Қайднома

Қидирув

Янги тўпурар – Янги рекордчи

Янги тўпурар – Янги рекордчи

  08.02.2019 00:31
  0
  443
Янги тўпурар – Янги рекордчи

ОСИЁ КУБОГИ-2019 ҚАҲРАМОНИ. Қатар терма жамоаси янги даврга қадам ташлади. Футбол миқёсида ҳам митти саналган мамлакат миллий жамоасида бунга қадар бош ҳужумчи-тўпурар ролида гавдаланган асли уругвайлик Себастьян Сория Куинтана ўрнини янги юлдузча эгаллади - ал Моаз Али. Қитъа чемпионатигача кенг доирада нотаниш бўлган ёш ҳужумчи БААдаги турнирда 9та гол уриб, 23 йил олдин ўрнатилган рекордни янгилади. Ўшанда, яъни 1996 йили ҳам Осиё чемпионатига айнан БАА мезбонлик қилган ва эронлик машҳур тўпурар Али Даи 8та гол урганди. Мана, ал Моаз Эрон футболи афсонасидан ўзиб кетиш баробарида бош совринни боши узра баланд кўтарди.

 

Ал Моаз Али - 22 ёшли йигитча. У Қатар футболида катта аҳамият касб этадиган «Эспайр» академиясида таҳсил олган. Иқтидорли ҳужумчи кейинчалик «Эспайр» билан ҳамкорлик ўрнатган «Эупен» (Бельгия) ва «Культураль Леонес» (Испания), шунингдек, ЛАСК (Австрия) клубларида тўп суриш асносида еврофутбол ҳавосидан нафас олди. Янги қаҳрамон ҳозирда Қатарнинг амалдаги чемпиони - «Ал-Дуҳайл» ихтиёрида. Асосийси, Али БААда фақат кўп гол ургани эмас, балки чиройли ургани билан ҳам назарга тушди. Дейлик, у финалда японлар дарвозасини дабдабали «қайчи» усулида нишонга олди ва айтиш мумкинки, айнан шу гол кўп нарсани ҳал қилди. Якунда ташкилотчилар Осиё чемпионатининг энг яхши ассистенти Акрам Афиф (10та самарали узатма)ни эмас, айнан ал Моаз Алини турнирнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этишди. Ваҳоланки, Афиф финалда жамоасининг 3та голига ҳам бевосита ҳисса қўшди (гол ва 2та самарали узатма).

Қизиқ бир факт, Осиё чемпионатининг олдинги рекордчиси Али Даи 1996 йилги турнирда Жанубий Корея термасига қарши кечган учрашувда «покер»га эришганди, ал Моаз ҳам корейсларни 4та гол билан «сийлади». Битта фарқи шуки, у жанублик эмас, шимоллик корейслар (КХДР)ни ранжитди. Дарвоқе, Али Суданда туғилган, лекин 6 ёшидан буён Қатарда яшамоқда, футбол билан ҳам янги мамлакатда ошно тутинган. Демакки, бу борадаги шикоят ва даъволар ўринсиз...

 

ОК-2019: ал Моаз алининг умумий статистикаси

ҚАТАР - ЛИВАН - 2:0 (гуруҳ, 1-тур): 90 дақиқа, 1та гол

КХДР - ҚАТАР - 0:6 (гуруҳ, 2-тур): 90 дақиқа, 4та гол

С.АРАБИСТОНИ - ҚАТАР - 0:2 (гуруҳ, 3-тур): 83 дақиқа, 2та гол

ҚАТАР - ИРОҚ - 1:0 (1|8 финал):  90 дақиқа

Ж.КОРЕЯ - ҚАТАР - 0:1 (1|4 финал): 89 дақиқа

ҚАТАР - БАА - 4:0 (1|2 финал): 86 дақиқа, 1та гол

ЯПОНИЯ - ҚАТАР - 1:3 (финал): 90 дақиқа, 1та гол

Жами: 7та ўйин, 617 дақиқа, 9та гол

Ўртача кўрсаткич: 1та ўйинда 1,28та гол; ҳар 68,55 дақиқада 1та гол


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz