Қайднома

Қидирув

Турғунбоев трансфери: охири нима бўлади?

Турғунбоев трансфери: охири нима бўлади?

  31.01.2019 07:13
  0
  751
Турғунбоев трансфери: охири нима бўлади?

Миллий жамоамизнинг Осиё кубогидаги иштироки борасидаги баҳс-мунозаралар ҳали «совиб» улгурмай, футболимизда янги шов-шувли масала юзага чиқди - Азиз Турғунбоев. «Навбаҳор»нинг Суперлига-2018да бронза медали ютишига муносиб ҳисса қўшган ва шунинг таъсирида миллий жамоага жалб қилинган футболчининг ҳозирги ҳолатига асло ҳавас қилиб бўлмайди...

Гарчи ҳолатнинг умумий кўриниши аксарият мухлису-мутахассисларга аён бўлса-да, озгина изоҳ ортиқчалик қилмаса керак: янги йилнинг илк куни «шерлар» расмий сайтида «Азиз Турғунбоев «Пахтакор» футболчисига айланди!» сарлавҳали хабар эълон қилинди.

Унда айтилишича, ярим ҳимоячи клуб билан 2 йиллик шартнома тузган ва янги мавсумда айнан «шерлар» шарафини ҳимоя қилади. Аммо орадан кўп ўтмай, «Навбаҳор» расмий сайтида ҳам футболчига боғлиқ «Турғунбоевнинг шарт­номаси якунланмаган» сарлавҳаси остида мақола чоп этилди.

Унда таъкидланишича, 2018 йил якунида бир қатор футболчилар билан келишув муддати узайтирилган, улар орасида Турғунбоев ҳам бор. Худди шу куни «Навбаҳор»нинг мухлислар билан ишлаш бўлими етакчиси Фарҳод Умаралиевнинг Турғунбоев билан қисқа суҳбати ҳам илова тарзида чоп этилди.

Ёзилишича, футболчи «Пахтакор» билан шартнома масаласида гаплашгани, аммо янги мавсумни «Навбаҳор»да бошлашни истаётганини айтган. Шу тариқа унинг ҳуқуқий жиҳатдан қайси клубга тегишли эканлиги ҳақида тортишувлар бошланиб кетди ва 26 январга келиб, championat.uz сайти ходимлари «Турғунбоев сериалидаги кульминация» номли мақола орқали футболчининг россиялик агент Андрей Митрофанов билан ҳамкорлик қилаётгани ҳақида маълумот беришди.

Хусусан, агентнинг айтишича, футболчи ва «Пахтакор»  ўртасида тўлақонли келишув расмийлаштирилган. Шундан кейин Турғунбоевнинг келажаги катта хавф остида қолгани ойдинлашди. Зеро, Митрофановнинг иддаосига кўра, агар Азиз унинг иштирокисиз «Навбаҳор» билан янги келишувга эришган бўлса, ўртадаги шартлашувга мувофиқ, у 100 минг евро миқдорида жарима талаб қилади. 

Агар футболчининг бир вақтнинг ўзида 2та клуб билан шартнома тузгани тасдиқланса, унда бу иш ПФЛ Тартиб-интизом қўўмитаси томонидан кўриб чиқилиши ҳамда регламентга мувофиқ, Азизга 500 миллион сўмгача жарима солиниши, энг ёмони, у 6 ойга футболдан дисквалификация қилиниши мумкин.

Дарвоқе, 26 январь куни kun.uz сайти ҳам алоҳида мақола чоп этди ва унда «Пахтакор» ҳамда «Нав­баҳор» клублари вакиллари, шунингдек, ПФЛ бош директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаев Азиз Турғунбоев масаласи юзасидан ўз муносабатларини билдиришди.

Беҳзод Назаров («Пахтакор» матбуот котиби):- Айни пайт Азиз Турғунбоев мавжуд ҳужжатларга асосан, «Пахтакор» аъзоси саналади. Қоидаларга кўра, клуб футболчи билан шартнома тузганидан сўнг ҳужжатни бир ой ичида ПФЛга тақдим этиб, рўйхатдан ўтказади. Бордию, шу жараён амалга оширилмаса, шартнома тан олинмайди. «Пахтакор» январь ойи бошида ўйинчи билан расмийлаштирилган шартномани ПФЛга юборган. «Навбаҳор» эса ҳали бундай ҳужжатни ПФЛга тақдим қилгани йўқ.

Диёр Имомхўжаев (ПФЛ бош директори маслаҳатчиси): - Турғунбоевнинг 2та клуб билан шартнома тузгани борасида ҳозирча далил йўқ. Чунки фақат «Пахтакор» клуби шартномани олиб келди ва рўйхатдан ўтказди. Агар «Навбаҳор» ҳам ҳужжатларни олиб келса, ПФЛ иш очиши керак.

Бироқ Турғунбоев Қримда «Навбаҳор» маш­ғулотларида қатнашаётгани учун «Пахтакор» тарафидан эътироз мактуби олдик. Демак, иш очишга ҳақлимиз. Келаси ҳафта футболчи, Илҳом Мўминжонов, ҳар икки клуб спорт ва бош директорлари, ПФЛ Мусобақаларни ўтказиш бўлими ва ЎФА комиссияси вакиллари иштирокида мажлис бўлиб ўтади. Унда мазкур муаммоли масала бўйича юқоридагилар фикри тингланади.

Агар футболчи 2та шартномага имзо чеккан бўлса, унга нисбатан кескин жазо чоралари қўлланади. Бунда клублардан бири ўз ваколати доирасидан ташқари ҳаракат қилгани аниқланса, унга ҳам катта жарима, футболчиларни рўйхатдан ўтказиш борасида тақиқ, ўйинчини эркин агентга айлантириш каби жазо чоралари қўлланилиши мумкин.

Якшанба куни кечаси «Навбаҳор» мухлисларнинг Telegram тармоғидаги махсус каналига ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновга йўлланган видеомурожаат жойлаштирилди. Табиийки, унда жамоа тарафдорлари Тур-ғунбоев масаласи «Навбаҳор» фойдасига ижобий ҳал этилишини сўрашган.

Хуллас, шунақа гаплар. Бу масалада InterFutbol таҳририятининг фикри қуйидагича: агар клублардан бири ёки футболчи қоидага хилоф иш тутган бўлса, муайян жазога тортилиши керак, албатта. Лекин танганинг иккинчи томони ҳам борлигини унутмайлик - ушбу нохуш англашмовчиликлар туфайли ўзбек футболи яна бир истеъдодни йўқотмасин.

Ҳар ҳолда, Тур­ғунбоев салоҳияти чакки эмаслигини исботлашга улгурган футболчи. Бас, шундай экан, энг маъқули - муроса. Яъники, ғалати «учбурчак» ичига кириб қолган «Пахтакор», «Навбаҳор» ва Турғунбоев ўртасидаги муроса...

Мутахассис фикри

Бу масала таниқли мутахассис Алишер Никимбаев эътиборини ҳам ўзига тортди. У Telegram тармоғидаги каналида ҳолатга чиройли ривоят мисолида баҳо берди: «Азиз Турғунбоев билан юзага келган вазият адолатли қарорлари билан танилган шоҳ Сулаймонга боғлиқ машҳур ривоятни эслатиб юборди.

Кунлардан бирида Сулаймон шоҳ ҳузурига бир чақалоқни талашаётган икки аёлни олиб келишади. Қизиғи, ҳар иккиси гўдакка даъво қиларди: «Бу меники». Табиийки, ДНК таҳлили билан боланинг аслида кимга тегишли эканлигини аниқлаш имкони йўқ эди.

Шунда шоҳ гўдакни қоқ иккига бўлиб, ҳар икки аёлга биттадан бўлак беришни буюради. Буни эшитган аёллардан бири жим туради, иккинчиси эса «оҳ» уриб, подшоҳ оёғига йиқилади:

- Тўхтанглар! Майли, боланинг онаси у бўла қолсин. Аммо норасидани тирик қолдиринглар...

Шунда Сулаймон якуний ҳукмни эълон қилади:

- Мана, гўдакнинг ҳақиқий онаизори - шу! Зеро, чин онагина дилбанди бошқа инсон қўлида бўлсада, тирик қолишини истайди...

Айни ҳозирги ҳолат футболчини дисквалификация хавфига яқинлаштирмоқда. Афтидан, мутасаддиларни Азизнинг келажаги қизиқтирмайди, чоғи».

Исроил РАҲИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz