Қайднома

Қидирув

Футбол ва бизнес: Жамғариш ва кўпайтириш

Футбол ва бизнес: Жамғариш ва кўпайтириш

  22.01.2019 00:52
  0
  650
Футбол ва бизнес: Жамғариш ва кўпайтириш

Узоғи билан 12-15 йил самарали тўп суриши мумкинлигини яхши билган футболчилар фаолиятлари давомида келажак ҳақида қайғуришни ҳам пайсалга солишмаяпти. Яъни, бирор-бир соҳада ўз бизнесини йўлга қўйишга имконият пайдо бўлиши ҳамоно ишга киришадилар. Қуйидаги мақола таниқли футбол афсоналарининг тадбиркорлик фаолияти ҳақида.

Ресторан бизнеси

Футбол оламида кенг тарқалган соҳа. Масалан, Хосеп Гвардиола Манчестерда ўзи учун нафақат қадрдон уй муҳити, балки мўмай даромад манбаини ҳам яратиб олди. Тўғри, Каталония таомларидан баҳраманд бўлиш учун хўрандалардан пулни аямаслик талаб этилади.

Гвардиолага тегишли ресторандан 300 метр нарироқда «МЮ»нинг собиқ ҳимоячиси Рио Фердинанд ўз ресторан-барига ташриф буюрганларни Италия таомлари билан сийлайди. «Челси» вакиллари Виллиан ҳамда Давид Луис сармоялари эвазига фаолият юритаётган ресторанда лондонлик мухлислар ҳам итальянча озуқалардан баҳраманд бўлишади. У ерда кўпроқ футболчиларга дуч келиш мумкин.

Ресторан бизнеси Роналдуни ҳам четлаб ўтмади. Бироқ португалиялик тўпурар негадир ўз тамаддихонаси учун Бразилияни танлади ва ресторанга онасининг номини берди. Қизиғи, бразилиялик пазандалар ўз маҳсулотларини Криштианунинг онаси берган рецептлар асосида тайёрлаб, меҳмонларга тақдим этадилар. Роналду шунингдек, ўзи каби машҳур юлдузлар - теннисчи Рафаэль Надаль ҳамда баскетболчи Пау Газоль билан ҳамкорликда Ибицадаги тамаддихонани харид қилиб, Лондон ва Майамида шундай ресторанларни очди. Уларга ташриф буюрганлар япон ва Ўрта ер денгизи неъматларини татиб кўришади.

Икки йил «Галатасарой» шарафини ҳимоя қилган Лукас Подольски Кёльнда кабобхона очди. Жаҳон чемпиони бу қарорини қуйидагича изоҳлади: «Шоҳона ресторанлар дидимга мос эмас. Чунки мен олифта костюмда юришни ёқтирмайман». Польди шунингдек, шаҳардаги битта қаҳвахона ва дўконга ҳам сармоя киритган.

Женнаро Гаттузо қандолатчи дўсти Андреа Бьянки билан ҳамкорликда Варезедаги савдо марказини бошқармоқда. У ерда хом балиқ ва денгиз маҳсулотларини харид қилиш мумкин.

Меҳмонхона бизнеси

«МЮ» афсоналари Райан Гиггз, Пол Скоулз, Ники Батт ва ака-ука Невиллар янада жиддийроқ лойиҳага қўл уриб, «Олд Траффорд»га қўшни бўлган сэр Мэтт Басби кўчасида тўрт юлдузли меҳмонхона бунёд этишди. Бунинг учун тадбиркорлар 30 млн. евро сарфлашди. Меҳмонхонада 113та номер ўз меҳмонларига мунтазир. Бир кунлик тунаш баҳоси 75 евродан бошланади. Бир нечта хоналар деразаларидан стадионнинг асосий кириш йўлаги яққол кўриниб туради. Мажмуа бир неча бар, қаҳвахона ва ресторанларни ўз ичига олган. Улар бир вақтнинг ўзида 800 кишига хизмат кўрсата олади. «МЮ»нинг уй учрашувлари кунларида меҳмонхона, айниқса, гавжум бўлади.

Криштиану Роналду ҳам ўз ватанида иккита меҳмонхона очган. Лиссабон ва Фуншалдаги қўналғалар тўрт юлдузли, оролдагиси Атлантика океани соҳилида.

Лионель Месси билан Криштиану Роналдунинг Ла Лигадаги рақобати энди бизнес соҳасида давом этмоқда. Лекин Месси португалиялик касб-дошидан фарқли ўлароқ, ўз бизнесини ошкор этишни хуш кўрмайди. Миш-мишларга кўра, аргентиналик тўпурар ҳам иккита тўрт юлдузли меҳмонхонанинг соҳиби. Барселона яқинидаги Ситжесда қад ростлаган иншоотда 77, Ибицадаги қўналғада эса 52та номер мавжуд.

«Партизан», «Астон Вилла», «Сарагоса», «Парма» ва «Осасуна» жамоаларида тўп сурган Саво Милошевич «Партизан» ва «Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси Драган Чирич билан ҳамкорликда Копаоникда уч юлдузли меҳмонхонани сармоя билан таъминлади.

«Ньюкасл», «Вест Бромвич» ва «Чарльтон»даги камтарона фаолияти туфайли кўпчиликка танилиб улгурмаган Энди Хант 30 ёшида фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлгач, Белизда саргузаштларга ўч саёҳатчилар учун «Белиз Жунгли» меҳмонхонасини очди. Ўрмон ўртасидаги беш юлдузли муаассаса баҳоси нисбатан арзонроқ - 1 кун учун 70 евро.

Интернет ва реклама

Ҳаёт билан тенгма-тенг одимлашга аҳд қилган футболчи тадбиркорлар виртуал тармоқдан моддий манфаат олишга интилмоқдалар. 2015 йилда Давид Бекхэм Интернет сервис хизмати тармоғига 1 млн. евро сармоя киритиб, икки кун ичида бир неча миллион янги мижозларни жалб этганди. Роберт Левандовски бир йўла бир нечта Интернет реклама йўналишларини молиялаштирди. Уларнинг бири Германия супермаркетларидаги чегирмалар, тадбирлар, маҳсулотларнинг бор ёки йўқлиги ҳақида маълумот берса, қолганлари футболчининг ватани - Польшага оид хабарлар билан таништиради: онлайн-дўконлардаги вазият, тўй тараддудини кўраётганларга ажратилган маҳсулотлар ва уларнинг баҳолари, гўзаллик салонлари фаолияти хусусидаги маълумотлар ва ҳоказо...

Роналдунинг сармоялари эвазига вужудга келган сервис хизмати Левандовски лойиҳасининг давомига ўхшайди. У ўз мижозларига зарур бўлган буюмни имкони борича арзонроқ баҳода ва яқинроқ жойлашган дўкондан харид қилишга ёрдам беради.

Андрес Иньеста эса либосларга ўрнатиш учун мўлжалланган мини-видеокамераларни Интернет ёрдамида кўпчилик эътиборига ҳавола этишни лозим топди. Мақсад - воқеа-ни сифатли тасвир ва тўғридан-тўғри намойиш эта оладиган бу қурилмадан футбол беллашувларида фойдаланиш.

Ресторан бизнесида омади чопмаган Жерар Пике замонавий технологиялар кўмагида даромад олишга уриниб кўрганди. Бироқ каталониялик ҳимоячининг Марк Цукерберг ҳамкорлигидаги бизнеси ҳам самара бермади. Улар бир неча йил аввал «Керад Гамес» компаниясига асос солиб, иккита онлайн-ўйинни яратишди. Уларнинг бири - «Футбол менежери» катта қизиқишга сабаб бўлиб, бир неча ўн миллион мижозга эга бўлди. Аммо иккинчиси бундай муваффақиятга эриша олмади. Оқибатда 1 млн. евродан кўпроқ маблағ сарфлаган ҳимоячи компанияни тарқатиб юборишга мажбур бўлди. Бундан ташқари, Пике кўзойнаклар, салқин ичимликлар ва гамбургерлар учун котлетлар тайёрлайдиган корхоналарга ҳам ўз сармояларини киритган.

Златан Ибрагимович эса мижозлар ўртасида кенг тарқалган виртуал ўйинлар лойиҳасига 1 млн. долларлик улуш қўшган.

Мусаллас ишлаб чиҚариш

Андрес Иньеста ота касбини ривожлантиришга қарор қилиб, Фуэнтеальбильедаги 10 гектарли узумзорни кенгайтиришга киришди. Собиқ ҳимоячининг саъй-ҳаракатлари эвазига плантация майдони 12 бараварга ўсди. Бу эса йилига 5,7 тонна сархил узум етиштириш имконини берди. 2010 йилдан бошлаб Иньеста тасарруфидаги корхона қадоқланган шароб маҳсулотларини сотувга чиқармоқда. Яқинда Японияда бўлиб ўтган халқаро танловдан Иньеста шароблари тўртта олтин медаллар билан қайтди.

Андреа Пирло болалигида бувисига узум йиғиштиришда ёрдамлашиб юрарди. 2006 йилдаги ғалабадан ке-йин ҳимоячи кўҳна қўрғонни сотиб олиб, уни узумчиликка ихтисослашган хусусий хўжалик офисига айлантирди. Пирлонинг Брешиа яқинидаги узумзори 16 гектардан иборат, йилига 15000 шиша мусаллас ишлаб чиқарилади.

Пирлонинг жамоадоши Андреа Барзальи ҳам шу соҳада тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Унинг Жанфранко Саббатино билан ҳамкорликдаги корхонаси Мессина яқинидаги Фаро қишлоғида жойлашган. 2008 йилда ташкил этилган корхонанинг узумзори 10 гектар бўлсада, йилига 40000 шиша маҳсулот ишлаб чиқармоқда. Франциялик Давид Жинола, Жибриль Сиссе ва Ульрих Рамелар ҳам шу соҳа вакиллари.

Сантехника сервис хизмати

«Брондбю» тарбияланувчиси Даниэль Аггер «Ливерпул»даги ёрқин ўйинлари ва Дания терма жамоасидаги 75 иштироки билан шуҳрат қозонган. Футболчилик фаолиятидан кейин у сантехник касбини эгаллаган акаси билан махсус корхонага асос солди. Унинг фирмаси ўта мураккаб ҳолатдаги канализация қувурларида юзага келган тиқинларни бартараф этиш билан шуғулланади. Бунинг учун Аггер қимматбаҳо асбоб-ускуналарни, жумладан, видеокамераларни харид қилди. Шу тариқа ака-ука Аггерлар ҳар қандай муаммони ҳал эта олиш билан ўз мижозларини хушнуд этишмоқда.

Йўл хизмати бизнеси

Болалигида «МЮ» академиясида таҳсил олган Шон Гоатер 1989 йилда манкунианлар билан илк шарномасини имзолаган бўлсада, фаолияти «Бристоль» ва «Манчестер Сити»да ўтди. Шунингдек, у жонажон Бермуд ороли шарафини ҳимоя қилди. Кейин эса ўз юртида йўл таъмирлаш фирмасини ташкил этиб, текис ва равон кўчалар яратиш билан шуғуллана бошлади.

 С.РАҲМОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz