Қайднома

Қидирув

ИРОДА ДЕГАНИ ШУНДАЙ БЎПТИ!

ИРОДА ДЕГАНИ ШУНДАЙ БЎПТИ!

  13.02.2019 12:21
  0
  445
ИРОДА ДЕГАНИ ШУНДАЙ БЎПТИ!

ОЧЛ-2019 иккинчи саралаш босқичидан ўрин олган учрашувда АГМК ўз майдонида Тожикистоннинг «Истиқлол» жамоасини қабул қилиб, ҳақиқий ирода кўрсатди. Миржалол Қосимов бошчилигида қайтадан шаклланаётган жамоа икки марта ҳисобда ортда қолаётганига қарамай, якунда ғалабани ўз томонига оғдира олди.

Таъкидлаш жоизки, ўйин бошланиб, футболчилар майдонга энди кўникишаётган паллада меҳмонлар ҳисобни очишди. 2-дақиқада АГМК жарима майдончасида юзага келган пала-партишликдан «Истиқлол» аъзоси Муҳаммад Раҳимов унумли фойдаланди - 0:1. Мазкур гол табиийки, олмалиқликларни олдинга бошлади ва мезбонлар бирин-кетин хавфли ҳужумлар уюштиришди. Айниқса, қанотларда Жасур Ҳасанов ҳамда Зоҳир Пиримовнинг фаоллигини алоҳида эътироф этиш даркор. Бироқ қулай вазиятлар яратилганига қарамай, рақиб дарвозаси ҳадеганда ишғол этилавермади. Фақатгина учрашувнинг 25-дақиқасига келиб, ҳакам томонидан белгиланган бурчак тўпидан сўнг ҳисоб тенглашди. Мазкур баҳсни кўтаринки кайфиятда ўтказган Жасур Ҳасановнинг стандарт вазиятдан узатган тўпини тажрибали шериги Дилшод Жўраев боши билан тўрга жойлади - 1:1. Кейинги дақиқаларда АГМК вакиллари ҳарчанд уринишмасин, ҳисоб ўзгармади ва жамоалар танаффусга чиқиб кетишди.

Кейинги 45 дақиқаликни майдон эгалари фаол бошлаган бўлсаларда, тўп киритиш яна «Истиқлол» футболчиларига насиб этди. Ўйиннинг 62-дақиқасида «Қўқон-1912» ҳамда «Нефтчи» клубларидаги ўйинлари билан мухлисларга таниш Жалил Кимсанов шеригининг узатмасини голга айлантирди. Муҳими, 1:2 ҳисобида ортда бораётган олмалиқликлар саросимага тушмадилар ва орадан 10 дақиқа ўтиб, мувозанат яна тикланди. Ҳасановнинг навбатдаги узатмасини бу сафар Санъат Шихов голга айлантирди.

Эътиборга молик жиҳати, ўйин давомида Миржалол Қосимов томонидан амалга оширилган футболчи алмаштирилиши якунда баҳснинг боришига таъсирини ўтказди. Хусусан, Ғуломҳайдар Ғуломов ҳамда Жасур Ҳакимов майдонга тушгач, мезбонлар ҳаракатларидаги шиддат янада ошди ва мавжуд устунлик тезда ўз самарасини берди. Тиниб-тинчимас Жасур Ҳасанов бу сафар адаши - Жасур Ҳакимовнинг голига ассистентлик қилди. Қарангки, бу мазкур учрашувда сардорлик боғичи билан майдонга тушган тезкор вингернинг сўнгги самарали узатмаси эмасди. Ҳасановнинг жарима зарбасидан йўллаган тўпини бу сафар Зафар Полвонов боши ёрдамида дарвозага жойлаб, ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди - 4:2. Шу тариқа, Олмалиқ клуби халқаро турнирдаги стартни муваффақиятли бошлаб, кейинги босқич масаласини ижобий ҳал этди. Маълумки, «Истиқлол» бош мураббийи Ҳаким Фузайлов маълум муддат Ўзбекистонда фаолият юритган, шу боис жамоаларимиз ҳақида етарлича маълумотга эга эди. Малакали мутахассиснинг қўл остидаги футболчиларни шунга яраша тайёрлагани ўйин пайти сезилди. Ўз нав­батида, Тожикистондан ташриф буюрган мухлислар ҳам ўз суюклиларини бевосита стадиондан туриб тинимсиз қўллаб-қувватлашди. Мазкур омиллар табиийки, АГМКнинг осонликча ғалаба қозонишига тўсқинлик қилди. Муҳими, майдон эгалари охиригача курашиб, ўз мақсадларига эришдилар.

Энди 19 февраль куни АГМК Саудия Арабистонининг «Ал-Наср» жамоаси майдонига сафар уюштиради. Миржалол Қосимов шогирдлари мазкур учрашувни ҳам муваффақиятли якунлашса, ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмасига эга бўлишади.

 

АГМК (ЎЗБЕКИСТОН) - ИСТИҚЛОЛ (ТОЖИКИСТОН) - 4:2 (1:1)

12 февраль. Олмалиқ. «Марказий» стадиони. 7920 томошабин.

Ҳакам: Ким Донг Жин (Ж.Корея).

Голлар: Дилшод Жўраев (25), Санъат Шихов (72), Жасур Ҳакимов (78), Зафар Полвонов (82) - Муҳаммад Раҳимов (2), Жалил Кимсанов (62).

АГМК: Акбар Тўраев, Санъат Шихов (Акмал Шораҳмедов, 90+3), Бобур Йўлдошев, Дилшод Жўраев, Сардор Раҳмонов, Сайдулло Раҳматов, Жасур Ҳасанов, Зоҳир Пиримов (Ғуломҳайдар Ғуломов, 68), Мирғиёс Сулаймонов, Миржамол Қосимов (Жасур Ҳакимов, 68), Зафар Полвонов.

Истиқлол: Никола Стосич, Актам Назаров, Искандар Жалилов, Оликсей Ларин, Бахтиёр Қаландаров (Жалил Кимсанов, 19), Фатҳуллоҳ Фатҳуллоев (Нозим Бобожонов, 87), Михало Сакич, Алишер Жалилов, Амирбек Жўрабоев (Комрон Турсунов, 81), Паншанбе Эҳсони, Муҳаммаджон Раҳимов.

Огоҳлантиришлар: Сайдулло Раҳматов (47) - Михало Сакич (21), Оликсей Ларин (55).


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz