Қайднома

Қидирув

ҲЕЧДАН КЎРА КЕЧ ЯХШИ ёки Пол Скоулз эсингиздами?

ҲЕЧДАН КЎРА КЕЧ ЯХШИ ёки Пол Скоулз эсингиздами?

  04.02.2019 06:19
  0
  638
ҲЕЧДАН КЎРА КЕЧ ЯХШИ ёки Пол Скоулз эсингиздами?

«МЮ»нинг яқин ўтмишдаги афсонаси «митти» клубга бош мураббий сифатида тайинланишини 2 йил  кутди ва ниҳоят, ниятига етишди. Скоулз яқинда 44 ёшга тўлди. Дейлик, у аллақачон мураббийлик ишига киришган ва ҳозирда «Юнайтед» бошқарувидаги дебютида рекордлар билан тарихга кирган собиқ сафдоши Оле-Гуннар Сульшердан атиги 1,5 ёш кичик, холос. Ўша машҳур «Класс 92» вакилларидан ака-ука Гарри ва Фил Невилл ҳамда Райан Гиггз ҳам мураббийликда ўз салоҳиятларини синаб кўришга улгуришди. Пол эса ҳозирча фақат «МЮ» ва унинг муаммолари ҳақидаги ўткир танқидлари билан эътиборга тушди. Собиқ ярим ҳимоячи хусусан, Андер Эррера, Ромелу Лукаку, Алексис Санчес каби футболчиларни яхшигина «тузлади», Жозе Моуриньонинг истеъфосини ўзгача изоҳлади: «Ўзи «Беназир» олдиндан кетишга тайёрланаётганди...». Умуман олганда, Пол Скоулз жорий мавсум старти арафасида «МЮ»нинг истиқболига паст баҳо берганди. Мисол учун, Поль Погба имкониятларига тўхталиб, унинг жамоа етакчиси ролини бажаролмаслигини ошкора таъкидлади. Табиийки, Скоулзнинг гаплари франциялик ярим ҳимоячи ва унинг шахсий агенти Мино Райолага ёқмади. «Айрим кишилар ҳамманинг хотирасидан чиқиб кетишлари мумкинлиги боис, талвасага тушишади, чўчишади. Шунда улар охирги чорани ишга солишади - тилларига эрк беришади. Скоулз олдида шахсан сэр Уинстон Черчиллнинг ўзи турганида ҳам, у етакчилик сифатларини пайқамасди. Пол «МЮ» спорт директори бўлиши ва Погбани сотиши керак. Агар шуни хоҳлаётган бўлса, унда аввало, уйқусиз тунларга мослашсин...», - дея эътироз билдирди Мино Райола собиқ ярим ҳимоячига.

Ҳа, четда турганча гапириш, ақл ўргатиш осон, лекин Скоулз тез орада барчасини амалда ҳам синаб кўради. Эҳтимолки, янги ролдаги иши бошида мураккаб ҳолатларга ҳам юз тутар ҳали... Муҳими, Telegraph наш-рида ёзилишича, Пол эндиликда «Олд-хэм» бош мураббийи сифатида гавдаланади. Daily Mail нашри вакиллари Скоулзни олқишламоқдалар. Зеро, аксар машҳурлар топ-клубларга интилаётган паллада у муваффақият довонини зинама-зина забт этишга киришмоқда. Албатта, бу мураккаб йўл, лекин айтишларича, Полнинг ўзи айнан шундай камтар жамоада иш бошлашни орзу қилган. Айтиш жоиз, Скоулз ва «Олдхэм»ни бир-бирига боғлаган хабарлар анча олдин пайдо бўлганди. Пол 2017 йилнинг октябридаёқ бу клубда мураббийлик лавозимини эгаллаши мумкин эди, аммо раҳбарият охирги паллада бу фикрдан қайтди. Эътиборли томони, Скоулз ёшлигида айнан «Олдхэм»га мухлислик қилган ва қачондир жамоани бошқаришни дилига тугиб қўйган экан. Мана, орзуси амалга ошди, аммо уни олдинда оғир синов кутиб тургани аниқ.

«Олдхэм» ҳаҚида

«Олдхэм» Англия чемпионати тизимидаги Лига 2 дивизионида 12-ўринни эгаллаб турибди. Бу лига ақлга сиғмас натижаларию, антиқа трансферлари билан алоҳида ажралиб туради. «Олдхэм» олдига қўйилган вазифа тайин - битта юқори дивизионга кўтарилиш. Бироқ жамоа ҳаттоки, «плей-офф» босқичида ўйнаш имконини берувчи ўринда бораётган иштирокчидан ҳам нақ 5 очко ортда қолмоқда. «Олдхэм» яқинда чемпионат доирасидаги ўйинда «Карлайл»га 0:6 ҳисобида ютқазди ва клуб раҳбарияти маҳаллий афсона - Фрэнки Банни истеъфога чиқаришдан ўзга чора тополмади. Дарвоқе, Англия кубоги 1|16 финалида муқим бош мураббийсиз ўйнаган жамоа кутилмаганда, АПЛ вакили «Фулхэм»ни 2:1 ҳисобида енгди. Англия футболи тизимидаги иккинчи даражали турнирда Лондон клуби четга чиқариб юборилганини ҳисобга олсак, «Олдхэм»нинг асл имкониятлари чакки эмас.

2017 йили «Олдхэм» анча қийналди. Молиявий тақчиллик оқибатида футболчиларга маош тўланмагани натижаларга ҳам таъсир қилди. Ҳар ҳолда, жамоа лигадан тушиб кетиш хавфи остида қолди. Қисқаси, умумий ҳолатни ўнглаш мақсадида вақтинча менежер тайинланди - Ричи Уэлленс. Шунда «Олдхэм» 5та ўйинда мағлубиятсиз одимлагач, раҳбарият мураббийни 2 йиллик тўлақонли шартнома билан сийлади. Бироқ бу қарор тўғри бўлиб чиқмади - «Олдхэм» мавсум якунига кўра, қуйи дивизионга «қулади», барибир. Салбий натижалар сабаб, Уэлленс ишдан олинди ва Кларенс Зеедорф ҳамда айнан Пол Скоулз билан музокара олиб борилди. «Олдхэм» оғир аҳволда қолганига қарамай, «МЮ» афсонаси ишлашга тайёрлигини билдирди ва томонлар деярли келишувга эришишди. Бироқ охир-оқибат, шартнома тузилмади. «Очиғи, шу клубни бошқаришга иштиёқим баланд эди, аммо раҳбарият якунда бошқача йўл тутди...», - деди кейинчалик Скоулз.

Скоулз 2017 йилнинг апрелида FourFourTwo нашрига катта интервью берди. Журналистлар суҳбат давомида ундан «Олдхэм»га нисбатан муҳаббати ҳақида ҳам сўрашди ва ҳайратланарли жавоб эшитишди: «Тўғриси, «МЮ» ва «Олдхэм» ўртасидаги баҳсда «Юнайтед»ни қўллаб-қувватласам керак. Лекин ўзимни «Олдхэм» фанатидек ҳис қилишни хоҳлайман. Жамоа мухлисларидан бириман, аммо «МЮ» бутун фаолиятим ва ҳаётимда катта аҳамият касб этганини унутмаслигим лозим. Эсимда, отам мени «Олд Траффорд»га олиб боришни хоҳламасди. Чунки «Олдхэм»нинг ашаддий фанати эди. Қолаверса, унинг стадионига атиги 10 дақиқада етиб борардик. Демоқчиманки, болалигимда асосан «Олдхэм» ўйинларини томоша қилганман - бу осон эди...». Дарвоқе, «Олдхэм» 1990 йили Англия кубоги ярим финалига чиққанида, Пол унинг уй стадионига ташриф буюриб, жамоани воқеа жойидан чинакамига қўллаб-қувватлаганди.

«Олдхэм» энди анча кучсиз. Тўғри, жамоа таркиби иккинчи лига учун бинойидек, бироқ айрим футболчилар майдон таш-қарисидаги «ҳунар»лари билан кўпроқ кўзга ташланишмоқда. Дейлик, Хосе Бакстер 2015 йили допинг-тестдан ўтолмай, дисквалификацияга учраганди. У кейинчалик фаолиятини «Эвертон» ёшлар жамоасида қайта тиклашга уриниб, буни маълум даражада уддалади ва яна «Олдхэм»га қайтди. Бакстер 5 йилча олдин бу жамоада яхшигина статистика қайд этганди - 43та ўйин, 15та гол.

«Олдхэм» ихтиёрида эътиборни тортадиган ўйинчилардан бири - ҳужумчи Жонатан Бентеке. Тўғрироғи, унинг фамилияси таниш. 23 ёшли бельгиялик «Кристал Пэлас» сафида тўп сураётган Кристиан Бентекенинг укасидир. Жонатанни самарадор ҳужумчилар тоифасига киритиб бўлмайди: у 2016 йилнинг сентябридан буён профессионал даражадаги расмий ўйинларда атиги 5та гол урган, холос. Қолаверса, машҳур фамилия эгаси «Олдхэм» либосида атиги 1 мартагина майдонга тушди ва ўзини айтарли кўрсата олмади. Таркибдаги қолган йигитлар орасида Райан Скоулз-Берд оммани кўпроқ қизиқтирса керак. 19 ёшли ўсмир айни пайт «Олдхэм» академияси шарафини ҳимоя қилмоқда. Унинг шартномаси шу йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган. Қаранг, тақдир экан, Пол Скоулз энди ўз жиянига ҳам устозлик қилади. Тўғри, Райан ўйин савияси бобида амакиси даражасидан анча узоқда ва қачондир унингдек ўйнаши ҳам даргумон.

Тушунарлики, «Олдхэм»да Пол Скоулзни жуда яхши билишади. Айтганча, собиқ ярим ҳимоячи катталар жамоаси бошқарувини қўлга олиш масаласида музокара жараёнига киришидан анча олдин маҳаллий академияда тажриба оширганди. Скоулз кейинчалик Англия телевидениесида эксперт ролига бутунлай шўнғиб кетиб, мураббийлик орзусини бироз ортга сурганди. Ўз ўрнида яна бир факт:

Пол ҳамон «Солфорд Сити» (Англия бешинчи дивизиони иштирокчиси) жамоаси хўжайинларидан биридир. Мана, футболчилик фаолияти давомида заргарона узатмалари билан алоҳида ажралиб турган «зар йигит» (сочининг рангига ишора) энди мутлақо янги соҳага қўл уради. «Юнайтед»да у билан бирга ўйнаган  аксар собиқ футболчиларнинг мураббийликдаги илк уринишлари унча омадли чиқмаган. Кўрамиз, Скоулз бу борада ҳам ўрнак бўла олармикан...

Жамшидбек ЖАББОРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz