Қайднома

Қидирув

Саёҳатсевар Себастьян Жовинко энди Саудияда...

Саёҳатсевар Себастьян Жовинко энди Саудияда...

  12.02.2019 04:07
  0
  219
Саёҳатсевар Себастьян Жовинко энди Саудияда...

«Бу менинг бош билан урган биринчи голим, балки охиргисидир...», деб ёзганди Себастьян Жовинко ўзининг «Инстаграм»даги саҳифасида. Ўшанда у МЛСда рақиб дарвозасини боши ёрдамида ишғол қилгани тасвирланган видеоёзувни ижтимоий тармоққа жойлаганди. Умуман олганда, бу футболчининг фаолияти антиқа кечди.

Жовинко Туриндаги «Деле Альпи» стадиони яқинидаги кварталда ўсиб-улғайди. Лекин болалигида «Ювентус» ўйинларига чипта олиш уёқда турсин, ҳаттоки, тузукроқ бутса ҳам харид қилолмасди. «Отамнинг бутса олиб беришини бир йил кутганман», - дея эслайди Себа.

Жовинконинг отаси чилангар бўлиб ишлар ва ҳар куни эрталаб ўғлини «Ювентус» академиясига олиб борарди. Кейин уйга қайтиб, барда ишлайдиган рафиқасини ишга элтиб қўярди. Кечда эса эски «Рено»нинг орқасида ўтириб йиғлаётган ўғлини юпатарди. Себа ҳар доим ҳам майдонга тушавермаслигидан отасига арз қиларди. «Агар тинчланмасанг, эртага машғулотларда қатнашмайсан. Мен сени у ерга йиғлашинг учун олиб бормайман», - дерди катта Жовинко.

Орадан бир йил ўтиб, 17 ёшли Себа отаси билан клуб офисига бориб, профессионал шартнома имзолади. Унинг дастлабки харидларидан бири янги квартира бўлди. Эндиликда оиланинг ҳар бир аъзоси алоҳида хона билан таъминланганди. «Дель Пьеро билан ўйнадим, Трезегега пас бердим. «Юве»нинг «А» серияга қайтишига ёрдам берганим билан фахрланаман», - Жовинко фаолиятидаги биринчи мавсумини худди шу тариқа ёдга олади.

Кейинги тўққиз йил Себа асосий таркибга кириш учун кураш олиб борди. Лекин ўзининг энг яхши ўйин-ларини «Эмполи» ва «Парма»да кўрсатди. «Ювентус»далигида эса асосан захира ўриндиғида ўтирарди. Кейинчалик топ-клубларга торта олмаслигини тушуниб етди. Аутсайдерлар берадиган маош эса уни қизиқтирмади. Жовинко кутилмаган қарорни қабул қилди: шартномаси якунланишини кутди, кейин эса «Торонто» билан келишувга эришиб, 27 ёшида Канадага йўл олди. У кетганида бутун Италия ҳайратланганди.

Ниҳоят, Жовинко ўзини омадсиз эмас, балки қиролдек ҳис қила бошлади. Бошқа юлдузлар МЛСга фаолиятларини якунлаш учун боришади. Себа эса ўзи истагандек ўйнади. Боз устига, йиллик маоши 7,1 миллион долларни ташкил қиларди. Бу эса лигадаги энг кўпи эди. Мисол учун, Ибрагимовичнинг маоши атиги 1,5 миллион бўлган. Ўтган йилнинг кузида Италия термасига ҳам қайтди. Роберто Манчини охирги уч йилда илк бора уни миллий жамоага чорлаганди.

Канада Себанинг барча истакларини бажо келтиришга тайёр эди. Мисол учун, октябрдаги «Атланта Юнайтед»га қарши учрашувда трибунадагилар жамоа-доши Жози Алтидор томон пиво идишларини улоқтиришди. Италиялик футболчи эса майдон четига борди-да, идишда қолган ичимликни ичиб юборди.

Ҳаммаси жонига текканидан сўнг Жовинко Саудия Арабистони томон йўл олди. Яқинда у «Ал-Ҳилол» билан шартнома имзолади. Натижада италиялик футболчилар орасида иккинчи энг кўп маош оладиган футболчига айланди. Танкреди Палмерининг ҳисоб-китобига кўра, Себастьяннинг йиллик маоши 10 миллион еврони ташкил қилади. Фақатгина Хитойнинг «Шандон Луненг»ида ўйнаётган Грациано Пелле (15 млн.) ундан кўп олади. Кейинги ўринларда Марко Верратти («ПСЖ», 9 млн.), Жанлуижи Доннарумма («Милан», 6 млн.) ва Леонардо Бонуччи («Ювентус», 5,5 млн.)лар боришмоқда.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • ЎФФ ва ПФЛнинг янги раҳбарияти олиб бораётган ислоҳотларга қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz