Қайднома

Қидирув

Янги мавсум тараддуди: Ҳатто "Андижон" ҳам легионерларни чақирмоқда

Янги мавсум тараддуди: Ҳатто "Андижон" ҳам легионерларни чақирмоқда

  15.01.2019 11:19
  0
  607
Янги мавсум тараддуди: Ҳатто

Маълумки, янги мавсумда Суперлига клублари «ЎФА ва ЎзПФЛ томонидан ўтказиладиган мусобақаларда иштирок этувчи футбол клубларини лицензиялаш ва профессионал футбол клуби мақомини белгилаш бўйича регламент» асосида махсус назоратдан ўтишади ва ПФЛ айнан мана шу регламент бўйича барча клублар олдига маълум талабларни қўяди. Жумладан, регламент ва янги мавсум учун ишлаб чиқилган «Стадионлар бўйича низом» талабларига кўра, Суперлига ёки Про-лигада иштирок этадиган клубнинг уй стадионида тавсия бўйича эса 1500 люкс, камида 1200 люкс даражадаги ёритиш қувватига эга прожекторлар ўрнатилган бўлиши лозим.

Тошкентнинг «Локомотив» клуби уй стадионини мониторингдан ўтказган ПФЛ ишчи гуруҳи ўлчов натижаларига кўра, ушбу стадион прожекторлари майдоннинг 15 та нуқтасидан ўлчанганида ўртача 844 люкс натижани кўрсатди. Шу боис, клуб вакилларига бу борада иш олиб борилиши лозим экани таъкидланди. «Локомотив» клуби масъул ходимлари эса яқин вақт ичида камчиликларни бартараф этиб, стадион ёритиш қувватини камида 1500 люксга етказишга ваъда беришди. Жамоанинг янги мавсумга тайёргарлик жараёнига келсак, «Локомотив» вакиллари режадаги ўқув-машғулотларни ўтказиш учун 9 январь куни Дубайга етиб боришганди. «Темирйўлчилар» даставвал жисмоний тайёргарликка эътибор қаратувчи машғулотларни ўтказишди. Айни пайтда жамоа кунига 2 маҳал жисмоний ҳолатни яхшилаш устида ишламоқда. Эслатиб ўтамиз, «Локо» дастлабки синов-назорат баҳсини 16 январь куни Россиянинг «Спартак» жамоасига қарши ўтказади.

 

«Пахтакор»

Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, машғулотларни айни кунларда «Жар» стадионида давом эттираётган «Пахтакор» 12 январь куни назорат учрашувини «Сурхон»га қарши айнан шу стадионда ўтказди. Қизиқарли кечган беллашувда ҳар икки жамоа устозлари ҳам футболчиларини синаб кўриш имкониятига эга бўлишди. Ўйин тақдирини Драган Черан урган ягона гол ҳал этди. Учрашувда тошкентликлар қуйидаги таркибда ҳаракат қилишди:

Исоқов, Комилов, Симич, Аъзамов, Салимов, Собирхўжаев, Раҳматуллаев, Абдураҳмонов, Черан, Гонсалвеш, Сергеев.

Таъкидлаш лозим, Туркияда ўтказилиши мўлжалланган хориж йиғини кўплаб футболчиларнинг терма жамоа сафида эканлиги сабабли бекор қилинди.

Натижада БАА йиғини муддати ўзгартирилди. Янги режага кўра, жамоа Дубайга 25 январь куни жўнаб кетади ва у ерда машғулотлар 6 февралгача давом эттирилади. Шу ўринда айтиш жоиз, «Пахтакор» Ўзбекистон термаси ва «Насаф» дарвозабони Санжар Қувватовга қизиқиш билдирмоқда. Маълум бўлишича, томонлар ўзаро оғзаки келишувга эришишган. Ҳозирча ҳеч қандай расмий шарт­нома имзоланмаган. Қувватов Осиё кубогидан сўнг «Пахтакор» аъзосига айланиши мумкин.

 

«Навбаҳор»

Наманганга ташриф буюрган ПФЛ ишчи гуруҳи «Навбаҳор» жамоасида олиб борилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишди. Маълум бўлишича, клуб тез орада ЎФА ҳузуридаги вилоят болалар-ўсмирлар ҳудудий футбол академияси билан шартнома имзолайди.

Шу билан бир қаторда асосий ўйинлар ўтадиган «Марказий» ўйингоҳи идеал ҳолатдаги чимга эга бўлиш борасида ҳам зарурий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, сифатли чимни Голландия давлатидан олиб келиш кўзда тутилган. Чимни ҳамиша яхши ҳолатда ушлаб туриш учун уни мавсум давомида ҳам яхшилаб парвариш лозим бўлади. Шуни инобатга олиб, суғориш тизимини ҳам Италиянинг илғор технологияси асосида янгиланди. 

Айни дамда янги мавсумга ўз қароргоҳида тайёргарлик кўраётган «Навбаҳор» сафини айрим футболчилар тарк этди. Жумладан, фаолиятининг кўп қисмини «лочинлар» таркибида ўтказган Дилшод Жабборов ва Аъзам Алиевлар жамоа лагерини тарк этишган. Шунингдек, ҳужумчи Рўзимбой Аҳмедов ҳам айни дамда наманганликларнинг машғулотларида кўриниш бераётгани йўқ. Олинган сўнгги маълумотларга кўра, Жабборов билан Алиев Термизнинг «Сурхон» жамоаси сафига бориб қўшилган. Ярим ҳимоячи Аюбхон Нўъмонов эса эркин агентга айланди. Таъкидлаш лозим, Нўъмонов 2018 йилги мавсум олдидан наманганликлар сафини тўлдирганди. Ҳозирда Нўъмоновга бир қатор клублар қизиқиш билдиришмоқда.

 

«Бунёдкор»

Ўтган ҳафта охирида «Бунёдкор» клуби раҳбарияти жамоа қароргоҳида футболчилар ва мураббийлар билан йиғилиш ўтказди. Йиғилишда бир қатор ташкилий масалалар муҳокама этилди. Янги мавсумда клуб олдига қўйилган вазифалар, бажарилиши лозим бўлган ишлар, режалар билан таништирилгач, кун тартибидаги асосий масала - бош мураббий масаласи кўриб чиқилди. 

Клуб матбуот хизматининг маълумот тарқатишича, таниқли мутахассис Вадим Абрамов жамоа устози этиб тайинланди. Абрамовга мураббийлар штабида Марат Мифтахутдинов ёрдамлашади.

Бош мураббий таништирув маросими якунига етгач, «Бунёдкор» клуби мажлислар залида клуб таъсисчилари иштирокида навбатдан ташқари умумий йиғилиш ўтказилди.

Маълумот ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, «Ўзтрансгаз», «Нефтгазмонтаж», «Кўкдумалоқгаз», «Гиссарнефтгаз», «Ўзнефтмаҳсулот» компаниялари «Бунёдкор»  клуби таъсисчилари ҳисобланади.

Ушбу таъсисчи компания раҳбарлари қатнашган нав­батдан ташқари йиғилишда  «Бунёдкор» жамоаси бош директор вазифасини бажарувчи лавозимига Улуғбек Мирзаевнинг расмий тайинланиш маросими ўтказилди. Барча таъсисчи компаниялар томонидан У.Мирзаевнинг тайинланганлиги бир овоздан маъқулланди. Шунингдек, йиғилишда «Бунёдкор» футбол клубига оид бошқа ташкилий масалалар кўриб чиқилди ва муҳокама қилинди.

 

«Бухоро»

Хабарингиз бор, «Бухоро» клуби 3 январдан янги мавсумга ҳозирликни бошлаган эди. Ҳозирча жамоа машғулотларни ўз қароргоҳида давом эттирмоқда. Бахтиёр Ашурматов бошчилигида олиб борилаётган тайёргарлик жараёни 15 январга қадар давом этиши кўзда тутилган. Сўнгра бухороликларнинг йиғини Тошкентга кўчади. Аввалдан белгиланган режага кўра, мазкур йиғин 18-31 январь оралиғида пойтахтда ташкил этилади.

Тошкент йиғини доирасида «Бухоро» 4 та ўртоқлик ўйини ўтказади. Унга кўра, «Сурхон», «Андижон», «Бун­ёдкор» ва «Сўғдиёна» жамоалари назорат баҳсларида Ашурматов шогирдларига рақиб бўлишади.

 

«ҚўҚон-1912»

ПФЛнинг махсус ишчи гуруҳи Қўқонда ҳам бўлиб, бу ердаги шароитларни ўрганиб чиқди. Маълум бўлишича, «Қўқон-1912» клуби академия бўйича талабни бажариш учун уй стадионига яқин ҳудудда ҳозирча ташландиқ ётган футбол майдонини ўз қарамоғига олиб, ўша ерда замонавий футбол майдонлари ва ётоқхона барпо этиш борасида иш олиб бормоқда. Қисқаси, клуб келаси ойга қадар академия бўйича талабни тўлиқ бажаришни мўлжалламоқда.

Шунингдек, «Марказий» стадионини талаб даражасида бўлиши учун ҳаракатлар давом этмоқда. «Марказий» стадион чими тўлиғича янгиланади. Айни пайтда техникалар ёрдамида эски чим кўчирилиб, майдон янги чим ўрнатиш учун тайёр ҳолатга келтирилмоқда. Дарвоқе, шунинг баробарида замонавий суғориш тизими ҳам ўрнатилди. Яқин вақт ичида янги чим ўтказиш жараёни бошланиши кўзда тутилмоқда. Қолаверса, стадионнинг айрим секторларидаги тахтадан ясалган ўриндиқлар замонавий пластик ўриндиқларга алмаштирилиши лозим.

Таъкидлаш жоизки, Қўқондаги «Марказий» стадион прожекторлари ёритиш қуввати «Стадионлар бўйича низом» талабларига жавоб бермайди. Шу сабабдан клуб яқин вақт ичида ёритиш тизимини тавсия бўйича 1500 люксга етказиш устида иш олиб бормоқда.

«Қўқон-1912» жамоасининг Тошкентдаги йиғини давом этмоқда. Машғулотлар кунига икки маҳалдан ўтказилмоқда. Клуб матбуот хизматининг маълумот беришича, Ориф Мамажонов ҳам машғулотларда иштирок этмоқда. 15 январь куни сербиялик легионерлар машғулотларга қўшилишади. Ўтган йили қўқонликлар шарафини ҳимоя қилган Дарко Гожкович ва Марко Миличдан ташқари, яна икки нафар сербиялик ўйинчиларнинг келиши кутилмоқда. Уларнинг бир нафари ҳужумчи бўлса, яна бир нафари ярим ҳимоячи. 

Тошкентдаги йиғин чоғида бўлиб ўтадиган ўртоқлик учрашувлардаги рақиблар маълум бўлди. 19 январь куни қўқонликлар Навоийнинг «Қизилқум» жамоасига қарши майдонга тушишади. 26 январь куни эса қўқонликлар йиғин доирасидаги сўнгги назорат баҳси ўтказишади. Шу куни «Шунқорлар»га Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоа­си рақиблик қилади.

 

«СўҒдиёна»

Жиззахнинг «Сўғдиёна» клуби ҳам янги мавсум ҳозирликларини давом эттирмоқда. Жамоа 6 январь куни ўз қароргоҳида йиғилган эди. Ҳозирда асосан жисмоний тикланиш устида машғулотлар олиб борилмоқда. «Сўғдиёна» аъзолари 13 январга қадар Жиззахда шуғулланишди. Сўнгра йиғин Тошкентга кўчди ва энди жиззахликлар пойтахтда 30 январга қадар йиғин ўтказиб, бир қатор синов баҳсларини ўтказиб олишади. Аниқроқ айтсак, «Сўғдиёна» Тошкент йиғини доирасида 6та ўртоқлик ўйинида майдонга тушишни режалаштирган.

 

АГМК

Сир эмаски, Олмалиқнинг АГМК жамоаси янги мавсумда Осиё Чемпионлар Лигаси саралашида иштирок этади. Эътиборлиси, клуб илк бора халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Шу сабабдан айни пайтда АГМКнинг уй стадионида стадионни халқаро талабларга мослаштириш учун таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, стадионда ОАВ вакиллари ўйин пайти ишлашлари учун алоҳида медиа-трибуна, шунингдек, махсус меҳмонлар учун CIP-сектор ва матбуот анжуманлари хонаси барпо этиш ишлари бошлаб юборилган.

Қолаверса, стадионнинг жамоалар кийим алмаштириш хоналари, учрашув комиссари учун мўлжалланган хоналар, допинг текшируви, тиббиёт хоналари таъмирдан чиқарилмоқда. Яқин вақт ичида стадион бемалол халқаро учрашувларни ўзида қабул қилиш имконига эга бўлади. 

Таркибдаги янгиликларга келсак, АГМК сардори Лутфулло Тўраев жамоа билан хайрлашди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди. Маълум бўлишича, футболчининг АГМК билан тузган шартномаси тугаган ва томонлар дўстона хайрлашишган. Маълумотларга кўра, футболчига Суперлига клубларидан кўплаб таклифлар бўляпти. Шу ўринда айтиш жоиз, АГМК уч нафар футболчини ўз таркибига қўшиб олди. Булар Сардор Раҳмонов, Сайдулло Раҳматов ва Шерзод Файзиевлардир.

 

«Андижон»

Суперлига баҳсларига жиддий тайёргарлик кўраётган «Андижон» йиғинни Тошкентда давом эттирмоқда. Жамоа йиғин доирасида Бекободнинг «Металлург» жамоаси билан назорат ўйини ўтказиб 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Беободликларга ғалаба келтирган ягона гол Станислав Андреев ҳисобига ёзилди.

Сўнгги хабарларга кўра, «Андижон» йиғинига тўрт нафар хорижлик футболчилар келиб қўшилган. Арманис­тондан марказий ярим ҳимоячи, Белоруссиядан ҳужумчи, Молдовадан ярим ҳимоячи ва бир нафар ҳужумчи кўрикка таклиф этилган. Шунингдек, «Металлург» футболчиси Аброр Хусинов ҳам андижонликлар сафида майдонга тушди.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади. 


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz