Қайднома

Қидирув

Анвар Ғофуров: «Мақсадимиз ўзгармайди – фақат чемпионлик»

Анвар Ғофуров: «Мақсадимиз ўзгармайди – фақат чемпионлик»

  11.02.2019 00:30
  0
  348
Анвар Ғофуров: «Мақсадимиз ўзгармайди – фақат чемпионлик»

Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби янги бош мураббий Вадим Абрамов бошчилигида ўз қароргоҳида навбатдаги мавсумга қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Газетамизнинг пойтахтдаги вакили машғулотлар жараёнини бевосита кузатиб, «қалдир-ғочлар»нинг тажрибали футболчиси Анвар Ғофуровдан интервью олди.

- Вадим Абрамов бошчилигида машғулотлар қандай кечмоқда?

- Тайёргарлик аъло даражада олиб борилмоқда. Вадим Карленович меҳнаткаш мураббий. Унинг ўзига хос қарашлари, ғоялари, тактикалари бор. Тажрибали мутахассис. Миллий жамоа, «Локомотив» клуби билан қандай ютуқларга эришгани кўпчиликка маълум. Машғулотлар вақтида футболчилар билан деярли тенгма-тенг ишламоқда. Ўзи маъқул кўрган услубларни ўртоқлик учрашувларида футболчилар онгига сингдиришга ҳаракат қилмоқда.

- Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқсак, «Бунёдкор» ўз олдига бошланажак мавсумда қандай мақсад қўяди?

- Мақсад ўзгармайди, чемпионлик ва Осиё Чемпионлар Лигасига йўлланма олишга интиламиз. Бунга кучимиз ва салоҳиятимиз етади, деб ўйлайман.

- Мавсумлар оралиғида жамоани кўп ўйинчилар тарк этишди. Бу ҳолат кўзланган мақсадга етишда тўсқинлик қилмайдими?

- «Бунёдкор»да бир неча йилдан бери ўйнаб келмоқдаман. Шу муддат ичида қанча футболчилар келиб-кетди. Бу - футбол. Кетганлар ўрнига бошқа футболчилар етишиб чиқади. Бунга нормал ҳолат сифатида қараш мумкин. Асосийси, ким келиб-кетишидан қатъий назар, астойдил ўйнаш керак. «Бунёдкор» ўз обрўсига, имижига эга клуб.

- Сизнинг ёшингиздаги айрим футболчилар мураббийлик фаолиятини бошламоқда. Бу борада қандайдир режалар тузганмисиз?

- Албатта. Мураббийлик фаолиятини бошлаш ниятим бор. Ўтган мавсум якунланганидан сўнг шундай қарорга келгандим. Лекин ҳар нарсанинг ўз вақти-соати бор. Кучим бор экан, ўйнашда давом этаман. Мазкур қароримни раҳбарият ва мураббийлар штаби ҳам маъқуллаб, жамоадаги ёш футболчиларга ёрдам беришимни исташди. Бундан хурсандман.

- Терма жамоамизнинг Австралияга қарши ўйини ҳақида нима дея оласиз?

- Бир нарса дейиш қийин. Футболчилар ёмон ўйнашмади. Пенальтилар серияси - бу лотерея. Ҳеч қайси футболчи, ҳатто жаҳон юлдузлари ҳам пенальтини юз фоиз бехато амалга ошираман, деб айтолмайди. Ижтимоий тармоқлардаги танқид-у ҳақоратлар нотўғри. Бундай пайтда футболчиларни қўллаб-қувватлаб, бирга бўлишимиз керак.

- Терма жамоамиз ўйинида пала-партишлик йўқолиб, тартиб юзага келганини сездингизми?

- Ҳа, албатта. Ҳимоявий ўйин билан нафақат биз, балки жаҳон даражасидаги жамоалар ҳам қийналишади. Оддий мисол, «Манчестер Юнайтед» Жозе Моуриньо бошқаруви пайтида кетма-кет мағлубиятларга учради. Жамоада аниқ шаклланган ўйин услуби бўлса, ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам тенглик юзага келади. Мудофаа чизиғини ҳарчанд кучайтирманг, барибир, гол қўйиб юборилади. Жамоадагилар майдонда бир-бирларини яхши тушуниб ҳаракат қилишса, пала-партишлик кузатилмайди. Бошқа томондан, замонавий футболда ўйинчиларнинг жисмоний томонлама кучли бўлиши катта аҳамиятга эга.

- Терма жамоа бош мураббийи Эктор Купер ҳақида фикрингиз?

- Тажрибали ва Европа ҳавосидан баҳра олган мураббий. Унинг асосий вазифаси - термамизни жаҳон чемпионатига олиб чиқиш. Агар мундиал йўлланмасини қўлга киритсак, ҳозир билдирилаётган танқидий руҳдаги фикрлар нотўғри бўлиб чиқиши турган гап. Ҳозирдан аниқ хулоса чиқариш мушкул, Осиё кубогига тайёргарлик ҳам қисқа муддат ичида ўтказилди. Шунинг учун сабр қилиб, фақат кутиш керак.

- Қитъамиз грандлари - Австралия, Жанубий Корея каби термаларнинг ўз даражаларида ўйнамаганликлари нима билан боғлиқ?

- Фикримча, бу авлодлар алмашинуви билан боғлиқ. Шу каби жараён бизда ҳам кечмоқда. Осиёнинг аксарият жамоаларида «қон» алмашмоқда. Хусусан, Япония ва Авс-тралия каби термалар ёши катта футболчиларидан воз кечиб, маҳаллий ёш иқтидор соҳибларига ишонч билдиришди. Қолаверса, Осиё кубогига келган бошқа жамоалар мураббийлари мазкур мусобақа орқали жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида қатнашадиган таркибни шакллантиришди. Қисқаси, ёшларга имконият бериляпти. Мундиал саралашигача улар янада кучли бўлиб қайтишади.

Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz