Қайднома

Қидирув

Муаммо ўз вақтида ҳал қилинса...

Муаммо ўз вақтида ҳал қилинса...

  02.02.2019 16:49
  0
  528
Муаммо ўз вақтида ҳал қилинса...

Бир футболчи қўнғироқ қилди. Айтишича, собиқ клубининг ундан қарзи бор, аммо турли баҳоналар билан пулларини беришдан бўйин товлаяпти. Унга тушунтирдик: «Келиб, ариза ёзиб кетасиз. Клубингиз ПФЛ билан мулоқотга киришган вақтда, қарзлар масаласи, албатта кўтарилади». У тушунди. Баъзида эса футболчилар мутлақо бошқа йўлдан юрмоқчи бўлишади: «Пулимни бермаяпти, фақат мен айтганимни билмасин, ўзингиз олиб беринг». Ҳайрон қоламан шундай вақтларда. Гарчи ўз ҳақини талаб қилишдан қўрқаётган экан, унинг номидан биз қандай қилиб муаммони бартараф этишимиз мумкин? Бирор футболчи, мураббий ёки ходимнинг 2017 йил 29 январидан кейинги ҳолатга кўра, қайсидир пуллари қолиб кетган бўлса, бемалол ариза ёзиб бериши мумкин. ФИФА регламентига биноан, даъво муддати - 2 йил. ЎФА шу регламент бўйича иш кўради. 2012 йиллардаги қарздорликлар масаласида келиб, овора бўлиб юрманг. Қарзингизни қиёматда оласиз. Ҳар қандай масалани ўз вақтида ва қонунан ҳал қилишга одатланган яхши.

 

Кўтарма пулига ўрин йўқ...

Футбол клубларига жиддий масалада хат чиқади. Унга кўра, кўтарма пулларини футболчиларга бирданига бераётгани аниқланган жамоа лигадан четлаштирилиши ҳақида яна бир марта огоҳлантирилади. Ҳар бир футболчи янги тақдим этилган шартномага кўра, ойма-ой ўз ҳақини олиб бориши керак. Футболчи ҳам солиқлар нима эканини тушуниши шарт. ПФЛ ойлик маошлар ҳажмига аралашмайди, бироқ олдиндан бериладиган тўлов масаласи бўлмайди. Худди ўша пулни ойма-ой олиб йиғиш ҳам, банкда жамғариш ҳам мумкин. Бирданига қуртдек санаб олиб, бутун мавсумни ярим куч билан ўтказадиган футболчилар керак эмас. Маълумки, 2019 йилдан бошлаб футбол клублари йилда икки бор аудит текширувидан ўтади. Бу эса пул футболчиларга, мураббийларга қай ҳолатда етиб борганини аниқлашда ёрдам беради. Иккинчидан, ҳали расман тасдиқланмаган маълумотлар билан футболчиларни алдаётган, бунинг оқибатида ПФЛ ёки ЎФА обрўсига путур етказаётган айрим мураббийлар жиддий огоҳлантирилади. Уларнинг вазифаси ҳаммага маълум, бошқа масалаларга иложи борича аралашишмасин. Клубларда бош директорлар, спорт директорлари нима учун маош олиш­япти? Кимнинг футболчи таниши бўлса, мана шуларни етказиб қўйиши мумкин. Бундан буён улар шартномалар, ойликлар масаласида ўз билимларини ё оширишлари керак ёки бўлмаса уларни тартибга солиб берувчилар билан маслаҳатлашишлари шарт (ўзларининг хотиржамликлари учун). ПФЛ эшиклари барча футболчилар, мураббийлар учун очиқ.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz