Қайднома

Қидирув

Аёллар ўйинида 48 минг мухлис...

Аёллар ўйинида 48 минг мухлис...

  13.02.2019 09:57
  0
  666
Аёллар ўйинида 48 минг мухлис...

Аёллар ўртасидаги Испания кубоги чорак финалида «Атлетик» ва «Атлетико» клублари ўзаро тўқнаш келди ва унда мадридликлар ғалаба қозонишди - 2:0. Расмий қайдномада кўрсатилишича, Бильбаодаги «Сан-Мамес» стадионида ўтган мазкур учрашувни нақ 48121 мухлис бевосита томоша қилди. Ажойиб кўрсаткич! Дейлик, Ла-лигада ўз ўрнига эга бўлган эркаклар жамоаси - «Атлетик» жорий мавсум жонажон стадионидаги бирор ўйинда бу қадар кўп мухлис тўплай олмади...

Демак, Бильбаонинг аёллар жамоаси эркаклар клубини қайсидир маънода бироз уялтирди. Ҳа, «Атлетик» аслида мухлислар ташрифи масаласида унча орқада эмас. Хусусан, жорий мавсум Бильбаодаги дерби («Реал Сосьедад»га қарши ўйин) 46884 мухлис тўплади. «Сан-Мамес» 53 минг томошабинга мўлжалланганини эътиборга олсак, жорий мавсум қайд этилган энг юқори кўрсаткич чакки эмас, тўғрими? Лекин аёллар ўйини куни аренада  кўпроқ мухлис тўпланибдими, демак, бильбаоликлар ҳозирги «Атлетик»дан қониқишмаяпти. Ҳар ҳолда, жамоа еврокубоклар йўлланмаси учун курашолмаяпти. Умуман, Бильбаода аёллар дружинасининг «Сан-Мамес»ни чинакамига гавжумлаштириши биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Мисол учун, 2003 йилнинг 27 апрель куни бўлиб ўтган «Атлетик» - «Испалис» учрашувини «Сан-Мамес»да 35 минг мухлис кузатганди. «Шерлар» (Бильбао аёллар клуби лақаби) айни ўша ўйиндан кейин чемпионликни тантана қилишганди. Шу-шу Испанияда бирор аёллар жамоаси бундай юқори натижа кўрсатмаганди. Оддий айтганда, «Атлетик» ўзига тегишли рекордни янгилади. Шунинг баробарида алоҳида таъкидлаш керак, Marca нашри маълумотларига кўра, «Висенте Кальдерон», «Ванда Метрополитано» («Атлетико»нинг эски ва янги стадиони), «Сьюдад де Валенсия» («Леванте» стадиони) ҳамда «Месталья» («Валенсия» стадиони)да ҳам аёллар футболига мухлислар ташрифи анча яхши.

Дарвоқе, Бильбао клуби раҳбарияти «Атлетико»га қарши учрашувдан олдин маҳаллий мухлисларга махсус мурожаат йўллаб, улардан мураккаб синов пайти аёлларни фаол қўллаб-қувватлаб туришни сўраганди. Қолаверса, ўйин учун чиқарилган чипталар баҳосини ҳам нисбатан мувофиқлаштирди. Аниқроқ айтсак, оддий мухлислар атиги 5 еврога чипта сотиб олиш имкониятига эга бўлишди. Мавсумий абонемент эгалари учун эса аренага кириш бепул қилиб қўйилди ўз-ўзидан. Якунда 30 январь куни «Сан-Мамес» кассаларида алоҳида эълон осишди: «Испания кубоги чорак финал ўйинига чипта йўқ». Шунга қарамай, айтишларича, ҳаттоки, клуб вакиллари ҳам бу даражада «аншлаг» бўлишини кутишмаган экан. Испания футбол федерацияси эса рекорд муносабати билан «Атлетик» аёллар клубига махсус табрикнома жўнатди. Унда жамоа мамлакат футболи тарихининг ёрқин саҳифаларидан бирини очгани қайд этилган.

Аҳамиятли ва қизиқ томони шуки, мухлислар шунчаки, футбол томоша қилиш билан чекланиб қолишмади. Бинобарин, улар ўйиндан аввал трибуналарда чиройли манзарани юзага келтиришди, қолаверса, бутун вақт давомида аёлларни фаол олға бошлашди. Ҳа, «Атлетик» ажойиб муҳит ва тўлақонли далдага қарамай, ярим финал йўлланмасини «Атлетико»га бой берди, лекин бильбаоликлар фаворитга қарши учрашувда бошқача натижага қаттиқ умид боғлашмаганди ҳам. Муҳими, мезбонлар очиқ футбол услубини танлаб, йиғилганларни хурсанд қилишга уринишди, икки бўлимда 1тадан гол уришган меҳмонлар эса ҳимояга кўпроқ эътибор қаратишди. Испания ОАВ томонидан тасдиқланишича, ўйинда «қайноқ»лик даражаси баланд бўлди, эҳтирослар яққол сезилиб турди...

Аёллар футболида мухлислар ташрифи бўйича рекорд ЖЧ-99 финалида ўрнатилган. Пасадена (Калифорния) шаҳридаги «Роуз Боул» аренасида АҚШ ва Хитой терма жамоалари ўртасида кечган ҳал қилувчи баҳсни 90185 мухлис кузатган. Якунда америкалик аёллар пенальтилар серияси натижасига кўра, чемпионликни тантана қилишган.

Хўжа АБДУЛРАҲМОН тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz