Қайднома

Қидирув

Дидье Дешам: «Биламан, омадим келди»

Дидье Дешам: «Биламан, омадим келди»

  08.02.2019 06:25
  0
  508
Дидье Дешам: «Биламан, омадим келди»

Москвадаги ғалабадан сўнг жаҳон чемпионлари устозининг ҳаётида қандай ўзгаришлар рўй берди? 2018 йилда у Франция ва жаҳоннинг энг яхши мураббийи бўлди. Гарчи France Football нашрига берган интервьюсида ҳаёт ажойиб ва ғаройиб эканлигини таъкидлашдан ташқари, ҳамиша сергакликни йўқотмаслик кераклиги, зеро катта ғалабалардан сўнг одамлар катта аҳмоқгарчиликларга йўл қўйишлари мумкинлигини таъкидлади.

- ЖЧ-2018даги ғалабадан сўнг шундай юқори нотада фаолиятни якунлаш фикри хаёлдан ўтмадими?

- Асло, йўқ! Бунга битта оддий сабаб бор - бу ишдан ҳали зерикмадим. Қилаётган меҳнатимдан роҳатланмасам, ўшанда кўрамиз.

- Лекин Франция термаси билан бундан юқорироққа чиқолмайсиз...

- Нега энди? Интилишга арзигулик мақсадлар бор. Балки, жаҳон кубоги энг йирик совриндек кўринар, бироқ ҳаёт шу билан тўхтаб қолмайди. Эндигина 50 ёшни қаршиладим, пенсия ҳақида ўйлашга ҳали эрта.

- Финалдан кейиноқ йигитларга ҳаёт улар учун энди ўзгарганини айтдингиз. Ўзингиз учун-чи?

- Нимани назарда тутгандим: инсоний жиҳатдан, албатта, йигитлар ўзгаришмади, аммо атрофдагилар энди уларга бошқача кўз билан қарашади. Уго Льорис Россиядаги мусобақада сардор бўлди, шундайлигича тарихдан жой олади. Худди шундай ҳолатни мен футболчилик фаолиятимда бошдан кечирганман. Бутсаларимни михга илгач, иккинчи ҳаётим бошланди. ЖЧ-2018даги ғалабадан кейин учинчи ҳаёт бўлмайди, шунчаки яна бир олий мақомга эга бўлдик - футболчилар ва мураббийлар гуруҳига раҳмат. Қисқаси, умримиз гўзал ва ажойиб ҳиссиётларга тўлди! (Кулади) Тўғри, энди аввалгидек хотиржам эмасмиз. Лекин селфи тушишни хоҳлаётган ишқибозга йўқ деб бўларканми? Ҳар ҳолда, бу танқидлар ёмғири остида қолишдан ёқимли.

- Қандайдир таклифлар ҳам бўлгандир? Айтайлик, бирор-бир экзотик мазмундаги...

- Бор шунақаси. Кап-д~Ай шаҳарчасидаги стадионга менинг номимни беришни хоҳлашди. Бу иккинчиси, биринчи таклиф Баййондан тушганди. Бу ҳудудлар билан ўзаро боғлиқлигим бор. Бирида неча йиллардан буён яшаяпман, бошқасида эса туғилганман. Аммо бу ҳолат номимдан ҳар қандай одам ўз истаганича фойдаланишини англатмайди. Турли фирмалардан таклифлар бўлди, аммо федерациядан маош оляпман, ортиғи керакмас.

- Ўз соҳангизда етарлича билимга эга бўлдим, деб ўйлайсизми?

- Жаҳон чемпионати пайти қандайдир муаммо туғилса, психология ва санъатни бошқариш мавусидаги «Тўғри қарор чиқариш» китобини ўқидим. Бу мавзулар мени доимо қизиқтириб келади. Шундай одамлар борки, эрталаб уйғонганда, хаёлида «Мен ҳамма нарсани биламан...» деган фикр туради. Аммо мен ҳеч нарсани билмаслигимдан хабардорман. Билим олишдан ҳеч қачон тўхтамаслик керак. Шундай сўзлар борки, кишини беихтиёр мулоҳаза юритишга ундайди.

- Эмме Жаке (1998 йилги Франция терма жамоаси бош мураббийи) тажрибасидан ҳам нимадир олдингизми?

- Албатта. Ўрганадиган нарсалар кўп, айниқса, сиздан йигирма ёш катта бўлган одамдан. Гарчи ҳозирги жараён фарқли бўлсада: ЖЧ Францияда ўтмади, футболчилар авлоди бошқа, қизиқиш доиралари ўзгача. Ҳозир дунё барча учун очиқ, у пайтлари бироз ёпиқлик кузатилганди. Асосий сўз - «мослашув» эди. Шундай экан, кимнингдир тажрибасини кўчириш мумкин эмас. Ўша пайт фойда келтирган услублар ҳозир самара бермаслиги ҳеч гапмас. Шунингдек, умумий ишлаш принциплари бор. Муҳими - аввал қилинган хатоларни такрорламаслик.

- Футболчи ва мураббий сифатида жаҳон чемпиони бўлганлар қаторига кирдингиз - Марио Загалло, Франц Беккенбауэр...

- Бу ёқимли, албатта, бемалол фахрланиш мумкин. Аммо мазкур ютуқлар эрталаб кўзгуга қараб, «Сен - буюксан!» дейишга сабаб бўлолмайди.

- Франция футболида ўз даврининг рамзига айланганлар учраган - Копа, Платини, Зидан... Аммо ҳозирги термада шундай тимсол-ўйинчи йўқ. Шундай экан, ғалабада энг катта улушни Дешам қўшди, дейиш мумкинми?

- Йўқ. Нега энди футболчилар ҳиссасини камайтириш керак? Бу сохта камтарлик эмас. Ҳаммасини ўйинчилар бажаришди. Худди шу гап Эмме Жакенинг ролига ҳам тааллуқли. Мураббий - муҳим фигура, бироқ сўнгги сўзни барибир, футболчилар айтишади. Ахир уларни компьютер ўйинида бўлгани каби «жойстик» ёрдамида бошқариб бўлмайди.

- Лекин кўпчилик «Бу Гризманн, Погба ёки Мбаппенинг эмас, Дешамнинг жамоаси», демоқда...

- Буни ҳис қилиш ёқимли, аммо масала моҳиятини тушуниш керак. Ҳа, чиндан ҳам бу термада муайян бир футболчи ажралиб турмади. Аммо жамоанинг асл кучи ҳам шунда-да. Уч-тўрт нафар етакчи футболчи бор, лекин терма жамоа турли авлод вакиллари қоришмасидир. Ёшлар ҳам ўйнаяпти, ўттиздан ошганлар ҳам. Ғалабани бутун жамоа қўлга киритди: 23 футболчи ва 20га яқин ходимлар. 55 кун барчамиз бир оиладек кун кечирдик.

- Ҳозир тўпланган таркиб шу қадар тез самара келтиришини тахмин қилганмидингиз?

- Йўқ, ахир кўпчилик - 14 нафар футболчи - Евро-2016да қатнашмаганди. Тажриба эса бундай турнирларда жуда муҳим. Лекин Евро ва ЖЧ орасидаги икки йил юқори даражада ўйнаётган ўйинчи учун кам эмас. Жамоа бу муддат ичида албатта ўзгаради. Эмме Жаке бошқарган терма ҳақида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин - 1996 ва 1998 йилларда турли футболчилар тўп суришган. Демакки, Евро-2020гача таркиб яна ўзгаради. Тўғри, қайси томонга ва қайси футболчилар эвазига ўзгаришини билмайман.

- Мундиалдаги ғалаба биринчи навбатда шу 23 нафар ўйинчининг тўғри танлангани билан боғландими?

- Ҳа. ЖЧ финал босқичига якуний рўйхатни тузиш - иккита ўйин ва ўн кунлик йиғинларда футболчиларни таклиф қилишдан фарқланади. Бу кўпкунлик таҳлил, мулоҳаза, ёрдамчилар билан фикр алмашишдир. Менга 2014 ва 2016 йилларда тўпланган тажриба ҳам асқотди. Ўйинчилар танлови - ўта нозик ва мураккаб иш.

- 1998 йилда ҳам жаҳон чемпионлигини қўлга киритгансиз. Бу воқеани қандай қабул қилгансиз, муаммолар бўлмаганми?

- Албатта, муаммо кузатилади - ахир шунча куч сарфланади, ҳис-ҳаяжон бўлади. Қўшимчасига, мавсум узаяди, дам олиш учун вақт камаяди. Мия ва тана сиз хоҳлагандек ишламайди. Қандайдир зерикиш ва безиш кузатилади. Аммо ҳаммаси ёшга боғлиқ. Навқирон футболчилар учун чемпион бўлиш қайсидир маънода допинг вазифасини ўтаса, ажабмас. Ўттиз ёшлилар эса орзу рўёбга чиққани, фаолият якунланаётгани ҳақида ўйлашади. Бундай ҳол мен билан ҳам кузатилган. ЖЧ-98дан сўнг ярим йил ўзимга келишим қийин кечган.

- Ҳозир, 2018 йилги муваффақиятдан кейин-чи?

- Энди мени ҳеч нарса тўхтатолмайди. Бир гап бор: «Катта ғалабалардан кейин одамлар катта аҳмоқгарчиликларга йўл қўйишади». Балки, хотиржамлик кузатилар, гўё ҳаёт шу зайл давом этадигандек. Аммо профессионал спорт шафқатсиз! Буни ёдда тутиш керак. Ахир ғалабани қийинчилик билан қўлга киритдик!

- Олдингизда ечимини кутаётган дилемма бор: бир томондан, чемпион таркибни сақлаб қолишни хоҳлайсиз, бошқа томондан - ротация даркор...

- Евро-2016дан кейин консерватор эканлигим, янгиликлар тарафдори эмаслигимни таъкидлашганди. Билмайман, аслида ҳам шундайми? Аммо мен шундайман. Қанчалик консерватор бўлмай, Россияга кўплаб янги футболчилар билан бордим. Тўрт киши таркибга ЖЧ-2018дан кейин қўшилди: Танги Ндомбеле, Ферлан Менди, Алассан Плеа ҳамда Бенжамен Леконт. Терма жамоа эшиги ҳамма учун очиқ. Шунингдек, Мамаду Сако, Курт Зума, Мусо Сиссоко, Лука Динь, Бенуа Костиль ҳам бор. Жаҳон чемпионлари термада ҳеч кимга жой кафолатланмаганини яхши билишади. Мен бу қадар меҳрибон эмасман. Аммо кимдир миллий жамоадан таклиф олибдими, янада кўпроқ тер тўкишига тўғри келади. Унинг учун бошқача ҳаёт бошланади. Худди шу гап чемпионликка эришганларга ҳам тегишли. Мунтазам равишда термага муносиб эканлигини исботлаши шарт.

- ЖЧ-2018дан сўнг французларнинг ғалаба рецепти ҳақида гапириш мумкинми?

- Рецепт - бу ҳақиқий жамоавийлик. Албатта, мазкур жамоада аввал ҳам буюк футболчилар тўп суришган, аммо бундай жипслик янги даражага чиқди. 2018 йилга келиб ажойиб таркиб шаклланди, Германия термаси 2014 йили худди шундай кўриниш олганди. Ўшанда ҳам немислар жамоасида аниқ бир ўйинчини ажратиб кўрсатиб бўлмасди, уларда ҳам назоратни қўлга оладиган 4-5 етакчи тўп сурганди. Бугунги кунда жамоа ўйини қайсидир юлдузга боғлиқ эмас.

- Шу боис, эҳтимол, «Олтин тўп» французларга насиб этмагандир...

- Балким. Афсусланарли, албатта. Лука Модрич «тўп»га муносиб эмас, совринни фақат ғолиблар қўлга киритиши керак, деган фикрдан йироқман. Аммо французлар - «Олтин тўп»га даъвогарлар ўртасида ҳурмат сақланиб қолди. Ваҳоланки, ЖЧ-2018дан сўнг Килиан, Антуан ҳамда Рафаэль ўртасига совуқчилик туширишга уринишлар бўлганди. Бироқ фойда бермади. Терманинг кучи ҳам шунда. Ҳеч ким устунликни ўз томонига оғдиришга интилмайди. «Олтин тўп» ғолиби биздан бўлмаганлиги фожиа эмас, мабодо соврин бир киши эмас, футболчилар гуруҳига топширилганда, шогирдларим унга муносиб эдилар.

- Терма устозининг келгусидаги режалари қандай?

- Дастлаб Евро-2020 йўлланмасини қўлга киритиш керак. Шунга қараб мақсадлар белгиланади. Узоқ муддатли режалар тузмадим, ҳозир ҳам уринмаяпман. Бугунги кун билан яшаяпман. Биринчи ҳаётим - футболчиликда эришган ютуқларим сабаб, ҳозирги ҳаётим ҳам муваффақиятли кечмоқда. Аммо шуни ҳам унутмайликки, ЖЧ саралаши «плей-офф» жавоб баҳсида ғалаба қозонмаганимизда ёки Аргентина термасига ютқазганимизда, ҳозир воқеалар бошқача ривож олаётган бўларди. Айни пайт ҳаётимдан мамнунман. Йиллар ва тажриба бундай дамларни қадрлашга ўргатади. Омадим келди. Буни биламан.

- Учинчи ҳаётингизни бошлашингиз мумкин эмасми - мутасадди сифатида. Худди Франц Беккенбауэр сингари бошқарувчи лавозимида?

- Билмайман. Ҳозир бошқа соҳа ҳақида ўйламаяпман. Менга керак бўлган ягона нарса - футбол майдони.

- France Football учинчи марта сизни Францияда йил мураббийи сифатида эътироф этди. Бунга қадар 2003 ва 2010 йилда шундай шарафга муносиб кўрилган эдингиз. Демак, Зайниддин Зиданни ортда қолдирдингиз...

- Лекин Зизуни клуб мураббийи, мени эса терма устози сифатида танлашди. Бу бошқа-бошқа нарсалар.

- Аммо қайси бири маъқулроқ - клуб мураббийими ёки терманики?

- Клубда ишлаётганда, фаолият муваффақиятли кечадими, йўқми - иш жуда мураккаб кечади. Деярли дам олинмайди. Термани шуғуллантираётганда эса тўхтаб, ҳордиқ чиқариш имкони туғилади. Йўқ, миллий жамоа устози бўлиш - бу ажойиб... Айниқса, ғалабаларни қўлга киритганингизда!

М.АБДУҲАМИТОВ таёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz