Қайднома

Қидирув

“Навбаҳор” йиғинни Қримда давом эттиради

“Навбаҳор” йиғинни Қримда давом эттиради

  20.01.2019 17:06
  0
  434
“Навбаҳор” йиғинни Қримда давом эттиради

Наманганнинг “Навбаҳор” клуби жорий йилги илк ўқув-машғулот йиғинини 5 – 17 январь кунлари Наманганда ўтказди. Мазкур йиғин давомида машғулотлар кунига 2 маҳалдан Тўрақўрғондаги “Ёшлик” стадионида олиб борилди.

Шунингдек, “лочинлар” ушбу йиғин доирасида Намангандаги “Динамо” ўйингоҳида 2 та ўртоқлик учрашуви ўтказиб, Андижоннинг “Раш-Милк” жамоасини йирик – 4:0, Фарғонанинг “Истиқлол” жамоасини эса 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратишди.

Андрей Канчельскис шогирдлари навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини хорижда – Қримда ўтказишади. Шу мақсадда жамоа аъзолари бугун Тошкент - Москва – Симферополь йўналиши бўйича парвоз қилиб, Симферополь шаҳрига етиб боришди.

“Навбаҳор” клуби Қримда 1 февралгача машғулотлар олиб боришни режалаштирган. Ушбу йиғин доирасида наманганликлар 3 та назорат-синов баҳслари ўтказишни мақсад қилишган.  Мазкур ўртоқлик учрашувларида “лочинлар”га Қрим футболи етакчилари бўлган - “Таврия” (Симферополь), “Севастополь” ва “Евпатория” клублари рақиб бўлишади.

Биздаги маълумотларга кўра, Қримга қуйидаги футболчилар йўл олишган:

Мирзоҳид Маматхонов, Ғиёс Комилов, Игорь Голбан, Жаҳонгир Меҳмонов, Обид Жўрабоев, Мирзоҳид Ғофуров, Славко Лукич, Шаҳзод Шаймонов, Абдужамол Исроилов, Улуғбек Акназаров, Зафар Тўраев, Баҳодир Насимов, Александр Касьян ва бир нечта ёш футболчилар.

Шунингдек, Қримда “Навбаҳор” таркибига бир қатор янги футболчилар ҳам қўшилиб, жамоа кўригидан ўтишади. Улар қаторида 2 нафар легионер ҳам бор.
Айтганча, жамоа кўзга кўринган футболчилар билан музокаралар эса қизғин давом этяпти. Бундан ташқари, яхши савиядаги легионерларга ҳам жиддий қизиқиш билдиришяпти ва айримлари билан келишувларга ҳам эришишмоқда. Ўтган йили ярим мавсум давомида Қаршининг “Насаф” клуби шарафини ҳимоя қилган сербиялик  ҳимоячи Славко Лукични мухлислар яхши эслашади. У қисқа вақт юртимизда тўп сурган бўлса-да, ўзидан илиқ таассурот қолдирганди. Лукич “Насаф”дан кетгач, Сербияда маҳаллий “Земун” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётганди. Наманганлик мухлисларни эса Лукичнинг трансфери қониқтирди, дейиш мумкин. “Лочинлар” айни пайтда Қримда ўқув-машғулот йиғинини олиб боришмоқда. Мазкур йиғин олдидан  сербиялик ҳимоячи Славко Лукич билан “Навбаҳор”га қай тариқа келгани ва “Насаф” ҳақидаги фаолияти ҳақида sports.uz мухбири қисқача суҳбат уюштирди.

- Ўзбекистонга қайтишингизга нима сабаб бўлди?

- Ўзбекистон бошқача мамлакат, менга жуда ёқади. Бу ердаги одамларни яхши кўраман. Ўзбекистонга қайтишимнинг сабабларидан бири мен яна Осиё Чемпионлар Лигасида ўйнамоқчиман. Ўйлашимча, “Навбаҳор” клуби бундай нуфузли мусобақага йўлланмани қўлга кирита олади. Шунинг учун ҳам ушбу жамоага келдим. “Навбаҳор” жамоаси билан Ўзбекистон чемпиони бўлиш мақсадидаман.

- Жамоа бош мураббийи Андрей Канчельскис билан ҳам гаплашдингизми?

- Ҳа, у билан гаплашдим. Канчельскис ажойиб инсон. Қолаверса, мураббий сифатида ҳам унинг даражаси юқори.

- Наманган шаҳри сизга ёқдими?

- Шаҳарга чиқиб, айланишга вақт тополмадим. Чунки Намангандаги ўқув-машғулот йиғини давомида ҳар куни икки маҳалдан машғулотлар ўтказдик. -  “Насаф”даги фаолиятингизни яхши биламиз. Аммо Ўзбекистондаги илк клубингиз ҳисобланган “Насаф”да узоқ вақт қолмадингиз. Лекин қисқа фурсат ичида ўзингизни кўрсата олгандингиз. У ердан нима учун кетиб қолгандингиз?

- Ҳа, “Насаф”дан кетиб қолгандим. Менимча, ўтган йилги мавсумнинг биринчи ярмининг охирларида бу жамоада нималар бўлганини ҳамма билади. Лекин мен “Насаф”ни яхши кўраман. Қарши клубидан ўз хоҳишим билан кетмадим. Шунчаки, ўша пайтда жамоадаги ҳолат яхши эмасди.

- Тўғри, ўтган йили “Насаф” клубида муаммолар кузатилди. У ердан кетганингиздан кейин ҳам собиқ жамоангизнинг натижаларини кузатиб бордингизми?

- Мен “Насаф”нинг ҳар бир учрашувини кузатиб бораман. Шу боис бу жамоа ҳақидаги барча маълумотларга эгаман.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz