Қайднома

Қидирув

Бора МУЛИТИНОВИЧ: «КИМ ИЧИКИЛИКНИ ЎЙЛАСА, УЙИДА ҚОЛАВЕРСИН...»

Бора МУЛИТИНОВИЧ: «КИМ ИЧИКИЛИКНИ ЎЙЛАСА, УЙИДА ҚОЛАВЕРСИН...»

  02.02.2019 12:22
  0
  639
Бора МУЛИТИНОВИЧ: «КИМ ИЧИКИЛИКНИ ЎЙЛАСА, УЙИДА ҚОЛАВЕРСИН...»

Нақ 33 йилга чўзилган мураббийлик фаолияти давомида 13та жамоага устозлик қилган сербиялик мутахассис Бора Милутинович битта кўрсаткичи билан жаҳоннинг мутлақ рекордчиси ҳисобланади: у 5та миллий жамоа бошқарувида 5та ЖЧда иштирок этган! Яъни 1986-2002 йиллар оралиғида навбати билан Мексика, Коста-Рика, АҚШ, Нигерия ва Хитой миллий жамоаларини мундиал сари етаклаган ва нақ 4та ЖЧда шогирдларини гуруҳдан олиб чиққан. Айни пайт Қатарда фаолият юритаётган Милутинович «Зенит»нинг Дохада йиғин олиб бораётганидан хабар топиб,

- Жаноб Бора, айни пайт қандай юмушлар билан бандсиз?

- Асосан Қатар мезбонлик қиладиган ЖЧ-2022 турнирига тайёргарлик ишлари билан шуғулланяпман. Мени расман маслаҳатчи лавозимига тайинлашган.

- Хўш, вазифангиз нималардан иборат? Зиммангизга муайян юмушлар юклатилганми?

- Умуман олганда, ЖЧда тўплаган тажрибам билан ўртоқлашаман. Чунончи, бу борада етарли тажрибага эгаман. Ҳар ҳолда, Мексика-86 ва АҚШ-94 турнирларини ташкиллаштиришда бевосита иштирок этганман. Хуллас, мендан турли масалалар бўйича маслаҳат сўрашлари мумкин. Ўз навбатида, барча топшириқлар вақтида ва талаб даражасида бажарилиши учун шахсий мулоҳазаларимни айтишим керак. Умидворманки, қатарликлар ҳаммасини жойида уддалашади.

- Бироқ бўлажак мундиал хусусида танқидий фикрлар кўп...

- Янглишмасам, Россияда бўлиб ўтган мусобақа стартига қадар ҳам танқидлар кети узилмаганди. Бундай ҳолатни ҳар қайси турнир арафасида кузатиш мумкин. Эҳтимол, ташкилий масалаларда қандайдир камчиликларни топиш кимларгадир қизиқдир. Муҳими, ташкилотчилар ўз вазифаларини талаб даражасида адо этсалар, бас. Шунда эътирозларга ўрин қолмайди. Якуний баҳо эса мусобақа ниҳоясига етганидан кейин берилади. Шундай экан, танқидларга ёпишиб олмаслик керак.

- Дейлик, Қатарда спиртли ичимликлар сотуви тақиқлангани кўпчиликни хавотирга солмоқда.

- Айтингчи, одамларни футболдан кўра, алкоголь кўпроқ қизиқтираётгани ажабланарли эмасми? Албатта, ҳар бир мухлис эркин фикр юритиш, ҳаммасини ўз «қарич»и билан ўлчаш ҳуқуқига эга. Аммо биринчи навбатда, ҳар қандай нарсадан ижобий жиҳатларни қидириш лозим. Мисол учун, Қатарда мухлислар илк марта бошқа мундиалларга нисбатан кўпроқ учрашув томоша қилиш имкониятига эга бўладилар. Зеро, стадионлар бир-бирига яқин, кунига бемалол 2та учрашувни бевосита кузатиш мумкин. Чунки бошқа шаҳарга боришнинг ҳожати йўқ. Бордию, сиз ичкилик шайдоси бўлсангиз, унда яхшиси, уйингизда қолганингиз маъқул. Ҳаммаси жуда оддий.

- Мураббий Бора Милутиновични яхши биламиз, лекин футболчилик фаолиятингиз ҳақида маълумотлар йўқ, ҳисоби.

- Очиғи, ўша давр хусусида гапиришни ёқтирмайман. Фақат айтишим мумкинки, Милутиновичлар оиласида дунёга келганим ва футболчилар даврасида уйғайганим билан фахрланаман. Биз 3 нафар футболчи оғайни ботирлармиз. Диққатга сазовор томони, барчамизга собиқ Югославия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиш насиб этган. Менимча, бошқа ҳеч қайси давлатда 3 нафар ака-ука миллий жамоа либосини кийиш бахтига муяссар бўлмаган. Акам Милош Милутиновични эса югослав футболининг энг сара вакилларидан бири сифатида мақташга ҳақлиман. Ўзим Белграднинг «Партизан» клуби тизимида таҳсил олганман, узоқ вақт шу жамоада ўйнадим, кейин Франция ва Мексика майдонларида тўп сурдим.

- Ўша давр футболи ва ҳозиргиси ўртасида қандай фарқ бор? Моддий жиҳатларни инобатга олмаганда, албатта...

- Моддий манфаатни жуда ўринли тилга олдингиз. Замонавий футболда молия муҳим аҳамият касб этади. Бу мавзуни айниқса, журналистлар яхши кўрадилар. Лекин мен романтик футбол тарафдориман. Албатта, бизнинг замон бошқача эди, ҳозирги даврдан устун бўлганини эътироф этишим шарт. Ахир машғулотлар 50-60 йил олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Тўғри, шарт-шароитлар ўзгарди. Бироқ ўйин ўша-ўша. Биринчи навбатда, база керак. Худди мактабдаги каби. Аввал ҳарфларни ўрганасиз, кейин сўзларни, шундан сўнг гап тузасиз. Футболда ҳам шундай. Албатта, иштиёқ жуда муҳим. Бунингсиз ҳеч иложи йўқ. Авваллари футболчиларда иштиёқ ўта кучли бўларди. Ҳозирчи, болалар майдонда тўп суришни истамайдилар, уларга компьютер берсангиз, бас. Ваҳоланки, ҳар бир бола шуғулланиши лозим. Ахир футболда техника керак-да. Хитой терма жамоасини бошқарганимда, мендан тез-тез сўрашарди: «Бора, улар билан қандай ишлаяпсан?» Мен эса энг оддий йўлни танлагандим. Машғулотларимиз шунчалик содда эдики, ўйинчиларнинг ўзлари мени саволга тутишарди: «Устоз, жиддий машғулотларни қачон бошлаймиз?» Демоқчиманки, футболчи оддий машқларга кўникма ҳосил қилиб, жисмоний камолотга эришса, мураккаб усулларни ҳам уддалай олади, албатта. Хуллас, авваллари техникага катта эътибор қаратиларди. Бу фикрга қўшиласизми?

- Йўқ.

- Афсус... Қаранг, замонавий футболда неча нафар буюк ўйинчи бор? Нари борса, 5 нафар. Илгаричи? Вақтида «Спартак» ва «Динамо» К. каби клублар қандай ўйнаганини бир эсланг. Тан олинг, ўтмишда техник маҳорат жуда юқори эди. Ҳа, футболда тезлик ошиб кетди, бу борада баҳслашиш бемаънилик саналади. Аммо тезлик ўз йўлига, техника ундан муҳимроқ. Боз устига, асосий эътибор мухлислар аудиториясига қаратилмоқда, бошқача айтганда, футбол шоуга айланиб қолди...

- Мураббийлик соҳасига тасодифан кириб келганингиз ростми?

- Қизиқ, шундан ҳам хабардормисиз? Ҳа, ўшанда 33 ёшда бўлиб, Мексиканинг «Пумас» клубида фаолиятимни якунлаб, келажак режалари ҳақида ўйлаётгандим. Шу паллада жамоа янги раҳбар бошқарувига ўтди ва у  мураббийни ўзгартиришга қарор қилди. Қисқаси, мени таклиф этишганида, узоқ ўйлаб ўтирмадим, мамнуният билан янги соҳада ишга киришдим. Шундай ажойиб жамоага устозлик қилганим қалбимда ғурур уйғотганди.

- Футболчиликдан бирданига воз кечиб, мураббийликка ўтиш нечоғли қийин?

- Агар вужудингда футболчи руҳи бўлмаса, мураббийлик қилишинг мушкул. Футболдан завқ олишни билиш керак. Турли ўлкаларни кезасан, ўйнайсан, ғалаба қозонасан, мағлубиятга учрайсан. Ҳаммаси оддий юмушдек, аммо асосийси - билим.

- Сизда терма жамоа мураббийи сифатида ЖЧдаги дебютингиздан қандай ёрқин хотиралар қолган?

- Буни биринчи муҳаббатга қиёслайман - ҳеч қачон унутилмайдиган севги. Боз устига, Мексика термаси билан эришган натижам энг яхшиси бўлиб қолди. Ўшанда жамоам бирор ўйинда мағлубиятга учрамаган ҳолда, чорак финалга чиққанди. Мени беҳад қувонтирган яна бир факт шуки, терма жамоа таркибида ўйнаган 7 нафар футболчи мундиалдан кейингина профессионал мақомда тўп сура бошладилар. Ўйинда ғалаба қозониш ёки ютқазиш мумкин. Аммо бундай натижа бир умр хотирада қолади - мафтункор ҳиссиёт.

- ЖЧ-86дан кейин клуб футболига қайтдингиз. Лекин 2 йилда 4 марта  жамоа алмаштирдингиз. Нега?

- Ҳа, шундай йўлни босиб ўтишимга тўғри келди. Бу даврдан афсусда эмасман. Чунки кейинчалик Коста-Рика термасини қабул қилдим. Ўшанда ЖЧга атиги 70 кун қолгани боис, ўртоқлик учрашувларини ўтказишга улгурмадик. Шунга қарамай, Италия мундиалида ёрқин ўйинлар кўрсатдик.

- Лекин анча қийналгандирсиз...

- Аксинча, зеро, жамоам ўта енгил тўп сурди. Таркибда ажойиб ўйинчилар жамланишганди. Уларнинг хизматлари ўлароқ, 2та ғалабага эришиб, Коста-Рика футболи тарихидаги энг юқори натижани қайд этдик. Тасаввур қилинг, бунга қадар ЖЧда 1 очко ҳам олмаган Коста-Рика термаси шотланд-лар ва шведларни енгиб, гуруҳдан чиққанди - чинакам мўъжиза.

- Кейин навбат АҚШ термасига келди.

- Аслида мени ЖЧга тайёргарлик кўриш учун таклиф этишганди. Бу тажриба аввало, ўзим учун тенги йўқ мактаб бўлди. Ўша вақт АҚШда профессионал лига йўқ эди, фақат талабалар жамоалари ўйнарди. Старт учрашувида ажойиб таркибга эга Мексика термасига дуч келдик. Таажжубки, ғалабага эришдик. Ақлга сиғдириш қийин - орзунинг реалликка айланиши.

- АҚШда коллежлар жуда кўп. Улкан мамлакатдаги энг яхши ўйинчиларни қандай усулда тўпладингиз?

- Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади! Таниқли хонанда Фрэнк Синатра куйлаганидек, бу менинг йўлим эди. Тайёргарлик учун 3 йил вақт бўлиб, мураббийлар штаби нималар устида ишлашини аниқ тасаввур қилгандим. Муваффақиятли иштирок учун тажрибали ўйинчиларни тўплаш талаб этилади. Аммо ихтиёримизда фақат талабалар борлиги боис, тажрибани ўзимиз шакллантиришга қарор қилдик. Қандай йўсинда? Шунчаки, йиғинлар ва учрашувлар воситасида. 3 йил давомида нечта ўртоқлик учрашуви ўтказганимизни биласизми? 91та!

- Шунча рақибни қандай топгансиз?

- Турли йўллар билан. Сафарга чиқиб, турли мамлакатларда термалар, клублар ва талабалар жамоаларига қарши тўп сурдик. Чунки рақибнинг фарқи йўқ эди. Фақат мундиалга қадар етарли тажриба ҳосил қилиш, таркибни шакллантириш йўлида ишладик. Машғулотлар ҳам керак, лекин тажриба фақат ўйинлар ортидан келади. Мундиалдан кейин Америкада футбол нуфузи беқиёс даражада ошганини ҳисобга олсак, ҳаракатларимиз бесамар кетмаган. Мисол учун, аввалига рисоладагидек савияга эга MLSга асос солинди. Энди америкалик футболчилар Европада тўп суришмоқда. АҚШ терма жамоасининг қанчалик ўзгарганини кўринг...

- 1998 йили Нигерия термаси бошқарувида иш бошладингиз...

- Бу жамоада ҳаммаси бошқача бўлди. Афсусланадиган ягона жиҳат шуки, менга Нигерияга бориш ва ўша ерда машғулот ўташ насиб этмади. Нигериялик футболчилар хорижда тўп суришарди. Ўртоқлик учрашувлари ҳам асосан Европада ташкиллаштирилди. Шундай бўлсада, Нигерия термаси билан иш бошқача завқ уйғотди, бу ҳам ўзига хос мактаб.

- Энди 18 йил аввалги ва ҳозирги Хитой футболини ўзаро таққослаб берсангиз.

- Футбол эмас, ўйин савияси ва руҳият ўзгарди. Хитойликлар ички мусобақага юлдузларни жалб этишмоқда, ўша даврда бундай эмасди. Ҳа, Хитой термаси билан ЖЧда омадсизликка учрадик, лекин футболчилардаги ўсишдан кўнглим тўлди.

- Фаолиятингиздаги энг ажабтовур саҳифа - Ироқ термаси. Уруш қизиган паллада Бағдодга йўл олишдан чўчимаганмисиз?

- Нега қўрқишим керак? У ерда ҳаммаси рисоладагидек эди, одамлар ҳам, қадриятлар ҳам. Боз устига, Бағдодда истиқомат қилганим йўқ, шаҳарда ҳаммаси бўлиб 10 кунча бўлдим, холос. Ўйинларга эса асосан Дохада тайёрланардик.

- Футболчилик даврингизда собиқ иттифоқ термасига қарши кечган қайси ўйин ёдингизда қолган?

- 1964 йилги баҳс: «Партизан» - собиқ иттифоқ - 1:1.

- Мураббийлик фаолиятингиз давомидаги қайси учрашувни энг кучли таассурот қолдиргани сифатида тилга оласиз?

- 1986 йил: Мексика - собиқ иттифоқ - 1:0. Ўта кучли рақиб устидан қозонилган ғалаба шогирдларимга ўзгача илҳом бағишлади. АҚШ термасининг 5-6та ўйини ҳам ўта ёрқин чиққан. Ғалабалар, дуранглар, мағлубиятлар ўз йўлига, футболчи ва айниқса, мураббий учун энг муҳими, ким эканлигини ва кимга қарши майдонга тушганини ҳис этиш. Шунда иш юришаверади...ватандоши - Бранислав Иванович билан учрашишни ихтиёр этди. Россиялик касбдошларимиз эса, бундан унумли фойдаланиб, сербиялик мутахассисни махсус суҳбатга чорлашди.

Хзжа АБДУЛРАҲМОН тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz