Қайднома

Қидирув

Евротур: «ЮВЕНТУС» - ТОП-5ликда ТАНҲО

Евротур: «ЮВЕНТУС» - ТОП-5ликда ТАНҲО

  10.02.2019 00:19
  0
  470
Евротур: «ЮВЕНТУС» - ТОП-5ликда ТАНҲО

Февралнинг дастлабки «уик-энд»идаги беллашувлардан сўнг «кўҳна қитъа»да фақат «Ювентус» ички мусобақада мағлубият аламини тотиб кўрмаган ягона жамоа бўлиб олди. Шу турга қадар енгилмай келган «ПСЖ» Лиондан бош эгиб қайтди. Месси ва Роналдунинг «дубл»лари ғалаба учун камлик қилди. Ниҳоят, «Монако» узоқ кутилган ғалабани расмийлаштирди.

Англия. Реванш амалга ошмади

Тақвимга кўра, «Манчестер Сити» ва «Арсенал» ўртасидаги учрашув тур якунида бўлиб ўтди. «Этиҳад Стэдиум»га меҳмонлар 1-турдаги мағлубият аламини олиш ниятида тушган бўлсалар, мезбонлар «Ливерпул»га яқинлашиш мақсадида эдилар. Ўйин «Сити»нинг кучли босими билан бошланиб, илк ҳужумдаёқ ҳисоб очилди - жарима майдончаси ичида тўпни эгаллаб олган Агуэро имкониятни йўққа чиқармади. Унаи Эмери шогирдлари ўйинга тайёр эмасдек кўринишганди. Бироқ тез орада бурчак зарбасини голга айлантирган Лоран Косьелни мувозанатни тиклади. Бўлимнинг қолган дақиқалари тенг курашлар остида ўтган бўлсада, танаффус арафасида Серхио яна ўзини кўрсатди.

Иккинчи бўлим тамоман ўзгача сценарийда ўтиши ҳам мумкин эди. Аммо аргентиналик тўпурарнинг учинчи голи меҳмонларни руҳан синдирди. Боиси, гол қўл билан урилганди, ҳакам эса уни кўрмай қолди. Эътиборли жиҳати шундаки, ўйиндан кейин Агуэро ўз айбини тан олди.

Турнинг яна бир қизиқарли беллашувида «Лестер» мағлубиятсиз серияни давом эттираётган Сульшер жамоаси билан куч синашди. Ёдингизда бўлса, аввалги турда «тулкилар» Ливерпулдан очко билан қайтишганди. Бу сафар ҳам жамоа жонли ўйин кўрсатди. Лекин номдор рақибнинг 9-дақиқадаги голига жавоб қайтара олмади. Оқибатда «МЮ» 5-поғонани «Арсенал»дан тортиб олди.

30 январда Борнмутдан шармандали (0:4) мағлубият билан қайтган «Челси» Лондонда «Хаддерсфилд» дарвозасига 5та жавобсиз тўп йўллаб, яна 4-ўринга қайтди.

Чемпион ва етакчини таъқиб этаётган «Тоттенхэм» Сон Хюн Миннинг ягона голи эвазига «Ньюкасл»дан қимматли 3 очкони тортиб олди.

Пешқадам «Ливерпуль» эса Лондонда «Вест Хэм» қаршилигини синдира олмади (1:1) ва таъқибчиларга яқинлашиб олиш имконини бой берди.

Испания. «Реал» учун омадли тур

Примеранинг навбатдаги тури фақат «Реал» учун омадли келди. Боиси, чемпионлик ва совринли ўринларга даъвогарлик қилаётганлар муҳим очколардан маҳрум бўлишди. Жумладан, Вигода «Севилья» «Сельта»га кичик ҳисобда имкониятни бой берди. Йокушлунинг 73-дақиқадаги аниқ зарбаси мезбонлар ғалабасини таъминлади. «Барселона» «Камп-Ноу»да «Валенсия»ни енга олмади - 2:2. Аниқроғи, «даҳо»нинг маҳорати эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди. Аммо бундан ортиғига Месси ва жамоадошларининг кучлари етмади.

Эртасига «Атлетико» Севильядан қуруқ қайтди. «Бетис» вакили Каналеснинг пенальтидан урган голи мезбонларни еврокубоклар ҳудудига олиб чиқди. «Матрасчилар» эса «Барса»нинг янада узоқлашиб олишига имкон беришди.

Шундай вазиятда «Реал» юқори ўринлардан умидини узмаган «Алавес»ни йирик (3:0) ҳисобда маҳв этди. Тўғри, «Сантьяго Бернабеу»га жиддий режалар билан келган рақибни енгиш осон бўлмади - Карим Бенземанинг 30-дақиқадаги голи 80-дақиқагача ўзгармай, мадридлик мухлисларни ҳаяжонда ушлаб турди. Жуниорнинг аниқ зарбасидан кейин улар енгил тин олган бўлишса, ажабмас. Ўйин тугашига 15 дақиқа қолганида захирадан майдонга тушган Диас эса ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда сўнгги нуқтани қўйди.

Германия. Гранд яна мағлуб

Анчагина ўзига келиб олган «Бавария» яна ўз мухлисларини ранжитди. Ваҳоланки, Леверкузенда Нико Ковач шогирдлари биринчи бўлимни ўз фойдаларига ҳал қилишганди. Аммо танафусдан кейин «Байер» шиддатни оширди. Натижада Бэйли Горецканинг голига жавоб қайтарди, Фолланд мезбонларни олдинга олиб чиқди. «Бавария»нинг ҳужумлари эса самарали бўлмади. Аксинча, «доришунослар» сафидаги ўйинчи алмашиши ўз натижасини берди - Бэйли ўрнига майдонга тушган Аларио «Бавария» дарвозасига учинчи голни урди.

Дортмунднинг «Боруссия»си ҳам навбатдаги турда 2 очкодан маҳрум бўлди. Тўғри, жамоа бу гал сафарда, боз устига, анчайин жиддий рақибга қарши майдонга тушди. Шунга қарамасдан, ўйиндаги ҳисоб дортмундликлар тўпурари - Марко Ройс томонидан очилди. Бироқ унинг «Айнтрахт»даги касбдоши ҳам бўш келмади ва мувозанатни тиклади. Қолаверса, Йович ушбу аниқ зарбаси эвазига тўпурарлар баҳсида яна Марко Ройсдан олдинга чиқиб олди. Охир-оқибат, «Боруссия» Д бир очкога бўлсада «Бавария»дан узоқлашиб олди.

Мюнхен грандининг омадсизлигидан Менхенгладбахнинг «Боруссия»си тўлиқ фойдаланиб, яна 2-ўринга кўтарилиб олди. Лекин Гельзенкирхендаги

62000дан кўпроқ мухлислар кўз ўнгида «Шальке»ни мағлубиятга учратиш осон кечмади. Муросасиз баҳснинг 85-дақиқасига қадар ҳисоб очилмади. Хуллас, Крамер ва Нойхауснинг сўнгги дақиқалардаги голлари меҳмонларга муҳим ғалабани туҳфа этди.

Совринли учликка интилаётган «РБ Лейпциг» ҳам сафарда «Ганновер» устидан зафар қучди. Сўнгги поғонадан кўтарила олмаётган аутсайдер ҳарчанд уринмасин, бўлим охирида ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборди. Танаффусдан кейин меҳмонлар яна икки марта «Ганновер» посбонини доғда қолдиришди. Орбаннинг «дубл»и «буқалар»га «Бавария» билан фарқни 5 очкогача қисқартириш имконини берди.

Италия. «Юве» ғалабани бой берди, лекин...

«А» сериянинг 22-турида пешқадам ўз майдонида ўртамиёна «Парма» билан муроса кўчасини танлади - 3:3. Ваҳоланки, учрашув давомида жамоа икки марта 2 тўп фарқи билан олдинда бораётганди. Аммо Роналдунинг «дубл»и ва Руганининг голи 3 очкога эга бўлиш учун камлик қилди. Пармаликлардан Барилла ҳисобдаги фарқни қисқартирган бўлса, Жервиньонинг «дубл»и мезбонларни дуранг билан кифояланишга мажбур этди. Лекин эътиборли жиҳати шундаки, «кекса синьора» мазкур турдан кейин топ-чемпионатлар вакиллари орасида мағлубият аламини тотмаган ягона жамоа бўлиб олди. Чунки қўшни Францияда «ПСЖ» бу турда «Лион»га имкониятни бой берди. Бевосита Италиядаги ўйинга келсак, у майдон эгаларининг устунлигида ўтди. Бироқ меҳмонлар ҳужумчиси Жервиньонинг голларига ҳатто туринлик мухлислар ҳам беш кетишганига асло шубҳа йўқ.

Иккинчи поғонани банд этган «Наполи» ўз майдонида «Сампдория»ни маҳв этиш йўлида жиддий қийинчиликка дуч келмади. Милик ва Инсинье томонидан кетма-кет урилган голлардан сўнг мезбонлар асосий эътиборни ҳимояга қаратишди. Ўйин якунида захирадан ўйинга қўшилган Вердининг голи ҳисобни йирик кўринишга олиб келди. Шу тариқа «Наполи» пешқадамга икки «қадам» яқинлашиб олди.

Кейинги ўринлардан жой олган Милан жамоалари турни омадсиз ўтказдилар. «Интер» ўз майдонида аутсайдер - «Болонья»га имкониятни бой берди. Агар меҳмонлар сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетишганида, уни тасодифга йўйиш мумкин бўларди. Бироқ вазиятни ўнглаш учун мезбонлар ихтиёрида 1 соат вақт бор эди... Нима бўлганда ҳам, «Болонья» шу шижоатини кейинги турда ҳам намойиш этса, машъум гуруҳни тарк этиши турган гап.

«Милан» эса Римда «Рома» билан жанговар дурангга (1:1) имзо чекди. Аслида, «бўрилар» уясидан мағлуб бўлмасдан қайтиш ёмон натижа эмас. Лекин «россонери» ўйинидаги ижобий силжишни инобатга олсак, ғалаба ҳеч кимни ажаблантирмасди. Боз устига, миланликлар Кшиштоф Пёнтекнинг «Женоа»даги тўпурарлик маҳоратини интиқлик билан кутишаётганди. Ҳужумчи «Милан»даги дебют голи билан ҳисобни очди. Лекин мезбонлар танаффусдан кейин ҳисобни тенглаштиришди. Қолган дақиқаларда тенглик сақланиб қолди.

Франция. «ПСЖ» ҳам бош эгди

Ҳа, шу пайтгача мағлубият нималигини билмай келган чемпион «Лион» майдонидан бош эгиб қайтди. Қизиғи, беллашув меҳмонларнинг тезкор голи билан бошланганди. Бироқ Ди Мариянинг 7-дақиқадаги голига мезбонлар 33-дақиқада Мусо Дембеленинг аниқ зарбаси билан жавоб қайтаришди. Танаффусдан кейин эса Фақир пенальтини аниқ бажариш орқали «Лион»ни олдинга олиб чиқди. Кейинги 40 дақиқадан кўпроқ вақт ичида ҳисобни ўзгартириш на у, на бу томонга насиб этди.

Иккинчи ўринда бораётган «Лилль» «Ницца» дарвозасига 4та жавобсиз тўп киритди. Учрашувни тўлиқ назорат қилган майдон эгалари хотиржамлик билан ўйнаб, ҳар бўлимда 2тадан гол уришди. Пепе эса тўпурарлар баҳсида Каванига етиб олди.

Мавсумни омадсиз ўтказаётган «Монако» ниҳоят, ғалабага эришди. Бунда асосий ролларни бажариш князлик клубининг дебютантларига насиб этди: Александр Головин 15-дақиқада ҳисобни очди, Сеск Фабрегас 62-дақиқада жамоасини иккинчи марта олдинга олиб чиқди. Леонарду Жардим эса князликка қайтганидан кейин дастлабки ғалабасини нишонлади.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz