Қайднома

Қидирув

Осиё Кубоги-2019. Устунлик Шарққа ўтди

Осиё Кубоги-2019. Устунлик Шарққа ўтди

  09.01.2019 11:18
  0
  439
Осиё Кубоги-2019. Устунлик Шарққа ўтди

ОК-2019 «С» гуруҳининг 1-туридан ўрин олган Хитой ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасидаги учрашув анча қизиқарли тарзда кечди. Ушбу баҳсда хитойликлар иродали ғалабани қўлга киритишди. Учрашувни кутилмаганда қирғизистонликлар фаол бошлашди ва рақиб дарвозаси олдида бир қатор хавфли вазиятларни содир этишди. Хитойликлар ҳимояда яхши ўйнаган бўлсаларда, танаффусгача ҳужумда ҳеч нарса қила олишмади. 42-дақиқада қирғизлар ўз имкониятларини голга айлантиришди. Аҳлиддин Исроилов жарима майдони ташқарисидан кучли зарба йўллаб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимни Хитой анча ҳужумкор руҳда бошлади ва бу тез орада ўз самарасини берди. 50-дақиқада Павел Матяш ҳимоячилардан келган тўпни қайтаришда қўпол хатога йўл қўйди ва ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди. 78-дақиқада АГМК собиқ посбонининг навбатдаги хатоси хитойликларнинг иккинчи голига олиб келди: Юй Дабао посбонни алдаб ўтган ҳолда бўш қолган дарвозани ишғол қилди. Гуруҳнинг иккинчи учрашувида Жанубий Корея Филиппинга қарши баҳс олиб борди. Учрашув кутилганидек кореяликларнинг устунлигида бошланди, бироқ «Осиё йўлбарслари» вазиятларни голга айлантиришда қийинчиликка учрадилар. Ўйиндаги ҳисоб 67-дақиқада очилди: Хван Ий Чо рақиб жарима майдонидаги тартибсизликдан унумли фойдаланиб, яқин масофадан дарвозани ишғол қилди. Голдан сўнг ҳам Жанубий Корея вакиллари ҳужумдан тўхташмади ва яна кўплаб имкониятларга эга бўлишди. Шунингдек, Свен-Ёран Эрикссон шогирдлари ҳам ўйин якунида босим қилишга уринишди. Бироқ ҳисоб учрашув якунига қадар ўзгармади. Шу тариқа, Пауло Бенту шогирдлари мусобақани ғалаба билан бошлашди ва гуруҳда Хитой билан биргаликда етакчилик қилишмоқда.

 «С» гуруҳи. 1-тур

ХИТОЙ - ҚИРҒИЗИСТОН - 2:1 (0:1)

7 январь. Ал-Айн. «Sheikh Khalifa International» стадиони.

1839 томошабин.

Ҳакам: Муҳаммад Абдуллоҳ (БАА).

ГолларПавел Матяш (50-авт.), Юй Дабао (78) - Аҳлиддин Исроилов (42).

Хитой: Ян Жунлин, Чан Линпэн, Лю Ян, Ши Кэ (Хао Жунмин, 46), У Ши, Чи Чунго, Чан Чэндун (Имин Лю, 89), Ву Лэй, Жин Жиндао (Ю Дабао, 24), Фэн Шяотин, Гао Лин.

Қирғизистон: Павел Матяш, Валерий Кичин, Тамирлан Қўзибоев, Даниэль Тагое, Аҳлиддин Исроилов (Антон Землянухин, 61), Эдгар Бернхардт (Азиз Сиддиқов, 82), Қайрат Жиргалбек ўғли, Бекзан Соғинбоев, Фарҳод Мусабеков, Виталий Люкс (Бахтиёр Эрнист, 88), Мирлан Мурзоев.

ОгоҳлантиришҚайрат Жиргалбек ўғли (57, Қ.).

 

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ - ФИЛИППИН - 1:0 (0:0)

7 январь. Дубай. «Rashid Al-Maktoum» стадиони.

Ҳакам: Наваф Шукрулло (Баҳрайн).

Гол: И Жо Хван (67).

Жанубий Корея: Ким Шин Гю, Ким Ён Гвон, Ли Ён, Ким Жин Су, Ким Мин Жэ, Ку Жа Чол (Ли Чун Ён, 64), Ли Жэ Сун (Жу Си Жон, 86), Жон У Ён, Ки Сун Ён (Ин Хван Бом, 58), И Жо Хван, Хи Хан Хван.

Филиппин: Михаэль Фалькесгор, Штефан Палла, Дайсуке Сато, Альваро Сильва, Люк Вудлэнд, Жон-Патрик Штраус (Фил Янгхазбенд, 89), Мануэл Отт (Адам Рид, 78), Кевин Ингресо (Ян Рэмси, 75), Патрик Райхельт, Штефан Шрк, Хавьер Патиньо.

Огоҳлантиришлар: Ли Ён (25), Жон У Ён (52), Ким Жин Су (77) - Патрик Райхельт (60), Штефан Шрек (88).

 

2-тур. 11 январь (жума)

18:30           ФИЛИППИН - ХИТОЙ

21:00    ҚИРҒИЗИСТОН - Ж.КОРЕЯ

 

 Ўйиндан кейинги фикрлар

Александр Крестинин (Қирғизистон термаси бош мураббийи): - Учрашув кутганимдек курашларга бой бўлди. Хитойдан кўпроқ хато қилганимиз туфайли мағлубиятга учрадик. Рақибнинг тактикаси ва футболчиларига қарши алоҳида тайёргарлик кўргандик. Айбдорларни қидирмаймиз, натижа учун бутун жамоа жавоб беради. Ҳатто буюк футболчилар ҳам хато қилади. Ушбу баҳсдан тўғри хулосалар чиқаришимиз, навбатдаги ўйинларда яхшироқ ҳаракат қилишимиз керак. Гуруҳдан чиқиш имкониятини қўлдан бой берганимиз йўқ. Бор-йўғи битта учрашув ўтди ва барча имкониятларимиздан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Дарвозабонимиз билан алоҳида суҳбатлашишга улгурганим йўқ. Ҳаммасини кейин таҳлил қиламиз.

Паулу Бенту (Жанубий Корея термаси бош мураббийи): - Биз ўйинни тўлиқ назорат қилишга интилдик. Лекин рақиб ҳам яхши ҳимоялангани учун бўш зоналарни топиш қийин кечди. Гол урганимиздан сўнг янада эркинроқ ҳаракат қила бошладик ва рақиб ҳимоясида бўшлиқлар юзага келди. Чунки гол ўтказгач, Филиппин ҳужумга ўтишга мажбур бўлди. Иккинчи бўлим биринчисига нисбатан осон ўтди, демаган бўлардим. Чунки футболга тўлиқ 90 дақиқа қараган маъқул. Гол урганимиз бўлим осон кечганини билдирмайди. Футбол бошидан охиригача қийин ўйналадиган ўйин.

Свен-Ёран Эрикссон (Филиппин термаси бош мураббийи): - Ўйиндан олдин айтганимдек, бизнинг бу ерга келганимизнинг ўзиёқ катта байрам. Филиппин ўз тарихида биринчи марта шундай нуфузли мусобақада иштирок этяпти. Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, кучли рақибга қарши баҳс олиб бориб, кичик ҳисобда ютқаздик. Жанубий Корея савияли жамоа ва уларга қарши ўйнаш осон эмас. Энди кейинги иккита беллашувда ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ҳамма яхши ўйин кўрсатиш пайида бўлди. Менга тўрт нафар ярим ҳимоячимизнинг ҳаракатлари ёқди. Захирадан тушганлар ҳам ўзларини яхши томондан кўрсатишди. Биз тўп билан кўпроқ муомала қилишни хоҳлаймиз, лекин бунинг иложи бўладими йўқми, билмайман. Чунки Хитой ҳам худди Жанубий Кореяга ўхшаб ҳужумкор футбол ўйнайди. Биз бу турнирда, аввало, ўз ўйинимизни кўрсатишга интилишимиз керак.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz