Қайднома

Қидирув

Эътироф: Машаққат-ла топилган обрў

Эътироф: Машаққат-ла топилган обрў

  21.01.2019 01:42
  0
  669
Эътироф: Машаққат-ла топилган обрў

Футбол ўзига ошно бўлишни истаган кишидан деярли ҳеч нарса талаб қилмайди. Айнан шунинг учун бутун дунёни бирлаштириб турган бу спорт тури барча учун бирдек қадрдон. Ҳозирда миллионлаб мухлислари қалбидан жой олган машҳур юлдузларнинг аксарияти қашшоқ болалик муҳитида улғайиб, машаққатли меҳнат эвазига юксак мақомга эришишган. Келинг, уларнинг ибратли йўлларини яна бир бор ёдга олайлик.

Муҳаммад Салоҳ

14 ёшли Муҳаммадни «Ал-Мукавилюн ал-Араб» (ҳозирда «Эраб Контракторс» номи билан машҳур) клуби ўз сафига қўшиб олганди. Ҳафтанинг 5 кунида Салоҳ эрталаб соат 9да икки соатли машғулотда қатнашиш учун сафарга отланарди. Куннинг 9 соатини йўлда ўтказиб, кечқурун уйга қайтар ва навбатдаги машғулот тадоригини кўрарди.

«Бу шунчаки автобусда сайр қилиш эмасди. Машғулот жойига етиб бориш учун 3, 4, баъзан 5 марта автобус алмаштиришга тўғри келарди. Бу осон эмасди. Бироқ мен ёш эдим ва футбол ўйнашни ёқтирардим. Кўпчиликка танилишни, алоҳида нуфузга эришишни истардим. Тўғри, келажагим қандай бўлишини билмасдим, аммо орзудан воз кеча олмасдим».

Англияга келганидан кейин Салоҳ мавсумдаги голлари бўйича АПЛ рекордчисига айланди ва Африканинг энг яхши футболчиси унвонига сазовор бўлди.

Луис Суарес

Машҳур ҳужумчи Уругвай пойтахтидан 500 км. узоқда таваллуд топганди. Унинг болалиги ночорликда ўтди. 7 ёшли пайтида оиласи Монтевидеога кўчиб ўтгач, вазият янада қийинлашди. Оқибатда футболнинг чинакам шайдоси бўлган Луис 14га чиққанида орзусидан воз кечишга тайёр ҳолатга тушиб қолди. Салоҳдан фарқли равишда, Суарес машғулотларга мажбуран борадиган бўлиб қолди. Чунки у тирикчилик қилиш учун фаррош бўлиб ишлашига тўғри келганди.

«Луиснинг қандай муаммоларга дуч келгани ва ўзидан қандай из қолдирганини Уругвайда яхши билишади. У қашшоқликка қарши курашади ва ғалаба учун бор имкониятини ишга солади. Тишлоғичлиги - телбалик белгиси эмас, Суарес ўтмишга қайтишдан қўрқади», - деб ёзганди Райт Томпсон. Шундан кейин Луис Жоржио Кьеллинини тишлаб олди ва бу қилиғи учун 4 ойга футболдан четлатилиб, руҳий хасталиклар шифохонасида муолажа олди. Шу тариқа иллатдан фориғ бўлиб, «Барса»да етакчи ҳужумчилар сафига кўтарилди.

Жорж Веа

Бу футбол афсонаси 1966 йилда Либерияда дунёга келди. Унинг болалиги ҳам мамлакатнинг қашшоқ тумани, Клара-Таун шаҳрида ўтди. Ҳаваскор клубларда фаолиятини бошлаган болакай тез орада «Тоннер» скаути эътиборини тортди. Кейин «Монако»нинг ёш устози Арсен Венгер Жорж билан танишиш учун Африкага йўл олди.

Европада Веа «Олтин тўп» совринини қўлга киритди, Франция ҳамда Италия чемпиони унвонларига сазовор бўлди, уч марта ўз қитъасининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Спортдаги муваффақияти эвазига ночорликни енгган ҳужумчи кейинчалик сиёсат соҳасида ҳам самарали фаолият юритди ва иккинчи уринишда Либерия президенти лавозимини эгаллади. Инаугурация маросими тугаши биланоқ, Веа ўзининг собиқ устозлари - Арсен Венгер ва Клод Ле Ройни мамлакатнинг юксак мукофоти - Катта Хоч ордени билан мукофотлади.

Виктор Мозес

Ота-онаси диний зиддиятлар туфайли ҳалок бўлган 11 ёшли Виктор Мозесга Шимолий Норвуддаги бир оила бошпана берди. Асранди ўғил Англияда футбол билан шуғуллана бошлади ва тез орада «Кристал Пэлас» эътиборини тортди. Кейин у «Уиган», «Челси» клублари шарафини ҳимоя қилди, Англия ва ЕЛ кубоклари, АПЛ чемпионлигини қўлга киритди. Она юрти - Нигерияда эса Мозес миллий қаҳрамон, терма жамоасининг 2013 йилда қитъа чемпиони бўлишига муносиб ҳисса қўшди.

«Мактабга қатнай бошлагач, ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга одатландим. Аста-секин муҳитга мослашиб, тил ўргандим, дўстларга эга бўлдим. Тўғри, бу осон бўлмади. Бироқ мен ўз йўлимни топа олдим», - дейди Мозес.

Иан Райт

Мазкур футбол афсонаси ҳам кўпчилик касбдошлари қатори ишчилар оиласида дунёга келди. Шунингдек, ҳаваскорлар орасидан профессионал футболнинг чўққиларига кўтарила олди. Лекин бошқа футболчилардан фарқли ўлароқ, Райтнинг болалиги анча мураккаб кечди. Иан 14 ёшида уйни тарк этиб, ишга кирди. 18да эса йўл ҳаракати қоидасини бузгани учун бир ҳафта турмада «дам» олди.

Аслида футбол Райт учун ҳеч қачон касб бўлмаган, шунчаки хобби мақомида бўлган. Таажжубки, «Гринвич Боро» ҳаваскорлари орасидаги жавоҳирни ҳам «Кристал Пэлас» скаутлари ҳаммадан аввал кўриб қолишди. Шу жамоа сафидаги ёрқин ўйинлар эвазига Иан «Арсенал»га кўтарилиб, афсонага айланди: 185та гол, 2тадан Англия ва Лига кубоклари, АПЛ чемпионлиги ҳамда Кубок эгалари кубоги турнири ғолиблиги.

Лукас Радебе

Футбол сирларини ўз юртида ўргана бошлаган Лукас барча чизиқлар, ҳатто дарвозада ҳам ўйнаб кўрди ва тез орада Жанубий Африканинг энг яхши ёш футболчиси унвонига сазовор бўлди. Охир-оқибат, ҳимоячи позиция-сини танлаган Радебе 1990 йилда маҳаллий гранд - «Кайзер Чифс» таркибидан жой олди. Шу кетишда Европа сафари ҳам яқинлигига шубҳа йўқ эди. Аммо кутилмаган фалокат режани барбод қилди: Лукасни отиб кетишди. «Ичимда олов ёнаётгандек эди. Мен укам билан машинада кетаётгандим. Бирданига оёқларим бўйсунмай қолди, кейин қонга беланганимни сездим. Бошқарувни укамга бердим. У мени шифохонага элтди. Бахтимга, ўқ муҳим аъзоларимга шикаст етказмаган экан», - дейди Радебе.

Бундай жароҳатдан кейин майдонга қайтиш осон эмас. Лукас ҳам «Бешиктош» селекционерлари кузатувидаги беллашувда майдонга туша олмади. Унинг ўрнида бошқа футболчи бўлганида, тақдирга тан бериб қўя қоларди. Аммо Радебе шуғулланишда давом этди ва «Лидс» таркибида 11 йил самарали тўп сурди. Натижалари - АМК турнирларининг олтин, кумуш ва бронза медаллари.

Лионель Месси

Ўта ноёб иқтидор соҳибининг кичиклигидан жиддий эътиборда бўлганидан хабардормиз. Бироқ ана шу илоҳий неъмат ҳам Леонинг даҳога айланишига кафолат бўла олмади: соматотропин етишмаслиги оқибатида ўсмай қолган болакайни ҳеч қайси клуб ўз таркибига қабул қилмади. Фақат қоғоз сочиққа ёзилган шартномага имзо чеккан «Барселона» Леонинг муолажаси учун ҳар ойда 900 доллар сарфлашга рози бўлди. Каталония гранди саховатининг қиймати бизга маълум эмас, Мессининг сон-саноқсиз совринлари ва рекордларини эса ҳамма билади. Ибратли жиҳати шундаки, ўз юртида ҳеч кимга кераги бўлмаган болакай мусофирликда қадр топиб, бутун дунёга танилди.

Гарринча

49 ёшида жигар хасталиги туфайли ёруғ олам билан хайрлашган афсона ҳатто буюклар ҳам баъзан ички «шайтон»лар хуружидан фориғ бўла олмасликларини исботлаганди. Ичувчи ота тасарруфида ўтган болалик барвақт ўлим билан интиҳо топди.

Таъкидлаш жоизки, Гарринча номи билан жаҳонни забт этган Мануэл Франсиску душ Сантуш қийшиқ умуртқа, ғилайлик ва эгри тос суяги билан дунёга келганди. Шу боис, «Ногирон фаришта»нинг футболчи бўлишига ҳеч ким ишонмаганди. «У 80 метрга ҳам бемалол югура олмасди. Озгина югурганидан кейин албатта тўхтаб, тин оларди. Лекин шу ҳолатида ҳам тўп суришдан воз кечмади. Тез орада уни 2-3 киши қўриқлайдиган бўлди. Баъзан бутун бир жамоа навбатма-навбат уни тўхтатишга уринарди. Бироқ Гарринча ҳеч кимга тутқич бермасди. Бразилияда ундан-да севимлироқ, чуқур ҳурмат билан ёдга олинадиган киши йўқ!» - деб ёзганди касбдошимиз Тим Викери.

19 ёшида Гарринча «Ботафого»да «хет-трик» билан ўз дебютини нишонлади. Шу тариқа бошланган ёрқин фаолият ўз соҳибига иккита жаҳон кубогини ҳадя этди.

Лука Модрич

«Олтин тўп»нинг сўнгги соҳиби Болқондаги ҳарбий хунрезликлар туфайли оғир кунларни бошдан кечирди. Унинг бобоси шу урушда ҳалок бўлди. Ўшанда Лука 6 ёшда эди. 1991 йилда Модричлар оиласи қадрдон уйини тарк этиб, Задардаги меҳмонхоналарда жон сақлашга мажбур бўлди. Барча болалар каби футболга бефарқ бўлмаган Лука учун меҳмонхоналар ёнидаги автоуловлар турар жойи майдончалар вазифасини бажарарди. Ҳайратланарли жиҳати шундаки, мураккаб вазиятда суюкли машғулотидан воз кечмаган тиришқоқ йигит ҳаракатига яраша муносиб тақдирланди: «Реал»даги фаолияти давомида 5 йил ичида 4 марта ЕЧЛ ғолибига айланди, Хорватия билан терма жамоа тарихидаги энг юксак натижа - ЖЧнинг кумуш медалига сазовор бўлди.

Нванкво Кану

«Аякс» клуби ҳамда Нигерия терма жамоасининг фахри ўз фаолиятини анча барвақт якунлаш хавфи остида қолган кунлар, хайриятки, ортда қолди. Кану «Милан»да тўп сурган даврда шифокорлар унинг юрак хасталигига чалинганини аниқлашганди. Жарроҳ аралашувидан кейин Нванкво нафақат соғайди, балки футболга қайтишга ҳам муваффақ бўлди. Фаолиятини якунлагач, Кану «Юрак хасталиклари жамғармаси»га асос солди ва кўплаб беморларнинг оёққа туришларига ҳисса қўшди.

Лорен

Лорен Этаме Майер ўз номини «Арсенал» тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйган бўлсада, болалиги, ҳатто туғилиши ҳам мураккаб вазиятларда ўтди. Гап шундаки, Лоренннинг отаси - Валентин Бисан-Этаме йирик сиёсатчи бўлиб, Экваториал Гвинея диктатори Франсиско Масиас Нгема Бийогони очиқдан-очиқ танқид қилганди. Шу сабабли уни ҳибсга олиб, ўлим жазосига ҳукм қилишди. Бироқ Валентин тутқунликдан қочишга муваффақ бўлди ва ҳомиладор рафиқаси, оила аъзолари билан Камерунга йўл олди.

Лореннинг мусофирликдаги ҳаёти катта қийинчиликлар билан ўтди. Чунки у 14 нафар ака-укалари ва опа-сингиллари даврасида улғайди. «1дан 10-санагача ҳаммаси рисоладагидек ўтарди. Лекин қолган кунларда ҳар ким ўз ҳолича тирикчилик қилишга мажбур эди. Виждоним пок дея олмайман: полиция ходимлари билан жуда кўп жанжаллашганман. Хайриятки, тез орада барча муаммолардан фориғ бўлдим».

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz