаракат бошлайди. Натижада россиялик Алексей Поляков, Олег Пашинин ва Владимир Маминов маълум муддат миллий жамоамиз шарафини ҳимоя қилишади. Маҳаллийлаштирилган яна бир қатор футболчилар - болгариялик Алексей Дионисиев ва Георги Георгиев, россиялик Руслан Агаларов эса термамизнинг саноқли ўйинларида иштирок этишади - уларни шунчаки, чақирмай қўйишади. Шунингдек, айрим ўйинчиларни маҳаллийлаштириш режаси амалга ошмай қолади. Дейлик, эътиборимизга тушган Андрей Каряка Россия термасида ўйнашни маъқул кўрган бўлса, Роман Павлюченко номзоди унинг жуда ёшлиги сабаб, жамоамиз мураббийлари томонидан маъқулланмайди.

Осиё кубоги-2004 саралаши қитъамизда марказлаштирилган тизим бўйича ташкиллаштирилган охирги турнирдир. Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон, Гонконг, Таиланд ва Тожикистон миллий жамоалари битта гуруҳга тушади. Шу тариқа 4та мамлакат футбол федерация вакиллари саралашнинг биринчи даврасини Тошкент, иккинчисини эса Бангкокда ўтказишга келишиб олишади. Квалификацион турнир 2003 йилнинг ноябрь ойига белгилангани боис, легионерларни терма жамоага чақириш борасида яна муаммолар туғилади. Қолаверса, фақат маҳаллийлаштирилган футболчилар эмас, балки маҳаллий юлдузларни ҳам жалб қилиш қийинчиликлар туғдиради. Мисол учун, Киев «Динамо»си 4 йил олдин бўлгани каби Максим Шацкихни узоқ муддатга қўйиб юборишни сира истамайди. Яхшиямки, Макс йўқлигида Владимир Шишелов миллий жамоамизнинг бош голеадори ролини ўз зиммасига олади. Ўша вақт Молдованинг «Зимбру» клубида тўп сурган ҳужумчи саралаш доирасидаги дастлабки 2та ўйинда 2тадан гол уриб, Ўзбекистон термасининг йирик ҳисобли ғалабаларига катта ҳисса қўшади - Гонконг - 4:1 ва Таиланд - 3:0. Вакилларимиз биринчи давранинг учинчи учрашувида кутилмаганда, очко йўқотишади. Аниқроғи, Тожикистон термаси 0:0 ҳисобини сақлаб қолиб, «сенсацион» натижа қайд этганди. Тожиклар шунинг эвазига биринчи даврани 2-ўринда якунлашади (5 очко). Тўғри, Тошкентдаги ўйинларнинг бош «сенсация»си - бу Таиланд термасининг иштироки. Тайликлар 3та ўйинни ҳам бой беришади, хусусан, аутсайдер - Гонконг терма олдида ҳам ожиз қолишади.

Иккинчи давра баҳсларида эса ҳаммаси мутлақо ўзгариб кетади. Таиланд термаси энди ҳар 3та ўйинда ғалаба қозонади. Мезбонлар жумладан, алоҳида мотивацияси қолмаган Ўзбекистон термасига қарши ўйинни йирик ҳисобда ўз фойдаларига ҳал қилишади - 4:1. Агар ўша учрашувда дуранг қайд этилса, Тожикистон термаси Осиё кубоги финал раундига чиқарди. Табиийки, қўшниларимиз биздан ёрдам кутишганди. Бироқ саралаш босқичи охирига келиб, гуруҳдаги 1-ўринни кафолатлашга улгурган жамоамиз Таиланд термасига муносиб қаршилик кўрсатишга куч тополмайди. Бинобарин, мезбонларга қадрдон стадионлари ва ундаги 25000 мухлис қўшимча қувват бағишлаб турганди. Ўша саралаш турнирида жамоамизни Равшан Ҳайдаров бошқарган, унинг штаби эса тўлиқ «Пахтакор» мураббийларидан тузилганди. Бу вақтда пойтахт клубининг миллий доирада «гегемон»ликни тўлиқ қўлга олганига 2 йил бўлганди. Хуллас, Ўзбекистон термаси Хитой мезбонлик қилган Осиё чемпионати йўлланмасини саралаш гуруҳида 1-ўринни эгаллаш асносида қўлга киритади, шунинг баробарида тожикистонликларни чиптасиз қолдиради. Тўғри, финал турнирига бошқа қўшнимиз чиқади - Туркманистон термаси. Эътиборлиси, туркманлар БАА, Шри-Ланка ва Сурия жамоалари ўрин олган гуруҳда 1-ўринни эгаллашганди. Яна шуни айтиш керак, 2004 йилги чемпионатда тарихда илк марта 16та жамоа иштирок этади. Шундай экан, Туркманистон термасининг финал раундига йўл олишгани аввало, қатнашчилар сафи кенгайтирилганига боғлиқ эди. Диққатга сазовор томони, ОК-2004 финал босқичида Ўзбекистон ва Турк­манистон термалари 1та гуруҳда ўйнашади. Ўхшашликка қаранг, БАА-2019га келиб, жамоалар сони 24тага оширилди ва биз яна туркманлар билан гуруҳдошмиз. Давом этамиз: Ўзбекистон термаси Осиё кубогига илк марта муносиб тайёргарлик кўради. Ҳар ҳолда, жамоамиз ҳаётида бунақаси олдин кузатилган эмасди. ОФКнинг янги президенти Муҳаммад бин Ҳаммам таклифига биноан, Осиёда ЖЧ-2006 саралаш босқичи ўйинлари тарихда илк марта фақат ФИФА кунлари ўтказилади. Саралаш турнирига эса 2004 йилнинг февралида старт берилади. Қисқаси, бош жамоамиз Осиё чемпионати бошланишига қадар ЖЧ саралаши доирасида 3 марта майдонга тушишга улгурганди (февралда Ироқ, мартда Хитой Тайпейи ва июнда Фаластин термаларига қарши). Бевосита ОК-2004 олдидан эса, Ўзбекистон термаси Тошкентда битта йиғин ташкиллаштиради ва турнир доирасидаги илк ўйинига атиги 5 кун қолганида Хитойга йўл олади. Айнан шу ягона йиғин олдидан мураббийлар штабида ўзгариш кузатилади. Аниқроқ айт­сак, маслаҳатчи-мураббий - туркманистонлик Тачмурод Агамурадов ўрнини германиялик мутахассис Ханс-Юрген Гёде эгаллайди. Бироқ у ўзини бош мураббий сифатида кўрарди. Чунончи, ЎФФ немис мурабби­йига тўлиқ ваколат берганди. Шунинг баробарида Равшан Ҳайдаров расман бош мураббий сифатида қолганди. Хуллас, шу ҳолат кўплаб тушунарсизликлар келтириб чиқади. Ҳаммаси ҳаттоки, бемаъниликка қадар боради: Хитойдаги турнир давомида Ҳайдаров меҳмонхонанинг бир томонида журналистларга бош мураббий ролида интервью берарди, Гёде эса бошқа тарафда худди шу иш билан шуғулланиб, жамоада барчасини ўзи ҳал этишию, ҳаттоки, футболчилар таомномасини ҳам назорат қилишини таъкидларди.

Журналистлар ҳақида нима дейиш мумкин, агарда жамоа штабининг ўзида бош мураббий масаласида турли фикрлар бўлса... Қизиқ воқеа: Равшан Ҳайдаровнинг туғилган куни (15 июль) Хитойдаги турнирга тўғри келган ва эрталаб делегацияси раҳбари ўринбосари сифатида жамоа маъмурига топшириқ берганман:

- Бугун бош мураббийнинг туғилган куни, кечки таомга торт буюртма қилиш керак.

Маъмур эса Ҳайдаров олдига борган:

- Бугун Юргеннинг туғилган куни экан.

- Қанақасига? - Табиийки, ҳайратланган Ҳайдаров. - Уники ҳам?

Аслида Гёде 14 ноябрь куни таваллуд топганини қўшимча маълумот ўрнида айтиш керак. Умуман олганда, турнир арафасида Ўзбекистон термасида яна кадрлар муаммоси юзага келганди. Бу сафар маҳаллийлаштирилган Олег Пашинин ва Владимир Маминовдан ташқари, Максим Шацких ҳам Хитойга боролмайди. Эслатиш ўринли, Осиё чемпионати вақтидан 1 йилча олдин Хитойда парранда гриппи қайд этилганди. Хуллас, киевликлар бунгача оғир грипп жараёнини бошдан ўтказган Максимнинг Хитойга боришини тақиқлаб қўйишади. Яна шуни таъкидлаш керак, маҳаллийлаштирилган ўйинчилардан бири «заявка»га киритилади, бироқ Алексей Поляков Хитойга бормайди, барибир. Натижада Ўзбекистон термаси ихтиёрида 2 нафар дарвозабон қолади. Бундан ташқари, ЎФФ турнир стартига қадар Россиянинг «Ротор» клуби ҳимоячиси Владимир Радкевичнинг Ўзбекистон термасида ўйнашига тегишли рухсат олишга улгурмайди. Чунончи, Володя 18 ёшлигида Қирғизистон ёшлар термаси сафида ўйнагани туфайли унинг ўз ватани миллий жамоаси либосини кийиши учун ФИФАдан алоҳида рухсат олиш талаб этилганди. Аслида бу борада талабнома 2004 йилнинг бошида юборилган. Яъни керакли ҳужжатлар (хусусан, Қирғизистон футбол федерациясиники ҳам) тақдим этилган бўлсада, ФИФАдан якуний рухсатнома ЎФФ офисига Хитой турнири якунлагачгина етиб келганди.

Хуллас, жамоанинг якуний 22 нафар футболчидан иборат «заявка»сига «Пахтакор»нинг 12  нафар вакили киради. Шунингдек, 8 нафар легионер қатори «Трактор» ва «Насаф»нинг 1 нафардан футболчиси танлаб олинади. Тўғри, тушунмовчилик келиб чиқмаслиги учун айтиш керакки, «Пахтакор» айнан турнир арафасида «Крилья Советов» билан Марат Бикмаев трансфери бўйича келишувга эришганди. Умуман, ўша жамоада тажриба ва ёшлик шижоати чинакамига уйғунлаштирилганди. Бир томонда - 10 йил муқаддам Осиё ўйинларида зафар қучишган ва айни кучга тўлган Миржалол Қосимов ҳамда Андрей Федоров, бошқа тарафда - ёшлар ўртасидаги ЖЧ-2003 иштирокчилари Игнатий Нес­теров, Александр Гейнрих, Илёс Зейтуллаев, Элдор Магдеев, ўша Марат Бикмаев, Шавкат Раимқулов, Ислом Иномов... Шунинг баробарида жамоанинг ўрта авлоди ҳам жуда кучли эди - Евгений Сафонов, Бахтиёр Ашурматов, Асрор Алиқулов, Леонид Кошелев, Анвар Солиев, Сервер Жепаров ва Темур Кападзе.

 

Осиё кубоги-2004.

Саралаш босқичи. «А» гуруҳи

Биринчи давра (Тошкент)

06.11.2003

ЎЗБЕКИСТОН - ГОНКОНГ - 4:1 (3:1)

Голлар: А.Акопянц (1), В.Шишелов (17, 70), А.Солиев (35) - Лав Чун Бонг (40).

Ўзбекистон: И.Нестеров, А.Фёдоров, А.Акопянц (А.Николаев, 80), С.Жепаров (Л.Кошелев, 64), А.Солиев (А.Гейнрих, 64), В.Шишелов, В.Кирьян, А.Хвостунов, Т.Кападзе, Н.Ширшов, А.Алиқулов.

08.11.2003

ЎЗБЕКИСТОН - ТАИЛАНД - 3:0 (2:0)

Голлар: М.Шацких (20), В.Шишелов (27,70).

Ўзбекистон: И.Нестеров, А.Фёдоров, О.Пашинин, В.Маминов, А.Акопянц (Л.Кошелев, 67), С.Жепаров, В.Шишелов (М.Қосимов, 77), А.Хвостунов, Н.Ширшов, А.Алиқулов, М.Шацких (З.Тожиев, 80).

10.11.2003

ЎЗБЕКИСТОН - ТОЖИКИСТОН - 0:0

Ўзбекистон: И.Нестеров, А.Фёдоров, О.Пашинин, В.Маминов (Т.Кападзе, 46), Л. Кошелев, С.Жепаров, В.Шишелов (А.Гейнрих, 81), А.Хвостунов, Н.Ширшов

(А.Акопянц, 66), А.Алиқулов, М.Шацких.

Иккинчи давра (Бангкок)

17.11.2003

ЎЗБЕКИСТОН - ТОЖИКИСТОН - 4:1 (2:0)

Голлар: В.Шишелов (36,43), Т.Кападзе (48), Л.Кошелев (62) - Бурҳонов (85).

Ўзбекистон: Е.Сафонов, А.Алиқулов, С.Лушан, А.Фёдоров, А.Николаев, А.Акопянц (М.Қосимов, 46), Т.Кападзе, С.Жепаров (Л.Кошелев, 60), В.Кирьян, В.Шишелов, В.Карпенко (А.Хвостунов, 80).

19.11.2003

ЎЗБЕКИСТОН - ГОНКОНГ - 1:0 (1:0)

Гол: Н.Ширшов (32).

Ўзбекистон: Е.Сафонов, С.Лушан, А.Фёдоров, А.Хвостунов, В.Кирьян, Н.Ширшов, А.Николаев (Л.Кошелев, 60), Т.Кападзе, А.Солиев (В.Шишелов, 46), В.Карпенко З.Тожиев.

21.11.2003

ТАИЛАНД - ЎЗБЕКИСТОН - 4:1 (1:0)

Голлар: Нойвач (38), Сурасианг (56), Тонгмайн (78), Чайкамди (81) - Л.Кошелев (88).

Ўзбекистон: А.Поляков, С.Лушан, А.Фёдоров (Б.Ашурматов, 46), А.Хвостунов, В.Кирьян, А.Николаев, Л.Кошелев, Т.Кападзе, М.Қосимов (С.Жепаров, 70), В.Шишелов (В.Карпенко, 46), А.Акопянц.

Бош мураббий: Равшан Ҳайдаров


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz