Қайднома

Қидирув

Марадона Сафаров: «Исмимни ўзгартириш ҳақида ўйламаган эканман»

Марадона Сафаров: «Исмимни ўзгартириш ҳақида ўйламаган эканман»

  13.02.2019 00:45
  0
  1691
Марадона Сафаров: «Исмимни ўзгартириш ҳақида ўйламаган эканман»

Ўтган мавсум Про-лиганинг «B» гуруҳида 2-ўринни эгаллаб, Суперлигага ўтиш баҳсида иштирок этган «Шердор» янги мавсумга астойдил тайёргарлик кўрмоқда. Мақом бўйича Самарқанд вилояти иккинчи жамоасининг янги мавсум учун режалари улкан. Раҳбарият мавсумга пухта тайёргарлик кўриш баробарида таркибни кучайтиришга ҳам эътибор қаратяпти. Шу кунгача Бахтиёр Сатторов бошчилигидаги самарқандликлар сафи Равшан Ягудин, Бунёд Исроилов, Акмал Бозоров, Илҳом Юнусов ҳамда Шохжаҳон Аббосов ҳисобига бойиганди. Биз жамоанинг яна бир истеъдодли аъзоси Марадона Сафаровдан мавсум тараддуди юзасидан интервью олдик.

 

- Марадона, янги мавсумни «Шердор»да бошлашингиз аниқ бўлдими?

- Ҳа, аниқ. Бахтиёр Сатторов янги мавсумда ҳам жамога ёрдам беришимни сўради. «Шердор» олдига Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилгани учун ҳам клубда қолишга қарор қилдим.

- Жамоа таркибида тажрибали футболчилар етарлими ёки ёшлик шижоати эвазига ижобий натижалар қайд этиляптими?

- Яқинда сафимизга тажрибали ярим ҳимоячи Илҳом Юнусов келиб қўшилди. Қолган футболчилар ўртамиёна, эндигина катта футболга қадам қўйган ёшлар. Натижага кучли хоҳиш эвазига эришяпмиз.

- Жамоанинг ўтган мавсумдаги иштироки ҳақида нима дея оласиз?

- Ўтган мавсум анча яхши натижа қайд этдик. Суперлигага ўтиш турнирида қатнашдик. Жамоамизда самарқандлик футболчилар кўпчиликни ташкил этади. Бу эса, ўз ўрнида, бир-биримизни тушуниб ҳаракат қилиш, шу замин жамоаси учун жон куйдириб ҳаракат қилишга туртки бўлмоқда. Барча Самарқанд футболини кўтариш учун майдонга тушяпти.

- Лекин сўнгги 2-3 йилда, балки ундан ҳам кўпроқ вақт мобайнида вилоят футболида кескин пасайиш кузатилди. Бунинг сабаблари нимада?

- Тўғрисини айтсам, билмайман.

- Биринчи лиганинг номи Про-лигага ўзгартирилди. Бу ўзгариш фақат қоғозда бўлдими ёки чемпионат ҳам кучайдими?

- Албатта, кучайди. Очиғи, менга жуда маъқул келди. Ўтган йили «В» гуруҳида қатнашган клубларда ҳам Суперлигага чиқиш имкони бўлди. Менимча, бу камтаргина Про-лига жамолари учун анча яхши имконият.

- Чемпионатнинг «А» ва «В» гуруҳларига бўлиб ўтказилиши тўғрими?

- Юз фоизга тўғри. «А» гуруҳидаги жамоаларга қўйиладиган талаблар юқори. Стадион ҳамда майдон чими талабга жавоб бериши шарт. Қолган талаблар ҳам худди Суперлига клублари учун мўлжаллангандек. «В» гуруҳида шароити ўртача бўлган жамоа-лар қатнашади.

- «Шердор» шароити бўйича «А» гуруҳида қатнашишга тайёрми?

- Бугунга келиб тайёр. Клубимиз инфратузилмаси кучайтириляпти. Жумладан, ўз тикув цехига эга. Таъбир жоиз бўлса, жамоа ўзини ўзи бемалол боқишга қурби етади.

- Ойлик маошлар етарлими?

- Ўтган йили бу борада умуман муаммо бўлгани йўқ. Маошлар ва мукофот пуллари ўз вақтида берилди. Бир сўз билан айтганда, «Шердор» «А» гуруҳида ўйнашга лойиқ жамоа.

- Мураббийга қандай таъриф берган бўлардингиз?

- Анчагина талабчан инсон. Ўз олдига ҳамиша юқори мақсадларни қўяди. «Шердор»нинг шу даражага етишида мураббийнинг хизмати катта. Футболни ҳаётининг ажралмас бир бўлаги, деб билади.

- Исмингизни ким қўйган?

- Отам Аргентина терма жамоаси ва Марадонанинг мухлиси бўганликлари учун шу исмни танлаганлар.

- Бу исм ўзингизга ёқадими? Ўзбекона исмга ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўрмаганмисиз?

- Ўзимга ёқади. Исмимни ўзгартириш ҳақида эса ўйлаб кўрмаган эканман.

- Дўстларингиз, маҳалладошларингизнинг «Марадона»га муносабати қандай?

- Мен яшайдиган Муборак шаҳрида ҳамма бир-бирини танийди. Чунки мўъжазгина шаҳар. Менга муносабатлари жуда яхши. Кўчада кўриб қолишса, «Ўзбекистон қачон жаҳон чемпионатига чикади?», деб сўрайдилар. Бу савол мени ҳам қизиқтиради, деб қўяман (кулади).

- Ўзбекистонлик футболчилардан кимларга ҳавас қиласиз?

- Ҳозирги кунда икки футболчининг ўйинлари ёқади. Жалолиддин Машарипов ва Марат Бикмаев. Жалолиддин анча хотиржам, лекин юқори дриблинги бор. Бикмаев ҳам ўз ишининг устаси.

- Лекин пенальти борасида бундай демаган бўлардим.

- Тўғри, бу борада омадсиздир, лекин ҳозирги кунда Суперлиганинг энг яхши ҳужумчиси.

- Ўзингиз ҳам пенальти тепиб турасизми?

- Мураббийимиз 11 метрли жарима тўпларини менга ишонади. Албатта, уролмаган пайтларим ҳам бўлган.

- Терма жамоамизнинг Осиё кубогидаги иштироки ҳақида нима дейсиз?

- Ўйлашимча, озгина омад етишмади. Агар Австралиядан ўтганимизда, аниқ финалда ўйнардик. Чорак финалда БААни бемалол ютардик. Қатар эса биз учун анча қулай рақиб.

- Жамоамизни Эктор Купердан бошқа мураббий ҳам гуруҳдан олиб чиқа оларди.

- Бу фикрга қўшиламан. Лекин Куперга озгина вақт керак. Ҳаммаси яхши бўлади. Аргентиналик мутахассис аста-секин футболчиларнинг қандай салоҳиятга эга эканлигини бил-япти.

Камол НУР суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz