Қайднома

Қидирув

НАЗАРГА ИЛИНМАЁТГАН АФСОНА

НАЗАРГА ИЛИНМАЁТГАН АФСОНА

  05.02.2019 06:42
  0
  717
НАЗАРГА ИЛИНМАЁТГАН АФСОНА

Қаторасига учинчи мавсумдирки, «Кьвео» хавфли ҳудуддан чиқиб кетишда қийинчиликка учрамоқда. 2016|2017 йиллар мавсумида бу клуб жонига «Пескара», «Палермо» ҳамда «Эмполи»даги тотал инқироз оро кирган, мазкур учлик «жон» сақлаш имконини берадиган ўринлардан сезиларли фарқ билан ортда қолишганди. Бир йил аввал «Кьево» сал қолса «ботқоқлик» гирдобида қолиши мумкин эди, аммо мўъжиза туфайли элитадаги ўрнини сақлаб қолди.

Жорий мавсум «Кьево»нинг ишлари ҳаддан зиёд ёмон кетмоқда. 20та ўйинда атиги 8 очко жамғарилган. Ҳозирча айнан шу клуб «А» серияни тарк этишга асосий номзод бўлиб турибди. Бироқ шундай паллада ҳам «Кьево» учун фахрланишга арзигулик жиҳатлар йўқ эмас. Улардан биринчиси - сардор Сержо Пеллисьенинг борлиги. 39 ёшли ҳужумчи ўз клубини жуда яхши кўради. 2000 йилдан буён Пеллисье «Кьево» шарафини ҳимоя қилмоқда ва ўтган 19 йил мобайнида бирор марта жамоасини алмаштиришни хаёлига келтирмади. «Ўз вақтида «Милан», «Лацио» ҳамда «Ювентус» каби клублардан таклиф тушганди. Аммо кетишни хоҳламаганман. Мен - «Кьево»даги Тоттиман ва бундай мақомга эга эканлигимдан фахрланаман», - деганди Пеллисье.

Иккинчи қаҳрамон - Стефано Соррентино. Маҳоратли дарвозабон жамоасининг навбатдаги муваффақиятсизликларига қарамай, «Кьево» футболчиларини ўз ортидан эргаштирмоқда, Роналдунинг зарбаларини бартараф этмоқда. Март ойида у 40 ёшга тўлади.

«Ювентус»га қарши ўйинлар - унинг учун алоҳида аҳамият касб этмоқда. «Кьево» «А» сериянинг жорий мавсумида икки марта «Кекса синьора» билан ўйнаб, ҳар иккисида ютқазди (2:3, 0:3). Шунга қарамай, бу учрашувларни Соррентино ўзгача тарзда ёдда сақласа, ажабмас.

Дастлабки тўқнашув Криштиану учун «А» сериядаги дебют ўйинга айланди. Аммо мазкур баҳсда унинг гол уриш бўйича режаларини Соррентино чиппакка чиқарди. КриРо иккита ажойиб имкониятга эга бўлганди, лекин ҳар иккисида дарвозабон ажабтовур «сейв»ларни амалга оширди. Айниқса, иккинчи вазиятда кипернинг ҳаракатлари жуда чиройли чиқди. Шунингдек, ушбу ўйинда Соррентино боши ва бурнидан жароҳат олди. Ҳар иккисида Роналду билан тўқнашиб кетди (ўша вазиятда Дибала гол урди).

Иккинчи учрашувда «Кьево» яна ютқазди. Криштиану яна гол уролмади, ваҳоланки, бунинг учун ўта қулай фурсат туғилганди унда. Португалиялик юлдуз пенальтидан фойдалана билмади - яна Соррентино ўзини кўрсатди.

Ушбу дарвозабонни Буффонга қиёслашади, у парҳезга катта аҳамият қаратади. Яқинда La Gazzetta dello Sport нашрига берган интервьюсида Стефано шундай деганди: «Тенгдошим Буффоннинг «ПСЖ»да ўйнаётганини кўрсам, яқин орада фаолиятни якунлаш хаёллари ўз-ўзидан йўқолади. Яна бир-икки мавсум тўп сурмоқчиман. Ҳолатим бунга имкон беради».

«Кьево»дагилар ҳам Соррентинонинг спорт формаси идеал эканини таъкидлашмоқда. У чекмайди, тартибга амал қилади, ҳар куни машғулотларга ҳаммадан олдин келади. Дарвозабонлар мураббийи Лоренцо Скуицци шундай дейди: «Стеф худди 20 ёшли йигитлардек ишлайди: ўз навбатида, барчасини ғайрат ва иштиёқ билан амалга оширади. Яқинда у мендан жисмоний тайёргарлик бўйича персонал мураббий топиб беришни сўради. Энди жамоавий машғулотлардан бўшаганда, улар спортзалда шуғулланишмоқда, Стефнинг умумий ҳолатини мунтазам кузатиб боришмоқда».

Соррентино муваффақиятининг асосий сирларидан бири - позитив кайфият. Етти йил аввал, 33 ёшини нишонлаш арафасида Goal нашрига интервью бериш чоғида Стефано шундай деганди: «Майдонга ҳеч қачон хафа ҳолда тушмаганман. Ҳамиша позитив кайфиятни сақлаб қолишга интиламан. Ўз ишимни севаман, шундай экан, қанақасига ўйинга, шерикларимга агрессив муносабатда бўлишим мумкин? Боз устига, барча ҳис-туйғуларни майдонда қолдираман. Ўйлашимча, уларни одатий ҳаётга олиб ўтишдан маъни йўқ».

Соррентинонинг гапларига исбот - ўша «Юве» билан ўйинда жароҳат олгани вазияти. Шифохонада Роналдудан ранжимагани, аҳволни тушуниб турганини таъкидлаганди: жароҳатлар - футболнинг ажралмас қисмидир. Ваҳоланки, Стефано чим устида оғриқдан қийналаётганда, Дибала урилган голни нишонлаётганди. Кейинроқ аргентиналик ҳужумчи узр сўраб, ўз ҳаракатини рақиби жароҳат олганини пайқамагани билан изоҳлади. Соррентинодан бу борада фикр олишганда, шундай деди: «У мени кўрмай, голни нишонлашга киришиб кетди. Хафа эмасман. Муаммо йўқ».

Стефано Соррентино ҳақида яна бир нечта фактлар:

*** У FIFA-19да «А» сериянинг энг яхши голкиперлари ўнлигидан жой олган. Умумий 80 рейтинг баллига эга Стефано Томас Стракоша ҳамда Антонио Мирантени ортда қолдирган ҳолда, 8-ўринни эгаллаган.

*** Ўтган мавсум у 3та (5тадан) пенальтини бартараф этиб, ушбу кўрсаткич бўйича Италия чемпионатидаги дарвозабонлар кучли учлигига кирди: Вивианода бундай «сейв»лар 5та, Сиригуда эса 4та эди.

*** «Кьево»га қайтганидан (2016 йил июнидан) буён Соррентино 371та «сейв»ни амалга оширган - шу вақт оралиғида «А» сериядаги барча голкиперлар кўрсаткичлари орасида энг яхшиси.

*** Ўтган йилнинг ёзида Мадридда ўтказилган уч тарафли футбол бўйича турнирда қатнашди.

*** 2013 йили «Палермо» Соррентинони ўз таркибида кўришни хоҳлади, аммо голкиперни сотиб олиш учун клубда пул етарли эмасди (бунга молиявий «фейр-плей» тўс­қинлик қилганди). Шунда «Палермо» айёрлик ишлатишга уринди: «Кьево»дан талаб қилинган 3 миллион еврони иккига бўлишни сўради - икки ва бир миллион еврога. Биринчи қисмни «Палермо» ўз кучи билан тўлади. Қолган бир миллион эса Стефанонинг ҳисоб-рақамига «Палермо» раҳбарларига тегишли компаниялар орқали ўтказилди. Шу тариқа дарвозабон бу суммани «Кьево»га ўз чўнтагидан тўлагандек бўлди. Барча молиявий ҳисоботларда келишув суммаси 2 миллион евро кўрсатилди, «Палермо» қоидаларни бузмади, УЕФА санкцияларига учрамади. Худди Неймарнинг «ПСЖ»га ўтишига ўхшаш ҳолат.

*** Ўтган ҳафта охирида «Кьево» ўз майдонида «Фиорентина»га имкониятни бой берди - 3:4. Ҳа, Соррентино мазкур учрашувда дарвозасидан тўрт марта тўп олиб чиқди, аммо бу ҳолат унинг обрўсига заррача путур етказмайди. Шунчаки, вероналикларда кузатилаётган инқироз қаҳрамонимизнинг назардан четда қолиб кетишига сабаб бўлмоқда.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz