Қайднома

Қидирув

Кшиштоф ПЕНТЕК: «ҲОЗИРЧА 9-РАҚАМГА МУНОСИБ ЭМАСМАН»

Кшиштоф ПЕНТЕК: «ҲОЗИРЧА 9-РАҚАМГА МУНОСИБ ЭМАСМАН»

  06.02.2019 07:01
  0
  254
Кшиштоф ПЕНТЕК: «ҲОЗИРЧА 9-РАҚАМГА МУНОСИБ ЭМАСМАН»

Қишки трансферлар бозорида бир қатор эътиборга молик харидлар амалга оширилди. Шулардан бири «Женоа»нинг польшалик ҳужумчиси Кшиштоф Пентекнинг «Милан»га ўтиши бўлди. Миланликлар футболчи учун 35 миллион евро тўлашди. Бу Польша футболи учун рекорд натижадир. Ҳозиргача ҳеч қайси клуб поляк футболчиси учун бунча кўп тўламаган. Пентек «россонери» билан шартнома имзолаганидан сўнг ҳамкасбларимизга интервью берди.

— Табриклаймиз. Энди «Милан»нинг бир қисмига айландингиз. Охирги кунларда қанча ухладингиз?

— Жуда кам. Шартнома имзолаган куним тунги соат бирда ухладим. Ҳақиқий адреналин. Охирги кунлар ҳақиқатан ҳам интенсив бўлди. Ҳозир ишим жуда кўп. Лекин аста-секинлик билан уларни жойига тушириб оламан. Пайшанба куни оғир ўтди: матбуот анжумани, фотосессия, клуб канали учун интервью.

— Ўтган ҳафта ўртасида Миланеллода саккиз соат бўлдингиз. Дастлабки таассуротлар қандай?

— Ажойиб. Мен буюк клуб аъзосига айландим. Фаолиятимдаги ке­йинги қадамларни қўйиб, орзуларимни амалга оширишни истайман. Тўғри қарор қабул қилганимга ишончим комил. Ўзимни яхши ҳис қиляпман. Йигитлар ҳам ажойиб тарзда кутиб олишди. Кейин биринчи машғулотимни ўтадим. Барчаси эртакдагидек.

— Бош мураббий Женнаро Гаттузо билан гаплашдингизми?

— Ҳа, лекин суҳбат жуда қисқа бўлди. У жамоа билан бирга эканлигимдан хурсандлигини айтиб, омад тилади. Умуман олганда, яхши суҳбат қуришга ҳали имкон туғилмади.

— Миланелло машғулотлар базасига борганингизда чиндан ҳам буюк клубга келганингизга ишонч ҳосил қилдингизми?

— Бу ерда ҳаммаси юқори савияда. Олтита майдон. Улардан иккитасида қишда машғулот ўтказиш учун иситиш тизими бор. Битта сунъий майдон ва иккита спорт зали. Ҳар бир футболчи учун алоҳида хона. Ажойиб жой экан. Ҳар бир вазиятда, ҳар куни янги таассуротлар оляпман. Тиббий кўрик, клуб раҳбарлари билан тушлик, шартнома имзолаш, клуб музейига саёҳат. Барчаси лол қолдирди. Одамлар қачондир шундай жойларда бўлиш учун бир умр футбол ўйнашади.

— Ўтган ярим йил ичида сиз нафақат «А» серияни, балки бутун Европани ажаблантирдингиз. Боз устига, трансфер нархингизга ҳам анча ўсди. Буни ҳис қиляпсизми?

— «Женоа»га борганимда, қишдаёқ жамоадан кетишим мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Лекин шундай таклиф тушдики, уни рад этиш имконсиз эди. У ҳамма томон учун маъқул бўлди. Янада ривожланишим учун ажойиб вазият юзага келди. Бунга ҳеч ким халақит беришни истамади. Ишончим комил, барчасини тўғри қилдим. «Милан»дек клубнинг таклифини рад этиш қийин. Бу ерга захирада ўтириш учун келмадим. Буюк клубда ўзимни кўрсатиш учун катта имконият бор. Мавсум аввалида кўпчилик учун кутилмаган ўйинчи бўлдим. Гол уришни бошлаганимда, Европанинг кучли клубларидан таклифлар тушишини кўнглим сезганди. Лекин ёзгача «Женоа»дан кетмасликка қарор қилгандим. Кейин воқеалар шиддат билан ривожланди. Ҳаёт шуниси билан қизиқ-да.

— «Милан» жиддий қизиқиш билдирдими?

— Ҳа. Улар икки ҳафта олдин таклиф билан чиқишди. Клуб гапни чўзиб ўтирмасдан, «Сен бизга кераксан. Шунча пул таклиф қиламиз. Жавобинг қандай?» деб сўрашди. Ортиқча иккиланмадим. «Женоа» учун яхши пул, мен учун янги имкониятлар.

— Айтганча, кичик Кшиштофнинг «Милан» ранглари акс этган сочиқда тушган суратлари интернетда шов-шув кўтарди.

— Ўшанда «Милан»нинг шонли даври эди. Кўплаб дўстларим каби мен ҳам шу жамоага мухлислик қилардим. Ҳозирги кунгача елкага шу сочиқни ташлашим мумкин эди. Энди эса жамоанинг ҳақиқий либосини киймоқдаман. Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкинлигига яна бир ишора. Лекин бу ҳолатимдан ҳаволаниб кетмоқчи эмасман. Ёшим энди 23да ва ҳали кўп иш қилишим керак. Бир давра қаҳрамони бўлиб, кейинчалик йўқолиб қолишни истамайман. «Милан» билан Чемпионлар Лигасида ўйнамоқчиман.

— Қаллиғингиз Паулина билан гаплашганимизда, отангиз билан тушган расмингиз борлиги, у «Милан» футболкасида бўлганини таъкидлади.

— Ҳа. Лекин бу суратнинг сифати унчалик яхши эмаслиги учун ҳеч қаерда кўрсатмаганман. Қайсидир ўйиндан кейин олинганди. Биз футбол ўйнаётгандик. Кейин отам мени олиб кетгани «россонери» футболкасида ташриф буюрган. Уни шу жамоа мухлиси деса ҳам бўлади.

— Уйга қўнғироқ қилиб, «Энди «Милан» ўйинчисиман», деганингизда, улар қандай жавоб беришди?

— Отам аввалига хотиржам эди. Менга «Аввалига келишиб олишсин», деди. Афтидан ўтишга ҳозирланиб, кейин қийналиб юрмаслигимни истади.

— «Вест Хэм» ҳам аниқ таклиф билан чиқдими?

— Ҳа, таклиф яхши эди. Лекин «Женоа» уларга рад жавобини берди. Генуяликлар «Милан» билан келишиб олишни исташди. Мен ҳам айнан «россонери» сафига ўтишга хоҳлагандим. «Вест Хэм»дагилар хафа бўлишмасин-у, улардан кўра буюкроқ клуб аъзосига айландим. Таклиф қилинган пуллар ҳам деярли бир хил эди. Аммо фаолиятимнинг бу қисмида маблағ асосий ролни ўйнамаслиги керак. Бу ерда Чемпионлар Лигасида ўйнаш имкониятим бор.

— Демак, ҳисоб рақамингизга қанча пул келиб тушиши унчалик аҳамиятга эга эмас.

— Ҳа. Агар пул асосий мақсадим бўлганида, ёзгача кутишим ёки бош­қа жамоага йўл олишим мумкин эди. Асосан ўсишим мумкин бўлган вариантга эътибор қаратдим. Оиламни боқишим учун имкониятим етарли. Шу тариқа ўз йўлимни танладим.

— 9-рақамга нима бўлди? Нима учун «19»ни танладингиз?

— Бу борада клуб билан гаплашдим. Тўғрисини айтаман, 9-рақамни олишни жуда истагандим. Мақсадимни яширмадим. Лекин клубдагиларнинг бу борада фикрлари бошқача экан. Улар мазкур рақамни бироз сақлашмоқчи. У ҳақли равишда совға бўлиши керак. Филиппо Инзаги ёки Марко ван Бастеннинг кўрсаткичларига яқин келган футболчиларга беришни мақсад қилишган. Қисқаси, 9-рақам эгаси бўлиш учун ҳали ўзимни кўрсатишим лозим.

— Шартнома билан боғлиқ кунлар сизни ритмдан чиқармадими?

— Йўқ. «Женоа» билан қисқа йиғинда яхши қатнашдим. Ўзимни кучли ҳис қиляпман. Тўғри, сўнгги ҳафта жуда тиғиз ўтди. Сариқ карточкалар туфайли душанба куни «Милан»га қарши ўйнай олмадим, аммо стадионга бордим.

— «Наполи»га қарши майдонга тушасизми? (интервью ўйиндан бир кун олдин олинган).

— Шундан умидворман. Ҳаммасини мистер Гаттузо ҳал қилади. Машғулотларда мени кузатиш учун унда кўп вақт бўлмади. Шу боис ҳам мураббийнинг ҳар қандай қарорини тўғри қабул қиламан. Аслида эса, асосий таркибда майдонга тушишни истардим. «Сан Сиро»даги дастлабки учрашувимда мухлисларга ўзимни кўрсатмоқчиман. Боз устига, бу катта ўйин.

— Биз учун ҳам қизиқ. Икки польшалик ҳужумчи: Пёнтек - Миликка қарши.

— Арек ҳозир яхши формада. Тўп­урарлар баҳсида ҳам мени қувишда давом этмоқда. Лекин охирги сўзимни ҳали айтмадим.

— Гаттузо сизни Кутроне билан бирга туширадими? «Милан» қандай схемада ўйнайди?

— Ҳозир бир нарса дейишим қийин. Икки тарафлама ўйинда иштирок этдик. Аммо бундан хулоса чиқариб бўлмайди.

 

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz