Қайднома

Қидирув

Ракурс: Ҳар ким билганини ўқийди

Ракурс: Ҳар ким билганини ўқийди

  22.01.2019 03:11
  0
  571
Ракурс: Ҳар ким билганини ўқийди

Сир эмаски, мураббийликдек машаққатли касбда унинг соҳибидан 100 фоиз сафарбарлик, бор куч-қуввати, малакаси ва тажрибасини ишга солиш талаб этилади. Бироқ муваффақият учун бу камлик қилади - рақобатчилардан ўзиб кетиш учун мураббий тун-у кун изланиши, тайёргарликнинг бошқа жамоаларда бўлмаган янги воситаларини топиши лозим бўлади. Қуйида АПЛ вакиллари мисолида ажабтовур тақиқлар, антиқа машғулотлар ва тегишли ўзгаришларни амалга ошираётган мутахассислар фаолияти билан танишасиз...

 Клопп, аутлар ва коктейллар

2015|2016 йиллар мавсумида «Ливерпул»да иш бошлаган германиялик мураббий аввалига англиялик журналистларнинг тинимсиз танқидлари остида юрди. Касбдошларимиз фикрига кўра, Клопп туманли ўлка воқелигини инобатга олмаган ҳолда Бундеслигадаги одатий услубини давом эттирган: жамоа прессинг қўллашда сусткашликка йўл қўйган, ҳимоядан ҳужумга ўтиш тезлиги ҳам талаб даражасида бўлмаган. Маҳаллий ОАВ фақат битта масалада якдил бўлишди - Юрген Клопп ўта қисқа вақт ичида АПЛга мослаша олади.

Амалда ҳам шундай бўлди. Икки йилда мураббий қудратли марказ ва ишончли қўрғонга эга жамоани шакллантириб, моҳир дарвозабон билан мустаҳкамлади. Шунингдек, у кучли рақобат шароитида касбдошларидан ортда қолмаслик учун қандайдир ўзига хос юришлар ўйлаб топиши лозимлигига амин бўлди. Ана шундай кутилмаган ечимларнинг энг ёрқини сифатида Томас Гроннемаркнинг аутлар бўйича мураббий сифатида «Ливерпул»га таклиф этилишини кўрсатиш мумкин. Даниялик мутахассис нафақат футбол, балки бобслей ва енгил атлетикада ҳам катта тажрибага эга. Эътиборлиси, Гроннемарк айнан тўпни ён чизиқдан ўйинга киритиш борасидаги рекорди билан Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олганди. Ўз вақтида тўпни ён чизиқдан 51,34 метр масофага улоқтирган мураббий энди ливерпуллик шогирдларига устозлик қилмоқда. Статистик маълумотларга кўра, «Ливерпул»нинг ён чизиқдан тўпни ўйинга киритиш самарадорлиги 13 фоизга ошди. Яъни, тўп рақиб жарима майдончаси ичига кўпроқ етиб бормоқда.

Бундан ташқари, Клопп ўз шогирдларининг овқатланиш тизимига ҳам сезиларли ўзгаришларни киритди. Энди «қизиллар» ўз вақтида МХЛ жамоаларида фаолият юритган германиялик пазанда таомларидан баҳраманд бўлишмоқда. Таниқли сузувчи Марк Варнеке эса тўйимли коктейллари билан футболчиларга чарчоқдан тез фориғ бўлиш имкониятини яратмоқда. Германия терма жамоасининг диетолог шифокори Мону Неммер футболчилар истеъмол қилган таомлар калориясини синчковлик билан назорат қилмоқда. Албатта, жамоадаги бу ўзгаришлар самарасини рақамларда акс эттиришнинг иложи йўқ. Лекин факт шуки, «Ливерпуль» жорий мавсум АПЛда пешқадамлик қилмоқда.

Эмери ва шакар

«Арсенал»да дебют мавсумини ўтказаётган Унаи Эмери клубда том маънодаги инқилобни амалга оширди. Биринчидан, испаниялик мутахассис лондонликлар учун деярли тотли хотирага айланган мазмунли ўйинни жамоага қайтарди. Иккинчидан, тактик машғулотларга мўлжалланган хона эшиги кўп йиллик чангдан фориғ бўлди. Айтишларича, Арсен Венгер сўнгги пайтларда бу масалага эътибор бермай қўйганди. Эмери эса ҳар бир учрашув арафасида рақиб тактикасини синчиклаб ўрганади. Учинчидан, испаниялик мураббий ўз шогирдларининг жисмоний ҳолати таҳлилига эътибор қарата бошлади. Жамоа ўқув-машғулот базаси ошхонасидаги таомнома Эмерига умуман маъқул келмади. Мураббий гуруч, ёғли ва аччиқ таомларни ман этди, шарбатлардан воз кечди. Унинг фикрича, шарбатларда шакар миқдори юқори бўлар экан. Албатта, мазкур чекловлар айрим футболчиларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Жумладан, Уэлбек ва Мустафи Эмеридан шарбатлар истеъмолига рухсат сўрадилар, мураббий уларнинг илтимосини қондирди. Ҳозир «тўпчилар» базасида шарбат тайёрлайдиган мосламага дуч келиш мумкин, ундан барча ўйинчилар бемалол фойдалана оладилар. Бундан ташқари, Эмери база ҳудудида қўшимча машқ жиҳозларини ташкил этди. Машғулот жараёнидаги қисқа танаффусларда улардан фойдаланиш футболчиларга куч бағишлайди.

«Эмери дейсизми? Унинг озгина бўлсада жим юрганини кўрмайсиз. Планшетини кўтариб олганича барчамизга дакки беради, фикр-у зикри фақат футбол билан банд. Шунга қарамасдан, унинг ўз вазифасига муносабати менга ёқади», - деганди Шкодран Мустафи. Дарвоқе, Венгер даврида Шкодран кўплаб хатоларга йўл қўярди. Энди бу кўрсаткич 53 фоиздан 29,7га камайди.

Бенитес ва тактика

Баҳорда англиялик касбдошларимиз испаниялик мутахассисга оид қизиқарли маълумотни эълон қилишганди. Унга кўра, Рафаэль Бенитес оила даврасида овқатланишни шунчалик ёқтирмас ёки футболни шунчалик севар эдики, стол устидаги ликопларни 4-4-2 схемасида жойлаштирар ва рафиқасидан танбеҳ эшитганидан ке-йин мамнун ҳолда футбол беллашувларини томоша қилишни бошлар экан.

Жорий мавсум старти арафасида Жонжо Шелви устози хусусида шундай деганди: «Бенитес фақат футбол билан нафас олади. Бир куни қабулига кириш ниятида кабинети эшигини чертдим. Бироқ у эшитмади - хонадаги иккита улкан телевизорда ўйин намойиш этилаётган, мураббий ўша билан овора эди. Кейин мураббий 5-6та услублар ҳақида нималарнидир айтди. 1,5 соатлик маърузадан кейин кутилмаганда мени саволга тутди: «Жонжо, сен бу борада нима дея оласан?» Мен жавоб қайтаролмадим. Чунки дастлабки дақиқалардан кейин унинг гаплари қулоқларимга кирмай қолганди».

Тўғри, тактика илмига катта эътибор қаратиши Бенитесга кутилган самарани бермаяпти. Мавсум арафасида уни «Челси»га таклиф этишганидан бохабар бўлган «Ньюкасл» мухлислари бунга қарши чиқиб, исён кўтаришга ваъда беришганди. Рафа жамоада қолди, аммо «Ньюкасл» жадвал тубига тушиб кетди. Энди ишқибозлар мураббий истеъфосига қарши эмаслар, Бенитес эса тинчлигини йўқотган.

Сарри ва тўп назорати

Маурицио Сарри асосий эътиборини тўп назоратига қаратмоқда. Унинг даврида «кўклар»нинг узатмалари сони Конте ва Хиддинк даврига қараганда икки бараварга ошган. Сарри «квадрат» ичида талаб даражасида тўп суролмаган шогирдларини майдон атрофини бир неча марта айланиб чиқиш билан жазолайди. Мураббий шунингдек, панна бў-йича дунёнинг энг кучли ўйинчиси ҳисобланган Софьен Тузанини ҳам Лондонга таклиф этди. Бу мутахассис жамоа аъзоларини даврага таклиф этиб, икки нафар футболчини марказга туширади. Ана шу футболчилар навбатма-навбат тўпни рақибининг оёқлари орасидан ўтказишга уриниб кўришади. Қизиғи шундаки, икки соатли машғулот жараёнида Эден Азар ва Виллиандек маҳорат соҳиблари мағлуб бўлганлар сафидан жой олишди.

Вагнер ва юкламалар

Шу ҳафта «Хаддерсфилд»ни тарк этган Дэвид Вагнер мухлислар орасида ботаник тахаллусини олган. Доимо рюкзак билан юради, унинг ичида нималар борлигини ҳеч ким билмайди. Вагнер ҳам худди Бенитес каби ўз шогирдларини футбол мавзусида мулоқотга мажбур этади, аввалги учрашувларда йўл қўйилган хатолар ва уларни бартараф этиш хусусида фикрлашади. Бу мутахассис учун шогирдларининг жисмоний ҳолати биринчи ўринда. Вагнер кўпинча футболчилар билан ўзига хос «арқон тортиш» мусобақасини ўтказади. Яъни, стадиондаги автокарага арқон боғлаб, иккинчи учини шогирдининг белига боғлаб қўяди. Кейин ўзи аста-секин каранинг тортиш кучини ошириб боради. Хуллас, Вагнер муваффақият йўлида турли воситаларни ишга солганди. Бироқ «Хаддерсфилд» жорий мавсум турнир жадвалининг тубида кўтарила олмагач, мураббий истеъфога чиқарилди.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz