Қайднома

Қидирув

Иордания қироли кўча тозаловчи йигит билан бирга футбол томоша қилди

Иордания қироли кўча тозаловчи йигит билан бирга футбол томоша қилди

  17.01.2019 08:17
  0
  470
Иордания қироли кўча тозаловчи йигит билан бирга футбол томоша қилди

Ҳаётда баъзан киноасарга арзийдиган сеҳрли воқеалар ҳам учраб туради. Хусусан, футбол ҳам яхшигина фильмга тўғри келадиган сюжетлар тақдим этиши мумкин. «Чўнтагида бир чақаси йўқ» оддий йигитнинг севимли жамоасини мамлакат қироли билан бир жойда қўллаб-қувватлаб, қандай аҳволга тушганини бир тасаввур қилинг. Боз устига, ҳукмдорнинг ўзи унга эътибор қаратиб, саройига, бир пиёла чой ичишга таклиф этибди. Йигит ўта бахтиёр, ахир бу унинг бутун ҳаётидаги асосий воқеа саналади!

 Ҳа, бу киносценарий асосидаги воқеага ўхшайди, лекин бу ҳаммаси реал ҳаётда кузатилди. Иордания миллий жамоаси БАА майдонларида давом этаётган Осиё кубогида жуда тетик ўйнамоқда. Қитъа грандлари қаторига кирмайдиган жамоа гуруҳ босқичининг 1-турида амалдаги чемпион - Австралия термасини 1:0 ҳисобида енгиб, чинакам «сенсация» тақдим этди. Тушунарлики, «соккеруз» таслим қилинган кун иорданияликлар ўзгача шодланишди. Хусусан, мамлакат пойтахти - Аммон шаҳрида кўча тозаловчи сифатида ишлайдиган Холид Шомалий ҳам ўзини қўярга жой тополмай қўйди. Қарангки, унинг навбатчилиги айнан 1-тур доирасидаги ўйин вақтига тўғри келди. Хуллас, футболдан кўнгил узолмаган Холид кўчада зиммасидаги ишларни бажариш баробарида кафе ойнасидан мўралаганча Иордания термаси ўйинига назар солишдан ўзини тиёлмади. Ташқарида ҳаво совуқ эди, ёмғир ҳам ёғаётганди. Бироқ Холид ичкарига кириб, футболни бемалол томоша қилолмасди. Хуллас, қайсидир йўловчи Шомалийнинг ойнага ёпишиб турган ҳолатини суратга олиб, уни ижтимоий тармоқларга жойлаштирди. Диққатга сазовор томони, Иордания қироли Абдулло II ҳам бу суратга бефарқ қарагани йўқ. Мамлакат раҳбари шу қадар таъсирландики, Холидни ўз саройига таклиф қилди. Шу тариқа нотаниш йигит Иордания термасининг кейинги ўйинини шахсан Абдулло II ва унинг 24 ёшли ўғли - валиаҳд шаҳзода Ҳусайн ибн Абдулло билан бирга кузатди. Қиролнинг оддий хизматчи йигитни ўз резиденциясига чақириши ва мамлакат термасига бирга мухлислик қилгани дарҳақиқат, таҳсинга лойиқ. Дарвоқе, иорданияликлар бу сафар Сурия термасини 2:0 ҳисобида енгиб, мамлакат раҳбарини ҳам, кўча тозаловчи йигитни ҳам бирдек қувонтиришди. «Мен ва акам - Холид Шомалий ўйиндан шунчаки, завқландик», - деб ёзди Ҳусайн ибн Абдулло «Инстаграм» тармоғидаги саҳифасида. Кўча тозалаш билан шуғулланувчи йигит, мамлакат қироли ва унинг вориси саналган шаҳзода бирга - бу чиндан ҳам, ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Лекин ҳеч ким Холид Шомалийдек ҳайратланмаган бўлса керак. Ҳа, ҳаётда мўъжизалар учун асослар етарли. Гоҳида энг оддий хатти-ҳаракат ҳам энг сара мўъжизага айланиши ҳеч гап эмас...

А.АҲМЕДОВ иайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz