Қайднома

Қидирув

Икки соат қолганда 22 нафар футболчи, мутлақо текинга олишдия…

Икки соат қолганда 22 нафар футболчи, мутлақо текинга олишдия…

  13.02.2019 07:44
  0
  844
Икки соат қолганда 22 нафар футболчи, мутлақо текинга олишдия…

Турк клуби қишки трансферлар бозори ёпилишига атиги икки соат қолган вақтда нақ 22 нафар футболчи билан шартнома тузди. Энг диққатга сазовор жиҳати, бунда 1 «чақа» ҳам сарфлагани йўқ. Гап Туркия футбол тизимида иккинчи ўринда турувчи лиганинг камтарин иштирокчиси
ҳақида кетмоқда. Қизиқ, турнир жадвалидаги умумий ҳолати ачиниш ҳиссини уйғотадиган жамоа «улгуржи» трансферларни қандай амалга оширди?

Қишки трансферлар мавсуми якунига етиши ҳамоно кўпчилик турли-туман рейтинглар тузишни бошлаб юборади - энг қимматбаҳо харидлар, энг фойдали келишувлар ва ҳоказо. Хўш, бу сафар трансфер бозорини қайси клуб   «портлатди»?» Гонсало Игуаинни ўз сафига қўшиб олган «Челси»ми ёки Френки де Йонг билан келишувга эришган «Барселона»? Балки бўйдор Питер Краучни ўз томонига оғдирган «Бернли»га қойил қолиш керакдир... Йўқ-йўқ, буларнинг ҳеч бири Туркия иккинчи дивизиони турнир жадвалида сўнгги поғоналардан бирини банд этиб турган «Элязигспор» олдига тушолмайди. Ушбу камбағал ва камтарин жамоа битта ҳаракат билан кенг жамоатчилик эътиборини ўзига қаратди.

Якунланган трансферлар бозорига қадар «Элязигспор» ҳақида қандай маълумотлар бор эди? Деярли ҳеч қандай! Фақат жамоада доимий бош мураббий йўқлиги хусусида хабар ёзилганди. Шунингдек, Туркия футбол федерацияси клуб раҳбариятига янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишни тақиқлаб қўйганди. Чунончи, «Элязигспор» олдида жиддий молиявий муаммолар бор. Шунчалик жиддий ва оғриқлики, жамоа мутасаддилари «Твиттер» тармоғига банкдаги ҳисоб рақамини ёзиб, мухлислар моддий томондан ёрдам қўлини чўзишларига умид боғлашди. 31 январь кунига келибгина маҳаллий федерация билан келишувга эришилди ва «заявка» хусусидаги тақиқ бекор қилинди. Бошқача айтганда, «Элязигспор» раҳбарияти «кишан»дан қутулди. Энди натижага қаранг: жамоа ке-йинги икки соатда нақ 22 (!) нафар футболчи билан шартнома расмийлаштирилганини эълон қилди. Улардан 12 нафари тўлақонли битим остига имзо чекди, яна 10 нафар ўйинчи ижара келишувига рози бўлди. Бу табиийки, жаҳон рекорди ҳисобланади. Боз устига, «Элязигспор» бу футболчиларга бир лира ҳам тўлагани йўқ - мутлақо текин.

Бу ўринда раҳбарият ишини алоҳида тилга олиш керак. Гап шундаки, «Элязигспор» вакиллари деярли барча футболчилар билан олдиндан келишиб қўйишган экан. Мутасаддилар бунга параллель равишда федерациянинг трансферларга тааллуқли тақиқини бекор қилиш устида ишлашган. Таркиби тўла янгиланган жамоа аллақачон машғулотларга киришди. Унинг олдидаги асосий вазифа - бу иккинчи дивизиондаги ўрнини сақлаб қолиш. Раҳбарият эса ҳамон янги бош мураббий қидирмоқда. Тушунарлики, «Элязигспор»га компенсация тўловисиз иш бошлайдиган мураббий керак.

Хўжа АБДУЛАҲАД тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz