Қайднома

Қидирув

Клюйвертга ҳавас қилган юлдуз 34 ёшни қаршилайди...

Клюйвертга ҳавас қилган юлдуз 34 ёшни қаршилайди...

  27.01.2019 05:16
  0
  359
Клюйвертга ҳавас қилган юлдуз 34 ёшни қаршилайди...

Футбол оламида ўз ўрнига эга бўлиб, аъло даражада юксакликка эришган португалиялик юлдуз 5 февралда 34 ёшни қаршилайди. Шу муносабат билан турфа рекордлар соҳиби Криштиану Роналдунинг қизиқарли ҳаёт йўлига яна бир бор назар солиш истаги туғилди.

Оилада тўртинчи бўлиб туғилган футболчига исм қўйиш катта тортишувларни келтириб чиқарган. Онаси Криштиануни, отаси эса Америка классик фильмлари актёри Роналдни танлади ва якунда бу исмлар бирлаштирилди. Тортишув хулосаси футбол қиролининг паспортида яққол намоён бўлди. Ҳаттоки, отаси ҳавас қилган машҳур актёр АҚШнинг 40-президенти бўлишга ҳам улгурганди. Машҳурликка эришишда унга қўйилган исм ҳам маълум даражада таъсир кўрсатишини Криштианунинг ҳаёти ҳам исботлай олди.

Мария Долореш душ Сантус ва Жозе Диниша Авейро оиласидаги кенжатойнинг бир акаси ва икки опаси ҳам бор. Тўнғич фарзанд Эльма 1974 йилда туғилган ва ҳозир CR7 номли дўконлар тизими эгаси. Бир йил ўтар-ўтмас, ёшлик даврида гиёҳвандликка рўжў қўйган Хюго туғилади ва шуни эслатиб ўтиш лозимки, у Роналдунинг пуллари сабаб хавфли иллат гирдобидан халос бўлди. 1976 йилда эса Катя - ўша машҳур португал хонандаси дунёга келади.

Болалигини хотирлаган Роналду голландиялик футболчи Патрик Клюйвертнинг мухлиси бўлганлигини тан олади. «Чемпионлар Лигаси финалидаги «Аякс» - «Милан» ўйинида Патрик мени лол қолдирган. Учрашув давомида у ёш бўлишига қарамай, тажрибали ўйинчилар билан тенгма-тенг тўп сурган. Клюйверт ўша ўйиндаги ҳал қилувчи голни урганди. Менинг унга бўлган меҳрим сохта эмаслигини билганман».

1997 йили Роналду Мадейродан Лиссабонга қараб йўл олди. Фаолиятини йўлга қўйишга астойдил аҳд қилган футболчи ўқишини «Спортинг» академиясида давом эттирди. Унинг бу спорт турини танлашига ҳеч ким тўсқинлик қилмади.

Ҳеч кимнинг ҳаёт йўли равон эмас. Ҳамманинг тақдирида, келажагини яратишида номаълум ғовлар мавжуд. Ана шундай қаршилик Роналду ўтмишида ҳам рўй берди. 15 ёшлигида Роналдуга ташхис берилди - тахикардия, яьни юракнинг тез уриши. Бу диагноз билан эса профессионал фаолиятни бошлаш ўлим билан баробар эди. «Спортинг» шифокорлари ва профессионал жарроҳлар карьеранинг давом этишига замин ҳозирлашди. Ҳа, қизиқарли факт, операция жуда қисқа муддат талаб этди. Лазер билан даволанган Роналду уч кундаёқ яшил майдонда машғулотларини қайтадан бошлади.

Сир эмаски, Роналду ўзининг ташқи кўринишига ва имиджига катта эътибор қаратади. Унинг танасида татуировка йўқ. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор - Роналду фаол донор (қон топширувчи) ҳисобланади. Ижтимоий тармоқларда ўзи шундай дейди: «Татуировка билан донор бўла олмасдим. Шу сабабли уларга эҳтиёж туғилмаган». 2003 йилнинг ёзида Роналду «Спортинг»дан «Манчестер Юнайтед»-га кетади.

Умуман олганда, қаҳрамонимизнинг Англиядаги фаолияти Манчестерда эмас, балки Лондонда бошланганди: «Арсенал» машғулотларида қатнашди. «Канонирлар» шартнома тузишга ҳам қарши эмасдилар, аммо «МЮ» бош мураббийи ёрдамчиси Карлуш Кейруш португалча қараши билан Роналдуни «Олд Траффорд»га чорлади. «Ҳафсалам пир бўлганди: Роналду билан шартнома тузишга жуда яқин тургандим. Лекин у хоҳламади ва бу ҳали-ҳамон менга алам бўлиб қолган», - деганди Арсен Венгер. Роналду «МЮ» тарихидаги илк португал эди. У ўзига 28-рақамни олишни хоҳларди, бироқ Фергюсон 7-рақамнинг янги эгасини топгандек бўлганди. «Бу рақам туширилган футболка менга қўшимча куч бағишлайди», - деганди Роналду.

Криштиану - Португалия миллий жамоасининг энг яхши тўпурари: 154 ўйинда 85та гол.

2009|2010 йиллар мавсуми. Испания чемпионати доирасидаги «Реал» - «Хетафе» ўйини... Роналду беихтиёр мухлиснинг бурнини синдирди... Криштиану тепган тўп биринчи қаторда мириқиб дам олаётган ишқибоз томон йўналди. Испания ТВсида айнан шу воқеа Роналдунинг «хет-трик»идан кўра кўпроқ муҳокама қилинди. Ўйин якунида португалиялик юлдузнинг шахсан ўзи бориб, ўша ҳаммага машҳур «7» рақами туширилган футболкасини ечиб, жабр-дийда мухлисга топширди.

2013 йили Роналдуда яна шундай воқеа такрорланди. У жарима тўпини тепишни соғинган онлар. Стандарт вазиятда тепилган тўп 11 ёшли Чарли исмли болакайга бориб тегди. Бу сафар воқеа қўл синиши билан якунланди. «Одатда, қўл синиши мураккаб кечарди. Масалан, баланд дарахтдан йиқилсам. Кам учрайдиган ҳолат. Мабодо, юзимни чап қўлим билан тўсмаганимда, аниқ биламан, тишсиз қолардим», - деганди Чарли табассум билан. «Қироллик клуби» болакайга жамоа дастхати туширилган майкани топширганди.

2013 йилнинг декабрь ойида Роналду музейи очилди. Бу тарихий воқеа унинг қадрдон шаҳри Фуншада бўлди. Музей ташкил этишдан мақсад Роналдунинг эришган ютуқларини барчага кўрсатиш эди.

Роналду жойида турган ҳолда 48 сантиметр баландликка сакрайди. Югуриш жараёнида эса сакраш кўрсаткичи 78 сантиметрни ташкил этади. Юқоридаги маълумотлар Криштиану фанатлари учун қўшимча сифатида ёзилди. Агар сиз бу маълумотдан олдинроқ хабар топган бўлсангиз, демак «7» рақами ҳукмдори - Криштиану Роналдунинг ашаддий мухлиси экансиз.

А.Аҳмедов тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz