Қайднома

Қидирув

Акрам АФИФ: «Мени шахсий совринлар қизиқтирмайди»

Акрам АФИФ: «Мени шахсий совринлар қизиқтирмайди»

  13.01.2019 04:39
  0
  585
Акрам АФИФ: «Мени шахсий совринлар қизиқтирмайди»

Осиё кубоги-2019 аста-секин қизиб бормоқда. БААга йўл олганлар орасида 22 ёшли Акрам Афиф ҳам бор. Ушбу футболчи Қатар футболининг келажаги дея эътироф этилмоқда. Бежизга у ўз кучини Испания Ла Лигасида синаб кўрмаган. Айни пайт Афиф «Ал-Садд» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда. Осиё чемпионати баҳслари бошланишидан олдин ФИФА расмий сайти Афиф билан суҳбат уштирди.

- Қатар терма жамоасининг Осиё кубогидаги имкониятларига қандай баҳо берасиз?

- Бундай турнирлар ҳар қандай жамоа учун қийин кечишини кўпчилик билади. Ҳар бир жамоа турнирда ғолиб чиқишни истайди. Мақсадимиз - иложи борича узоқроққа бориш. Умуман олганда, мусобақага ажойиб тарзда тайёргарлик кўрдик. Сўнгги ойларда турлича усулда ўйнайдиган бир қатор терма жамоаларга қарши ўртоқлик ўйинларини ўтказдик. Бу эса тажрибамиз ошишига, жисмоний ҳолатимизнинг яхшиланишига ва бир-биримизни яхши тушунишимизга ёрдам берди. Умид қиламанки, қитъа чемпионатида бор имкониятимизни ишга соламиз.

- Терма жамоангиз «Е» гуруҳида Ливан, КХДР ва Саудия Арабистони термаларига қарши баҳс олиб боради. Мазкур жамоалар билан бўладиган ўйинлардан нималар кутяпсиз?

- Финал босқичига чиққан жамоанинг кучсизи бўлмайди. Дастлабки учрашувимиз Ливанга қарши кечади. Ўзингизга маълум, катта турнирлардаги биринчи ўйинлар осон бўлмайди. Чунки ҳар бир жамоа унда мағлубиятга учрамасликка ҳаракат қилади. Лекин биз гуруҳдаги барча учрашувларда ғалаба қозонмоқчимиз. Бу кейинги босқичда ҳам ёрдам беради. Иккинчи ўйинимиз Шарқий Осиё усулида ўйнайдиган КХДР билан. Уларга қарши қандай ўйнаш тасаввурига эгамиз. Учинчи ўйин эса ўтган ёзда жаҳон чемпионатида иштирок этиб, керакли тажрибага эга бўлган Саудия Арабистонига қарши кечади. Хуллас, ҳар бир учрашувда 90 дақиқа ғалаба учун курашмоқчимиз. Энг аввало, кейинги босқичга чиқишни мақсад қилганмиз. Уёғи нима бўлишини эса вақт кўрсатади.

- Бу сизнинг терма жамоадаги дастлабки йирик турнирингиз. Шахсий мақсадларингиз қандай?

- Қатар терма жамоаси либосини кийшимдан фахрланаман. Бу мен учун катта шараф. Футболга кириб келган биринчи кунимданоқ шундай турнирларда қатнашишни орзу қилганман. 2011 йилги Осиё чемпионатида жамоага қандай мухлислик қилганим эсимда. Мана, орадан саккиз йил ўтиб, орзум амалга ошмоқда. Умид қиламанки, мухлислар ишончини қозонаман. Мени шахсий совринлар қизиқтирмайди. Бор эътиборимни жамоага қаратганман. Чунки яхлит жамоа сифатида Қатар футболини чўққиларга олиб чиқишимиз мумкин.

- Жорий мавсум «Ал-Садд» ва Қатар термаси сафида ўзингизни кўрсата олдингиз. Бу туфайли қандайдир босим остида қолмаяпсизми?

- Шу даражага чиқишимга клуб ва терма жамоадаги тинимсиз меҳнатим сабаб бўлди. Қолаверса, бунда жамоа-дошларимнинг ҳам ҳиссаси катта. Жамоа ҳамиша биринчи ўринда туриши керак. Шундай экан, босимдан чўчимайман. Чунки мен ягона ўйинчи эмасман. Қатар термасининг ҳар бир чизиғида кучли футболчилар ўйнайди. Уларнинг ҳеч бири якка ҳолда бутун жамоанинг ишини қила олмайди. Футбол - бу жамоавий ўйин.

- U-19 терма жамоаси сафида Осиё чемпиони бўлгансиз. Бу ғалаба сиз ва бошқа жамоадошларингизга куч бағишлайдими?

- Шубҳасиз, бу турнирни унутиб бўлмайди. Ўшанда барчадан кучли эканлигимизни намойиш қилгандик. Умуман олганда, мақсадимиз ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш эди. Турнирга боргандан кейин эса бош соврин ҳақида ўйлай бошладик. Финал кунини ҳеч қачон унутмайман. Чунки ўшанда Қатар ёшлар термаси илк совринини қўлга киритганди.

- Сиз Испания чемпионатида ўйнаган биринчи қатарлик футболчи сифатида тарихдан жой олгансиз. Бу ҳақда нима деган бўлардингиз?

- 2015 йили бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг Бельгиянинг «Эйпен» клубидан таклиф олдим. Европада ўйнаш мақсадим бор эди. Ушбу жамоа сафида 26та ўйинда майдонга тушиб, 8та гол урдим. Ке-йинги йили «Вильярреал»га ўтиш имконияти туғилди ва ундан фойдаланмасам бўлмасди. Сўнгра Испанияга йўл олдим ва ўзим учун янги тажриба орттирдим. Испания Ла Лигаси қандай эканлигини барча яхши билади. У ердаги ҳар бир машғулот мен учун янги сабоқ эди. Кейин «Спортинг Хихон»га ижарага беришди. Шундан сўнг яна «Эйпен»га йўл олдим. Ниҳоят, «Ал-Садд» ўз сафига чорлади. Айни пайт фаолиятимдан мамнунман.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz