Қайднома

Қидирув

Ҳаёт давом этади...

Ҳаёт давом этади...

  29.01.2019 00:44
  0
  384
Ҳаёт давом этади...

Йигитларга минг раҳмат, улар майдоннинг ҳар бир қаричи учун муносиб кураш олиб боришди. Австралия билан ўйиндан сўнг ижтимоий тармоқлардаги фикрларни ўқиб чиқдим. Аксарияти танқид-у хақоратлардан иборат. Лекин термамиз аъзолари бундай муносабатга муносиб эмаслар. Шунчаки, миллий жамоамизга яна «нимадир етишмади». Ҳозир вакилларимизнинг мағлубияти сабаблари, хато ва камчиликларни муҳокама қилиш фикридан йироқман. Бу ҳақда яхшиси, ўз ишининг усталари шуғуллангани маъқул. «Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин», деган гап бор. Ундан кўра, Эктор Купернинг ташрифидан сўнг миллий жамоамиз ўйинида кузатилган ўзгаришлар хусусида суҳбатлашсак.

Амирликларда ўтган мусобақада барчамиз кўрдикки, ўйинимизда бироз бўлсада ўсиш бор. Энди аввалгидек Япония, Австралия каби рақиблардан чўчиб, 4-5та гол ўтказиб юборадиган жамоа йўқлигига амин бўлдик. Эслаб кўринг-чи, қачон биз Австралия билан тенгма-тенг ўйнаганмиз? Купер шу қисқа вақт ичида грандларга етарлича рақобат туғдирадиган, керак бўлса, улардан ҳам яхшироқ ўйнайдиган жамоани шакл-лантирди. Демак, энди ЖЧ саралаш баҳсларида грандлар билан бемалол куч синаша олишимизга ишонч бор. Агар хоҳиш кучли бўлса, улардан ҳам устун келишимиз мумкинлигини жорий Осиё кубогидаги иштирокимиз орқали исботладик. Пенальтилар серияси - бу лотерея. Ўз вақтида жаҳон юлдузлари ҳам унда омадсизликка юз тутишган.

Осиё кубоги режаси

Келинг, ҳаммасини бошидан бошлаймиз. Режага кўра, миллий жамоамиз Осиё кубогига таёргарликни 2018 йил аввалида бошлаши керак эди. Лекин мураббий масаласи ҳал бўлмагач, бу иш кейинга чўзилди. Темур Кападзе вақтинчалик термани ўртоқлик учрашувларида майдонга олиб тушди. Аммо у ҳам жамоага ўзгаришлар киритишдан ти-йилди. Ўртоқлик ўйинлари асосан олимпия термасига хизмат қилди, жамоани Осиё ўйинларига тайёрлаш вазифасини ўтаб берди. Равшан Ҳайдаров эса йиғинларни бўлажак олимпиячиларимиз билан олиб борди. Шуниси аниқ эдики, жамоада Осиё кубоги учун аниқ режа, дастур йўқ эди. Шунинг учун ҳам қитъа биринчилиги тайёргарлиги янги мураббий келганидан сўнг бошланди. Бироқ вақт ўтиб бораётган, Эктор Купер қанчалик тажрибали мутахассис бўлмасин, футболчилар билан танишиб, уларнинг ҳаракатларини кузатиб, таркиб ва ўйинни шакллантиргунгача маълум вақтга эҳтиёж сезади. Чунончи, бундай шароитда Осиё кубогида термамиздан ҳеч қандай натижа талаб қила олмаслигимиз ойдинлашиб бораётганди.

Янги мураббий           

Эктор Купер келди. Унинг ташрифидан сўнг мухлис-у мутахассислар мўъжиза кутишди. Лекин аргентиналик мутахассис илк матбуот анжуманидаёқ журналистларга қуйидагича жавоб берди: «Мендан ҳеч қандай мўъжиза кутманг, дастлаб барча билан танишиб олишим зарур». Шундай бўлди ҳам. Дастлабки йиғин, ўртоқлик учрашуви танишиш, футболчиларни кўздан кечириш имконини берди. Октябрь ойида ташкил этилган машғулотлар ва назорат баҳслари жамоада ўйинни шакллантириш ишлари бошланганидан далолат эди. Аввало, ҳимояда тартиб юзага келаётганди. Купер учун биринчи навбатда, шу жиҳат - тартиб муҳим.

«Яшил қитъа»да ўтказилган йиғин, ўртоқлик ўйини нима учун ташкил этилгани, очиғи, тушунарсиз. Бу Эктор Купергагина аён. Назорат учрашувлари мураббий учун хизмат қилиши барчага маълум. Унда жамоа устози шогирдларининг хато ва камчиликларини кўриб олади, ўзи учун керакли хулосаларни чиқаради. Дастлабки учта йиғин мураббий учун танишув вазифасини ўтаб берган бўлса, мусобақага ҳақиқий таёргарлик декабрь ойида олиб борилди. Айнан мана шу йиғинда у якуний таркибни аниқлаб, хато ва камчиликлар устида ишлаши керак, бунинг учун эса ўртоқлик учрашувлари ниҳоятда зарур эди. Аммо жаноб Купернинг хоҳишига кўра назорат ўйинлари ташкил этилмади.

ТАРТИБЛИ ЎЙИН

Ўзи шундоқ ҳам танқидлар ёмғири остида қолаётган термамизга илк турдан сўнг босим янада кучайди. Лекин тан олайлик, Купернинг футбол борасидаги билими бизникидан анча юқори. У нима қилаётганини яхши билади. +олаверса, биринчи турда барча жамоалар қийналди, фақат Эрондан ташқари. Шунинг учун Уммон билан бўлган ўйинни табиий қабул қилдим. Иккинчи турда барчаси биз истагандек кечди. Кейинги учрашувларда термамиз ютқазган бўлсада, йигитлар рақибдан чўчимасдан ҳаракат қилишди. Мана шу ўйинларда гувоҳ бўлдимки, миллий жамоамиз ўйини, хусусан, ҳимоявий ҳаракатларда тартиб-интизом тўғри йўлга қўйилган. Ҳимоядан ҳужумга ўтишда ҳам мураббийнинг имзоси кўзга ташланди. Тартиб юзага келиши билан ҳужумда ҳам имкониятлар яратилади.

ХУЛОСА

Ўйлайманки, Эктор Купер ўзбек футболига кўп нарса бера олади. Ҳар ҳолда, термамизнинг Осиё кубогидаги ўйинлари шундай фикрлашга ундамоқда. Ушбу мусобақани бироз эртароқ тугатганимиз ёқимсиз ҳол, аммо ҳаёт шу билан тўхтаб қолмайди. Ҳаёт давом этар экан, келажакка умид кўзи билан қарашда давом этаверамиз. Купер шакллантираётган, мустаҳкам ҳимоя асосида қурилаётган ўйин бизга ЖЧ саралашларида ҳали кўп асқотишидан умидвормиз.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz