Қайднома

Қидирув

«Барселона» нима учун Френки де Йонг учун 75 млн евро тўлайди?

«Барселона» нима учун Френки де Йонг учун 75 млн евро тўлайди?

  02.02.2019 13:00
  0
  739
«Барселона» нима учун Френки де Йонг учун 75 млн евро тўлайди?

Ҳа, «Барселона» кутилганидек, евро-аренадаги энг иқтидорли футболчилардан бири - Френки де Йонгни ўз томонига оғдирди. «Аякс» сафида порлаётган ярим ҳимоячи фаолиятини янги мавсумдан эътиборан Испания Примеросида давом эттиради. Томонлар 21 ёшли истеъдод трансферини 75 миллион еврога баҳолашди. Френки 2024 йилгача мўлжалланган шартнома остига имзо чекди ва 1 июль куни Каталония клуби сафига қўшилади. Ўртадаги келишув бандларига мувофиқ, «Аякс» 11 миллион евро миқдорида бонус олиши ҳам мумкин. Бунинг учун Френки «Барселона»да муваффақиятли ўйнаб кетса, бас. Айтганча, голландиялик футболчи «ПСЖ», «Манчестер Сити» ва «Ювентус» каби грандлар эътиборини ҳам тортганди. Хўш, «Барселона»да ўйнашни маъқул кўрган «Аякс» ярим ҳимоячиси ҳақида нималарни билиш керак? Россиянинг «ССФ» нашри кўпчиликни қизиқтирган трансфер муносабати билан Френки де Йонгга дахлдор маълумотларни алоҳида мақола шаклида тақдим этди.

Голландиядан рекорд трансфер. Мамлакат Эредевизиони клублари вакилларидан ҳеч бири бу қадар баланд баҳода сотилмаганди. Оддий айтганда, «Аякс» сафида ҳали 50та ўйин ўтказишга ҳам улгурмаган 21 ёшли Френки де Йонг «Барселона» берадиган 75 миллион евро туфайли Голландия чемпионати рекордчисига айланади.

Тарихдаги энг қимматбаҳо голландиялик. Френки «Барселона» сафида муваффақиятли ўйнаб кетган тақдирда каталонияликлар Амстердам жамоасига бонус тариқасида яна 11 миллион евро тўлашади. Қисқаси, де Йонг яқин орада футбол тарихидаги энг қимматбаҳо голландияликка айланиш имкониятига эга. Эслатиш ўринли, айни пайт бу мақом «Ливерпуль» ҳимоячиси Виржиль ван Дейк (трансфер баҳоси - 78,8 млн. евро)да.

«Аякс» де Йонгни 1 еврога сотиб олганди. Нидерландия футболи бош умидининг трансфер баҳоси қисқа вақт ичида миллион марталаб қимматлашди. Дарвоқе, бундай «мазали пирог»дан ҳаттоки, Голлания иккинчи лигаси иштирокчиси ҳам татиб кўради. Ақлга сиғдириш қийин: «Аякс» 2015 йили 17 ёшли де Йонгни «Виллем II» клубидан атиги 1 евро (!)га сотиб олганди. Соф рамзий баҳо. Тўғри, «Аякс» ўзаро келишувга мувофиқ, Лесли де Са, Рубен Лигеон, Рихайро Живкович ва Лукас Андерсен каби тарбияланувчиларини ижара асосида Тилбургга юборган. Бироқ уларнинг ҳеч бири бугун кенг доирада таниш эмас.

Биринчи клуби ҳам улушдор. «Виллем II» Френки де Йонг трансфери амалга ошгани муносабати билан байрам қилишга ҳақли. Чунончи, «Барселона» томонидан тўланадиган йирик маблағнинг маълум фоизи Тилбург жамоасига тегади. Шунингдек, «Валвейк» (Френкининг илк клуби, иккинчи лига иштирокчиси) ҳам ўз насибасини олади. Аниқроқ айтсак, «Аякс» жами суммадан 10-15 фоизини «Виллем»га беради. Ўз навбатида, «Валвейк» тилбургликларга теккан пулнинг 40 фоизига эга чиқади. Хуллас, тахминий ҳисоб-китобга кўра, «Валвейк» чамаси 5 миллион евродан умид қилишга ҳақли. Таққослаш учун айтсак, бу клубнинг йиллик бюджет 3 миллион еврони ташкил этади. Ажойиб тизим, шундай эмасми?

Ҳозир ўйнаётганлар орасида тўртинчи де Йонг. Де Йонг - Нидерландияда энг кўп тарқалган фамилия. Де Йонглар орасида машҳур сиёсатчилар, рассомлар, ёзувчилар ва спортчилар кўп. Хусусан, бу фамилия эгалари орасида таниқли чанғичилар ва волейболчилар қатори футболчилар ҳам бор. Мисол учун, айни пайт 4 нафар де Йонг юқори савияда ўйнамоқда. Булар - Френки, шунингдек, Найжел («Ал-Аҳли»), ака-ука - Сим («Сидней») ва Люк (ПСВ). Диққатни тортадиган томони, шулардан 3 нафари «Аякс» тизимидан ўтган, биргина Люк бегона, холос.

Френки деярли 1 йил ўйнамаганди. Де Йонг аслида «Виллем»да деярли ўйнамаган, яъни бутун вақтини захира ўриндиғида ўтказган. Айтишларича, клуб бош мураббийи Юрген Стреппель ўзига хос характерга эга йигитчани сира ёқтирмаган, шунинг учун унга жуда кам имконият берган. Умуман олганда, Френки «Виллем II»нинг 3тагина расмий ўйинида қатнашган. Шунга қарамай, 2015 йилнинг ёзидаёқ катта клублар ўртасида иқтидорли йигит учун кураш бошланди. Якунда Амстердам клуби 2016 йилнинг январида мақсадига эришди. Кейинги воқеаларни назарда тутсак, «Аякс» ҳақиқий «бриллиант»ни «ёвуз» мураббий чангалидан озод қилган экан. Френки бунинг учун аввало, клубнинг техник директори Марк Овермарсдан миннатдор бўлиши керак. Чунончи, у бир неча йиллик кузатувлари асосида йигитчанинг истиқболига баҳо беришда адашмади.

Фойдали амалиёт. «Аякс» раҳбарияти ёш футболчини «синдириб» қўймаслик ва ишончини кучайтириш мақсадида уни аввалига иккинчи лигада ўйнайдиган ёшлар жамоаси - «Йонг Аякс» ихтиёрига жўнатди. Муҳими, бу тажриба катта наф берди - Френки йил давомида барқарор тўп суриб (46та ўйинда 8та гол ва 11та самарали узатма), диққат-эътиборни ўзига қаратди. Хуллас, 2017 йилнинг қишида ҳамма йигитчага катталар жамоасида имконият тақдим этиш зарурлигини тушуниб етди.

Янги ва ноодатий амплуа. Де Йонг аввалига анча кам ўйнади, лекин вақт ўтиши билан жойи асосий таркибда эканлигини исботлади. Айтиш жоиз, Марсель Кайзер ундаги янги қирраларни мутлақо тасодифан кашф этди. Бинобарин, Френки 26 ноябрь куни «Рода»га қарши ўйинда захирадан майдонга тушиб, 1:1 ҳисобини 4:1га айланишида бош ролни бажарди. Яъни голландиялик иқтидор 3та голга ҳаммуаллифлик қилишдан ташқари, рақибларни роса қийнаганди. «Аякс»нинг кейинги бош мураббийи Эрик тен Хаг эса Френкини таркибдаги алмаштирилмас ўйинчилар қаторига олиб чиқди. У бунда де Йонгга хос универсалликдан унумли фойдаланди. Хуллас, ёшлар жамоаларида ҳужумкор ярим ҳимоячи ролида гавдаланган де Йонг янги мураббий қўл остида таянч зонасининг чин қиролига айланди-қўйди. У баъзида ҳаттоки, ҳимоя марказида Маттейс де Лигт билан ҳамкорлик қилди.

Де Йонг серқирра ҳаракатлари ва ўйин услуби билан Серхио Бускетсга ўхшайди, майдондаги жойлашувига қарасангиз, беихтиёр афсонавий Франц  Беккенбауэр ёдингизга тушади. Чунончи, Френки юқори техник салоҳияти ҳисобига бир неча рақибни хотиржам ҳолда ортда қолдириши ва ҳужумга фаол қўшилиб, ҳар қандай масофадан кучли зарба йўллаши мумкин. Умуман, техникаси ва майдонни кўриш қобилияти эвазига майдоннинг хоҳлаган нуқтасида жамоасига сон устунлигини таъминлашга қодир. Эден Азар, Жоржиньо ва Давид Сильва каби уста ижрочиларнинг энг яхши хислатларини ўзида мужассамлаштирган футболчини тасаввур қилинг - бу айнан Френки де Йонг.

Маьлумот учун! Френки де ЙОНГ

Амплуа бўйича: ярим ҳимоячи

Туғилган санаси ва манзили: 1997 йил 12 май, Аркеле (Голландия)

Фаолияти: «Валвейк», «Виллем II» (2005-2015), «Аякс» (2016-...), «Барселона» (2019-...)

Голландия терма жамоаси сафида 5 марта майдонга тушган

 

ДАРВОҚЕ

 

Агар Френки «Барселона» қолиб, бошқа клубга розилик берганида, кўпчилик енгил «шок» ҳолатига тушарди қайсидир маънода. Чунончи, «Аякс» ва Каталония клуби ўртасида қалин ришталар бор: Амстердам - Барселона йўналишига асос солинганига кўп бўлди. Фактлар асосида айтсак, Френки де Йонг «Аякс»дан тўғри «Барса» сафига қўшилган 8-футболчидир.

 «Аякс» - «Барселона» йўналиши бўйича

ҳаракатланган футболчилар

№  Футболчи                    Амплуаси                     Йиллар

 

1.   Йохан Кройфф            Ҳужумчи                       1973-1978

2.   Йохан Нескенс             Ярим ҳимоячи              1974-1979

3.   Рихард Витсче            Ярим ҳимоячи              1991-1993

4.   Хорди Кройфф           Ярим ҳимоячи              1992-1996

5.   Роналд де Бур            Ярим ҳимоячи              1998-2000

6.   Франк де Бур              Ҳимоячи                       1998-2003

7.   Яспер Силлессен        Дарвозабон                  2016-...

8. Френки де Йонг           Ярим ҳимоячи 2019 (ёз)-...

Ҳасанхон АТАВУЛЛАЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz