Қайднома

Қидирув

«Бақалоқмас «Батигол!»

«Бақалоқмас «Батигол!»

  13.02.2019 02:23
  0
  685
«Бақалоқмас «Батигол!»

Агар шу бақалоқ дунёга келмаганида, «Чайф» гуруҳининг футболга бағишланган машҳур қўшиғи ҳам дунё юзини кўрмасди. Ана шу футбол афсонаси ярим асрлик юбилейини нишонлади. Бунга ишониш қийин, аммо ажойиб иқтидори билан тенгдошларидан яққол ажралиб турадиган болакай «бақалоқ» лақабини кўтариб юришга мажбур бўлган. Тўғри, балки бу ҳайратга арзирли янгилик эмасдир, лекин «Батигол» тахаллуси билан не-не рақибларини зир титратган ҳужумчи футболни ҳеч қачон севмагани, унга шунчаки касб сифатида қараганига нима дейсиз?

 

СЕМИЗЛИККА БЕРКИНГАН МАҲОРАТ

1986 йилнинг январида Росариодаги мўъжазгина стадион мухлисларга тўлиб-тошди. Бўлмасам-чи, ахир қуёш ўз тафтини аямаган ўша тарихий шанбада маҳаллий «Ньюэллс Олд Бойс» болакайлари минтақавий турнир финалида 500 чақирим узоқликдан ташриф буюрган тенгдошлари - «Реконкиста» билан куч синашишганди. Эътиборлиси, бу жамоа кутилмаганда машҳур «Аргентинос Хуниорс»дан финал йўлланмасини тортиб олганди. Ваҳоланки, мағлуб жамоа таркибида «Реал»нинг бўлажак сардори Фернандо Редондо, афсонавий Диего Марадонанинг укаси Уго каби иқтидорлар майдонга тушишганди.

Икки нафар мутахассис - ёшларга устозлик қилаётган «Ньюэллс» афсонаси Хорхе Гриффа ҳамда клуб тизимида эндигина иш бошлаган 30 ёшли Марсело Бьелсалар ўйинни алоҳида эътибор билан кузатишди. Гриффа айниқса, меҳмонларнинг 9-рақамли ҳужумчисидан кўзини узмади. Айнан шу болакайнинг «дубл»и эвазига «Реконкиста» финал йўлланмасини қўлга киритганди.

- Ҳайронман, бу бақалоқнинг нимаси сизга ёқиб қолди? - деб сўради Бьелса.

- Футболдаги айрим нарсаларни тушунишга ҳали ёшлик қиласан, ука, - деди суҳбатдоши жилмайиб.

Ўйин тугагач, Гриффа меҳмонлар ечиниш хонасига ошиқди. Чунки ўша бақалоқ унинг жамоаси дарвозасига 4та гол урганди. Шундай бўлсада, ўйин майдон эгаларининг 5:4 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Мураббий йиғлаётган меҳмонлар орасидан тўпурарни топди ва ёнида турган отасига юзланди:

- Сеньор, ўғлингиз билан танишмоқчиман. Унинг исми нима?

- Габриэль.

МАЙКЛ ЖОРДАН БЎЛИШНИ ИСТАГАН

17 ёшга қадар Батистута футбол хусусида бош қотирган эмас. Бир пайт-лари болаликдаги дўсти совға қилган Диего Марадонанинг сурати деворга осилган бўлсада, унинг эътиборини жалб этмаганди. «Мен фақат зерикиб қолмаслик ва ўртоқларимдан жудо бўлмаслик учун ўйнардим», деганди Габриэль. Кейинчалик. 16га чиққанида у «Реконкиста»нинг асосий таркибига таклиф этилди. Лекин шунда ҳам фақат ўзи истаган ҳолларда машғулотларга келарди. Мабодо ёмғир ёғадиган бўлса, бормай қўя қоларди.

Батиголнинг бошқа бир дўсти - Густаво Массат шундай хотирлайди: «У бироз дангаса бўлгани учун, чопишни ёқтирмасди. Баланд бўйи эса баскетболда унга устунлик берарди. Қолаверса, қишда ҳам совуқ эмас».

Габриэлнинг эътирофи бу фикрни тасдиқлайди: «Мен Майкл Жордан бўлишни орзу қилардим. Яна шифокорликка ҳам қизиққанман».

Кейинчалик бу қизиқишлар ёнига тулпорлар ҳам қўшилди.

1986 йилнинг январига келиб Габриэлда «гол ҳиди»ни сезишдек ажойиб қобилият пайдо бўлди. У ва ота-онасини эса футболга қизиқтириш осон бўлмади. Лекин Хорхе Гриффа ҳам чекинишни истамади: «Ўғлингиз ҳеч бўлмаса 1-2 йил омадини синаб кўрсин. Бутун Аргентина у билан фахрланадиган бўлади».

Шундан кейин Габриэль Росариога йўл олди.

ПЕЧЕНЬЕЛАРДАН ҚУРУҚ, ПАРҲЕЗЛАРДАН ОЧ ҚОЛДИ

Клуб академиясининг ўша даврлардаги шароитига ҳавас қилиб бўлмасди: ётоқхона трибуналардан бирининг остидан жой олган, икки қаватли каравотлар ўта зич жойлаштирилганди. Энг ёмони, Батистутани у ерда суюкли егулиги - «Фанточе» печеньесидан маҳрум этишди. Йигитча ўртоқлари билан пинг-понг ёки теннисда куч синашган кезлари ана шу ширинлик «кон» вазифасини ўтарди. Академияда эса 82 килолик паҳлавонга шундай парҳез белгилашдики, бир неча кундан кейин деворга бемалол сакраб чиқадиган бўлди. Албатта, ота-онаси у ёқтирадиган ноз-неъматлардан жўнатиб туришарди. Аммо жўнатмалар доимо мураббий назоратида бўлгани боис, ширинликлар ўз эгасига етиб бормасди. Аввалига Габриэль бу чекловлардан хафа бўлиб юрди, лекин тез орада тақдирга тан берди.

Орадан бир неча ой ўтгач, одатий йўналиш бўйича академияга отланган Марсело Бьелса чорраҳаларнинг бирида тўхтаб, йўл четидаги сотувчи йигитни имлаб чақирди. Ярим соатдан кейин сочлари анча ўсган, ёноғи эса сўлиб қолган Габриэль қўлига картон қутини берди: «Ол, сен бунга лойиқсан. Истаганингча ейишинг мумкин. Лекин эҳтиёт бўл, ёрилиб кетма!» - қути «Фанточе» печеньеси билан тўлдирилганди.

ОЙНА ЮВИБ, ПУЛ ТОПДИ

«Олд Бойс»га келгунга қадар Батистута тактика борасида тушунчага эга эмасди. Шу боис, Бьелсанинг илк машғулоти бир умрга унинг хотирасига муҳрланди. Майдонга олиб чиқилган махсус устунчаларни мураббий кўрсатмасига биноан турли нуқталарга ўрнатилганини кўргач, ҳайрон бўлиб сўради: «Нима, биз хазина излаймизми?»

Габриэлни аста-секинлик билан футболга жиддий муносабатда бўлишга ўргатишди. Бир пайтлари у Пасха байрамини уйида нишонлаш учун рухсат сўраганида, Марсело илтимосни рад этди. Шунингдек, машғулотларни ўз вақтида ўтказиш шартлигини, ҳатто ёмғирли кунларда ҳам тўхтатилмаслигини таъкидлади. Гриффа ҳам Батиголнинг шаклланишида муҳим роль ўйнади. Жамоа 1988 йилнинг ёзида сафар тадоригини кўраётганда, 19 ёшли Габриэль устозидан йўл харажатлари учун пул сўради. У эса шогирдига вазмин назар ташладида, деди: «Аввал ошхона ойналарини ювиб қўй, кейин гаплашамиз». Бир неча соатдан кейин ҳужумчи топшириқ бажарилганини айтди. Шундан кейин Гриффа чўнтагидан пул чиқарди. 25 сентябрда Батистута «қизил-қоралар» сафида Аргентина Примерасида дебютини нишонлади. Икки ҳафтадан кейин эса «Ньюэллс»даги дастлабки голини урди.

Умуман, Батистута 1988 йилда 28 марта майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 8 марта ишғол қилди. Кейин эса «Батигол» унвони сари шиддатли парвоз бошланди. 1989 йилда 20 ёшли тўпурар «Ривер Плейт» сафидан жой олди. Бироқ Габриэлнинг бир нечта ажойиб голлари Даниэль Пассарелла ишончини қозониш учун камлик қилди. Гарчи у 1990 йил мавсумида шоҳсупага кўтарилсада, иштирокидан мамнун бўлмади. Чунки асосий вақтини захирада ўтказганди. Айни шу паллада «Бока Хуниорс»дан «совчи» келди. Табиийки, ҳужумчи узоқ ўйланиб ўтирмади.

Примерадаги учинчи уриниш Батистутанинг ўз юртидаги энг ёрқин мавсуми бўлди. Унинг бахтига, тез орада кейинчалик Уругвай термасининг отасига айланган Оскар Табарес «Бока»га келганди. Айнан шу 44 ёшли мутахассис Габриэлга энг монанд позицияни топа олди - «Ривер»да қанотда тўп сурган ҳужумчи энди марказда ўйнайдиган бўлди. Натижада 1990|1991 йиллар мавсумининг 47 учрашувида Батигол рақиблари дарвозаларини 19 марта забт этди.

ШАРМАНДАЛИ МАҒЛУБИЯТ ВА ЮНОНЛАРДАН ОЛИНГАН ЎЧ

Табиийки, дуэтнинг самарали ҳамкорлиги ЖЧ-1990дан кейин Карлос Билардо ўрнини эгаллаган Альфио Басиленинг эътиборини тортди ва у жуфтликни Америка кубоги-1991 турнирига олиб кетди. Ўшанда Чилидаги қитъа чемпионатига Аргентина асосан ёшлар билан йўл олганди: Диего Симеоне ва Латоррелар 21, Батистута ва Дарио Франколар 22 ёшда эдилар. Натижа аъло даражада бўлди: 7 учрашувда 6 ғалаба, Батиголдан 6та гол (турнирнинг энг яхши тўпурари) ва 32 йиллик танаффусдан кейинги чемпионлик.

Икки йилдан сўнг аргентиналиклар Эквадорда Батиголнинг «дубл»и туфайли муваффақиятни такрорлашганида (Америка кубогидаги сўнгги чемпионлик), мухлисларда жамоанинг ЖЧ-1990да немисларга бой берилган жаҳон кубогини 1994 йилда қайтариб олишига умид туғилганди. Бироқ АҚШ мундиали йўлланмасини қўлга киритиш анча машаққатли кечди. 1993 йилнинг сентябрида даҳшатли мағлубият қайд этилди - Батистута етакчилигидаги Аргентина саралаш босқичининг сўнгги турида пойтахтдаги «Монументал» стадионида Колумбия термасидан 5та жавобсиз гол қабул қилди. Бундай шармандалик терма жамоа фаолиятида ҳеч қачон кузатилган эмасди. Оқибатда Аргентинанинг тақдири Перу - Парагвай беллашуви натижасига боғлиқ бўлиб қолди. Батигол ва унинг жамоадошлари бахтига, Перу 2:2 ҳисобидаги дурангга эришиб, Аргентинага тўқнаш учрашуви йўлланмасини тақдим этди. Икки ойдан кейин Аргентина катта қийинчилик билан (2:1) Австралияни енгиб, мундиал иштирокчисига айланди. Аммо ўша тарихий омадсизлик юз берган куннинг эртасига мамлакатнинг бош наш-ри - «Эль Графико» мотамсаро қора муқовада «Шармандалик» сарлавҳаси остида чоп этилди.

Бир неча йиллардан сўнг қаҳрамонимиз АҚШ мундиалидаги энг ёрқин хотирасини ёдга олганди: «Ўшанда майдондан 1 метр узоқликда, Диего Марадона ортида туриб, Аргентина - Греция учрашуви бошланишини кутаётгандим. Чунки ёш бўлганим учун нима қилиш кераклигини билмасдим. Ана шу кичик масофада менинг илк қадамимдан ўша кунгача бўлган фаолиятим хаёлимдан ўтганди».

Бу Габриэлнинг ЖЧдаги дебюти эди. 2-дақиқадаёқ у ҳисобни очди, 44-да «дубл»га, 90-дақиқада эса «хет-трик»ка эришди. Навбатдаги «хет-трик»ни Батигол 1998 йили Ямайка билан беллашувда қайд этди. Қизиғи, бунинг учун бор-йўғи 11 дақиқа етарли бўлди. Бироқ футбол афсонавий тўпурарга чинакам қувончни бахш эта олмади - Батистута иштирокидаги 3та ЖЧда Аргентина чорак финалдан нарига ўтолмади, 2002 йилда ҳам гуруҳда қолиб кетди.

БЕКОР БЎЛГАН РЕКОРДЛАР

Америка кубоги-1991даги ёрқин иштирокдан сўнг «Фиорентина» таркибига қўшилган Батистута 1994|1995 йиллар мавсуми арафасида жамоанинг ўша пайтдаги устози Клаудио Раньеридан Рождество таътилига барвақтроқ қўйиб юборишини илтимос қилди. Мураббий эса унга қарама-қарши шарт қўйди: «Чемпионатда 10та гол урсанг, уйингга кетаверасан!» Шогирд шартни қабул қилди. Батигол ўзига ишонарди. Лекин ҳар эҳтимолга қарши ҳужум чизиғидаги шериги Франческо Байанодан декабрь ойигача пенальтиларни тепиш ҳуқуқини сўраб олди. Шу зайл ишга киришган Батигол 27 ноябрда «Сампдория» дарвозасига гол уриб (2:2), қаторасига 11 учрашувда рақиблари дарвозаларини 13 марта забт этди. Шу тариқа Батистута «Болонья» ҳужумчиси Эцио Паскуттининг 1962|1963 йиллар мавсумида ўрнатган рекордини (қаторасига 10 учрашувда гол урган) бекор қилган ва Раньери ваъдага мувофиқ унга 19 декабрдан 9 январгача таътил берганди.

Ҳозир бор меҳрини отларга бағишлаган 50 ёшли афсона яқин йилларгача Аргентина термасининг энг яхши тўпурари унвонини ўзида сақлаб келди. У «Альбиселесте»га 56та гол совға қилганди. Аммо Лионель Месси ундан ўзиб кетди - Лео ҳисобида 65та гол бор. «Мана шу рекордимнинг бекор бўлганидан бироз ранжиганим рост. У менинг футболдаги фахрим эди. Лекин бошқа томондан, мендан оддий ватандошим эмас, ўзга сайёралик ўзиб кетди. Шу жиҳат менга тасалли беради», - деди Батигол.

 С.РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz