Қайднома

Қидирув

ОЧЛ: 105-ўйин, қўшимча 24 дақиқа Суперголлар ва чиройли ғалаба!

ОЧЛ: 105-ўйин, қўшимча 24 дақиқа Суперголлар ва чиройли ғалаба!

  13.02.2019 10:57
  0
  386
ОЧЛ: 105-ўйин, қўшимча 24 дақиқа  Суперголлар ва чиройли ғалаба!

Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси Осиё Чемпионлар Лигасининг иккинчи саралаш босқич учрашувида ғалабага эришди. «Шерлар» Ироқнинг амалдаги вице-чемпиони, ОФК кубоги ғолиби «Эйр Форс»дан устун келишди.

«Ал Қува Ал Жавия» номи билан ҳам аталувчи бу клуб қаторасига уч йилдан бери нуфузи жиҳатидан ОЧЛ­дан сўнг турувчи ОФК кубогини ҳеч кимга бермай келяпти. Бу жамоа таркибида Ироқ миллий термасининг бир неча футболчилари тўп суришмоқда. Январь ойида БААда ўтган Осиё кубогида Ироқ шарафини дарвозабон Муҳаммад Қассид, ҳимоячи Саад Нотиқ ва ярим ҳимоячи Али Ҳусни ҳимоя қилишди. Ҳозирда «Эйр Форс» мамлакат чемпионатининг 14-туридан сўнг 31 очко жамғарган ҳолда тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Жамоа 88 йиллик шонли тарихга эга. Уч маротаба ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этган.

«Пахтакор» учун эса 12 февраль кунги учрашув Осиё клублар мусобақаларидаги 105-ўйин сифатида тарихга муҳрланди. Амалдаги Ўзбекис­тон вице-чемпионлари ана шу ўйинларнинг 91тасини ОЧЛ, қолганини Осиё Кубок эгалари кубоги доирасида ўтказишган. «Шерлар»нинг ОЧЛдаги ғабалари сони 41тага етди. Ўн олти учрашувда дуранг қайд этилган, қолган 34та ўйинда мағлубият алами тотиб кўрилган. «Эйр Форс»га урилган икки голни ҳам қўшиб ҳисобласак, «Пахтакор» футболчилари томонидан рақиб дарвозасига киритилган тўплар 131тага етди.

Учрашувнинг биринчи бўлимида стадионга ташриф буюрган ҳамда ўйинни телевизор қаршисида томоша қилган мухлислар гол кўришмади. Лекин эслаб қолишга арзигулик воқеалар бўлди. Масалан, 15-дақиқа ўтиб бораётган бир пайтда учрашув тўхтатилди. Бу вазиятда майдон чимини суғориш тизими мосламаларидан бири ўчирилмагани маълум бўлди. Сувни тўхтатиш учун бир неча дақиқа талаб этилди. Бунинг учун стадион ишчи-ходимлари «швабра» ва ҳатто, мини-трактор хизматидан ҳам фойдаланишди. Ахир ўзига хос кўлмак бўлиб қолган сувни тарқатиб юбориш керак эди-да. Натижада учрашувни бошқариб борган Жанубий кореялик рефери Ким Хи Гон оз эмас, кўп эмас, нақ 24 дақиқа қўшиб берди. Узоқ давом этган биринчи бўлимда яна Марат Бикмаев томонидан юзага келтирилган икки вазият эсимизда қолди. Ҳар икки ҳолатда ҳам миллий жамоамиз ҳужумчиси дарвозага аниқ зарба йўллашга муваффақ бўлди. Аввалига 39-дақиқада дарвозабон Маратнинг бош билан йўллаган зарбасини майдон ташқарисига чиқариб юборди. Кейин Бикмаев ва Яхшибоевнинг зарбаларини ҳимоячилар дарвоза чизиғи устидан қайтариб юборишди.

Иккинчи бўлимда мухлислар учта гол кўришди. Учрашувда ташаббусга эга бўлган «Пахтакор» футболчилари ниҳоят, устунликни ҳисобда ҳам акс эттиришди. Бунга ҳужумлар сони ва сифатининг ошгани ҳам сабаб бўлди. Ўйиннинг 77-дақиқасида ҳисоб очилди. Захирадан ўйинга қўшилган Достон Ҳамдамов бошлаган ҳужумни Жалолиддин Машарипов супергол билан якунлаб қўйди. Ҳожиакбар Алижонов ўнг қанотдан тўпни Жалолиддинга узатди. Машарипов эса қайчи усулида тўпни дарвозага жойлаб қўйди - 1:0. Ўтказиб юборилган голдан ўзига келиб улгурмаган меҳмонлар яна ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишди. Бу гол ҳам чиройлилиги бўйича Жалолникидан қолишмади. Ўн беш йиллик танаффусдан сўнг «Пахтакор» сафига қайтган Марат Бикмаев учрашувнинг 84-дақиқасида дарвозадан чамаси 24-25 метрлар узоқликда белгиланган жарима зарбасини голга айлантирди - 2:0. «Локомотив»нинг собиқ ҳужумчиси «шерлар» сафига қайтишини шундай чиройли тарзда нишонлади. Тўпнинг дарвоза устунига тегиб тўрдан жой олгани вазиятнинг янада чиройли тус олишини таъминлади. Лекин бу ўйиндаги сўнг­ги гол эмас экан. Учрашувнинг асосий вақти якунланишига уч дақиқа қолган бир паллада «Эйр Форс» футболчилари Аҳмад Ҳаммадининг чалқанча услубда урган голи эвазига ҳисобни қисқартиришди - 2:1. Ҳакам ўйиннинг асосий вақтига икки дақиқа қўшиб берди. Айнан иккинчи дақиқа ўтиб бораётганда, «Пахтакор»нинг яна бир янги футболчиси Одил Ҳамробеков ҳам чиройли гол муаллифига айланиши мумкин эди. Лекин бу сафар тўп дарвоза устунига тегиб, майдонни тарк этди.

Шу тариқа, «Пахтакор» иккинчи саралаш босқич учрашувини ғалаба билан якунлади. Энди Шота Арвеладзе жамоаси гуруҳ босқичига чиқиши учун сўнгги синовдан ўтиши керак бўлади. Аниқроғи, «шерлар» 19 февраль куни Дубай шаҳридаги «Ал Мактум» стадионида «Ал Наср» жамоаси меҳмони бўлишади. Ёдингизда бўлса, бу муҳташам стадион Осиё кубогининг бир нечта ўйинларига мезбонлик ҳам қилганди. Бу учрашувда ғалаба қозонган клуб ОЧЛнинг гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритади.

 

ПАХТАКОР (ЎЗБЕКИСТОН) - ЭЙР ФОРС (ИРОҚ) - 2:1 (0:0)

12 февраль. Тошкент. «Пахтакор» стадиони. 15572 томошабин.

Ҳакам: Ким Хи Гон (Жанубий Корея).

Голлар: Жалолиддин Машарипов (76), Марат Бикмаев (84) - Аҳмад Ҳаммади (87).

Пахтакор: Санжар Қувватов, Ҳожиакбар Алижонов, Шерзод Аъзамов, Егор Кримец, Фаррух Сайфиев, Одил Ҳамробеков, Садриддин Абдуллаев, Жасур Яхшибоев (Достон Ҳамдамов, 61), Драган Черан, Жалолиддин Машарипов, Марат Бикмаев.

Эйр-Форс: Муҳаммад Гассид, Саад Нотиқ, Муайяд ал Ажан, Самиҳ Мжабил, Аҳмад Абдулридха, Зоир ал Мидани (Аҳмад Кадим, 74), Иброҳим Байиш, Муҳаммад Али, Муҳаммад Қосим (Аҳмад Ҳаммади, 57), Эмад Муҳсин, Соломон Виллиамс (Юсуф Ҳошим, 62).

Огоҳлантиришлар: Одил Ҳамробеков (45}18) - Иброҳим Байиш (82).


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz