Қайднома

Қидирув

Кимнинг хирмони баланд? Ёки 2018 йилнинг энг сердаромад футболчилари...

Кимнинг хирмони баланд? Ёки 2018 йилнинг энг сердаромад футболчилари...

  20.01.2019 03:12
  0
  2339
Кимнинг хирмони баланд? Ёки 2018 йилнинг энг сердаромад футболчилари...

Якунланган йил қайси футболчиларга моддий томондан баракали келди? Аслида бу саволнинг жавоби анча оддий: «Лионель Месси ёки Криштиану Роналду моддият масаласида ҳам илғор-да, барибир». Худди шундай, лекин 2018 йили қай бирининг улуши кўпроқ бўлди? 10 нафар энг сердаромад футболчи рўйхатига қарасак, «Ювентус»нинг янги етакчиси бу масалада аргентиналик рақибидан ортда қолди. Унга ҳаттоки, «Инстаграм» тармоғидаги рекорд ортидан келаётган улуш ҳам Мессини ортда қолдириш имконини бергани йўқ. Энди sport24.ru сайти маълумотлари асосида рейтингга назар соламиз...

 

10-ўрин: Килиан МБАППЕ

Клуби: «ПСЖ»

Терма жамоаси: Франция

Йиллик иш ҳақи: 20 миллион доллар

Ҳомийлик шартномалари тушуми: 1,5 миллион доллар

Жами даромади: 21,5 миллион доллар

Бош ҳомийси: Nike

Сердаромадлар рейтингининг янги вакили. Бу атиги бошланиши. Мбаппе 19 ёшидаёқ ўз клуби ва терма жамоасида етакчилар қаторига қўшилишга, жаҳон чемпиони бўлишга улгурди. Франциялик тезкор йигитча яқин йилларда жаҳон футболининг бош юлдузи мақомини олишига кўпчилик шубҳаланмаяпти. Шунингдек, Килианнинг энг сердаромад ўйинчига айланиши эҳтимоли ҳам анча баланд.

9-ўрин: Анхель ди МАРИЯ

Клуби: «ПСЖ»

Терма жамоаси: Аргентина

Йиллик иш ҳақи: 20,6 миллион доллар

Ҳомийлик шартномалари тушуми: 2 миллион доллар

Жами даромади: 22,6 миллион доллар

Бош ҳомийси: Adidas

«ПСЖ»да ҳам, Аргентина термасида ҳам йирик брендлар эътиборини тортадиган юлдузлар кўп. Лекин ди Мариянинг асосий даромад манбаи - бу маош. У 2015 йили «МЮ»дан воз кечиб, жуда яхши шартлар асосида Париж клуби сафига қўшилганди. Аргентиналик ярим ҳимоячи шундан буён энг сердаромад футболчилар рейтингининг юқори поғоналаридан тушаётгани йўқ, айнан катта маоши ҳисобига, албатта.

8-ўрин: Серхио АГУЭРО

Клуби: «Манчестер Сити»

Терма жамоаси: Аргентина

Йиллик иш ҳақи: 17 миллион доллар

Ҳомийлик шартномалари тушуми: 6,5 миллион доллар

Жами даромади: 23,5 миллион доллар

Бош ҳомийси: Puma

Аргентина футболининг яна бир ёрқин вакили. 7 йилдан буён «Манчестер Сити» шарафини ҳимоя қилаётган Серхио ҳозирга келиб, клуб тарихидаги бош тўпурар ва АПЛнинг ўзига хос размларидан бирига айланди. Шундай экан, бежиз миллион ҳисобида маош олаётгани йўқ.

7-ўрин: Луис СУАРЕС

Клуби: «Барселона»

Терма жамоаси: Уругвай

Йиллик иш ҳақи: 19,9 миллион доллар

Ҳомийлик шартномалари тушуми: 7 миллион доллар

Жами даромади: 26,9 миллион доллар

Бошҳомийлари: Puma, Pro Evolution Soccer, Gatorade

Уругвайлик голеадор бошқа клубда балки янада кўпроқ маош олармиди? «Барселона»да эса фақат бир кишига мислсиз даражада катта ҳақ тўлашади. Шундай бўлсада, Суарес ҳозирча клубни алмаштириш ҳақида ўйлаётгани йўқ, фақат бутса таъминотчисини янгилади. Аниқроғи, футболчи 2018 йили Puma билан шартнома тузди. Суарес бунга қадар 10 йил давомида Adidas экипировкаларидан фойдаланганди.

6-ўрин: ОСКАР

Клуби: «Шанхай СИПГ»

Терма жамоаси: Бразилия

Йиллик иш ҳақи: 25,9 миллион доллар

Ҳомийлик шартномалари тушуми: 1,5 миллион доллар

Жами даромади: 27,4 миллион доллар

Бош ҳомийси: Adidas

Бразилиялик ярим ҳимоячи айни кучга тўлган пайти «Челси»ни Хитой лигаси билан алмаштириб, бутун футбол оламини «шок»ка туширганди. Бразилиянинг ўзида ҳам бу қадамни тушунишмади, чоғи, Оскарни терма жамоага чақирмай қўйишди. 27 ёшли футболчи эса мутлақо хотиржам. Ҳар ҳолда, жонини ортиқча қийнамасдан ҳам ҳавасга арзийдиган миқдорда маош олмоқда. Диққатга сазовор томони, Оскар ўз интервьюларидан бирида ошкора тан олганди: «Қачондир эслаш учунгина жаҳон чемпионатида ўйнаганимдан кўра, оилам истиқболига миллионлар тўплашим яхшироқ».

5-ўрин: Поль ПОГБА

Клуби: «МЮ»

Терма жамоаси: Франция

Йиллик иш ҳақи: 25 миллион доллар

Ҳомийлик шартномалари тушуми: 4,5 миллион доллар

Жами даромади: 29,5 миллион доллар

Бош ҳомийси: Adidas

Манчестер грандининг оғриқли трансфери ва умиди, «Ювентус»нинг улкан омади. Ҳар ҳолда, франциялик ярим ҳимоячи Англияда Туриндаги ишларининг ярмини ҳам кўрсатганича йўқ. Тўғри, Жозе Моуриньо кетгач, Погба мутлақо ўзгаргандек таассурот қолдирмоқда. Асосий факт шуки, Погба «МЮ»га ўз авлодининг бош юлдузи мақомида қайтганди ва бу шахсий шартномасининг маош бандида ҳам акс этди.

4-ўрин: Гарет БЭЙЛ

Клуби: «Реал»

Терма жамоаси: Уэльс

Йиллик иш ҳақи: 28,6 миллион доллар

Ҳомийлик шартномалари тушуми: 6 миллион доллар

Жами даромади: 34,6 миллион доллар

Бош ҳомийлари: Adidas, Gillette

2013 йили «Тоттенхэм»дан «Реал»га ўтган Бэйл жаҳоннинг энг қимматбаҳо футболчисига айланганди. Ўша вақт мадридликлар уэльслик футболчига ёши нисбатан каттароқ Криштиану Роналдунинг ўринбосари сифатида қарашганди. Аммо Бэйл жароҳатларга ўралашиб, кутилган даражага кўтарилолмади. Лекин яхши спорт формасида бўлса, шедеврлар яратади. Асосийси, унинг даволанишга кўпроқ вақт ажратаётгани шартнома бўйича оладиган маошига сира таъсир қилмаяпти.

3-ўрин: НЕЙМАР

Клуби: «ПСЖ»

Терма жамоаси: Бразилия

Йиллик иш ҳақи: 73 миллион доллар

Ҳомийлик шартномалари тушуми: 17 миллион доллар

Жами даромади: 90 миллион доллар

Бош ҳомийлари: Nike, Red Bull, McDonald~s, Gillette, Beats Electronics

«ПСЖ»нинг серҳиммат шайхлари Неймарга «Барселона»даги шартномасидан камида икки ҳисса манфаатлироқ битим таклиф этишганида, у рад жавоби беришга ботинолмади. Бироқ кейинроқ танганинг иккинчи томони ҳам кўприниб қолди: юлдузларга тўла «ПСЖ» Лига 1да мавсум ярмидаёқ «интрига»ни ўлдирмоқда, ЧЛда эса сира ўзини кўрсатолмаяпти. Бундан зериккан Неймар гўёки, Примерога қайтмоқчи. Лекин асосий масалалардан бири шуки, Испанияда унга Париждаги каби жуда-жуда кўп тўлашлари даргумон.

2-ўрин: Криштиану РОНАЛДУ

Клуби: «Ювентус»

Терма жамоаси: Португалия

Йиллик иш ҳақи: 61 миллион доллар

Ҳомийлик шартномалари тушуми: 47 миллион доллар

Жами даромади: 108 миллион доллар

Бошҳомийлари: Nike, Herbalife, EA Sports, Clear, American Tourister

Португалиялик мегаюлдуз ўтган йили ёзги трансферлар бозорининг бош қаҳрамони ролида гавдаланди. «Ювентус» 4 йиллик шартномага кўра, Роналдуга жами 140 миллион доллар тўлайди. Португалия футболи фахри шунингдек, Nike компанияси билан муддатсиз (умрбод) келишув тузган - баҳоси миллиард доллардан кўп! Ёқимли бонус — бу «Инстаграм»да обуначилар сонининг рекорд даражага етгани. Хуллас, Роналду ушбу тармоқдаги битта рекламага хос изоҳи учун ярим миллион доллар олади.

1-ўрин: Лионель МЕССИ

Клуби: «Барселона»

Терма жамоаси: Аргентина

Йиллик иш ҳақи: 84 миллион доллар

Ҳомийлик шартномалари тушуми: 27 миллион доллар

Жами даромади: 111 миллион доллар

Бошҳомийлари: Adidas, Gatorade, Pepsi, Huawei Technologies, Mastercard, Lays, Ooredoo

Спорт нуқтаи назаридан қарасак, 2018 йил аргентиналик учун унча яхши келмади: ЧЛдаги омадсизлик, ЖЧдаги хира иштирок, индивидуал совринлардан четда қолиш... Шундай бўлсада, Мессининг моддий-молиявий ишлари ҳамон зўр. Футболда ҳеч ким Леочалик кўп пул топаётгани йўқ, ҳомийлар эса уни рағбатлантириш учун навбатда турибдилар...

-------------------------------------------------------------------
А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz