Қайднома

Қидирув

Давид Сильва: «рақиблар биздан чўчишади, деб ўйламайман»

Давид Сильва: «рақиблар биздан чўчишади, деб ўйламайман»

  30.01.2019 04:29
  0
  476
Давид Сильва: «рақиблар биздан чўчишади, деб ўйламайман»

«Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Давид Сильва FourFourTwo нашрига берган интервьюсида оиласи, айни пайтдаги ўйини, мураббийи, рекордлар ва шунга ўхшаш бошқа мавзулардаги саволларга жавоб қайтарди.

Муддатидан олдин туғилган фарзанди ҳақида

- Маттео муддатидан уч ой олдин туғилиб, Валенсиядаги шифохонада ётарди. Манчестердан у ерга тез-тез бориб туришимга тўғри келган. Бу парвозлар анча чарчатиб қўйганди. Худога шукур, айни пайт ўғлим ўзини яхши ҳис қиляпти ва тез ўсмоқда. Бунинг учун клубдан, жамоадошларимдан ва албатта, Пеп Гвардиоладан миннатдорман. Улар мени қўлларидан келгунча қўллаб-қувватлаб туришди. Гвардиола ўшанда «Давид, имкони бўлиши ҳамоно кетишинг мумкин. Агар сен ўйнамаганинг учун очко йўқотсак, қўрқинчли жойи йўқ. Биринчи ўринда оила бўлиши керак», деганди. Хайрият, Матео ҳозир соппа-соғ. Яқинда бир ёшлигини нишонлаймиз. Аммо уни оёққа турғазиш учун олти ой курашдим. Умуман дам олмасдим. Хаёлимда фақат Жесика билан Маттео турарди. Боз устига, ҳафтасига бир марта ўйиндан олдин машқ қилардим. Овқатланишимда ҳам ҳаловат йўқ эди. Гвардиола айтганидек, айрим ўйинларда майдонга тушардим, бошқасида ўйнамасдим.

«Манчестер Сити»нинг жорий мавсумдаги иштироки ҳақида

- Мавсумни жуда яхши бошладик. Ҳозир иккинчи ўринда бораётган бўлсакда, чемпионлик учун имкониятларимиз юқори. Жамоа динамикаси ҳам яхши.  Албатта, барчаси тинимсиз меҳнат эвазига келмоқда. Бунинг ҳеч қандай сири йўқ. Агар ҳамиша юқори савияда ҳаракат қилмоқчи бўлсангиз, бунга риоя қилишингизга тўғри келади.

Ўйин услуби ҳақида

— Пеп мени энг яхши ўйинимни кўрсата оладиган позицияга қўйди. Марказда ўйнашни ёқтираман. Шунингдек, тўпни назорат қилишни ҳам яхши кўраман. Умуман олганда, Гвардиола мендан айтарли катта нарса талаб қилмайди.

Пепнинг биринчи мавсуми ҳақида

- Жамоани алмаштирганда ҳамиша қийинчиликларга дуч келасиз. Пеп билан ҳам шундай бўлди. Чунки янги мураббий янги фалсафа билан келади. Шу боис футболчилар ҳам янги нарсаларни ўрганишга мажбур бўлишади. Бу эса маълум вақтни талаб қилади.

Рақиблар ҳақида

— Рақиблар биздан чўчишади, деб ўйламайман. Шунчаки, ҳурмат қилишади. Буни ўтган мавсум ҳам ҳис қилганмиз. Биринчи дақиқаданоқ буни сезиб турамиз.

Рекордлар ҳақида

— Ўтган мавсум чин маънода рекордларга бой тарзда ўтди. Бу биз учун совға десам ҳам бўлаверади. Умуман олганда, индивидуал рекордлар ҳақида ўйламайман. Мен учун энг муҳими - ҳар доим майдонга тушиш.

Туғилиб ўсган шаҳри Аргинегин ҳақида

— Аргинегинда ҳеч қачон футболдан айрилмаганман. Кўчада, пляжда, мактабда, умуман, ҳамма ерда. Гран Канарияда об-ҳаво ҳар доим кўчада бўлишимиз учун замин яратади. Отам Фернандо ҳаваскорлар футболида анча танилганди. У Испания тўртинчи дивизионида «Депортиво Аргинегин» жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Олдинлари у мени машғулотларга олиб борарди. Баъзида дарвоза ортига қўйиб қўярди. Ўшанда унинг жамоадошларидан бири қўлимни синдириб қўйган. Унинг зарбаларидан бири қаттиқ теккан ва мени касалхонага олиб боришган. Хуан Карлос Валерон ҳам Аргинегиндан. У ёшлигида отам билан бир жамоада ўйнаган. Аргинегин - кичик шаҳар. Лекин ўз футболига эга. Биз Канар ороллари «маҳсулотимиз» ва бундан фахрланамиз. Испанияда бир гап бор: канарлик футболчилар испанлардан кўра бразилияликка кўпроқ ўхшашади.

«Валенсия» ҳақида

— Аввалига жуда қийин бўлган. Эндигина 14 ёшга тўлгандим ва оиламдан узоққа кетиб, клуб академиясида яшардим. Агар буни бошдан кечирмаган бўлсангиз, тушуниш қийин. Орадан икки йил ўтгач, акам билан онам ҳам Валенсияга кўчиб келишди. Бир йилдан сўнг отам ҳам келди. Унга «Месталья» стадионида стюардликни таклиф қилишди. Чунки қийналаётганимни билишарди. Кейинчалик ҳаммаси изига тушиб кетди. «Эйбар» ва «Сельта»да ижарада ўйнадим. «Валенсия»да ўзимни кўрсатганимдан сўнг «Манчестер Сити»га ўтдим.

 

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz